Ислом оламида унинг маданияти ва тамаддуни ривожига салмоқли ҳисса қўшган кўплаб алломалар ўтган. Уларнинг ичида энг улуғларидан бири, буюк имом мақомига эришган зот, шубҳасиз аллома Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазийдир. Бу мўътабар зот ғоят кенг мушоҳадали илм соҳиби бўлиш билан бирга, ҳаётбахш амалий фаолияти билан ҳам шуҳрат қозонган. У кишининг ҳаёт йўллари барча инсоният учун ўрнак ўлароқ, асрлар оша мусулмонлар қалбида яшаб келмоқда. Ҳаттоки у кишини сифатлаб айтилган мақтовлар ичида шундай сўзларга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Буюк олим, Имом Нававий у киши ҳақида: “Абдуллоҳ ибн Муборак барча улуғликларни ўзида жамлаган имомдир. Уни зикр қилиниши билан раҳмат нозил бўлиб, уни яхши кўришлик билан Аллоҳнинг мағфирати умид қилинади”, деганди. Дарҳақиқат, Абдуллоҳ ибн Муборак мана шундай гўзал фазилатлар соҳиби эди.
Тарихий маълумотларга кўра, Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий, уммавий халифалардан Ҳишом ибн Абдулмаликнинг даври ҳижрий 118 (милодий 736) йилда ҳозирги Хуросоннинг Марв шаҳрида туғилган. Абдуллоҳнинг отасини исми Муборак бўлиб, туркий қавмдан бўлган. Манбаларда унинг онасини Хоразмлик бўлгани айтилади.
Ўша даврда Марв шаҳри илм-фаннинг марказларидан бири бўлиб, бу ердан кўплаб олиму уламолар етишиб чиққан. Бинобарин Абдуллоҳ ёшлигидан ана шундай фозил инсонлардан, устозларидан Қуръони карим, ҳадис, наҳв, сарф, шеър, адабиёт ва араб тилидан етарли даражада илм олган. Абдуллоҳ ибн Муборак Марв шаҳрида йигирма йилдан ортиқроқ яшаб, тарихчи Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг ёзишича, ҳижрий 141 (милодий 760) йилдан эътиборан илмини ошириш мақсадида узоқ юртларга сафарга отланган, у хорижий юртларга сафарларини Ироқдан бошлаган. Айни вақтда ёшлик йилларида ўз даврининг моҳир тижоратчиси ҳисобланган отасининг савдо-сотиқ ишларига ҳам кўмаклашган.
Илм олишга астойдил бел боғлаган Абдуллоҳ ибн Муборак умрининг кўп йилларини араб мамлакатларида ўтказган, жумладан, Яман, Ироқ, ал-Жазира ва Шомда узоқ йиллар яшаган. Бу ҳақда «ҳадис ўрганиш мақсадида у бутун дунёни кезиб чиққан», деган тавсиф ҳам бежизга айтилмаган.
Ибн Муборакнинг илмга муҳаббати ва фазилати ҳақида айтилган кўплаб эътирофлар бўлиб, жумладан Ибн Ҳанбал у киши ҳақида: «Унинг давридаги илм аҳлларидан бирортасида ҳам Ибн Муборакда бўлган ҳислатлар йўқ. Чиндан ҳам у, илму ирфоннинг бир хазинаси эди», деган.
Имом Суютий «Тадрийб ар-ровий» асарида Абдуллоҳ ибн Муборакни Хуросонда биринчилардан бўлиб ҳадисларни ёзма тарзда жамлаган олимлардан экани ҳақида ёзган. Демак, Абдуллоҳ ибн Муборак жуда кўп таълиф қилган олимлардан бири бўлиш билан бир қаторда Хуросонда биринчилардан бўлиб ҳадисларни ёзма жамлаган олим саналадилар. Бу эса юксак эътиборга молик нарсадир.
Машҳур тарихчи имом Шамсиддин аз-Заҳабий «Ал-Ибар фий ахбори ман ғобар» асарида: «Абдуллоҳ ибн Муборак кўп асарлар тасниф этган»,- деб қайд этган ва шунингдек; “У турли илмларни (махсус) бобларга ва фиқҳий (қисмлар)га бўлиб тадвин қилди”,- деб ёзган. Абдуллоҳ ибн Муборак нинг мусаннафотлари халқ оммаси тарафидан катта мамнуният ва хушнудлик билан қабул қилиниб, толиби илм бу асарларни дарслик сифатида ўрганганлар ва бу асарлардан кўп фойда топганлар.
Машҳур олим ибн Касир Абдуллоҳ ибн Муборак асарларини “гўзал асарлар”, деб тавсифлаб, уларга юқори баҳо берган. Ибн Носуриддин деган муаррих Абдуллоҳ ибн Муборак ҳақида алоҳида тўхталиб, у: «Фойдали мусаннафотларнинг соҳиби бўлган замонасининг буюк олимларидан биридир»,-деб баҳолаган. Буюк Имомнинг “Муснад” асари ҳам юқорида айтиб ўтилган “гўзал асарлар”дан биридир.
Муснад асарида 273 ҳадис жамланган бўлиб, 15 та китоб, яъни мавзудан иборатдир. Улар қуйидаги мавзулардир:
- Адаб, бирр ва сила; (Одоб-ахлоқ, яхшилик қилиш ва силаи раҳм);
- Илм;
- Имон;
- Таҳорат; (Поклик);
- Намоз;
- Рўза;
- Қиёмат куни;
- Ҳадлар;
- Фарзлар;
- Каффорот ва назрлар;
- Таомлар;
- Ҳиба ва итқ; (Ҳадя ва қул озод қилиш);
- Вақф;
- Расулуллоҳ (сав)нинг ҳадисларини улуғлаш;
- Фитналар.
Муснадда келган ҳадисларнинг даражаси ҳақида гапирсак, унга 226 та марфуъ, 16 та мавқуф ҳадислар киритилган бўлиб, қолганлари ҳадиси қудсийлардир. Бу ҳадислар ҳақида қисқача таъриф бериб ўтсак:
- Ҳадиси қудсийнинг таърифи:
Луғатда “қудсий” сўзи “ал-қудус” калимасига нисбат берилган бўлиб, “покиза” маъносини билдиради. Аллоҳ таолонинг зоти қудусиясига нисбат берилган ҳадис “Ҳадиси қудсий” деб аталади.
Ҳадис уламолари истилоҳида: “Бизга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган ва Аллоҳ таолога иснод берилган ҳадис “Ҳадиси қудсий” дейилади”.
Ҳадиси қудсий билан Қуръон орасида бир неча фарқлар бўлиб, улардан энг машҳурлари қуйидагилардир:
- Қуръони Каримнинг лафзи ва маъноси Аллоҳ тарафидандир.
- Ҳадиси қудсийнинг маъноси Аллоҳ тарафидан, лафзи эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафидандир.
- Қуръон тиловати билан ибодат қилинади, аммо ҳадиси қудсийни тиловат қилиб, ибодат қилинмайди. Яъни, ҳадиси қудсий ибодатда тиловат қилинмайди.
- Қуръон фақатгина мутавотир йўл билангина собит булади. Ҳадиси қудсийнинг собит бўлиши учун хабар мутавотир бўлиши шарт қилинмаган.
- Марфуъ ҳадиснинг таърифи:
“Марфуъ” сўзи луғатда “рофаъа” феълидан олинган исми мафъул бўлиб, “вазоъа” (“паслатди”) сўзининг зидди – “баландлатди”, “кўтарди” деган маънони англатади. Бу ҳадиснинг ушбу ном билан номланишининг сабаби, унинг олий мақом эгаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилганлигидандир.
Ҳадис илми уламолари истилоҳида: “Марфуъ ҳадис” Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга изофа қилинган сўз, феъл, тақрир ёки сифатдан иборатдир”. Ушбу таърифдан билинадики, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган ёки исноди кўтарилган ҳар бир нарса марфуъ ҳадисдир. У, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларими, феълларими, тақрирларими, сифатларими – бари бирдир. Изофа қилувчи шахс саҳобийми, саҳобийдан пастими, изофаси муттасил (бевосита)ми ёки мунқотеъ (билвосита)ми, бас, марфуъ ҳам, мавсул ҳам, мурсал ҳам, муттасил ҳам, мунқотеъ ҳам – барчаси марфуъ ҳадиснинг ичига кириб кетаверади.
- Мавқуф ҳадиснинг таърифи:
“Мавқуф” сўзи луғатда “ал-вақф”дан олинган исми мафъулдир. Бунда ровий ҳадисни саҳобийга вақф қилган – тухтатган ва исноднинг бошқа силсилаларини келтирмаган бўлади. Ҳадис илми уламолари истилоҳида эса: “Саҳобийга изофа берилган сўз, феъл, ёки тақрир “мавқуф ҳадис” дейилади. демак “Мавқуф ҳадис” дегани бир саҳобийга ёки саҳобалар жамоасига нисбат берилган, иснод қилинган хабар бўлиб, ўша нисбат берилган хабар сўзми, амалми, тақрирми – бари бирдир. Шунингдек, унинг санади муттасил бўладими, мунқотеъ бўладими, фарқи йўқ.
Абдуллоҳ ибн Муборакнинг Муснад асарлари мусулмонлар учун, хусусан ёш авлод вакиллари тарбияси учун муҳим манба бўлиб, уни ўқиган киши, Ислом динида одоб ахлоқ, инсонпарварлик, поклик, Аллоҳдан қўрқиш, жабр-зулм ва фитналардан узоқ бўлиш каби фазилатларни инсон ҳаёти учун қанчалар зарур эканини ўрганади. Бу китоб жамият ҳаётининг маънавий юксалишида ўз ўрнига эга китоб десак муболаға бўлмайди. Аллоҳ таоло бу китобни барчаларимиз учун манфаатли ва ўтган улуғ аждодларимизга муносиб авлод бўлишимизни насиб қилсин!
Ҳадис илми мактаби ректори О.ЮСУПОВ