Маълумки, Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудуди қадим асрлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи, бир-бирига ўхшаш бўлмаган кўплаб халқлар яшаб келаётган минтақадир. Ўзбекистон ҳудуди жуғрофий нуқтаи назаридан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, бу заминдаги салтанатлар кўплаб давлатлар билан иқтисодий алоқалар қилгани маҳаллий халқларнинг диний ва маънавий ҳаётига, Мовароуннаҳрдаги урф-одатлар эса ўзга юртлар маданияти ривожига салмоқли таъсир кўрсатган. Бу эса ўзига хос миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни шакллантиришдаги асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган.
Ўзбекистон заминида қадим замонлардан ислом билан бошқа динлар ёнма-ён яшаб, ривожланиб келган. Бу жамиятнинг маънавий юксалишига муайян ҳисса қўшди. Ҳозирги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Ўзбекистон истиқлолга эришган дастлабки кунлардан бошлаб миллатлараро ва динлараро бағрикенглик ва тотувликни ўз сиёсатининг устувор йуналишларидан бири этиб белгилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида бундай деган эди: “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир”[1].
Тинчлик ва осойишталик улуғ неъмат экани ислом манбаларида ўзининг яққол ифодасини топган. Хусусан, Ҳужурот сурасининг 13-оятида бундай дейилади: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. Ушбу оятда Аллоҳ таоло “Эй одамлар” дея бутун инсониятга мурожаат қилиб, “ота-онангиз бир” демоқда. Яъни, барчангиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалгансиз. Шундай бўлса-да, сизни турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга ажратиб қўйдик. Бундан келиб чиқадики, инсонларнинг турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга бўлиниши Аллоҳнинг иродаси билан бўлган.
Ҳадиси шарифларда ҳам “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдир”, “Кимки бизга қарши тиғ кўтарса, у аҳли исломдан эмас”, дея инсонлар тинчликнинг қадрига етишга, ўзаро аҳил-иноқ яшашга чақирилган.
Инсоният ўз тараққиётининг барча босқичларида, аввало, тинчлик-тотувликка интилган. Чунки ҳар қандай тараққиёт шунга чамбарчас боғлиқдир. Шу боис ҳам юрт тинчлиги – бебаҳо неъмат, улуғ саодат, барқарор тараққиёт гаровидир. Тинчлик – Ватанимизнинг дунё сиёсий майдонида тинимсиз илгари сураётган асосий ғояларидан биридир.
Албатта, тинчликка ўз-ўзидан, ёки баландпарвоз сўзлар билан эришиб бўлмайди, уни изчил ва қатъий ҳаракатлар билан таъминлаб бориш керак. Бунинг учун айни вақтда дунё сиёсий майдонида содир бўлаётган жараёнларни тафаккур қилиш, узоқни кўра билиш ҳам зарур. Тинчлик аталмиш неъматни тутиб турувчи омилларидан бири диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик саналиб, бу сиёсат аллақачон миллий мафкурамизнинг бир бўғинига айлангандир.
Дунёдаги барча динлар эзгулик ғояларига асосланган бўлиб, одамзотни яхшилик, тинчлик, ўзаро ҳамкорлик ва дўстликка даъват этиб келади. Ислом бу борада энг етакчи, десак, сира янглишмаймиз. Динимизнинг тинчлик ва бағрикенглик масалаларига эътибори жуда ҳам катта бўлиб, бу тамойиллар бу ҳар бир мусулмон киши эътиқодининг ажралмас бўлагини ташкил қилади.
“Айтингиз (эй мўминлар), Аллоҳга ва бизга нозил қилинган китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Ийсога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигорлари тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз ва биз У зотга (Аллоҳ таолога) бўйинсунувчилармиз.”. (Бақара сураси, 136-оят).
Ушбу ояти каримада келган буйруққа биноан, ҳар бир мусулмон одам Аллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбарларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтиргандек имон келтириши, Аллоҳ таоло нозил қилган китобларга Қуръони каримга имон келтиргандек имон келтириши лозим. Агар бирортасига имон келтирмаса ёки уларни беҳурмат қилса, мусулмонлиги қолмайди. Демак, бағрикенглик, аввало, динимиз асоси бўлган имонда ўз ифодасини топади.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасининг 8-оятида: “Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир” деб, мўмин-мусулмонларга бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан, агар улар диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб, ўз диёридан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишни буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлиш заруратини таъкидламоқда (норма). Ушбу ҳукм исломнинг нақадар инсонпарвар ва тинчликпарвар дин эканининг, мусулмонлик бағрикенглик демаклигининг (норма) ёрқин далилидир. Бу дин ҳеч кимга бошқа диндагиларга яхшилик ва адолат қилишни ман этмайди.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бошқа оятида: “…Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!” (Бақара сураси, 60-оят) деб бутун инсониятни бир-бирига нисбатан бағрикенглик қилган ҳолда, бузғунчилик қилмасдан тинчлик ва хотиржамликда яшашга чақиради.
Дарҳақиқат, ўсиб келаётган ёш авлодни миллатлараро ва динлараро тотувлик ва бағрикенглик ғояларига мос тарзда мард, жасур, менталитетимизга ёт бўлган зарарли таъсир ва ғояларга қарши тура оладиган қилиб, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш барчамиз учун муқаддас бурчдир. Ўз ҳаётий тажрибаси, шахсий ибрати билан намуна кўрсатаётган, эл-юртга меҳнати сингган устозларимиз иштирокида маҳалла, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларида маънавий-маърифий, ахлоқий муносабатлар муҳитини янада яхшилаш, миллатлараро ва динлараро тотувлик ҳуқуқий тарғиботини кучайтириш тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик омили эканини англатишимиз лозим.
Халқимиз учун азалий муқаддас бу қадриятлар жамиятдаги турлича фикр ва қарашга эга бўлган барча куч ва ҳаракатларни бирлаштиради, шу орқали миллий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.