Инсоният тамаддуни бу ер юзидаги турли халқлар, миллатлар, элатларнинг миллий маданий меросидан иборат яхлит бир-бутунликдир. Бунда ҳар бир миллийлик ўз ранглари, жозибаси билан бутунликни безайди, ўзининг беназир ўрнини кўз ўнгимизда тўлдириб туради. Бугунги куннинг эҳтиёжи эса инсоният тараққиётининг янги ва юксак босқичига йўқотишсиз, хатоларсиз кўтарилиш экан, бу жараён айнан мана шу ўзига хосликни табиий ҳолда англаш, тушунишга ҳам боғлиқ. Бу эса маданиятлараро яқин алоқани мустаҳкамлаш, тилдан фақат алоқа воситаси сифатида эмас, улкан аҳамиятга эга алмашинув, ўзаро идрок ва маърифатнинг муҳим омили деб қарашни талаб қилади.
“Бирон муайян тилда сўзлашувчи халқнинг тилини у яшайдиган шарт-шароитлар, миллий ўзлик тамойилларисиз тушуниб бўлмайди” [1].
А.Э.Сепирнинг фикрича эса, тилшунослар тил соҳасига дахлдор антропологик, ижтимоий ва психолингвистик масалаларни янада кўпроқ ва чуқурроқ ўрганиши талаб этилади [2].
Тилшунослик тилнинг стандарт томонларини ёки инсон нутқининг шаклий жиҳатини тадқиқ қилса, адабиётшунослик эса бу тилда санъаткорона айтилган, ёзилган нутқни, асарларни моҳиятан ва мазмунан ўрганади. Бугунги кун филологиясида лингвопоэтик хусусиятлар, элементлар деган тушунча пайдо бўлдики, бу инсоннинг руҳияти, ижтимоий-сиёсий муаммолар ва кўплаб бошқа мураккаб инсоний ҳис ва сезгилар фонида асарни тушунишни таъминлаб бермоқда.
Араб маданиятининг дунё цивилизацияси ва тарихидаги ўрни ҳақида жуда кўп гапирилган, илмий шарҳлар берилган, тадқиқотлар амалга оширилган. Бироқ бугун, кундан-кунга шиддат билан ривожланиб бораётган ахборотлар алмашинуви, янги-янги қулайликларни тақдим этаётган технологиялар асрида ҳар қандай адабий меросга бундан 20-30 йиллар аввал қаралган нигоҳ билан қараш ҳам эскиргандек туюлади.
Бошқа тилда ёзилган мерос билан танишар эканмиз, бир-бирига ўхшамаган миллий маданият, тарих, цивилизация ва тил тафовутининг тор ва нозик кўпригидан ўтишга, бунда муайян халқнинг анъанаси, диний маданияти, тарихий ва маънавий мероси ва миллий менталитети каби махсус қирраларининг тилдаги аксини англашга тўғри келади. Адабий меросга айнан бу назар билан қараш бугунги глобаллашаётган дунё адабиётшунослигининг долзарб масаласи ҳисобланади.
Араб халқи исломгача ҳам ўзининг тилга, хусусан, сўз санъатига меҳри билан ажралиб турган. Бунинг исботи бу халқ тилнинг имкониятидан тараққиётнинг илк давридаёқ кенг фойдалана олганидан далолат берувчи кўплаб манбаларнинг мавжуд бўлгани ҳақидаги маълумотлар акс этган тарихий қайдномалардир. Араб халқ оғзаки ижоди намуналари, хусусан, араб халқининг туғма ментал – генетик хусусиятлари асосида минг йиллар давомида шаклланган ва юксалган сўз санъатининг анъаналари ҳам бу қадим маданиятни чуқур англаш учун алоҳида тадқиқотни талаб этади.
Араб адабиётида хитоба қадимий насрий жанр ҳисобланади ва у тарихнинг маълум даврида араб адабиётида етакчи мақомга эга бўлган. Хитоба атамаси турли манбаларда турлича тушунчаларни ифодалаш учун қўлланилган.
Арабларнинг исломдан аввалги ва кейинги турмушида ҳам хитобанинг нуфузи баланд бўлиб, унинг муайян сиёсий, ижтимоий ва диний вазифалари бор эди. Хитоба алоҳида нутқий жанр сифатида жангчиларни жангга руҳлантирар, фуқаролик ва жиноий ишларда қонунни устувор қилар, ўлим яқинлашувидан огоҳлантирар ва тақво билан ҳаёт кечиришнинг муҳимлигини уқтирар, ислом деб аталган янги динга даъват этар эди.
Бундан ташқари илк хитобаларнинг кейинги давр адабиёти, хусусан, наср ривожига улкан таъсир кўрсатганини ҳам инкор этиб бўлмайди: “Бир асрдан ошиқроқ вақт давомида хитоба ўзининг маънавий ва дунёвий таъсири билан араб адабиётининг юксак насрий жанри сифатида Қуръон ва унинг мўъжизавий нуфузи билан ёнма-ён ҳолда араб адабиётида етакчилик қилди” [3].
Маълумки, хитобалар арабларнинг қадим адабиётидан дарак берувчи илк икки адабий тур – шеърият ва насрга нисбатан кўпроқ ҳажмда ҳозирги кунгача етиб келган. Эҳтимол, худди шу омил қадим араб шеъриятининг айни давр араб адабий насридан кўра кўпроқ, ҳар томонлама пухта тадқиқ қилинишига сабаб бўлгандир. Аммо “бизда хитобанинг жоҳилият даври арабларининг турли мажлис-йиғинларида шеър каби кенг қўллангани, унинг шеърдан баланд мақомда бўлгани ҳақида маълумот йўқ” [4].
Бу мақоладан мақсадимиз хитоба жанри арабларнинг ижтимоий, сиёсий, маиший ёки маънавий ҳаётида қанчалик муҳим аҳамият касб этганини, унинг тарихига оид фактларни келтириш эмас. Мақсадимиз қадимги арабларнинг ҳаётида исломгача ҳам мавжуд бўлган, дунё тарихида ўзига хос ўрин тутган араб маданияти, араб адабиётига яқиндан таъсир кўрсатган араб халқ оғзаки ижодининг энг машҳур кўриниши – араб нотиқларининг нутқларини бугунги китобхоннинг кўз ўнгида айнан ўша қадимий воқелик, ижтимоий-сиёсий жараёнлар асосида талқин қилиш ва шарҳлашдир.
Аксам бин Сайфи ат-Тамимий ”ҳаким ул-араб” ёки “арабларнинг донишманди” лақаби билан машҳур фасоҳатли, буюк араб нотиғи, тарихий шахс. Унга нисбат қилинадиган кўплаб ҳикматлар, мақоллар ва хитобалар жуда кўп қадимий араб манбаларида келтирилади. Аксам бин Сайфи ҳатто ислом пайғамбарининг келишини олдиндан башорат қилганлардан бири бўлгани, қавмини биринчилардан бўлиб ислом динига даъват этгани ва Расулуллоҳ (С.А.В) билан учрашиш учун кетаётганида йўлда вафот этгани ҳам айтилади [5]. Аксам бин Сайфи арабларнинг энг обрўли ва нуфузли кишиси бўлгани сабаб, у исломгача бўлган даврда яшаган подшоҳ Амр бин Ҳинднинг укаси вафот этганда, унинг саройига бориб ҳамдардлик билдирган ва қуйидаги хитобани айтган [6]:
«إن أهل هذه الدار سفر لا يحولون عقد الرحال إلا في غيرهاʼ و قد أتاك ما ليس بمردود عنكʼ وارتحل عنك ما ليس براجع إليكʼ وأقام معك من سيظعن عنك ويدعكʼ و اعلم أن الدنيا ثلاثة أيامʼ فأمس عظة و شاهد عدلʼ فجعك بنفسهʼ و أبقي لك و عليك حكمتهʼو اليوم غنيمةʼ و صديق أتاك و لم تأتهʼ طالت عليك غيبتهʼ و ستسرع عنك رحلتهʼ و غد لا تدري من أهلهʼ سيأتيك إن وجدكʼفما أحسن الشكر للمنعمʼ و التسليم للقادرʼ و قد مضت لنا أصول نحن فروعهاʼ فما بقاء الفروع بعد أصولهاʼ و اعلم أن أظم من المصيبة سوء الخلف منهاʼ و خير من الخير معطيهʼ و شر من الشر فاعله»
“Дарҳақиқат, бу уй аҳли мусофирлардир, улар фақат кетиш битиминигина ўзлари истагандек туза олмаслар, у(битим) сендан сўрамай келди ва сендан олганини қайтармайдиган бўлиб олиб кетди, сенинг ёнингда ҳадемай сендан кетадиганлар ва сени қолдириб кетадиганлар қолди. Билгилки, бу дунё уч кундир: Кечаги кун сабоқдир, ҳақиқатни кўрган шоҳиддир, у сенга фожиа олиб келди. Сен учун ўз ҳикматини қолдирди. Бугун ғаниматдир, у сенга дўст бўлиб келди,сен учун у ҳали узоқ кетмаганди. (Бироқ) у (ҳам) сендан кетишга шошилади. Эртанги кун: Сен унинг аҳли ким бўлишини билолмайсан, у фақат сени топа олсагина келади. Энг яхши нарса эса Неъматлар берувчига шукр қилиш ва Қодирга таслим бўлишдир. Қанча аждодлар ўтди, биз уларнинг давомчиларимиз, улардан кейингиларга авлод бўлиб, биздан кейингилар учун аждодмиз. Билгилки, энг улкан мусибат (улардан) кейин ёмонлик қолишидир, энг аъло яхшилик (эса) уни улашишдир, энг ёмон ёвузлик (эса) уни амалга оширишдир .”
Бу қисқагина хитоба буюк даҳоларни ҳам ўйлантирган ва ҳамиша жавоби бирдай бўлган – жудолик. Аксам бин Сайфи укасидан ажралган шоҳга ҳамдардлик билдирар экан, бу дунёнинг ўткинчи эканини, ҳатто шоҳлар ҳам ўлим олдида ожиз эканини, инсоннинг ўлимдан бошқа барча нарсани ўзи хоҳлаганидек қила олиши мумкинлигини жуда чуқур фалсафий мушоҳада билан тасвирлайди. Инсоннинг бу дунёда омонат экани, ҳатто айни пайтда шоҳнинг олдида қолганлар, бирга истиқомат қилганлар ҳам келажакда албатта кетишларига, дунёни тарк этишларига ишора қилади. Донишманд дунёнинг уч кунлигини шу қадар аниқ, қисқа ва теран мулоҳаза билан таърифлайдики, беихтиёр унинг даҳолигига яна таҳсин ўқиймиз:
“Кечаги кун сабоқдир, ҳақиқатни кўрган шоҳиддир, у сенга фожиа олиб келди. Сен учун ўз ҳикматини қолдирди”. Кеча бу – ўтмиш, яъни, унда нима содир бўлган бўлса ҳақиқат. Ҳақиқат шуки, у сен (шоҳ) учун оғир кулфат келтирди, энг азиз кишингни йўқотдинг. Аммо билгинки, ўтмиш, яъни, “кеча” сен учун сабоқ олишинг учун ўз ҳикматини қолдирди.
“Бугун ғаниматдир, сен эмас унинг олдига борган – балки “бугун”нинг ўзи сенга “дўст” бўлиб келди, сен учун у ҳали узоқ кетмаганди. (Бироқ) у (ҳам) сендан кетишга шошилади”.
Бугун сен эришишинг, қўлга киритишинг мумкин бўлган энг ҳаққоний ўлжа, бойлик ва унинг ўзи дўст сифатида олдингга келди. Бироқ сен (эй шоҳ!) бугун (ёнингдалигида) тез орада ўтмишга айланишини англамай, унинг қадрига етмадинг, ҳолбуки,“бугун” – “дўст” ҳам сендан тезлик билан шошилиб-шошилиб кетади.
“Эртанги кун, сен унинг аҳли ким бўлишини билолмайсан, у фақат сени топа олсагина, сенга келади.”
Эртанги кун ҳали келмаган, қандай суратда, ким билан, сен буни идрок эта олмайсан, унинг сенга етиши ҳам номаълум. Агар сен унга етсанг (ҳолбуки кетиш ва келиш сен шоҳ бўлсанг-да, сенинг қўлингда эмас) ёки эртанги кун сени топа олсагина “эрта” сен билан учрашади.
Дунёнинг қонунияти шудир, энди унинг измига кўнмай илож йўқ ва қалбингни оғир қайғу ва алам парчалаганида энг яхши нарса – бу “Неъматлар берувчига шукр қилиш ва Қодирга таслим бўлишдир”. Бу ислом дини ҳали келмай туриб, исломий фикрлайдиган донишманднинг сўзлари. Жоҳилият замонида бу буюк аллома: “Тирикликни, тирик бўлиш учун зарур барча нарсаларни Мунъим – неъматлар ато этувчи беришини ва энг яхши йўл Унга шукр қилмоқ, Унинг – Қўлидан барча иш келувчи Қодирнинг Ўзига ўзни топширмоқ, Унга қаршиликсиз бўйинсунмоқ, таслим бўлмоқ” эканини эътироф этади. Чунки бу дунё қонунияти Мунъим, Қодирнинг хоҳишидир. Бизгача ҳам шундай бўлган ва биздан сўнг ҳам шундай бўлади, дейди.
Тириклик ҳалқасининг давомийлигини ўша қадим замонларда ҳам худди ҳозирги илм-фан натижаларидаги каби изоҳлайди: “Қанча аждодлар ўтди, биз уларнинг давомчиларимиз, улардан кейингиларнинг авлодимиз, биздан кейингилар учун аждодмиз.”
Донишманд Аксам бин Сайфи шу билан шоҳга ҳамдардлигини изҳор этишни тўхтатиши ҳам мумкин эди, бироқ у ана шундай фоний дунёда боқий қолиш сирини ҳам шоҳга очади: “Билгилки, энг улкан мусибат (улардан) кейин ёмонлик қолишидир, энг аъло яхшилик (эса) уни улашишдир, энг ёмон ёвузлик (эса) уни амалга оширишдир”.
Яъни, биз ана шундай узлуксиз давом этадиган аждодлар ва авлодлар занжирининг биргина ҳалқасимиз, биздан аввалгилар учун авлод бўлдик, биздан кейингилар учун аждодга айланамиз. Дунёдаги энг ёмон мусибат – инсон ўтиб кетгач, унинг орқасида ёмонлик қолишидир. Ва ундан ҳам ёмонроқ иш эса – ўша ёмонликни амалга оширувчилардан бўлишликдир; аммо дунёда “бақо ул-фуруъ” – “боқий авлод” бўлиш ҳам мумкин. Бу ўзидан кейин яхшилик қолдиришдир.
Энди бу хитобанинг поэтик ёки бадиий жиҳатларини таҳлил қиламиз. Шу ўринда яна машҳур адабиётшунослардан бирининг фикрига таянамиз: “Ҳар қандай адабий асар ўзи мавжуд бўлган воқелик таъсири остида яратилади ва бу воқелик муаллифнинг шахси, унинг биографик тарихий вазиятлари, ўз даврининг адабиёти ва унинг тараққиёти билан белгиланади” [7].
Айтиш жоизки, олим айтганидек муаллифнинг асарига у яшаган ижтимоий воқеликдан келиб чиқиб баҳо берадиган бўлсак, Аксам бин Сайфининг чуқур маъноли хитобасини эшитувчилар ҳам қай маънода унинг бу фикрини ифода этиш учун танлаган сўзларининг маъносини яхши тушуна олган, айни хутба айтилган шоҳ саройи ва унинг амалдорлари ҳам, эҳтимолки, бундай хутбани эшитишга лойиқ инсонлар бўлган. Хутбада Аксам бин Сайфи танлаган бадиий санъат ўша даврнинг одамлари учун анъанага айланган чунки уни эшитиш ёқимли ва хотирада тез қоладиган бўлган.
Ал-Искандарий ёзади: “Араблар жоҳилиятда сўзни кўпроқ ўзининг асл маъносида, вазиятга мос тарзда ишлатар эди. Кейинчалик сўзнинг маъносини кўчириб ишлата бошлади ва у янги ифода – мажозга айланди. Бироқ, мажоз билан асл маъно ўртасида албатта кучли алоқадорлик сақланиши керак. Жоҳилиятда араблар жуда кўп маънодош-синоним сўзлар ишлатар эди” [4].
Мазмун ва шакл уйғунлиги, бу азалдан адабиётшуносликнинг энг асосий ва бош мавзуси бўлиб келган. Бироқ “Ўрта аср адабиёти назариясига кўра кўплаб ҳозирги замон олимларининг араб мумтоз шеъриятида шакл мазмундан кўра кўпроқ ва муҳимроқ ўринда турган. Шу сабабли ҳам Ўрта аср олимлари шаклнинг нуфузини орттириб мазмуннинг аҳамиятини пасайтирган” [8]. Арабшунос олимнинг бу фикри бутун араб адабиётига, хусусан, биз таҳлил қилаётган жоҳилият хутбасига ҳам алоқадор десак, у ҳолда олим тилга олган ҳозирги замон олимларининг фикрида янглишиш борлигини ҳис қиламиз, негаки бу хитоба шакл ва мазмуннинг буюк уйғунлигини намоён этади.
Аксам бин Сайфи бу хитобасида бу дунёни “دار” – уй, бутун инсониятни “ أهل هذه الدار” – “бу уйда яшовчилар” дейиши билан муболағани кичрайтириш шакли тафритни ишлатади [9]. Аксам бин Сайфи хитоба айтилаётган вазиятга мос равишда муболағанинг бу турини танлайди, бунга сабаб эса: Дунёни чексиз, чегарасиз, унда яшовчиларни ҳар хил деб тасаввур қилишдан кўра, одамлар бир уйнинг ичида бирга яшовчилардир деб тушунтириш, қолаверса, уларнинг барчаси “سفر” – мусофирдир, деган тасаввур уйғотиш инсонга анча таскин бериши ва бутун дунё аҳолисини бир уй аъзолари, бир хил қонунларга кўра яшайди деб билиши қайғусини бир оз унутишига ёрдам беришидир.
“لا يحولون عقد الرحال إلا في غيرها” – “кетиш битиминигина ўзлари истагандек туза олмаслар” деган жумлада хатиб ажойиб метафорани ишлатади. Шу ўринда метафорага берилган таърифни эсга оламиз. Метафора (юн. metaphora – кўчириш) – маъно кўчишининг кенг тарқалган турларидан, нарса ва ҳодисаларнинг орасидаги ўхшашликка асосланувчи кўчим тури, троп. Моҳиятан яширин ўхшатиш бўлиб, унда ўхшатилаётган нарса тилга олинмагани ҳолда, унинг маъносини ўхшаётган нарса (яъни уни ифодалаётган сўз) билдиради [9:169].
“ عقد” араб тилида битим келишув, шартнома маъноларини англатади. Яъни, инсон ўзи билмаган ҳолда Холиқ билан кетиш битимини тузиб, бу дунёга келади. Шу сабаб “ўлим” сўзи ўрнига донишманд изҳори йўлланаётган шахс оддий одам эмас, балки ўз мамлакати ва ҳудудида ўзи истаган ҳар қандай “келишувга” эришишга қодир шоҳ эканини ҳисобга олган ҳолда, “кетиш битими” шоҳлар учун ҳам бирдек эканига урғу бермоқчи бўлади. Қолаверса, уни ўзининг кейинги фикрларини эшитишга тайёрлаш мақсадида бундай метафорани қўллайди. Кейинги фикрларини ифодалар экан, энди ҳаким яна ҳам кучлироқ муболағани ишлатади “ الدنيا ثلاثة ايام” – “дунё-уч кундир”. Бу муболағадан мақсад умрнинг жуда ҳам тез ўтиб кетишини таъкидлашдир. Кейинги жумлаларда Аксам бин Сайфи кеча – ўтган вақт таърифига нисбатан жуда юксак жонлантириш санъатини қўллайди:” شاهد عدلʼ فجعك بنفسهʼ و أبقى لك و عليك حكمته ” – “Ҳақиқат шоҳиддир, сени оғир кулфатга гирифтор қилди. Сен учун ўз ҳикматини қолдирди”. Бундай ҳаракатлар юксак ақл ва тафаккур соҳибига хос таърифдир.
“Бугунни” тасвирлар экан нотиқ уни “кечаги” куннинг таърифидан илиқроқ жонлантириш: ” صديق أتاك و لم تأتهʼ طالت عليك غيبتهʼ و ستسرع عنك رحلته” – яъни, сен(шоҳ)нинг олдига ўзи келган дўст” қиёфасида гавдалантиради. Бироқ дўстнинг ёнингда бўлиши узоқ давом этади деб ўйладинг, аммо у ҳам тез кетишини англамайсан”, дейди нотиқ. Бугун учун берилган бундай таъриф, дарҳақиқат, теранлик, даҳолик. Гўёки инсоният бугуннинг қадрига етмаганидан, унинг ўзи дўст бўлиб келганида, кечаги кун ўтмишга айланиб берган сабоғидан тўғри хулоса чиқармайди, бугуннинг тез кетишини пайқамайди, бундан эса “бугун” – “дўст”нинг қалби оғрийди ва у ҳам тез кетишга шошади.
“Эртанги кун”га берилган таъриф инсонни бир оз ўйлантиради, қўрқувга солади – ”و غد لا تدري من أهلهʼ سيأتيك إن وجدك “ – эртанги кун сени топсагина сенга келади, топмаслиги ҳам мумкин. Эрта сен учун мавҳумлик: Ким билан бир уйда қоласан? Сен билан қоладиганлар ким? – булар жавобсиз саволлар. Бу жонлантириш инсониятнинг муқаррар хавотири ва ана шундай қўрқув олдини олиш учун тайёргарлик кўриши кераклиги учун даъват бўлиб янграйди.
Хитобада яна параллелизм ҳам самарали ишлатилади: “ فما أحسن الشكر للمنعمʼ و التسليم للقادر – Энг яхши нарса Мунъимга шукр қилиш ва Қодирга таслим бўлишдир.
» و قد مضت لنا أصول نحن فروعهاʼ فما بقاء الفروع بعد أصولهاʼ و اعلم أن أظم من المصيبة سوء الخلف منهاʼ و خير من الخير معطيهʼ و شر من الشر فاعله». Яъни, инсон учун фоний дунёдаги энг яхши нарса – бу Неъматлар берувчига шукрдир. Ва (бу шукр) Қодирга, унинг тақдирига бўйинсунишдир…”
Худди шундай араб нотиғи таносуб (ар. дахлдорлик, алоқадорлик) – мумтоз адабиётдаги шеърий санъат, фикрни бир-бирига алоқадор, маъно жиҳатидан яқин ва ўзаро мутаносиб тушунчаларни билдирувчи сўзлар орқали ифодалаш [9:310.] санъатини ишлатади: “Бу уй аҳли, мусофир, кетиш битими, келди, у (битим) сендан олганини қайтармайдиган бўлиб олиб кетди, яқин келажакда кетадиганлар ва сени тарк этадиганлар қолди, сендан кетишга шошади”, бу жумла ва сўзларнинг барчаси эшитувчининг шуурига дунёнинг сафар экани ва унда кетиш муқаррар эканини сингдиради.
Аксам бин Сайфининг бу хитобаси келтирилган манбада унинг араб шоҳи Амр бин Ҳиндга таъзия изҳор қилиб айтгани келтирилса-да, Аксам бин Сайфи бундай фикрлари билан гўёки бутун инсониятга мурожаат қилгандек, уни минг йиллардан кейин эшитувчилар учун ҳам панд-насиҳат қилгандек туюлади.
Хулоса сифатида шуни айтишимиз мумкинки, бу хитобада орадан 1500 йил ўтганига қарамасдан бугунги кун адабиётшунослигининг энг йирик икки тушунчаси шакл ва мазмун бир-бирига халал бермай, аксинча бир-бирини тўлдирган ҳолда асл инсоний, юксак маънавий ва руҳий ҳисларни ифода этганига гувоҳ бўламиз. Шубҳа йўқки, донишманд Аксам бин Сайфи бу нутқи билан тингловчиларига ўз даврининг кишиси сифатида, нутқ айтилган вазият доирасида етарлича таъсир ўтказа олган. Зеро, бадиий асарда мазмун ва шакл бир-биридан қолишмай уйғунликни акс эттирар экан, бундай адабиёт ҳамиша ўз мақсадига етиши шубҳасиздир.
-
А.Мейе. Сравнительный метод в историческом языкознании, Едиториал УРСС,2004.
-
А.Э.Сепир.”Избранные труды по языкознанию и культурологии”. –М., Издательская группа “Прогресс”, “Универс”,1993.
-
Gibb H.A.R. Studies on the Civilization of Islam. – London-Boston, 1962.
-
الوسيط في الأدب العربي و تأريخهʼ تأليف الشيخ أحمد الإسكندري و الشيخ مصطفى عنانيʼ(1919)ʼط1ʼ مطبعة المعارف بشارع فجالةʼ مصرʼص19..
-
صفوت ʼأحمد زكي (1933) ʼجمهرة خطب العرب في العصور العربية الزاهرةʼ الجزء 1ʼ ص.37 ʼالمكتبة العلمية ʼ القاهرة
-
Д.С.Лихачев. Избранные работы в 3-х томах (том 1. О себе. Развитие русской литературы 10 – 17 веков. Поэтика древнерусской литературы. Монографии) (Л., «Художественная литература» Ленинградское отделение, 1987 – 656 с.).
-
А.Б.Куделин. «О понятии эстетического канона в средневековой литературе» в сб.: Языковая норма и эстетический канон/ Под ред. В.Я.Порхомовского и Н.Н.Семенюк. –М.: Языки славаянских культур, 2006.
-
Д.Куронов, З.Мамаджонов, М.Шералиева. Адабиётшунослик луғати. –Б.186. Тошкент «Академнашр», 2010. See also:Available at:www.literarydevices.com › hyperbole.