Home / МАҚОЛАЛАР / Ўзини ўзи ўлдириш шаҳидлик эмас, оғир гуноҳ ҳисобланади

Ўзини ўзи ўлдириш шаҳидлик эмас, оғир гуноҳ ҳисобланади

Бугунги кунда «шаҳидлик мақомига эришаман» деб, ўзини-ўзи портлатиб, ўзи ва бошқалар ҳаётига замин бўлаётганлар учрамоқда. Улар сохта «шайхлари» чиқараётган «фатволар» га амал қилган ҳолда, бундай разил ишларга қўл ураётгани ҳамманинг нафратини қўзғамоқда. Ана шундай бир худкушлик натижасида, Аллоҳнинг уйи, яъни жомеъ масжидида мусулмон дунёсининг забардаст олими Рамазон Бутий ҳамда 40 нафардан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмди. Ваҳоланки, Қуръони карим оятлари, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифлари, мужтаҳид уламолар асарлари ва фатволарида ҳаёт Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган имконият ва айни дамда омонат эканлиги, унга хиёнат қилмаслик лозимлиги таъкидланиб, ўз жонига қасд этиш катта гуноҳ сифатида қатъий қораланган. Қуръони каримда: «Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шавқатлидир» (Нисо,29), деб айтилган.

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Ким ўзини тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса, ўлганидан кейин жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини сувга ташлаб ё осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми хам унинг ҳукми билан баробардир». Яна бир ҳадисда бундай дейилади: «Аллоҳ таоло ҳадиси қудусийда баён қилади: «Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, мен унга берган умрга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим» (Имом Бухорий). Ўзини-ўзи ўлдириш бу ўз ҳаётини қасддан тўхтатишдир. Шариат нуқтаи назаридан бу ҳаракат қаттиқ қораланади.

ИШИД «ўзини ўлдириш» тушунчасини шаҳидлик деб талқин қиляпти. Ўзини-ўзи ўлдиришни «шаҳидлик» деб баҳолаш айни адашиш, жиноятнинг ўзгинасидир. Ҳозирги кунда ИШИД ўз-ўзини портлатиш билан шаҳидлик мақомини олиш мумкин экани исботлашга уринмоқда. Ўз-ўзини портлатишга мисол тарзида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги ғазотлардаги ҳолатларда мисол келтиришади. Аммо ушбу ривоятларда душман билан юзма-юз турган пайтда жангга киргандан кейин ҳалок бўлишини ривоятларининг зоҳири кўрсатиб турибди. Яъни ривоятлардан бирортаси тинч аҳолининг устига портловчи модда билан кириб боришга қиёсий далил бўлолмайди. Чунки у ердаги ҳолат бу ерда жанг ҳолати каби эмас. Душман билан бўлаётган жангда ўлса шаҳид тирик қолса ғозий бўлади.

Бир сўз билан айтганда шаҳид бўлиш ҳам, ғозий бўлиши ҳам мумкин. Яъни шаҳид бўладими ёки тирик қолиб ғозий бўладими ўзи билмайди. Лекин ўзини-ўзи портлатаётганлар аниқ биладики, портлатганидан кейин ўлади. Бу ҳолат шаҳидлик даражаси эмас, балки ўз жонига бегуноҳларнинг жонига қасд қилишдир. Бундай шахс шаҳидлик мартабасига эмас, балки гуноҳкор дўзаҳий бандалар қаторига қўшилиши аниқ ва муқаррардир. Инсон пичоқ, заҳар ёки бошқа нарса билан бегуноҳ бир инсонни ўлдирса, бу иши билан у барча одамларни ўлдирган ҳисобланади. Аксинча, бир инсонга ёрдам бериб, унинг жони, молини сақлаб қолган одам эса барча одамларни сақлаб қолган саналади.

Манбалар асосида Учқўрғон туман «Бузрукхўжа эшон» жоме масжиди
имом хатиби Тўлакбоев Жахонгир тайёрлади.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …