Home / МАҚОЛАЛАР / Ислом тинчлик динидир

Ислом тинчлик динидир

Ислом дини доим тинчлик тарафдори ва бутун халқларни шунга чақиради. Унинг бирорта таълимотида тинчликка қарши кўрсатмалар учрамайди. Аксинча доимо тинчлик олий неъмат экани уқтирилади. Буни ислом таълимотидан хабардор барча халқлар билиши ҳеч кимга сир эмас. Балки шу сабаб бугунги кунда ислом динига қизиқиш бутун дунёда ортиб бормоқда.

Бунинг асосий сабаби-биринчи галда муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзотни доимо яхшилик ва эзгуликка чорлаш, ҳаёт синовларида ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги буюк ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ. Айни пайтда бу ҳолат динимизнинг умумбашарий маданият ва цивилизация, илму фан ривожига қўшган буюк ҳиссаси билан ҳам изоҳланади” дейдилар. Ислом таълимотининг жуда кўп ўринларида тинчликка тарғиб қилинади. Масалан оддий мисол бир-биримиз билан кўришганимизда ҳам биримиз “Ассалому алайкум”, иккинчимиз эса “ва алайкум ассалом” дея жавоб қайтарамиз. Ахир бу сўзлар тинчлик ва яхшилик тилаш ифодаси эмасми? Аслида ислом таълимотларининг барчаси, шарият аҳкомларларнинг ҳаммаси барча инсонларни бахтли ҳаёт кечиришга қаратилган. Исломнинг мақсадлари динни, жонни, ақлни, наслни ва молни асрашдан иборат. Булар қуруқ гаплар эмас. Буларни асраш учун эса доимо тинчлик керак бўлади. Бир ҳадиси шарифда мусулмон киши қўли, тили ҳатто ҳиди билан ҳам азият бермаслиги айтиб ўтилган. Яна бир ҳадисда тинчлик ва саломатлик энг катта неъматлардан экани айтиб ўтилган.

Аммо бугун дунё саҳнасида ислом дини ниқоби остида айрим шахслар, гуруҳлар ва ташкилотлар шундай бузғунчиликлар қилишмоқдаки, булар на динга на ақлга ва на одамийликка тўғри келади. Шу билан бирга улар ўз ғояларига эргашмаган барча одамларни, бошқа мусулмонларни “иймонсиз”, “ислом душмани” деб эълон қилиш ва бегуноҳ одамларнинг умрига зомин бўлаётган бузғунчиликларни амалга оширмоқда. Шу ўринда ўз-ўзидан бир савол пайдо бўлади. Ислом динида бунга қандай қаралади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Бақара сурасининг 204-оятида шундай марҳамат қилади:

“Одамлар ичида дунё ҳаётидаги гапи сени ажаблантирадиганлар бор. У қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ қилади. Ҳолбуки, у ашаддий хусуматчидир”.

Маъноли гапларни гапириб қўйиб, бурилиб бориб фасодни-дунёда бор ёмонликни қилади. Аллоҳ эса бундайларни ҳеч-ҳеч хуш кўрмайди.[1]

Демак, ислом фасод, бузғунчиликни қораламоқда. Бунинг аксида эса тинчлик, осойишталикка буюрмоқда. Бундан ташқари, ислом таълимотида юрти ва миллатига хиёнат қилишлик, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш оғир гуноҳ саналади. Қуръони каримда бундай амаллар қатъий қораланган: “Шунинг учун ҳам, Бани Исроилга: “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади…”, деб ёздик…”[2], деб марҳамат қилинади.

Ислом тарихидан ҳам маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом даврларида, саҳобалар даврларида исломий фатҳлар бўлди. Бундан фақатгина битта мақсад бўлган холос. У ҳам бўлса Аллоҳнинг амрига мувофиқ исломни, Аллоҳнинг динини тарқатиш бўлган. Ундан бошқа нарсага, бойлик, молу-давлат қасд қилинмаган. Бир нарсани яхши билишимиз керакки, ўшанда ҳам тўғридан –тўғри уруш қилиб кетишмаган. “Сулҳ” деган нарса бўлган. Яъни бирор жой фатҳ қилиниши керак бўлса аввал элчилар юборилган ёки ўша жойда уларга исломга кириш таклиф қилинган. Агар қабул қилишса жанг бўлмаган. Бу “сулҳ” дейилган. Агар ният бошқа бўлганида улардан сўраб ўтиришмасди. Тўғри уруш қилиб кетаверарди. Аммо ундай бўлмаган. Бунинг сабаби битта-тинчлик, бегуноҳ қон тўкилишини олдини олиш бўлган. Ёки фатҳларда Расулуллоҳ с.а.в ёш болалар, аёллар ва қарияларга тегмасликни тайинлаган. Аммо ҳозирда турли хил экстремистик гуруҳ ва ташкилотлар тарафидан буларнинг фақат тескариси бўлмоқда.

Тинчлик Аллоҳнинг энг улуғ неъмати. Тинчлик бўлса ҳамма нарса ўз ўрнида бўлади. Ривожланиш ҳам бўлади, жамиятда юксалиш бўлади, ибодатлар ўз вақтида, ўрнида бўлади. Ислом сўзининг луғавий маъноси ҳам шунга далолат қилади. Бу сўзни луғат илми олимлари, тафсирчилар ва бошқа олимлар чуқур ўрганиб чиққанлар ва бу сўз қуйидаги маъноларни[3] англатишини уқтириб ўтганлар: “ихлос”, “турли офатлардан саломат бўлиш”, “сулҳ ва омонлик”, “бўйсуниш”.

Ислом Аллоҳ таоло томонидан инсониятнинг бахт саодатга эришиши учун жорий қилинган диндир. Пайғамбаримиз ўзларининг муборак бир ҳадисларида марҳамат қиладилар: “Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар уни ҳавас қиладилар. Хотиржамлик ва соғлиқ”. Аллоҳ юртимиз тинчлигини бардавом қилсин ва бутун дунёга тинчлик неъматини насиб қилсин.

Машраб Хидиров
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Фиқҳ шўъбаси раҳбари

 

[1]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол 1-жуз, 194-бет.

[2]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол, 2-жуз, 48-бет.

[3] Айдарбек Тулепов. “ИШИД фитнаси” 15 бет

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …