Маълумки, диний бағрикенгликни таъминлаш, уни қонуний асосларини мустаҳкамлаш ҳар бир мамлакат учун долзарб ҳисобланади. Ўзбекистон кўп конфессияли мамлакат бўлиб, унда истиқомат қиладиган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари 16 конфессияга амал қилади. Шу сабабдан, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат руҳини қарор топтириш Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада мустақиллик йилларида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди ва ижобий натижаларга эришилди. Шу билан бирга, амалга оширилиши лозим бўлган айрим жиҳатлар мавжуд бўлиб, шу сабабдан диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган тадбирларнинг натижаларини таҳлил этиш долзарб илмий масалалардан бири ҳисобланади.
Мустақиллик йилларида дастлаб юртимизда яшаётган турли халқлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг қонуний асослари яратилди. Мустақиллик арафасида, хусусан, Ўзбекистон тарихида биринчи марта 1991 йилнинг 14 июнда Республика Олий Кенгаши томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди[1]. Мазкур Қонунда Ўзбекистон Республикасида динлар ва диний ташкилотларнинг давлатдан ажратилганлиги, бир дин ёки диний эътиқод учун бирон-бир даражада имтиёз ёки чеклашнинг белгиланишига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди. Шунингдек, Давлат диний ташкилотлар зиммасига давлатнинг қандайдир вазифаларини бажаришни юкламаслиги, диний ташкилотларнинг қонунларга зид бўлмаган фаолиятига аралашмаслиги, диний ташкилотлар давлат вазифаларини бажармаслиги ва бошқалар таъкидланди[2]. Ҳали совет тузуми мавжуд шароитда мазкур Қонуннинг қабул қилиниши республикада диний бағрикенгликнинг таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Ушбу Қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида 1992 йилнинг март ойида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Дин ишлари бўйича Қўмита ташкил этилди[3], диний эҳтиёжларни қондириш, эркин ибодат қилиш, диний маросимларни нишонлаш ва бошқа фаолиятга йўл очилди. Шу билан бирга, диний ташкилотлар томонидан йўл қўйилаётган турли суистеъмолликларга чек қўйиш ишлари олиб борилди.
Шу билан бирга, диний бағрикенгликнинг таъминлаш бўйича асосий тамойиллар 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам белгилаб қўйилди. Жумладан, Бош қонунимизнинг 18-моддасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги кўрсатилган бўлса, 31-моддасида эса ҳамма учун виждон эркинлигининг кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканлиги, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди[4]. Мазкур қоидалар диний бағрикенгликнинг таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга бўлди.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 1995 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида “Бир осмон остида” шиори билан халқаро мусулмон-насроний конференцияси ўтказилди, 1996 йилнинг ноябрида эса Рус православ черкови Тошкент ва Марказий Осиё епархиясининг 125 йиллиги нишонланди[5] Шу билан бирга, ўтган йиллар давомида турли диний жамоаларнинг юбилейларига бағишланган кенг кўламли тадбирлар ташкил қилинди. Хусусан, 2003 йилнинг октябрь ойида Самарқандда Арман апостол черковининг 100 йиллиги нишонланди[6]. Юбилей тадбирларида юртимиздаги барча конфессиялар вакиллари иштирок этди. Бу эса, ўз навбатида, конфессиялараро муносабатлар ривожида муҳим аҳамият касб этди.
Мазкур тадбирлар амалга оширилишига қарамасдан, тарихан ислом динининг ҳанафий мазҳабига эргашиб келган аҳолини тўғри йўлдан оғдириш, ақидапарастлик ва мутаассибликка асосланган қарашларни тарқатишга уринишлар юз берди. Оқибатда, асосан, диндорлар орасида ўзаро келишмовчиликлар юз бериб, диний экстремистлар таъсирига тушиб қолган айрим фуқаролар томонидан оғир жиноятлар содир этилди. Яратилган имкониятларни суиистеъмол қилган айрим ноисломий диний ташкилотлар томонидан миссионерлик ҳаракатларини олиб боришга уринишлар содир бўлди[7].
Юқорида келтирилган бир қатор омиллар «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунни такомиллаштириш, мамлакатда хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан келиб чиқиб, виждон эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқлар доирасини янада аниқлаштиришни талаб қилди. Натижада, 1998 йил май ойида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди[8].
Ўтган даврда ҳукумат томонидан мазкур соҳа бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сони ва салмоғи ошиб борди. Жумладан, 1990-2005 йилларда диний соҳадаги фаолиятни тартибга солиш борасида Ўзбекистон Президентининг 16 та фармони қабул қилинган бўлса, 2014 йилга келиб бу рақам 18 тани ташкил этди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича ҳам шунга яқин ҳолатни кузатишимиз мумкин. Жумладан, 1990-2005 йиллар давомида ушбу орган томонидан соҳа фаолиятини тартибга солувчи 48 та қарор қабул қилинган бўлиб[9], 2014 йилда бу рақам 54 тага етди[10]. Шу билан бирга, мустақиллик йилларида диний ташкилотларнинг сони ортиб борганлигини кўриш мумкин. Агар 1990 йилда мамлакатда 119 та диний ташкилот фаолият кўрсатган бўлса, 2015 йилга келиб, уларнинг сони 2200 тадан ошди[11]. Амалга оширилган шу ва бошқа тадбирлар диний соҳа фаолиятини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Бу йўналишдаги ислоҳотлар 2016 йилдан янги босқичга кўтарилди. Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшнилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида ўрин берилди[12].
Бу борадаги тадбирларни халқаро миқёсда ҳал этиш бўйича ҳам ҳукумат томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббус асосида мазкур ташкилотнинг олий органи 2018 йилнинг 12 декабрида ўтказган ялпи мажлисда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди[13].
Бу пайтга келиб диний-маърифий соҳа фаолиятини янги босқичга кўтариш давр тақозосига айланди. Шу сабабдан, мазкур соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича бир қанча тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йил 16 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. Мазкур Фармон Ўзбекистонда диний таълим тизимининг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, бошланғич босқичдан олий ва ундан кейинги диний таълимгача жараёнларни қамраб олди[14].
Бундан ташқари, Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йил 16 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Мазкур Қарорга мувофиқ Қўмита ҳузурида фаолият юритадиган жамоатчилик-маслаҳат органи ҳисобланган Конфессия ишлари бўйича кенгашнинг янги таркиби тасдиқланди. Кенгаш таркиби 9 тадан 17 та аъзога – Ўзбекистонда фаолият юритаётган диний конфессиялар вакиллари ҳисобига кенгайтирилди[15].
Мазкур даврда қорилар мусобақаси ўтказиш ишлари ҳам йўлга қўйилди. Жумладан, 2018 йилнинг январь-апрель ойларида мамлакат миқёсида бир неча босқичдан иборат (туман, шаҳар, вилоят, республика) Қуръони карим тиловати бўйича қорилар очиқ мусобақаси ташкил этилиб, унда 5 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди. Шу билан бирга, мазкур даврда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди, вилоятларда эса калом, ҳадис, фиқҳ, ақида илми ва тасаввуфни ўрганишга ихтисослашган бешта илмий мактаб очилди[16].
Бундан ташқари, мамлакатда экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишдаги ёндашувлар концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқилди. Бунда асосий эътибор аҳоли ўртасида профилактика ва тушунтириш ишларига қаратилди. Ушбу соҳада амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар «Жаҳолатга қарши – маърифат» деган эзгу ғояга асосланди. 2018 йилнинг сентябр ойида эса террористик, экстремистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилот ва гуруҳларга адашиб аъзо бўлиб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиби тасдиқланди[17].
Жамиятда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлиги кафолатларини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳисобга олиниб, бу борада ҳам талай ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2019 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори эълон қилинди[18]. Мазкур Қарор асосида жамиятда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлиги кафолатларини таъминлашни назарда тутувчи янги тизим жорий этилди. Шу билан бирга, Дин ишлари бўйича қўмита таркибида аёллар билан ишлаш бўлими ташкил этилди. Бу эса ўз навбатида ушбу соҳада амалга оширилаётган ишларнинг самарали бўлишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Бу пайтда диний маърифий таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Хусусан, Ўзбекистон Ислом академияси ва Тошкент Ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ташкил этилди[19]. Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида Академия таркибидаги малака ошириш Маркази ҳудудий филиаллари ташкил этилди. Амалга оширилган мазкур тадбирлар диний таълим ривожида муҳим аҳамият касб этди.
Аждодларимизнинг меросини кенг тарғиб қилиш билан бир қаторда динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, инсонпарварлик тамойиллари ҳамда диний-маънавий ҳаётда содир бўлаётган янгиликлардан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб боришни таъминлаш йўлида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шу мақсадда Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ҳузурида “Зиё” медиа-маркази ташкил этилди[20]. Ушбу марказ бу борадаги янгиликларни оммага тез ва холис етказишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Масжидлар, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар ва шу каби бошқа объектларнинг реконструкциясини молиялаштириш, уларни моддий-техник базасини яхшилаш ҳамда ушбу соҳа ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди[21].
Бу борадаги ишлар кейинги йилларда ҳам амалга оширилди. Жумладан, 2021 йилнинг 5-июл куни янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди[22]. Мазкур Қонунда бир қанча янгиликлар назарда тутилди. Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган ҳолда этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди[23].
Бундан ташқари, диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилди. Рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди. Бу билан ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди ва ҳоказо[24].
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, мустақиллик йилларида диний бағрикенгликни, конфессиялараро муносабатларда барқарорликни таъминлаш борасида кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён изчил давом этмоқда. Соҳага тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва улар муттасил такомиллаштирилмоқда, мунтазам равишда турли диний ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чоралари кўриляпти. Ўтган даврда юзлаб масжид, черков, синагога ва ибодат уйлари қурилди ва қайта таъмирдан чиқарилди. Кейинги йилларда мазкур соҳа ривожи янги босқичга кўтарилди. Бу даврда ислом дини таълимотини чуқур ўрганиш, уни илмий тадқиқ этишга йўналтирилган халқаро илмий тадқиқот марказлари ўз фаолиятини бошлади. Шу ва бошқа омиллар юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг таъминланиши ва уни янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.