“Саҳиҳул Бухорий”ни муаллифдан эшитган ровийларнинг орасида Абу Абдуллоҳ Фирабрий (231-320/846-932) алоҳида ўрин тутади. Аллоҳ таоло унга Имом Бухорий билан учрашиш ва ундан ҳадис эшитиш учун бир нечта сабабларни тақдир қилган ва кўп хайрли ишларга муяссарлик билан хослаган. Шу сабаб унинг ривояти ривоятларнинг энг яхшиси, энг тўлиғи ва санади олийсига айланган.
Имом Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган биринчи табақадаги ровийларнинг энг машҳури Абу Абдуллоҳ Фирабрийдир. Тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор ибн Солиҳ ибн Бишр Фирабрий бўлиб, 231/846 йили Бухоро қишлоқларидан бири Фирабрда туғилган. Имом Самъоний “Ансоб” асарида: “Фирабр Амударё билан Бухоронинг ўртасидаги шаҳардир. Фирабр шаҳри билан Амударёнинг ўртасидаги масофа бир фарсах атрофидадир. Мен Мовароуннаҳрдан қайтаётганимда Фирабрда бир неча кун турганман”, деб айтган [5:4/359].
Имом Заҳабий эса ўзининг “Сияру аъломин нубало” асарида: “Фирабр Бухоро қишлоқларидан биридир”, деган.
Бугунги кунда Фирабр – ҳозирги Туркманистоннинг Лебоб вилоятидаги Фирабр минтақасининг маъмурий маркази. Фирабр қадимда Тоҳир ибн Алининг мусофирхонаси (карвонсаройи) сифатида танилган. У ердан кўплаб уламолар етишиб чиққан. Имом Бухорий ҳазратлари ҳам шу ерда бир муддат яшаган ва дарс берган.
Фирабрий Қутайба ибн Саид ва Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳам ҳадис эшитган. Абу Бакр Самъоний (ваф. 510/1116) “Амолий” асарида бундай деган: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саид ва Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитган. У “Саҳиҳул Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” китобларини Қутайба ибн Саид ва Али ибн Хашрам Марвазийдан ривоят қилган ровийларнинг орасида бордир” [2:1/175-176].
Ибн Нуқта (ваф. 629/1232) Фирабрийга боғланган санад билан ривоят қилади. Абу Абдуллоҳ Фирабрий: “Мен 258/872 йили Фирабрда бўлганимда Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитган эдим”, деган.
Имом Заҳабий (ваф. 748/1347): “Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саиддан ҳадис эшитган деб ҳисоблаган киши хато қилибди. Чунки, у Қутайба ибн Саидни кўрмаган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий 231/846 йилда туғилган. Қутайба ибн Саид эса 240/855 йили бошқа шаҳарда вафот этган”, деб ёзади [9:15/11].
Юқорида ўтган гапларнинг хулосаси шуки, Абу Абдуллоҳ Фирабрий уч кишидан ҳадис ривоят қилган.
Биринчиси: Имом Бухорий (810-870 й.);
иккинчиси: Қутайба ибн Саид (150-240/767-854);
учинчиси: Али ибн Хашрам Марвазийдир (160-257/776-871).
Абу Бакр Самъоний (ваф. 510/1116) “Амолий” асарида Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саиддан ҳадис эшитганига далил келтирган. Буни Имом Нававий (631-676/1233-1277) ҳам “Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳида зикр қилган.
Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитгани собитдир. Фирабрийнинг таржимаи ҳолини ёзган кўплаб уламолар бунга далил келтирган. Асосий ҳадис китобларида Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг Али ибн Хашрам Марвазийдан ривоят қилган ҳадислари бор.
Имом Байҳақий (384-458/994-1066) “Ас-Сунанул кубро” ва “Шўъбул иймон” китобида Ҳофиз Абу Аҳмад ибн Адийнинг Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан, унинг Али ибн Хашрам Марвазий ва бошқалардан ривоят қилган ҳадисларини келтирган.
Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитгани “Саҳиҳул Бухорий”нинг баъзи нусхаларида собитдир.
Имом Абу Валид Божий (ваф. 474/1082): “Абу Абдуллоҳ Фирабрий сиқа (ишончли) ва машҳур кишидир”, деган [4:1/173].
Абу Муҳаммад Ришотий (ваф. 547/1179): “Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий”нинг ривоятида асосий таянчдир”, деган [1:15-16].
