Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси мубораклари динда Қуръони каримдан кейинги манба ҳисобланади. Ҳадислар Қуръон оятларини тафсир қилади, шарҳлайди, умумий ҳукмларни хослайди. Шундай муҳим манбани унинг саҳиҳлиги, аниқлигига таъсир қилувчи омиллардан ҳимоя қилиш жуда масъулиятли вазифадир.
Ҳадис илмида ҳадиснинг энг муҳим таркибий қисми ҳисобланган ровийлар занжири, яъни санадни танқидий ўрганишга катта эътибор берилади. Зеро, санаддаги ровийларнинг ишончлилик даражасига қараб, ҳадиснинг саҳиҳ ёки заифлиги, қабул қилиш мумкинлиги ёки рад этилиши лозимлиги аниқланади. Ровийларнинг айб-нуқсонлари, адолати ва ишончлилиги каби салбий ва ижобий сифатларини ўрганадиган фан “жарҳ ва таъдил илми” деб аталади.
Жарҳ ва таъдил соҳасида “Суалот” китоблари бошқа манбаларда биз топа олмайдиган кўплаб маълумотларни ўз ичига олади, ровийлар ҳақида маълумот олиш учун муҳим манба ҳисобланади. Суалот – араб тилида “саволлар” маъносини билдириб, савол берувчи ўз шайхи ёки ҳадис илми имомларига берган саволларининг жавоблари тўпланган китоблардир. Уларнинг кўпи бизгача этиб келган ва нашр қилинган. Масалан, Ибн Мадиний, Ибн Маин, Дорақутний, Ҳоким ва бошқаларнинг асарлари.
Суалот китобларини ажратиб турадиган жиҳат ҳадис толибининг бирор маълумотни устозидан ёки шайхларидан сўраб олиш ва тасдиқлашдаги ўзаро мулоқотида, сўнг айтилган нарсалар ҳақида устози билан суҳбатлашишда юзага чиқади.
Суалот китоблари одатда икки қисмга бўлинади:
1.Ровийларга оид саволлар:
а. Айрим ровийларни аниқлаш ва уларнинг исмларини билиш. Бунда сўралган ровий мубҳам бўлиши ёки лақаби, нисбаси, вафот этган санаси ёки саёҳатлари билан тилга олинган бўлиши мумкин.
б. Ҳадиснинг муттасиллиги баъзи ровийларга боғлиқ ёки аксинча эканини аниқлаш учун унинг айрим ровийлардан эшитган ёки эшитмаганини билиш учун берилган саволлар.
с. Баъзи ровийларнинг жарҳ ва таъдилдаги ҳолатларини билишга боғлиқ саволлар.
2.Ҳадис айтиш билан боғлиқ саволлар:
а. Ҳадиснинг ўзига хос бир жиҳати, ечими ва ундан чиқиш йўли ҳақида сўз боради. Бунда мухталаф (зоҳиран бошқа ҳадисларга зид) ҳадис бўлгани учун устоздан уни жамлаб беришни сўрайди ва у бу муаммони ечиб беради.
б. Ҳадис иллатлари, ҳадис ёки санаднинг ҳукмини баён қилувчи саволлар.
Машҳур суалот китоблари сифатида:
- “Суалот Абу Довуд лил Имом Аҳмад ибн Ҳанбал”.
- “Суалот Усмон ибн Абу Шайба ли Али ибн Мадиний”.
- “Суалот Барзаий ли Абу Зуръа Розий”.
- “Суалот Сулламий лид Дорақутний”.
- “Суалот Барқоний”.
- “Суалот Ҳамза Саҳмий лид Дорақутний”.
- “Суалот Найсобурий лид Дорақутний фил жарҳ ват таъдил” ва бундан бошқа шу туркумга кирувчи асарларни кўрсатиш мумкин.
Суалот китоблари одатда, ўқувчи ва маълумот ахтарувчига осон бўлиши учун алифбо тартибида тузиб чиқилади. Масалан, китобнинг аввалида биринчи ҳарф – “алиф” билан бошланувчи исмлар: إسماعيل [Исмоил] ундан сўнг أيوب [Айюб] кейин أحمد [Аҳмад], إبراهيم [Иброҳим] ва ҳоказо тарзда келтирилади. Лекин битта ҳарфдан бошланувчи исмларда мукаммал тартибга риоя қилинмаслиги мумкин. Бунда, “алиф” билан бошланувчи исмда иккинчи ҳарф “ба”, кейинги ҳарф ундан кейингиси бўлишига эътибор берилмайди. Чунки, қадимги мусаннифларнинг алифбо тартибидаги одати шундай бўлган – ҳарфларнинг умумий кетма-кетлигига риоя қилинган, бир сўз ичидаги кетма-кетлик инобатга олинмаган.
Баъзида бу саволлар алоҳида китоб шаклида тўпланмаслиги ҳам мумкин. Масалан, Имом Термизий устози Бухорий ва бошқалардан ровийлар борасида сўраган саволларни “Сунан”ида жуда кўп айтиб ўтган.