Home / МАҚОЛАЛАР / АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ АСАРЛАРИДА ИЖТИМОИЙ-ФАЛСАФИЙ ҒОЯЛАР

АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ АСАРЛАРИДА ИЖТИМОИЙ-ФАЛСАФИЙ ҒОЯЛАР

Навоий фалсафасининг, унинг инсон ҳақидаги фикрларини, эстетик ғояларини, борлиқ ҳақидаги фикрларини англаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Навоийнинг мутлақ борлиқ мавжудлигини тан олиб, уни замон ва макон нуқтаи назаридан чексиз деб изоҳлайди. Борлиқни аввали ва охири йўқ, деб ҳисоблайди. “Ҳайрат ул-аброр” асарида Навоий мутлақ борлиққа шундай таъриф беради:

Эй сенга мабдада абаддек азал,
Зот-и қадимнинг абадий, лам язал.
Не бўлуб аввалда бидоят сенга,
Не келиб оҳирда ниҳоят сенга [1: 13-14].

Ушбу асарда Навоий азал ва абаднинг нисбийлигини ҳақида мантиқий хулоса чиқаради. Маконнинг тўлиқлик ва бўшлиқдан иборат, деб ҳисоблайди. Мутлақ борлиқ эса икки қисмни ичига олади: “Не анга замону макон иҳтимоли, не замону макон андин холи. Не хало анинг еридур, не мало, аммо ҳам хало-ву ҳам мало андин тўла” [1: 17].

Мутлақ борлиқнинг асосий хусусиятларидан бирини Навоий нуқтаи назаридан зотнинг вожиблигини, яъни объективлик ғоясини илгари суради. Бу борлиқ инсонга таъсири бўлмайди, у бор бўлган ва бор бўлади. Нисбий борлиқни эса олим борлиққа қарам деб кўради. Мутлақ борлиқ таъсирида нисбий борлиқ бор бўлади, ёки, аксинча йўқ бўлиши мумкин. Лекин нисбий борлиқ мутлақ борлиққа ҳеч қандай таъсир ўтказолмайди:

Арзу фалак йўқидину боридин,
Барчанинг ихфосию изҳоридин.
Не азамат ичра анга суд ўлуб,
Не жабарутига зиён буд ўлуб [1: 49].

Мутлақ борлиқ ягонадир, ва ушбу мутлақ борлиқ ҳақида Навоий шундай дейди:

Ҳамд ангаким, вожибғи би-з-зот эрур,
Ҳомид анинг зотига заррот эрур.
Ваҳдат-и зотига қуёшдек тануқ,
Заррадин афзун-у қуёшдин ёруқ [1: 9].

Навоийнинг қарашларида борлиқнинг пайдо бўлиши мутлақ борлиқ ҳаракати билан боғлиқ деб кўрсатилган:

Чу бир жунбиш этти аён баҳр-и зот,
Падид ўлди амвожидин коинот [1: 239].

Дунёда ҳеч қайси нарса ўзидан ўзи пайдо бўлмайди ва йўқ бўлмайди. Коинотда қанча чексиз бўлса ҳам, унда бўшлиқ бўлмайди. Коинотда барча нарса бир бирига боғлиқдир, ҳар бири бирига восита:

Қатрагача қулзум-и заххордин,
Заррагача шамса-йи заркордин.
Они мунга, муни анга банд этиб,
Бир-бирига барчани пайванд этиб.
Воситалар бўлди аён тў-батў,
Бир-бирига боғланибон мў-бамў [1: 22].

Коинотдаги бор нарсалар  турли-туман нарсалардан иборатдир. Мавжудотлар  эса замон ва макон билан чекланиб қўйилган. Коинотдаги бор нарсалар аввали ва охири мавжуд. Ҳамма нарса бор бўлади ва белгиланган вақтдан кейин йўқ бўлади. Лекин борнинг йўқ бўлиши нисбийдир. Навоий “Ҳайрот ул-аброр” асарида коинотнинг вужудга келишини шундай кўрсатиб беради:

Андаки бор эрди ниҳон бу жаҳон,
Балки ниҳондаги жаҳондек ниҳон,
Не сочибон кун юзи барг-и суман,
Не кечанинг турраси мушк-и Хўтан,
Не очибон кўкда шафақ лолалар,
Не ёгиб анжумдин анга жолалар [1: 14].

Коинотнинг энг олий мавжудоти сифатида Алишер Навоий инсонни ифода этади. Инсон мутлақ борлиқнинг ижоди натижасида пайдо бўлиб, унда мутлақ борлиқ ўз ифодасини топади. Фақатгина инсон сўзлаш, фикрлаш, мутлақ борлиқни англаш қобилиятига эга бўлиб, кўнглида ҳақиқат хазинаси мужассам этган:

Ганжинг аро нақд фаровон эди,
Лек баридин ғараз инсон эди.
Турфа қаломингга даги комил ул,
Сирр-и ниҳонингга дағи ҳомил ул.
Кўнглига қилдинг чу ақин ганжи қисм,
Жисмини ул ганжга қилдинг тилисм[1: 16-17]

 Навоий инсоннинг ўз маънавий ва руҳий табиати билан бошқа мавжудотлардан ажралиши, ҳар бир инсоннинг инсонийлик даражаси унинг маънавий юксалиш даражаси билан белгилайди. Кишининг қиймати унинг одамийлиги билан белгиланади. Унинг одамийлиги эса мол-дунёси кўплиги ёки мартабаси баландлиги билан эмас, балки ушбу молу дунёсини халқ хизматига сарфлаши билан белгиланиши афзалроқдир. Бойлик орттириш, ушбу йўлда инсонларга жабр қилиш, мансабга интилиш, ва ушбу йўлда кишиларга зулм ўтказиш билан овора бўлган инсонлардан кўра, шоир оддий ва камбағал бир комилни ёки деҳқонни минг карра афзал кўради. Чунки биринчиси борлиқ қонунлардан бехабар ва қимматбаҳо инсонийликни ўткинчи молу дунёга алмаштириб, ҳаётини мақсадсиз ўтказади. Иккинчи инсон эса ўз меҳнати билан ўзига ва жамиятга бебаҳо наф қилади. Ҳодисаларга тўғри кўз билан қараган инсонларни Навоий “маъно аҳли” деб билади, юзаки қарашларга эга одамларни эса “суврат аҳли” деб атайди.

Шоир инсон  моҳиятини унинг ижтимоий фаолиятида – жамиятга фойдали касб билан шуғулланиши, халққа манфаати тегиши, одамларнинг оғирини енгил қилишида, деб билади. Унинг халқ ғамини ўз ғами деб билмайдиган одамни одам қаторига қўшмаслиги бежиз эмас:

Одамий эрсанг, демагил одами
Ониким, йўқ ҳалқ ғамидин ғами [1: 256].

Алишер Навоий нафсониятига берилиб кетган инсонларни танқид остига олади. Бундай дардга чалинган инсонларни бировнинг тушган кулфатга парво қилмайди, бировга яхшиликни раво кўрмайди, ҳар доим ёлғиз ўзи ҳақида қайғуради. Бундай одамлар “барчага ўзгадан ўзи азизроқ ва ўзгалар сўзидан ўз сўзи азизроқ” деб тақиқлайди[1:149]. Навоий одамларни ёмон хислатлардан ҳоли кўришни хоҳлайди.

“Маҳбуб ул-қулуб” асарида Алишер Навоий одам ва одамийлик ҳақида, чин инсоний фазилатлар тўғрисида асрлар мобайнида халқ тажрибаси ва билими ҳақида йиғилган фикрларни баён этади. Ушбу асарда шоир ўзининг ижтимоий ғояларини илгари суради, чуқурлаштиради, янги далиллар билан исботлайди.

Навоий инсон маънавий дунёсини бойитиш учун, энг аввало, ўзини англаши зарур деб ҳисоблайди. Ушбу йўлда қуйидаги амалларга бўйсиниши лозим: биринчидан, нафсий қувватларни маънавий қувватларга бўйсиндириши; иккинчидан, илм олиши ва ҳунар эгаллаши; учинчидан, илм, ҳунар, мол-дунёсини эзгуликка йўналтириши; тўртинчидан, кўнглини инсондаги гўзаллик билан бой эттириши.

  Навоий ўз даврининг машҳур давлат арбоби бўлиши билан бир вақтда у буюк мутафаккир ҳам эди. Шоир сиёсат, давлат қонунларига оид махсус асарлар ёзиб, Туронда сиёсий-ҳуқуқий таълимотларнинг ривожланишини янги поғонага кўтарган шахсдир.

Алишер Навоийнинг “Тарихи мулуки Ажам” (“Араб бўлмаган шоҳлар тарихи”) асари ўз даври нуқтаи назаридан илмий далилларга асосланган рисола ҳисобланади. Асарда Эрон ва Турон мулкида ҳукмронлик қилган тўрт сулола: пешдодийлар, каёнийлар, ашконийлар, сосонийлар тарихи батафсил ҳикоя қилинади.

Анъанага мувофиқ тарих Одам Ато (а.с.) даврига боғлиқ равишда талқин қилинади. Алишер Навоий мазкур асарда “Низому-т-таворих”, “Жомеу-т-таворихи Жалолий”, “Насиҳату-л-мулук”, “Жовидон хирад”, “Одобу-л-араб ва а-л-фурус”, “Гузида”, “Мунтаҳаб”, “Девону-н-насаб” каби манбалардан фойдаланади ва Банокатий, имом Муҳаммад Ғаззолий, Табарий, Али Мискавайҳ, Қози Барзовий каби тарихчи олимларнинг номларини келтириб, маълумотларни уларнинг асарларидан олганини айтиб ўтади. Шоирлардан Абулқосим Фирдавсий ва унинг “Шоҳнома”сига кўпроқ мурожаат қилади. Искандар ҳақидаги қиссада эса хамсанавислар Хусрав Деҳлавий, Низомий Ганжавийларнинг қарашларини келтириб ўтади.

Алишер Навоий масалага нуктадон муаррих – тарихчи олим сифатида ёндашар экан, ҳар бир маълумотнинг аниқ ва асосли бўлишига алоҳида эътибор қаратади. Алишер Навоий пешдодийлар сулоласига мансуб 11, каёнийлар сулоласидан 9, ашконий сулоласидан 15, сосонийлар сулоласидан 28, жами тўрт сулоладан 63 ҳукмдорнинг номлари, уларнинг таржимаи ҳоли, ҳаёти ва юритган сиёсатига доир маълумотларни тақдим этади.  Каюмарс биринчи шоҳ эканлиги, Ҳушанг, Баҳром, Афросиёб, Жамшид каби шоҳларнинг, Рустамдек ҳарбий саркардаларнинг фаолиятларига юксак баҳо беради.

Алишер Навоий мазкур асарида тарихга оид жуда қизиқарли ва аҳамиятли кўплаб маълумотларни беради. Балх, Бобил, Нишопур, Марв, Самарқанд ва яна ўнлаб шаҳарларни бунёд қилган шоҳлар, Наврўз байрамининг келиб чиқиши, рўзанинг пайдо бўлиши, бутпарастликнинг сабаблари билан боғлиқ воқеалар шулар жумласидандир.

Алишер Навоий “Тарихи мулуки Ажам” асари орқали тарих билимдони қиёфасида намоён бўлади. Асардаги юзлаб географик номлар, юзлаб шахсларнинг исми-шарифи ҳамда юзлаб воқеалар муаллифнинг кучли хотирасидан ҳам дарак беради.

Навоийининг дунёқарашида келажакда идеал давлат орзуси катта ўрин олган эди. Гап унинг бутун бир хаёлий давлати — «Садди Искандарий» достонидаги Искандар давлати ҳақида бормоқда. Мутафаккир сиёсий қарашларида мавжуд феодал давлатларни танқид қилиб тараққийпарвар аҳамиятга эга ишларни амалга ошириш билан чекланмасдан янада илгарилаб, Искандар давлатидек идеал давлатни ўз достонида яратди. Унда шоир бўлажак идеал давлатни сиёсат, давлат, давлатни идора қилиш шакли, давлатни бошқаришда фан ва техниканинг аҳамияти, халқаро ҳуқуққа оид масалалар, уруш ва тинчлик каби мураккаб сиёсий вазиятларни таърифлайди. Ана шу қўйилган масалалар бўйича ўзининг аниқ позициясини белгилайди. Энг муҳими, Алишер Навоий жамиятни давлатсиз, қонунсиз, шоҳсиз тасаввур қилолмайди. У жамиятда интизом қонун-қоида бўлишини эътироф этади.

  Навоий катта сиёсий кураш йўлини босиб ўтиб, бой тажрибага эга бўлганидан кейин унинг ижтимоий-сиёсий қарашларида янада илгарилаш юз беради. Мутафаккир феодал давлати ва ҳуқуқининг тор доираларида чекланиб қолмасдан, ўзининг ватанида марказлашган адолатли давлатни барпо этиш ғоясида қолиб кетмасдан, янада илгарилаб, бутун дунёда ягона марказлашган адолатли давлат бўлиши, унинг тепасида эса адолатли шоҳ туриши керак, деган ғоягага етиб боради.

Алишер Навоийнинг мероси кўп олимлар тадқиқотларининг катта ва муҳим объекти бўлиб қолди. Алишер Навоийнинг олижаноб ғоялари ва илҳомбахш асарлари тинчлик ва инсоният тараққиётида ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда. Навоийнинг ижтимоий-фалсафий  ғоялари бугунги кун билан ҳамоҳанглиги ҳозирги глобаллашув замонида маънавий мероси маданий трансформация жараёнини такомиллаштириш, умуминсоний қадриятларни сақлаб қолиш учун  кучли гуманистик аҳамиятга эга. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Алишер Навоий. Ҳайрот ул-аброр. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма томлик. 7 том. –Т. Фан. 1991.
  2. Алишер Навоий. Фарҳод ва Ширин. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма томлик. 8 том. –Т. Фан. 1991.
  3. Алишер Навоий. Лайли ва Мажнун. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма томлик. 9 том. –Т. Фан. 1992.
  4. Алишер Навоий. Сабъаи сайёр. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма томлик. 10 том. –Т. Фан. 1992.
  5. Алишер Навоий. Садди Искандари. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма томлик. 11 том –Т. Фан. 1993.
  6. Алишер Навоий. Лисонут-тайр. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма томлик. 12 том. –Т. Фан. 1996.
  7. Алишер Навоий. Маҳбуб ул-қулуб. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма томлик. 14 том.   –Т. Фан. 1998.
  8. Алишер Навоий. Тарихи мулуки ажам. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма томлик. 16 том. –Т. Фан. 2020.
  9. Комилов Н. Тасаввуф. –Т. Мовароуннахр – Ўзбекистон. 2009.
  10. Чориев А. Инсон фалсафаси. Инсон тўғрисидаги фалсафий фикрлар тараққиёти. Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти нашриёти. –Т. 2007.
  11. Юсупова Д. Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи (Алишер Навоий даври). –Т. Академнашр. 2013.
Мартаба МЕЛИКОВА,
СамДЧТИ
Ижтимоий фанлар кафедраси доценти
фалсафа доктори (PhD)

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …