Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этган халқаро стипендиянинг яна бир совриндори, Париждаги Коллеж де Франс (Collège de France) ўқув-тадқиқот муассасаси олимаси, филология ва тарих фанлари доктори Мари ЭФТИМИЮ хоним марказга етиб келди.
Франциялик тадқиқотчини директор Ш.Зиёдов қабул қилиб, дастур ғолиблиги билан қизғин муборакбод этди ва Марказдаги илмий ишларига муваффақиятлар тилади. Стипендиат самимий қабул учун миннатдорлик изҳор қилди ҳамда мазкур лойиҳа унинг тадқиқот ишини янада такомиллаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Мари хоним Марказ директори ўринбосари О.Муҳаммадиев ҳамроҳлигида Музей ва бўлимлар фаолияти билан яқиндан танишди.
Қўлёзмалар билан ишлаш ва уларнинг тарихи ҳақидаги кўплаб илмий рисолалари Мари Эфтимиюни ўз соҳасининг етук мутахассиси сифатида дунёга танитди. Унинг айниқса “XVI-XVIII асрларда Марказий Осиёда Қуръон иллюминациялари” мавзусидаги илмий иши кўплаб мунозараларга сабаб бўлган.
Қўлёзмаларни археологик предмет сифатида ўрганувчи кодикология соҳасининг йирик вакили Мари Эфтимию Марказдаги тадқиқотлари давомида Ўрта Осиё қоғози тарихи ҳақида ёзаётган китоби учун қизиқарли маълумотлар ҳамда янги манбаларни тўплашни мақсад қилган.
Тадқиқотчи шунингдек, Самарқанддаги Конигил ҳунармандлар маҳалласида Самарқанднинг афсонавий қоғозини ишлаб чиқариш жараёнини ўрганиш, Марказ илмий ходимларига қоғознинг тайёрланишига оид маҳорат дарслари ўтиб беришни режалаштирган.
Бухоро ва Қўқон шаҳарларидаги қадимий қоғоз саноати билан танишиш ҳам стипендиатнинг сафар дастуридан ўрин олган.
Олиманинг мамлакатимиздаги илмий сафари бир ой давом этади.