Home / АЛЛОМАЛАР / АЛИШЕР НАВОИЙ ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИГА ОИД ҚИММАТЛИ ТАРИХИЙ МАНБА (фалсафий-тарихий таҳлил)

АЛИШЕР НАВОИЙ ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИГА ОИД ҚИММАТЛИ ТАРИХИЙ МАНБА (фалсафий-тарихий таҳлил)

Ҳозирги мураккаб ва зиддиятли даврда “миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш” [1] муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоийнинг яхшилик, эзгулик, фидойилик, бағрикенглик, инсонпарварлик каби юксак эзгу ғояларга хизмат қилишга йўналтирилган ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади.

Мутафаккир умуминсоний қадриятларни шунчаки тарғиб этиш билан чекланиб қолмайди, балки бутун ҳаёти ва фаолияти давомида ўзини эзгуликнинг чинакам тимсоли, бемисл саховат соҳиби ва етук давлат арбоби сифатида намоён этади. Бу тўғрида замондош тарихчи Ғиёсиддин Хондамир ўзининг “Макоримул ахлоқ” (“Олижаноб хулқлар”) асарида (1501) баён қилади [4].

Ушбу асар Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди, буюк шахсияти, гўзал фазилатлари, асарлари, халқ фаровонлиги ва юрт ободлиги йўлида қилган амаллари ҳақида энг ишончли маълумотларга эга бўлган [4:80] тарихий манба сифатида қимматлидир. Асарда таъкидланишича, Навоий машҳур олимлар ва ҳурматга сазовор фозилларнинг обрў-эътиборини ошириш ва мартабасини юксалтиришга қўлидан келганича ғайрат ва ҳиммат кўрсатган, талабаларга нафақалар тайинлаган, кўплаб мадраса ва хонақоҳлар қурдирган.

Ҳирот шаҳрининг Инжил ариғи бўйида қурилган “Ихлосия” мадрасаси, ушбу мадраса қаршисида ўта чиройли бир тарзда барпо этилган хонақоҳ, ғарбий томонида қад кўтарган тиббий илмлардан таълим беришга ихтисослашган “Шифоия” мадрасаси, пойтахтнинг ички қисмида бунёд этилган “Низомия” мадрасаси, Марв шаҳрида бунёд бўлган “Ҳусравия” мадрасалари шулар жумласидандир. Бу даргоҳларда минглаб талабалар таҳсил олган ва улар орасидан кўплаб олиму фозиллар етишиб чиққан [4:81-82]. Мазкур жиҳат мутафаккирнинг илм-маърифат жамият тараққиётининг асосий таянчи эканини яхши англаганидан далолат беради.

“Маҳбубул қулуб” асарида шоир ўзининг бунёдкорлик ишлари ҳақида “Ва гоҳи яхши ишлар қилувчилар орасига ўзимни урдим ва жамоат учун бинолар қурдим, ғайратим туфайли турли работлар ва бекатлар барпо бўлди ва йўловчиларга шодлик етишди” [2:11], деб мухтасар тарзда келтиради.

Ғиёсиддин Хондамир Алишер Навоийнинг бағрикенглик, инсонпарварлик, хайру саховатда беназирлигини таъкидлар экан, мамлакатнинг турли шаҳар ва қишлоқларида 52 работ, 25 масжид, 19 ҳовуз, 16 кўприк, 14 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 4 мадраса, 2 тўғон [4:81-135] ва 1 [6:26-32] кутубхона қурилишига ҳомий бўлганини маълум қилади. Навоий замондошлари у қурдирган хайрия бино, иншоотлар сони ва тавсифини тўлиқ келтириш сўзнинг узайишига сабаб бўлишини ҳисобга олиб, ўзлари аниқ билган иншоотлар рўйхатини келтирганлар. Масалан, Давлатшоҳ ўн иккита иншоот ҳақида гапириб ўтса, Хондамир юздан зиёд бино ва иншоотни, шу жумладан, ҳовуз ва кўприкларни санаб ўтади. Фахрий Ҳиротий “Амир Алишер 370 хайрия биноси қурган”, деб умумий тарзда ҳисоб қилса, Сом Мирзо бу сонга аниқлик киритиб, “уч юз етмиштадан тўқсонтаси работлардир”, дейди [5:79].

Навоийнинг ташаббуси билан “Халосия” хонақоҳида ҳар куни мингдан ортиқ қашшоқ ва мискин таом билан сийланган. Бундан ташқари муҳтожларга ҳар йили икки мингга яқин пўстин, чакмон, кўйлак, иштон, енгил дўппи ва оёқ кийим улашилган [4:121]. Машҳад шаҳридаги Ризовия мақбараси яқинида қурилган мусофирхонада ҳам ҳар куни кўплаб қашшоқ, муҳтож ва етимларга таом тарқатилган [4:121-122].

Алишер Навоийнинг кўрсатмаси билан Ҳиротдаги Марғаний боғи қаршисида жоме масжиди барпо этилган ва шаҳарнинг жоме масжиди қайта қурилган. Бу ишларни кузатиш учун Навоий деярли ҳар куни шу ерга келган, аксар ҳолларда этагини қайириб ишчилар билан бирга меҳнат қилган. Ҳар неча кунда у ерда ишлаётган меъмор ва усталардан ҳунармандларгача – ҳаммасига қимматбаҳо кийимлар кийгизиб, кўплаб мукофотлар тақдим этиш орқали уларнинг кўнгилларини шод ва дилларини обод қилган. Натижада уч-тўрт йил чўзилиши мумкин бўлган қурилиш олти-етти ойда поёнига етказилган [4:128-130].

Таъмирлаш ишлари якунланиши муносабати билан “эллик бош қўй ва тўққиз бош от сарфланган катта зиёфат маросими ўтказилган. Масжид биноси қурилишида ишлаган ишчилар ва усталарга қимматбаҳони кийимлар билан тақдирлаш ва (иш чоғида уларга етказилган айрим заҳматлар учун) кечирим сўраш маросими ўтказилгани” [4:132-134] бугунги кун учун ҳам ғоят ибратли бўлиб, айни бу жиҳат Навоий даҳоси улуғлигининг яна бир исботидир. Ҳазрат ҳар бир тадбирга комплекс ёндашишга, жараённинг кичик деталларини ҳам инобатга олишга ҳаракат қилган. Унинг фикрича, катта ишларда кичик элемент, арзимас тасодиф муҳим роль ўйнаши мумкин. Бундай ёндашув синергетик тамойил – “оддийлик мураккабликнинг ибтидоси” тамойилига мос келади.

Навоий қўли очиқлик борасида ҳам кўпчиликка намуна бўлган. Чунончи, саховатли шоир сон-саноқсиз боғлар ва кўплаб маконларни саййидлар, олимлар ва фозилларга, ери серҳосил бир қанча экинзорлар ва қулай кориз[1]ларни аъло ҳазратлари, шаҳзодалар ҳамда подшоҳ оиласига мансуб аёллар ва қизларга инъом қилган.

Шундай ҳолатлар ҳам юз берганки, сарой амалдорлари айрим зарурий харажатлар учун катта миқдордаги пулни солиқ сифатида халқ зиммасига юкламоқчи бўлганда, амир Алишер халқ қийналиб қолмаслиги ва бу нарса салтанат қасри пойдеворининг ларзага келишига сабаб бўлмаслиги учун ўша пулни ўз ёнидан тўлаб юборган [4:176-177]. Бу унинг келажакда жамиятда рўй бериши мумкин бўлган флуктуация (бўҳрон) ҳолатларининг олдини олишга интилганидан далолат беради. Ҳазрат Навоий ижтимоий тараққиёт келажагини олдиндан кўра билган доно сиёсий арбоб бўлган.

Жумладан, ҳижрий 906 (милодий 1500) йил бошларида султон Ҳусайн Бойқаро Мозандарон вилоятига ташриф буюрганида, амир Муборизиддин зарур харажатлар учун Ҳирот шаҳри ва унинг атрофларидаги қишлоқлар аҳолисидан юз минг динор миқдорида пул ундирилсин, деган фармон эълон қилади. Бу маблағнинг ярмини амир Ҳирот атрофидаги қишлоқларда яшаган ер эгалари ҳамда бойлардан ундиради, қолганини эса Ҳирот шаҳри аҳолисидан йиғишга қарор қилади. Аммо ҳеч бир ишга амир Алишер билан маслаҳатлашмасдан киришилмагани сабабли Ҳазратнинг ноибларидан бири орқали маслаҳат сўраш мақсадида ушбу режани унга маълум қилади. Навоий бунга жавобан “шу пайтда халққа ўринсиз солиқ солинишини подшоҳлик салтанати учун муносиб иш деб билмайман”, дея ўша эллик минг динорни ўз ёнидан тўлаб юбориб [4:177-178], юксак саховат кўрсатади.

“Макоримул ахлоқ” асарида муаллиф Алишер Навоийнинг юксак ҳиммат ва саховат соҳиби бўлганига доир кўплаб мисол ва ҳикоятлар келтирилади. Булардан маълум бўладики, Навоий наздида олам аҳлининг камчилик ва нуқсонлари бағрикенглик ва очиққўллик туфайли одамлар кўзидан яширин бўлса, Одам болаларининг ютуқ ва фазилатлари қизғанчиқлик ва беҳимматлик туфайли кўзга нуқсондек бўлиб кўринади. “Саховат бирор бир мақсад кўзламасдан ва эвазига бирор нарса сўрамасдан туриб – гарчи, кўзланадиган бу мақсад ва сўраладиган бу нарса муносиб мақтов ва катта савоб бўлса-да – бирор нарсани (бирор кишига) совға қилишдир” [4:168-169], дея таъкидланади:

Сахий кимдир, улдир мукофот олмай,
Ҳар саховат келар қўлидан унинг.
Мақтов, савоб учун қилинган ишни
Хайру саховатмас, олди-сотди бил [4:169].

Навоийнинг “чексиз яхшиликлари бу оламда шуҳрат топиш ёки боқий дунёда катта савобга эришиш учун қилинмаган. Чунки, бу дунё ва ундаги нарсалар табаррук зотнинг ҳиммат назарида бир сомон хасичалик қимматга эга бўлмаган. Чексиз очиққўллиги ва сахийлигига қарамай, ҳеч қачон ҳеч кимга бир арпа доничалик ҳам миннат қилмаган” [4:169].

Халқ орасида ва темурийлар саройида юксак ҳурмат ва ишончга эга бўлган Навоий ўзининг бутун куч-ғайрати ва азму шижоати, мол-мулкини эл фаровонлиги ва юрт ободлиги йўлида сарфлаб, “Ҳазрат Султоннинг яқин кишиси”, “Ҳақиқат ва дин низоми”, “Улуғ амир” каби юксак унвонларга мушарраф бўлган [4:54].

Ҳаёти ва фаолияти, кучи ва иқтидорини ўзгаларни тўғри йўлга бошлашга, муҳтожларга кўмаклашишга, адолатли ва маърифатли фаровон жамият қуришга сафарбар этган Алишер Навоий ўзининг ижодий ва сиёсий фаолияти давомида кўплаб хайрли ишларни амалга оширган, асарларида эзгуликни куйлаган ва айни бу жиҳатлар замондош олимлар, шоирлар, тарихчилар томонидан юксак эҳтиром билан эътироф этилган. Шундай экан, Навоийнинг хайрли ишларини, панду-насиҳатларини шунчаки гапириб юриш учун, эшитиш учун, ўқиб қўйиш ёки ёзиб қўйиш учунгина эмас, балки уқиш, англаш, ҳис қилиш, амал қилиш учун, қисқаси, яшаш учун улкан восита эканини идрок этиш ва мазмун-моҳиятини ёшлар қалби ва онгига сингдириш вазифаси ҳамиша долзарб бўлиб қолаверади. 

Фойдаланилган манба ва адабиётлар:
  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4802-сон қарори // Электрон ресурс//https://lex.uz/docs/4945427 (03.09.2020)
  2. Навоий А. Маҳбубул қулуб. (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар). Ҳозирги ўзбек тилига табдил. -Тошкент: Sano-standart. 2018.
  3. Турсунов Б. Алишер Навоийнинг мураккабликдаги оддийлик тамойили (“Маҳбубул қулуб” асари мисолида) // Имом Бухорий сабоқлари журнали, 2020, №3.
  4. Хондамир Ғ. Макоримул ахлоқ. Тошкент: Akademnashir, 2018.
  5. Сирожиддинов Ш. Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили. –Т.: Akademnashr, 2011.
  6. Шарипов А. Амир Темур ва темурийлар даврида кутубхоналар фаолияти тарихидан // Бобур ва дунё, –– Тошкент, 2020. – №3.
[1] Кориз – ичимлик суви олинадиган қудуқлар мажмуаси. – Б.Т.
Бахтиёр ТУРСУНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …