Ислом ҳуқуқшунослиги борасида бениҳоя чуқур илмга эга бўлган ва бу борада беқиёс дурдоналар таълиф этган, “Бурҳонуддин вал-л-милла” ва “Бурҳонуддин Марғиноний” номлари билан танилган, 1123 йил таваллуд топган Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг авлодларидан бўлган, буюк фақиҳ Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Фарғоний Марғинонийдир[1]. Фақиҳ Марғилон, кейинчалик ўша даврда диний ва маърифий марказ бўлган Самарқандда яшаб ижод қилган. 1197 йил Самарқандда вафот этган.
Бурҳонуддин Марғиноний фиқҳга оид бир қанча асарлар ёзган. Бизгача етиб келган асарларидан “Мажма ул-навозил” (“Нозил бўлган нарсалар тўплами”), “Китоб ул-фароиз” (“Фарзлар китоби”) “Бидоят ал-мунтаҳий” (“Бошловчилар учун дастлабки таълим”), “Кифоят ал-мунтаҳий” (“Якунловчилар учун тугал таълим”), “Маносик ул-ҳаж” (“Ҳаж маросимлари”), “Нашр ул-мазҳаб” (“Мазҳабнинг ёйилиши”), “Китоб ул-мазид” (“Илмни зиёда қилувчи китоб”), ва бошқалар маълум. Афсуски санаб ўтилган асарлар тўғрисида маълумотлар етарли эмас. Чунки ўрта аср фақиҳларининг кўпгина асарлари каби, Марғиноний асарларининг ҳаммаси етиб келмаган.
Марғинонийнинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ал-ҳидоя” асари 1178 йили Самарқандда ёзиб тугатилган. Ўзбекистон Республикаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди 2929-инвентар рақам билан сақланаётган Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавийнинг “Катоибу-л-аъломи-л-ахёр фи табақоти фуқаҳо ва машойихи мазҳаби-н-Нуъмон” ( “Нўъмон мазҳабга мансуб таниқли аллома ва фақиҳлар ва шайхлар ҳақида китоб”) номли асарида келтиришича, Бурҳониддин Марғиноний “Ал-ҳидоя”нинг ёзилиши ҳақида “Бидоятул-л-мубтадий” асарининг сўзбошисида шундай ёзади: “Абул Ҳасан Али ибн Бакр ибн Абдулжалил бир куни фиқҳ масалаларига бағишланган, ҳажми унча катта бўлмаган, лекин мазмуни тўлиқ бўлган бир яхлит китоб зарур эканлиги ҳақида фикр билдирди. Ироққа сафар қилганимда, у ерда “ал-Мухтасар ал-Қудурий” (Қудурий қисқартмаси)ни кўрдим. У фиқҳ бобида ажойиб асар эди. Бу пайтгача каттаю кичик барча “Ал-Жомиъус-Сағийр”(“Кичик тўплам”)дан фойдаланар эди. Шунда фиқҳга оид барча асарларни жамлаб, улардан энг зарур масалаларни олдим ва асарга “Бидоят ул-мубтадий” деб ном бердим[2].
Кейинчалик Бурҳониддин Марғиноний “Бидоятул-мубтадий”га 8 жилдлик катта шарҳ ёзиб, уни “Кифоятул-мунтаҳий” (“Якунловчилар учун тугал таълим”) деб атаган. Лекин саккиз жилдлик катта ҳажмдаги шарҳни ўқиш, ундан керакли масалаларни топиш, бундай катта китобни кўтариб юриш, илм толиблари учун қийинчиликлар туғдирар эди. Шунинг учун муаллиф, “Бидоятул-мубтадий”ни қайтадан ўртача андозада шарҳлаб, уни “Ал-ҳидоя” деб номлаган.
“Ал-ҳидоя” асари фиқҳ илмининг барча асосий масалаларини ўзида жамлаган, мазмун жиҳатидан ниҳоятда кенг қамровли ва сермазмун асар. Албатта бундай мукаммал асар ўз-ўзидан яратилиб қолмайди. Шарқ ижтимоий-ҳуқуқий тафаккури, маданияти маҳсули бўлган, ҳам муҳим амалий аҳамиятга, ҳам юксак илмий тарихий қийматга эга бундай асарларни буюк бобокалонларимиз бундан ўн асрлар муқаддам ярата олган эканлар, улар қуруқ жойда пайдо бўлмаган. Унинг учун маълум бир шароит, ижтимоий онг ва тафаккур, маънавият, маданият даражаси, энг асосийси-умумлаштира оладиган, хулоса чиқара оладиган муайян илмий-амалий, ижтимоий-ҳуқуқий тажрибалари, юксак салоҳиятлари бўлганига далолат қилади[3].
“Ал-ҳидоя” асарининг соддалиги ва равонлиги билан, баён қилиш услуби, ортиқча сўзлар ишлатилмаган-мўъжазлиги, мисоллардаги мафтункорлиги, мантиқи билан ўқувчини келтирилган илмий, ҳуқуқий, диний далилларига ишонтиради.
“Ал-ҳидоя” нинг ҳуқуқий қиймати шундаки, Бурҳониддин Марғиноний ўз фикрларини турли далиллар воситасида қуръон, ҳадис, саҳобалар асари, тўрт мазҳаб имомлари ижтиҳодлари, ўзларидан олдинги буюк фақиҳлар фатволари, ҳамда ақлий-мантиқий далиллар билан исботлаб, мустаҳкамлаган. Бу ҳозирги давр ҳуқуқшуносларига, умуман ўтмиш тарихимизга қизиқувчи барча ўқувчиларга маънавий руҳ ва куч бағишлайди.
“Ал-ҳидоя” асари яна шуниси билан ўқувчини ўзига тортадики, унда ниҳоятда муҳим ва мунозарали масалаларни ёритишда саҳобалар ва тобеъинлар, айниқса асосий тўрт мазҳаб имомлари, улардан кейинги буюк фақиҳлар исмларини, чиқараётган фиқҳий масалага уларнинг фикри бошқача бўлганда ҳам, уларнинг номлари ҳурмат билан тилга олинади. Шунингдек жуғрофий ва тарихий жойлар, турли тоифа ва халқлар номларини алоҳида эътибор билан тилга олинади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида ҳозирда тўрт нусха “Ал-ҳидоя” қўлёзма асари мавжуд. Шулардан № Қ-7 инвентар рақамида сақланаётган “Ал-ҳидоя” асарининг ўзи хос жиҳатларига эътибор берамиз. қўлёзманинг 1-саҳифасида ҳамду санодан кейин араб тилида “Ал-ҳидоя” асарининг номи олинган هدى “Ҳудо”дан мурод таъкидланган суннатдир, унда сўз ва иш (феъл) ривоят қилинган, ваъда ва ваъийд ривоят қилинган.
2-саҳифасида форс тилида икки кишининг ўртасидаги мулкий низонинг қандай ҳал қилиниши тўғрисида масала битилган. Унинг остида “Дуррул Мухтор” китобидан олинган “Тонг отгандан то қуёш чиққунча Аллоҳни зикрини қилиш, қуръон қироатидан кўра афзалроқ экани тўғрисидаги фатво ёзилган.
3-саҳифасининг чап бурчагида форс тилида: “Соҳиби Ҳидоянинг кунялари Абул Ҳасан, лақаблари Бурҳониддин, номлари Али. Ўлимларининг хабари байтда хабари айтилганидек. حروف نان اكر معدود
كردد شودتاريخ فوت
Байтдаги نان нон ҳарфларини агар саналса вафот этган йили бўлади. (Нун абжад ҳисобида-40ни, алиф-1ни билдиради, икки нун=80 бир алиф=,1қўшилса 81 бўлади, яъни ҳижрий сана бўйича 81га кириб вафот этган бўладилар) ”.
Давомида арабча вафот этган кишининг орқасидан Қуръон ўқиш савобининг бориши ёки бормаслиги масаласи баён қилинган.
4- саҳифасида Арабий ҳарфлар ёрдамида гул чизиш машқ қилинган.
5-саҳифасида Муаллиф ушбу асарда ишлатилган баъзи истилоҳий калималардан нима назарда тутилгани тўғрисида изоҳ берилган.
- Агар мен, بما تلونا тиловат қилганимизга биноан десам, юқорида тиловат қилинган оятга қайтилади.
- Агар мен بما رويناбиз ривоят қилганимизга биноан десам, юқорида ривоят қилинган ҳадисга қайтилади.
- Агар (юқорида) بما قدم ўтганга биноан десам, далилга қайтилади.
- Агар биз بما بيناбаён қилганимиздек десам, мен шарҳ қилган нарсага қайтилади.
- Агар биз بما قلنا айтганимизга биноан десам, матнга ишора бўлади.
Агар соҳиби Ҳидоя қайси бир ўринда аслни зикр қилсалар, “Мабсут”ни ирода қилган бўлади.
Асарнинг қайси жойда “китоб” десалар, Мухтасари Қудурийни ирода қилган, “мухтасар” десалар, Жомеъ-ус-Сағирни ирода қилган бўлади, деб ёзилган.
Лекин ушбу ўринда китобни кўчирган хаттот ёки кейинчалик ушбу сўзларни кўчирган киши шу жойда сўзлар ўрнини алмаштириб кетганга ўхшайди.
Чунки “Ал-ҳидоя” китобларининг тошбосма нусхаларининг барчасида, жумладан Имом Бухорий халқаро маркази кутубхонасида мавжуд Ал-Мактабату-т-Тижория нашриёти томонидан нашр этилган “Ал-Ҳидоя шарҳу бидояти-л-мубтадий”да: “Юқорида ўтганидек “Ал-ҳидоя” асарининг асл масдари Қудурий масъалалари ва “ал-Жомеъ ус-Сағир” бўлганидан, у(Марғиноний) мухтасар лафзини зикр қилса, бу билан Қудурийниннг (Мухтасарини) ирода қилади, қачонки “Китоб” лафзини зикр қилса “ал-Жомеъус-Сағир”ни зикр қилади”, деб ёзилган.
“Адолат” нашриёти томонидан нашр этилган “Ҳидоя”нинг ўзбекча таржимасида ҳам: “Марғиноний “Мухтасар” лафзини зикр қилганда Қудурийнинг “Мухтасари”ни, “Китоб”деганларида эса “Ал-жомеъ ус-Сағир” китобини ирода қилганлар”[4] деб ёзилган.
Қўлёзманинг 3-саҳифаси давомида “Сенга махфий қолмасинки, соҳиби “Ал-ҳидоя” Бурҳониддин Марғинонийдир. Ҳасан Сафтоний шогирдлари ва “Ан-ниҳоя нинг“соҳибидир. У “Ҳидоя”ни устози олдида ўқиган ва ёзган ва унинг шогирди Сайид Жалол Кирмонийдир деб ёзилган.
Кейинги қаторларда форс тилида: Шайхул ислом соҳиби “Ал-ҳидоя” 511 йилнинг ражаб ойида туғилган, вафотлари 593 йил зул ҳижжа ойининг 4-кечасида бўлган. Самарқандда 563 йил шаъбон ойида келган. “Ал-ҳидоя “ни битишлари (Самарқандга) кўчишларидан 10 йил аввал бўлган. У зотнинг лақаблари Бурҳониддин, исмлари Алидир. У зотнинг насаблари: Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдурраҳим ибн Қосим ибн Муҳаммад Абу Бакр Сиддиқ деб ёзилган.
Остидан араб тилида “Ал-ҳидоя” ни рўзадор ҳолда ёзганларининг ривояти келтирилган.
6-саҳифадан “Ал-ҳидоя” китобининг муқаддимаси бошланган. Китобнинг асосий матни-ҳомишаси 17 қатор қилиб ёзилган. Саҳифалар аввалги саҳифанинг охирги сўзини кейинги саҳифанинг бошида такроран ёзиш усули билан пойгирланган. Асосий матннинг сатрлари орасидаги баъзи ўринларда изоҳлар, таржималар ва тўлдирмалар мавжуд. Ҳошияда ҳам шарҳлар ва изоҳлар берилган. 7-саҳифадан жигарранг сиёҳ билан Таҳорат китоби бошланган. Хати-настаълиқ. Қудурий матни устига ҳам жигарранг чизиқ тортилган.
Ушбу қўлёзманинг баъзи жойларида изоҳ ва тўлдирмалар алоҳида қоғозга ёзилиб ёпиштирилган. Қўлёзма анча яхши сақланган, қоғозининг сифати ҳам бузилмаган, муқоваларигача бутун, таякиси чармдан. Кўчирган хаттотнинг номи ҳам аниқ битилган: 1242 ҳижрий санада Аҳмад хўжа ибн Баҳодирхўжа эшон томонидан кўчирилган.
Бурҳониддин Марғиноний ислом ҳуқуқшунослиги тарихида чуқур из қолдирган, 8 асрдан буён дунё ҳуқуқшунослари диққатини ўз ватани Марғилон, Фарғона, Ўзбекистонга жалб этиб келган буюк аллома, тенгсиз иқтидорли фақиҳдир. Асар қўлёзмалари кўпплаб дунё кутубхона фондларида сақланиб келмоқда. Асар замонлар қарита олмайдиган юксак фиқҳий асар сифатида ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда.
[1]Бурҳониддин Марғиноний. Ал-ҳидоя шарҳ бидояти-л-мабтадиъ. Идорату-л-Қуръон вал-улуму-л-исломия. –Карачи. –Б.11.
[2] “Истиқлол йиллари:миллий –диний қадриятларнинг халққа қайтиши” (Фарғона) VI Тошкент -2001 Б.48
[3] Бурҳониддин Марғиноний. Ал-ҳидоя шарҳ бидояти-л-мабтадиъ. Идорату-л-Қуръон вал-улуму-л-исломия. –Карачи. –Б.13-14.
[4] Бурҳониддин Марғиноний. Ал-ҳидоя шарҳ бидояти-л-мабтадиъ. Идорату-л-Қуръон вал-улуму-л-исломия. –Карачи. –Б.15.