Уламолар орасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин юз йилдан кўпроқ вақтгача ҳадислар ёзилмасдан фақат одамлар хотирасида сақлаб келинган, деган гап бор. Бу ҳолат беш асрга яқин давом этган, дейилади. Аммо ҳадисларнинг ёзилиши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаёқ бошланган. Хатиб Бағдодий (392-463/1002-1074) шу мавзуда изланиш олиб бориб, “Тақйидул илм” асарини таълиф этган.
Шу вақтгача ҳадисларнинг ёзилиши ва тасниф этилиши ҳақидаги гумонлар сақланиб келган. Уламолар биринчи бўлиб Ибн Шиҳоб Зуҳрий (ваф.124/742 й.) ҳадис ёзиб, китоб қилган, деган. Бу фикр тахминан 143/760 йилгача ҳукмронлик қилган.
Тўғри, Пайғамбар алайҳиссалом даврларида аксарият саҳобалар эшитган ҳадисларини ёд олиб, хатга туширмаган. Чунки ўша даврда арабларда катта ҳажмдаги достон ва шеърларни ёд олиб, хотирада сақлаш жуда оммалашган оддий ҳолат эди. Илк даврда ҳадислар кенг кўламда ёзма равишда жамланмаганига кўпчиликнинг хат-саводи бўлмагани ва ёзиш қуроллари кенг тарқалмагани сабаб бўлган. Шунингдек, ҳадислар Қуръони каримга аралашиб кетиши эҳтимоли бўлгани учун ҳам китобат қилинмаган. Саҳобалар ҳадисларни асосан Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзлари, ишлари, бирор тадбирни маъқуллаган ёки ундан қайтарганларининг шоҳиди бўлиш асносида ўрганган.
Хатиб Бағдодийдан олдинги уламолар вазиятни чуқур таҳлил қилмасдан ҳадисларни биринчи бўлиб Ибн Шиҳоб Зуҳрий ёзиб китоб қилган, деб билган. Шундай фикрда нуқсон борлигини билса-да, Абу Толиб Маккий (ваф. 386/996 й.), Имом Заҳабий (673-748/1274-1348), Ибн Ҳажар Асқалоний (773-852/1372-1449), Тақиуддин Мақризий (764-845/1364-1442) ва бошқа кейинги алломалар уни қўллаб-қувватлаган. Уламолар Ибн Шиҳобдан олдинги саҳоба ва тобеинларнинг ҳадис ёзувлари бўлганини билган, лекин улар тартибсиз ҳолдалиги сабаб, юқоридаги фикрга келган.
Аслида ҳадисларнинг ёзила бошлагани кичик тобеинлар табақасидан бўлган Имом Зуҳрийдан олдин ҳам мавжуд бўлган.
Хатиб Бағдодий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик пайтларида, саҳобалар ва тобеинлар даврида ҳадислар ёзилганини исботлашга ҳаракат қилган. Тадқиқот жараёнида ҳадис ва хабарларни жамлаб асар ёзган. Тўплаган маълумотларида ҳадис ёзиш жоиз ё жоиз бўлмаган бир-бирига зид хабарлар келтирган. Ҳадис ёзишни макруҳ қилувчи ёки унга изн берувчи сабабларни ўз ичига олган ишораларни қайд этган. Ёзишдан қайтарилган ҳадисларнинг марфуълигини, яъни унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирoр сўз, феъл, тақрир ёки сифатлари изoфа қилинганини аниқлаб, ривоят йўлларининг саҳиҳ ёки заифлик ҳолатини синчковлик билан текширган.
Китобнинг биринчи қисмининг фасл бошида ҳадис ёзишдан қайтариш тўғрисидаги хабарлар келтирилган. Масалан, Имом Муслим Абу Саид Худрийдан марфуъ ҳолда бундай ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан (ҳадис) ёзиб олманг! Ким Қуръондан бошқани ёзган бўлса, уни ўчирсин…”, дедилар. Хатиб Бағдодий шу ҳадисдан бошқа бу мазмундаги хабарларни саҳиҳ эмас деган. Ҳадис илмида мўминларнинг амири бўлган Имом Бухорий ва бошқалар эса, бу ҳадиснинг фақат марфуълик мақомини иллатли санаб, уни Абу Саидга мавқуф, яъни саҳoбага бирoр сўз, феъл, тақрирни изoфа этган ҳолда ривоят қилган.
Кейинги фаслларда ҳадис ёзишнинг кароҳияти, ундан қайтарилгани ҳақида саҳоба ва тобеинлардан хабарлар келтирилган.
Хатиб Бағдодий бундай ҳадисларни келтириб, илмни қайд қилишдан қайтаришга асосий сабаб, Қуръонга бошқа сўзлар кириб қолиши хавфи бўлганини таъкидлаган. Шунингдек, ўша вақтда ваҳий ва бошқа сўзларни ажрата оладиган фақиҳлар кам бўлгани, уламоларнинг мажлислари кенг тус олмагани ҳам ҳадис ёзишдан қайтаришга сабаб бўлганини айтган.
Аллома асарнинг кейинги қисмларида илмни ёзишга изн берилган ҳадисларни келтириб, уларни уч фаслга бўлган.
Биринчисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан марфуъ ҳолда келган ҳадислар жамланган бўлиб, уларнинг аксарияти саҳиҳдир. Жумладан, қуйидаги ҳадислардан ёзишга рухсат берилгани аёнлашади:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари орасида у зотдан мендан кўра кўпроқ ҳадис ривоят қилган ҳеч ким йўқ. Бундан Абдуллоҳ ибн Амр мустасно, чунки у ёзар, мен эса ёзмасдим” (Бухорий ривояти).
Макка фатҳ қилинганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилдилар. Яманлик Абу Шоҳ деган киши туриб: “Менга ёзиб беринг, эй Аллоҳнинг Расули!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Абу Шоҳга ёзиб беринг”, дедилар”.
(Ҳадис ровийларидан бири Валид ибн Муслим айтади:) “Авзоийга: “Менга ёзиб беринг, эй Аллоҳнинг Расули!” дегани нимани англатади?” дедим. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ўша хутбани”, деди” (Бухорий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дардлари кучайгач, “Менга ёзадиган нарса келтиринг, сизга бир битик ёзиб бераман, ундан кейин адашмайсиз”, дедилар” (Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёдлаш учун ёзиб юрардим. Қурайшликлар: “Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёзиб юрасан. Расулуллоҳ ҳам инсон, ғазабланганларида ҳам, хурсанд бўлганларида ҳам гапирадилар” деди. Ёзишдан тўхтадим. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эслатганимда, “Жоним қўлимда бўлган Зот номи билан қасам ичаманки, мендан ҳақдан бошқаси чиқмайди”, дедилар” (Аҳмад ривояти).
Асар шу тариқа илм ёзган ёки ёзишга буюрган саҳобаларнинг ривоятлари ҳақидаги боб билан давом этади. Уларнинг ҳам аксарияти саҳиҳдир. Чунки бу ҳадислар “Сиҳоҳ”, “Сунан” туркумидаги ва бошқа асарларда келтирилган.
Шундан сўнг, ўз санади билан имом ва катта тобеин деган даражага етишган тобеинлардан ривоят қилинган хабарлар келади. Улар ҳадис ёзган, шогирдларига нафақат қайд этиб боришга рухсат берган, балки шу ишга ундаган ҳам.
Тобеинлардан кейинги асрда илм ёзилиши кенгайишига сабаб шуки, ҳадис ривоятлари кенг тарқала бошлади, санадлар узайди. Ривоят қилувчиларнинг исми, куня ва насаблари кўпайди. Лафздаги иборалар турлича бўлиб, уларни ёдда сақлаш қийинлашди. Ҳадисни ёдда сақлашдан кўра ёзиб бориш ишончлироқ бўлиб қолди.
Кўраяпсизки, исломнинг бошида ҳадисларни баъзида ёзмасликка, баъзида эса ёзишга рухсат этилган экан. Шу боис айрим саҳобаларгина ҳадисларни ёзма равишда қайд қилиб борган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларида саҳифалар, яъни саҳобалар ёзиб юрган варақлар бўлган. Улар кўпчилик орасида тарқалмаган. Китоб қилиб жамлаш эса, исломнинг иккинчи юз йиллигида бошланган.