Абу Бакр Самъоний (ваф. 510/1116) “Амолий” асарида: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий сиқа (ишончли) ва парҳезкор кишидир”, деган [3:1/126].
Абу Исҳоқ Мустамлий Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ривоят қилиб бундай дейди: “Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши эшитган. Бу китобни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа бирор киши қолмади” [7:11/28]. Фирабрийнинг бу гапини ҳамма уламолар бирдек эътироф этмаса ҳам, Имом Бухорийдан ривоят қилган ровийларнинг кўплигига далил бўла олади. Чунки, ўша пайтда Фирабрийдан узоқроқ умр кўрган бошқа ровийлар ҳам бўлган.
Имом Фирабрий ривоятининг машҳур бўлиши ва бошқаларидан ажралиб туриши бежиз эмас, албатта. Бу вариантда “Саҳиҳул Бухорий”нинг бошқа ривоятларида учрамаган жиҳатлар бор.
Уламолар Фирабрийнинг ривоятини “Саҳиҳул Бухорий” китоби борасида мусулмонларнинг асосий таянчи ва мустаҳкам арқони деб ҳисоблаган. Хусусан, Ибн Рушайд Фиҳрий (ваф. 721/1321): “Абу Абдуллоҳ Фирабрий сиқа (ишончли), амийн (ишонарли), “Саҳиҳул Бухорий” китобида мусулмонларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган воситаси ва уларнинг мустаҳкам арқонидир”, деган [1:10].
Ривоятлар ва нусхалар орасидаги тафовутнинг сабаблари жуда кўп. Уларни бирма-бир санаб ўтиш бир мақола доирасига сиғадиган иш эмас. Бу сабаблар ровийларнинг шахсиятидаги ва китоб нусхаларини диққат билан текширишдаги тафовутларга бориб тақалади.
Фирабрийнинг ривояти ҳақидаги маълумотлар тўпланганида, уни бошқалардан ажратиб турадиган бир нечта омил аён бўлади.
Биринчиси. Фирабрийдаги одиллик, маълумотларни диққат билан текшириши ва уламоларнинг у ҳақида айтган яхши сўзлари.
Шак-шубҳасиз, бир одамнинг хабари қабул қилиниши учун у адолатли ва ишончли инсон сифатида ном қозонган бўлиши керак. Фирабрий ҳақида уламолар жуда яхши гапларни айтган. Бу ўринда Ибн Рушайд Фиҳрийнинг (ваф. 721/1321): “Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобида мусулмонларнинг асосий таянчидир”, деган [1:14] сўзини келтиришнинг ўзи кифоя.
Иккинчиси. Фирабрийнинг қўлидаги нусха тўлиқ бўлган ва камчилиги йўқдир. Ривоятнинг тўлиқлиги ва камчиликлардан холи экани афзаллик белгисидир. Чунки, кейин келган ҳар қандай ровий имкон қадар тўлиқ ва мукаммал нусхага мурожаат қилиши табиий.
Абу Али Жайёний “Тақйидул муҳмал”да бундай дейди: “Абу Фазл Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Шазон Исбаҳоний Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафийдан: “Имом Бухорий тўпламнинг охирида менга “Ҳукмлар китоби”нинг аввалидан китобнинг охиригача ижозат берган эди”, деб ривоят қилади”. Лекин Насафийнинг ривоятида тўпламнинг охиридаги варақлари Фирабрийникига қараганда камроқдир.
Имом Хаттобий “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган “Аъломул ҳадис” номли шарҳида: “Биз бу китобнинг кўп қисмини Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг Имом Бухорийдан ривоят қилган йўлига кўра эшитдик. Фақат охиридаги ҳадисларнигина Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг йўли орқали эшитдик”, деган [6:1/105-106]. Демак, Имом Хаттобий “Саҳиҳул Бухорий”ни Насафий йўли орқали ривоят қилган ровийлардан бири ҳисобланади. Лекин китобнинг охиридаги ҳадисларни Фирабрийдан ривоят қилган.
Бурҳонуддин Абносий (ваф. 802/1400) ўзининг “Аш-Шазол фияҳ мин улуми Ибн Салоҳ” китобида Ибн Салоҳнинг “Саҳиҳул Бухорий”даги ҳадисларнинг сони ҳақидаги “Унда тўрт мингта ҳадис бор” деган сўзларини шарҳлаб бундай дейди: “Бу Фирабрийнинг ривояти. Аммо Ҳаммод ибн Шокирнинг ривояти Фирабрийнинг ривоятидан икки юзта ҳадисга кам. Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг ривояти Ҳаммод ибн Шокирнинг ривоятидан юзта ҳадисга кам”. Бу гапни Ироқий, Абносий, Саховий ва Шайхулислом Закариё Ансорий зикр қилган. Бу ва бошқа далиллар Фирабрийнинг ривояти ривоятларнинг энг тўлиғи эканини кўрсатади.
Учинчиси. Фирабрийнинг ривоятини бошқалардан ажратиб турадиган яна бир жиҳати қўлидаги асл нусханинг саҳиҳ бўлганидир.
“Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусхаси Имом Бухорийнинг вафотидан кейин машҳур шогирди Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг қўлида қолган. Фирабрийнинг шогирдлари “Саҳиҳул Бухорий”нинг матнини устозидаги асл нусхадан кўчириб олган. Улар Абу Исҳоқ Мустамлий, Абу Муҳаммад Ҳаммувий, Абу Ҳайсам Кушмиҳаний, Абу Зайд Марвазий ва бошқалар. Бирорта таҳқиқчи ва илм аҳли улар ёзган нусхаларга шак-шубҳа қилмаган ва эътироз билдирмаган.
Абу Валид Божий (ваф. 474/1082) “Ат-Таъдил ват тажриҳ” китобида Фирабрийнинг қўлида “Саҳиҳул Бухорий”нинг Имом Бухорий ўз қўли билан ёзган асл нусхаси борлигига далил бўладиган гапни келтириб, бундай дейди: Ҳофиз Абу Зарр Абдураҳмон ибн Аҳмад Ҳаравий бизга Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мустамлийдан ривоят қилади. Абу Исҳоқ Мустамлий: “Мен “Саҳиҳул Бухорий” китобини Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг қўлидаги асл нусхадан кўчириб олдим. Шунда унинг ҳали тўлиқ эмаслигини кўрдим. Китобда кўплаб ёзилмаган бўш жойлар бор эди. Кетидан бирор нарса ёзилмаган ровийлар силсиласи ва санади ёзилмаган ҳадислар бор эди. Шунда баъзисини баъзисига қўшиб қўйдик”, деган [4:1/287].
Ибн Ҳажар ҳам “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган шарҳларидан бирига “Ҳадюс сорий” деб номланган муқаддимасида бу гапни Абу Валид Божийдан нақл қилган.
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний (ваф. 852/1448): “Бу асрда ва ундан олдинги асрларда “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитишда санади узлуксиз боғланган ривоят Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор ибн Солиҳ ибн Бишр Фирабрийнинг ривоятидир”, деган [8:1/491-492].
Ибн Рушайд Фиҳрий бундай дейди: “Бугун машриқ ва мағрибда “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитишда санади Имом Бухорийга боғланган йўл Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг йўлидир. Ривояти комиллиги, муаллифга яқинлиги ва ровийларининг машҳурлиги учун инсонлар унга кўпроқ суянади. Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг қўлида “Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусхаси бўлган ва ундан шогирдлари нусха кўчирган. Бу эса Фирабрийни қўллаб-қувватлайдиган ҳужжат ва унинг тўғрилигига гувоҳдир. Шу тариқа “Саҳиҳул Бухорий” Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан мутавотир йўл билан нақл қилинган. Мусулмонлар буни маҳкам ушлаган ва унга ижмо боғланган. Натижада аниқ ҳужжат бўлган” [1:18-19].
Бу ривоятлар Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий”ни унинг асл нусхасидан ўрганганига етарли далилдир. Шак-шубҳасиз, бу каби асл нусхага бошқа нусхалар тенглаша олмайди. Фирабрий ҳам Имом Бухорийнинг бевосита ўзидан тинглаган “Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусхасидан ёзиб олган.
Тўртинчиси. Фирабрийнинг ривоятини бошқалардан ажратиб турадиган яна бир жиҳати Имом Бухорийдан кейин узоқ умр кўргани учун санади олий бўлганидир. Имом Бухорий 256/870 йил шаввол ойининг бошида вафот этган. Фирабрий эса 320/932 йил шаввол ойининг ўнинчи куни тўқсон ёшида Фирабрда вафот этган. Ибн Рушайд Фиҳрий “Ифодатун носиҳ” китобида бундай дейди: “Биз Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг вафот этган кунини Абу Зар Ҳаравийга боғланган олий санад билан ривоят қилдик. Абу Зар Ҳаравий (355-434/966-1042) бундай дейди: “Мен Абу Исҳоқ Мустамлий (ваф. 376/986)дан эшитган эдим. У: “Менга етиб келган маълумотларга кўра Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрий 320/932 йил шаввол ойининг ўнинчи куни вафот этган”, деди” [1:23]. Демак, Фирабрий Имом Бухорийнинг вафотидан кейин ҳижрий ҳисоб билан 64 йил яшаган. Ўша даврда яшаган муҳаддис ва талабаларнинг аксарияти “Саҳиҳул Бухорий”ни Фирабрийдан эшитишга интилган. Зеро, олий санадни талаб қилиш муҳаддислар одобидандир.
Шу сабабли бўлса керак, Фирабрий: “Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши эшитган. Бу китобни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа бирор киши қолмади”, деган. У ўзини Имом Бухорийдан ҳадис ўрганганларнинг энг охиргиси деб ҳисоблаган.
Бешинчиси. Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан бир неча марта эшитган. Унинг ўзи муаллифдан икки марта эшитганини зикр қилган. Бир марта – 248/862 йили Фирабрда, иккинчи марта – 252/866 йили Бухорода. 253/867 йили ҳам Имом Бухорийдан эшитганига далил бўладиган баъзи ривоятлар бор. Абу Али Жайёний ўз асарида Абу Зайд Марвазийнинг Имом Фирабрийдан: “Ўша йили ҳам эшитганман”, деган ривоятини келтирган.
253/867, 254/868 йилда ва Имом Бухорийнинг вафотидан бир йил олдин – 255/869 йилда ҳам эшитганидан далолат берадиган маълумотлар бор. Демак, Фирабрий Имом Бухорийдан умрининг охирида “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитган бўлса, бундан ундаги нусха энг тўлиқ эканини, Имом Бухорий ўз қўли билан ёзган “Саҳиҳул Бухорий”нинг энг охирги асл нусхаси Фирабрийнинг қўлида қолганини билиб оламиз. Кейинчалик айнан Фирабрийдан жуда кўп шогирдлари таълим олган ва асар матнини устозининг қўлидаги асл нусхадан кўчирган.
“Саҳиҳул Бухорий”нинг версиялари орасида Фирабрийнинг ривояти жуда машҳур бўлиб кетгани ана шундан. Инсонлар ҳозиргача “Саҳиҳул Бухорий”ни Фирабрийнинг ривоятидаги санад билан ўрганиб келаётгани эса олтинчи омил бўлади.
-
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Рушайд Сабтий Фиҳрий Андалусий. Ифодатун носиҳ фит таъриф би санади ал-Жомеъ ас-саҳиҳ. – Тунис: Дорут тунисия, 2019.
-
Доктор Жума Фатҳий Абдулҳалим. Ривояту ал-Жомеъ ас-саҳиҳ: 2 жилдли. – Қатар: Дорул фалоҳ, 1434/2013.
-
Ибн Нуқта Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғани Бағдодий. Ат-Тақйид ли маърифатир рувоти вас сунани вал масонид: 2 жилдли. – Ҳайдаробод: Доиратул маъорифил Усмония, 1403/1983.
-
Имом Абу Валид Сулаймон ибн Холаф ибн Саъд ибн Айюб Божий. Ат-Таъдил ват таржиҳ: 3 жилдли. 1550 саҳифали. – Мағриб: Визаротул авқоф ваш шуъунил исломия, 2010.
-
Имом Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Самъоний. Ансоб: 13 жилдли. – Ҳайдаробод: Доиратул маъорифил Усмония, 2016.
-
Имом Абу Сулаймон Ҳамд ибн Муҳаммад Хаттобий. Аъломул ҳадис фи шарҳи Саҳиҳул Бухорий: 2 жузли. Доктор Муҳаммад ибн Саид ибн Абдураҳмон таҳқиқи. – Макка: Жомиъату уммил қуро, 1409/1988.
-
Исмоил ибн Умар ибн Касир. Ал-Бидоя ван ниҳоя: 15 жилдли. Устозлар жамоасининг таҳқиқи. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1407/1986.
-
Ҳофиз Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар Асқалоний. Ҳадюс сорий муқаддимату Фатҳил Борий: 2 жилдли. – Риёз: Дору тойба, 2001.
-
Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияру аъломин нубало: 25 жилдли. – Байрут: Дору муассасатир рисола, 1992.