Home / МАҚОЛАЛАР / РИВОЯТДАГИ ҲАҚИҚАТ ИЗЛАРИ

РИВОЯТДАГИ ҲАҚИҚАТ ИЗЛАРИ

Тарихий ҳақиқатлар ҳеч қачон изсиз йўқолиб кетмайди. Улар авлодлар онгида ривоятлар шаклида давом этади. Ана шундай тарихий ҳақиқатлардан бири қадимги Хоразм давлатчилигининг тарихи ва аҳолисининг этник таркиби билан боғлиқ бўлиб, улар бизгача Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асари орқали етиб келган. Олимнинг ёзишича, қадимги Хоразмнинг ўзлаштирилиши македониялик Искандаргача, мил. авв. 980 йилда юз берган. “Ўша кезларда, дейди Беруний, Хоразмда турк подшоҳлиги ташкил топди, 92 йил ўтгач, Хоразмга Эрон подшоҳи Кайковуснинг ўғли Сиёвуш кириб келиб, сиёвушийлар сулоласига асос солди” [5:71]. С.П.Толстов Берунийнинг сўзларига асосланиб, қадимги Хоразм давлатининг ташкил топиш вақтини мил. авв. XIII аср, деб белгилайди ва бу хабарни қадимги Хоразм этногенези билан боғлайди.

С.П.Толстов ушбу масала бўйича ўз қарашларини археологик материаллар билан қиёслаб, қадимги Хоразмнинг бронза давриги Сувёрган маданияти жанубий этник гуруҳлари таъсирида шаклланганини асослайди [20:83]. Шимоли-шарқий ҳудудлардан кириб келган этник гуруҳлар эса ўзга этносга алоқадор эканини қайд этади. Бу этноснинг сопол парчалари Тозабоғёб канали атрофларидан топилгани боис уни Тозабоғёб маданияти деб атайди. Бу хулосалар археологик материалларда тўлалигича ўз аксини топган. Аммо унинг шимоли-шарқдан келган Тозабоғёб жамоаларининг тилини эроний этнослар билан боғлаши ва қадимги Хоразм давлатининг ташкил топиш санасини мил. авв. XIII аср билан боғлашга уринишлари баҳсли эди.

Шунингдек, ўзбек халқининг келиб чиқиши, айниқса, унинг этногенез масалалари ҳам жуда мураккаб ва баҳслидир. Шу боис бўлса керак, кейинги йилларда туркий халқлар тарихига бағишланган баъзи адабиётларда ўзбек халқининг Ўрта Осиёга сўнгги Ўрта асрларда Қипчоқ чўлидан кириб келган чорвадор кўчманчи туркий қабилалар ўрдаси сифатида баҳолаш тенденцияси яна кўтарилиб қолди [13:26, 10:270-274].

1941 йилда шарқшунос олим А.Ю.Якубовскийнинг “Ўзбек халқининг вужудга келиши масаласи ҳақида” асари эълон қилинди. Унда миллий автохтонизм назариясининг туб моҳияти ўзбек халқининг шаклланиши мисолида ўз аксини топди. А.Ю.Якубовский ўзбек халқининг этник таркиби икки этносга, яъни маҳаллий эронзабон суғдийлар ва Евроосиё даштларидан кириб келган туркий тилли қабилаларга бориб тақалишини ёзма манбалар асосида исботлади. Албатта, унгача ҳам Мовароуннаҳрда туркий гуруҳлар бўлган, аммо уларнинг оммавий равишда Ўрта Осиёнинг ички вилоятларига кириб келиши турк хоқонлиги давридан бошланди, дейди. Шундан сўнг фанда ўзбек этногенезининг бошланғич нуқтаси сифатида турк хоқонлиги даври қабул қилинди.

1950-60-йилларда Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудудларида, айниқса қадимги Хоразм воҳасида олиб борилган кенг кўламли археологик ва антропологик изланишлар, шунингдек, уларни юнон ва қадимги Хитой ёзма манбалари билан қиёсий ўрганиш туфайли 1960 йилга келиб, ўзбек халқи этногенезининг бошланғич нуқтасини антик давргача қадимийлаштириш имконияти пайдо бўлди. С.П.Толстов илмий жасорат кўрсатиб, ўзбек халқи этногенезининг бошланғич нуқтаси антик даврдан бошланади, деган хулосага келди. Ўзбекистон тарихининг фундаментал академик нашрлари шу назарий қарашлар асосида чоп этилди.

Академик А.Асқаров 1990-йиллар ўрталарида ўзбек этногенезининг бошланғич нуқтаси сўнгги бронза даврига бориб тақалишини ёқлаб чиқди [2:71]. Унинг таъкидлашича, бронза давридаги Ўрта Осиё ва Евроосиё даштлари чорвадор қабилаларининг маданияти ва антропологик тузилишида, кундалик турмуш тарзида, хўжалик ҳаёти ва удумларида, ҳаттоки дафн маросимларининг қатор жиҳатларида ўхшашлик яққол кўзга ташланса-да, тарихий тилшунослик ва археологик илмий адабиётларда уларнинг Тоғли Олтойда истиқомат қилган қабиладошларидан бошқаси, яъни Евроосиё дашт қабилаларининг барчаси қадимги эроний тилда сўзлашган, деган тезис ҳукмрон эди [14:68-74], [15:25]. Ажабланарлиси шуки, Евроосиё дашт ва чўллари чорвадор қабилаларининг эронзабон экани ҳақидаги фараз Евроосиёнинг Тоғли Олтой ҳудудларидан бошқа жойларида турк этносига ўрин қолдирмайди. Дарҳақиқат, гап бундан 3,5 минг йил аввал, бронза даврида Евроосиё чўлларида юз берган этнолингвистик жараён ҳақида, дашт чорвадорларининг тили ҳақида кетяпти. Шўро тарихшунослигида ҳам қадимги Хитой манбаларининг маълумотларига шубҳа билан қараш кучли эди. Гарчи, Шимолий Хитой подшоҳликларининг йилномаларида милоддан аввалги даврларда яшаган туркийзабон ҳуннлар ҳақидаги маълумотлар бўлса-да [7: 23], у эътиборга олинмай келди.

Бу минтақаларда қадимда ва Ўрта асрларда туркийзабон аҳоли яшагани фанда маълум. Тил, албатта, этносларнинг ёзув маданияти билан боғлиқ. Чунки, фан ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий уюшув, этник консолидациянинг етакчи омилларидан бири сифатида ёзувни тан олади. Ёзув эса қабила тилларини элат тилларига бирлаштиришда муҳим роль ўйнайди. Ушбу қараш негизида, албатта, туркий халқларнинг этногенези ва этник жараёнлари ётади. Туркий этник бирликларнинг тарқалиш географиясини эса, қадимги туркий ёзув ёдгорликларининг тарқалиш географияси орқали билиб олиш мумкин. Буни кузатган М.Исҳоқовнинг хулосасига кўра, туркий ёзув Евроосиё чўллари, воҳа ва водийлари бўйлаб, минглаб километр масофалар оша вариантлашиб боради. Бу эса, маълум маънода туркий этник жараёнлар майдони фақат Тоғли Олтой, Шарқий Туркистон, Жанубий Сибирь ўлкалари билан боғлиқ деб тушуниш ва қадимда туркий халқлар тарқалган кенг ҳудудларни айрим минтақалар билан чеклаб қўйишга олиб келади. Ваҳоланки, туркий халқлар Марказий Осиёнинг ички ва энг шарқий чеккаларидан (Ёқутистон) Дунайгача, Дашти Қипчоқнинг шимолидан Жанубий Турон минтақаларигача қадимдан яшаб келган туб аҳоли бўлган [11: 7-12]. Бу тарихий ҳақиқат, бронза даврига тегишли археологик ёдгорликларда кузатилади.

Шўро тарихшунослигида орийларнинг келиб чиқиши ва улар Сруб ва Андроново маданияти қабилалари негизида таркиб топгани ҳақидаги фикр-мулоҳазаларга қўшилса бўлади. Ҳақиқатан, орийлар Евроосиё чўл ва даштларида кўчманчи чорвадор жамоаларда шаклланган ва бронза даврининг ижтимоий маҳсулидир. Уларнинг милоддан аввалги II минг йиллик ўрталарида жануб томон юриши ҳақидаги фаразлар ҳам тарихий ҳақиқатни акс эттиради. Аммо лингвистларнинг улар эронзабон бўлгани тўғрисидаги мулоҳазалари аниқ илмий далилларни талаб этади, деб ҳисоблаймиз.

Маълумки, шўро тарихшунослигида ҳуннлар туркийзабон қабилалар экани тан олинган. Таниқли тарихчи Л.Н.Гумилёв «Хунну» асарида ҳуннлар Хитой тарихида биринчи бор миллоддан аввалги 1764 йилда, сўнг милоддан аввалги 822 ва 304 йилларда тилга олинганини ёдга олади [7:63].

Профессор А.Хўжаевнинг ёзишича, кейинги йилларда хитой ва япон олимлари ҳамкорликда Хитойнинг 24 жилдлик тарихи («Эрши си ши») устида жиддий тадқиқотлар олиб бориб, шу жараёнда турк атамаси хитой манбаларига бундан камида 4 минг йил аввал кириб келганини таъкидлайди [21:178]. Масалан, милоддан аввалги III мингйилликнинг охирги чорагида Хитойнинг шимолий ўлкаларида ташкил топган «Шия» кичик подшоҳлиги (милоддан аввалги 2205-1766 й.) ғарбий ва шимоли-ғарбий чегараларда яшовчи туфанг, гуйфанг, куюнг қабилаларига юриш қилади [8:124].

Хитой тарихчиси Люй Симяннинг айтишича, илгари динлин ёки динглинг деб номланганлар кейинчалик чилэ, телэ деб аталган. Ҳозир биз уларни умумлаштириб уйғур деймиз, Ғарбда уларни турк деб аташади. Аслини олганда, турк (қабиласи) ва уйғур (қабилалар иттифоқи) динглинглар таркибидадир. Чилэларни хитойликлар гавчэ (қанғли) деб атаган. Мазкур номлар бир-бирига ўхшамаса ҳам, уларнинг келиб чиқиши бир.

Хитой ёзма манбаларига кўра, Шия ҳокимлиги даврида (милоддан аввалги 2205-1766 й.) телелар ва ҳуннлар «шюнгну» ёки «ҳу» (ҳун) деб номланган қабилалар иттифоқи таркибида бўлган. Туфанг ва ди атамалари ҳам хитой битикларида пайдо бўлган энг қадимги этник номлар ҳисобланади [21:179]. Қадимги Хитой йилномачилари (шилар)нинг милоддан аввалги 2205 йилдан бошлаб тошга, суякка ва хитой қамишига ёзиб борган битиклари асосида яратилган Сима Цяннинг «Тарихий хотиралар»ида ёзилишича, Шимолий Хитойнинг «Шия» кичик хонлигининг ғарбий ва шимоли-ғарбий чегараларида «Ху» ёки «Хулу» деб аталган халқлар яшаган [4:64]. Хан сулоласи тарихига оид «Ҳуннлар тазкираси»нинг иккинчи қисмида «Жанубда буюк Хан мавжуд, шимолда кучли «Ху» мавжуд», яъни ҳуннлар мавжуд, дейилади. Шарқий Хан тарихчиси Чженг Шюан «ҳу – ҳозирги сюнну», яъни ҳунндир, деб ёзган [22:257].

Шундай қилиб, милоддан аввалги III мингйилликнинг иккинчи ярми ва II мингйиллик давомида «ҳу», «ди», «ҳунн» ва «тиек» номлари остида бирлашган чорвадор туркийгўй қабила жамоалари яшаган. Хитой иероглифларида даврига қараб турлича талаффуз этилган бўлса-да, уларнинг туркий этносга оид экани маълум бўлди.

Ана шу этносларнинг бир гуруҳи милоддан аввалги II мингйилликнинг иккинчи ярмида Қадимги Хоразм ерларига келиб ўрнашади [17:47, 18:90-91, 19:112-116]. Улар қолдириб кетган моддий маданият излари – сопол материаллар маданий қатламлари бузилиб кетган мавсумий манзилгоҳлардан териб ўрганилганда, парчалари айнан бронза даврига тааллуқлилиги, аммо улар қадимги Хоразмнинг маҳаллий Сувёрган маданияти жамоаларидан фарқ қилиб, ўзга этносларга, яъни Тозабоғёб маданияти қабилаларига тегишли экани аниқланган [12:139-146, 19:90-91]. М.А.Итина археологик комплексларнинг қиёсий таҳлилига асосланиб, уларнинг қадимги Хоразмга кириб келиш даврий санаси ҳақида аниқ хулосага келган ва Тозабоғёб маданияти ёдгорликларининг даврий санасини милоддан аввалги II мингйилликнинг учинчи чораги, деб белгилаган [12:120-123]. Бу саналар қадимги Хоразм давлати ва унинг туркийзабон аҳолиси ҳақида Абу Райҳон Беруний келтирган маълумотлар замирида қандайдир тарихий ҳақиқат борлигидан далолат беради.

Мана шу хулосадан келиб чиқиб, Беруний келтирган ривоят реал археологик материаллар билан қиёсий солиштирилса, ривоятга бурканган тарихий ҳақиқат излари ойдинлашади. Биринчидан, Берунийнинг тасаввурига кўра, Хоразмнинг илк бор ўзлаштирилиши шимоли-шарқдан келган чорвадор орийлар билан боғлиқ бўлиб, улар маҳаллий аҳоли устидан сиёсий бошқарув ўрнатган. Ривоят матнининг таҳлилига қараганда, улар туркий этнос жамоалари бўлган. Шунинг учун Беруний “турклар подшоҳлиги” иборасини ишлатган. Иккинчидан, ривоят матнига кўра, “турк подшоҳлиги”нинг 92-йилида Хоразмга Эрон подшоҳи Кайковуснинг ўғли Сиёвуш кириб келади ва сиёвушийлар сулоласига асос солади. Буни Хоразмнинг Сувёрган маданияти шаклланиши билан боғлаш мумкин. Таъкидлаганидек, С.П.Толстов Сувёрган маданиятининг таркиб топишида жануб қабилаларининг маданий-хўжалик таъсири катта бўлганини тўғри қайд қилган. Демак, ривоятга бурканган тарихий ҳақиқат шуки, милоддан аввалги II мингйилликнинг учинчи чорагида Амударёнинг қуйи ҳавзалари ва Жанубий Орол бўйлари ўзбек халқи этногенезининг бошланғич нуқтаси бўлгани ёзма манбаларда ҳам ўз аксини топган. Эндиликда бу хулосалар, яъни ўзбек халқининг этногенези бронза даврига бориб тақалиши, ривоят хабарлари билан ҳам тасдиқланмоқда. Бу ўзбек этногенези муаммосининг ечими йўлидаги яна бир янгиликдир. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Н.А.Аванесова. Культура пастушеских племен эпохи бронзы Азиатской части СССР. –Т., 1991.
  2. А.Асқаров. Мустақиллик йилларида тарих, археология ва этнология. Ўзбекистонда ижтимоий фанлар. № 6, –Т., 1996.
  3. А.Асқаров. Ўзбек халқи этногенези ва этник тарихининг баъзи бир назарий ва илмий методологик асослари. Ўзбекистон тарихи, N4, –Т., 2002.
  4. Н.Я.Бичурин. Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. Том, 1, М. –Л., 1950.
  5. Абу Райҳон Беруний. Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар. Форс тилидан А.Расулов таржимаси. Танланган асарлар, 1-жилд. –Т., 1968.
  6. Л.Н.Гумилёв. Хунну. Серединная Азия в древние времена. –М., 1969.
  7. Дуан Лянчин. Динглинглар, қанкилар ва туролар. –Урумчи., 1996. 1-жилд.
  8. Г.Б.Зданович. Бронзовый век Урало-Казахстанских степей. –Челябинск., 1988.
  9. А.Ильхамов. Археология узбекской идентичности. В кн. “Этнический атлас Узбекистана”. Р. Элинина, 2002.
  10. М.Исхаков. География распространения древнетюркских письменных источников и вопросы этногенеза тюркских народов. Тюркология, № 1. Туркистан, 2003.
  11. М.А.Итина. История степных племен Южного Приаралья. – М., 1977.
  12. Ш.Кудайбердыулы. Родословная тюрков, киргизов, казахов и ханских династий. Алма-Ата, 1990.
  13. Е.Е.Кузьмина. Откуда пришли индоарии? Материальная культура племен андроновской общности и происхождение индоиранцев. – М., 1994.
  14. Е.Е.Кузьмина. О южных пределах распространения степных племен культур эпохи бронзы в Средней Азии. «Памятники каменного и бронзового веков Евразии». –М., 1963.
  15. Люй Симян. Чжунгтуо минзу ши (ХХР халқлари тарихи). – Шанхай, 1987.
  16. С.П.Толстов. По древним дельтам Окса и Яксарта. –М., 1962.
  17. С.П.Толстов. Работы Хорезмской археолог-этнографической экспедиции АН СССР в 1949-53 гг. «Труды ХЭ», том II, –М., 1958.
  18. С.П.Толстов. Хорезмская археолого-этнографическая экспедиция1955-1956 гг. СА, № 1. –М., 1958.
  19. С.П.Толстов. По следам древнехорезмийской цивилизации. М. –Л., 1948.
  20. А.Хўжаев. Қадимги хитой манбаларидаги туркий халқларга оид айрим этнонимлар. “Ўзбекистон Ўрта асрларда: тарих ва маданият”. –Т., 2003.
  21. Чженг Шюан. Хитой тили катта иероглифлар луғати. 3-жилд. 1987.
 
Икром ДЖУРАЕВ,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Гулистон давлат университети катта ўқитувчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …