Home / МАҚОЛАЛАР / БУРҲОНУДДИН МАРҒИНОНИЙНИНГ “ҲИДОЯ” АСАРИ МУҲИМ ФИҚҲИЙ МАНБА СИФАТИДА

БУРҲОНУДДИН МАРҒИНОНИЙНИНГ “ҲИДОЯ” АСАРИ МУҲИМ ФИҚҲИЙ МАНБА СИФАТИДА

Бугунги Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқининг пойдевори – миллий давлатчилик асослари жуда қадим ва мустаҳкам бўлиб, кўп асрлик тарихга эга.

Минтақамизнинг бой маданияти асрлар давомида аждодларимизнинг ижоди билан такомиллашди, бойиди ва тараққиётнинг юксак поғоналарига кўтарилиб, бутун башарият учун бебаҳо мерос бўлиб қолди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов бу ҳақда қуйидаги фикрни билдирган эди: “Ўтмишдаги алломаларнинг бебаҳо мероси қанчадан қанча авлодларнинг маънавий-руҳий онгини ва турмуш тарзини шакллантирган эди ва у ҳамон таъсир кўрсатмоқда” [1: 40-41].

Асрлар давомида турли мамлакатларда юзлаб олиму уламолар ислом ҳуқуқшунослиги билан машғул бўлиб келган. Жумладан, маворауннаҳрлик фақиҳлар ўз асарлари ва ҳуқуқий назариялари билан ислом ҳуқуқи соҳасида улкан ишларни амалга оширган ва фиқҳ илмининг ҳар томонлама ривож топишига улкан ҳисса қўшган.

Фақиҳлар мужтаҳидлардан сўнг нафақат тахриж ва таржиҳ замони, балки тақлид даврида ҳам ислом ҳуқуқшунослигини такомиллаштириш йўлида фахрланишга арзигулик илмий муваффақиятларга эришган. Улар калом ва ҳуқуқ соҳасида янги фан ва мактабларга асос солиш билан бирга, янги ҳуқуқий назарияларни ҳам яратган.

XII асрда Мовароуннаҳрда фиқҳ илми ривожи учун таъсирчан омиллар юзага кела бошлади. Улардан бири, А.Мўминов фикрича, Қорахонийлар давлати қарор топиши натижасида “Мовароуннаҳрнинг Хуросон билан алоқалари заифлашиб, оёққа турган маҳаллий мактабларнинг мустақил ривожланишига асос яратилганидир. Марказий шаҳарларда автоном бошқарув кучайиши уламолар таъсир доирасининг кенгайишига олиб келди. Бу билан фиқҳ нормаларини ҳаётга татбиқ этишга реал шароит яратилди. Бухоро ва Самарқанд ҳақиқий илм марказларига айланди. Бу шаҳарларда насафлик, марвлик ва фарғоналик фақиҳлар ҳам фаолият кўрсатарди” [3: 42].

Турк тадқиқотчиларининг хулосасига кўра, бу даврда 300га яқин фақиҳ яшаган ва 150дан кўпроқ фиқҳий (ҳуқуқий) асар, 20та фатово (фатволар мажмуаси) ёзилган, уларнинг асосий қисми ҳанафий мазҳабига тегишли бўлган.

Бу даврда яратилган бебаҳо асарлардаги маълумотларни ҳанафий фиқҳининг анъанавий қобиғига киритиш 3 йўл билан амалга оширилган:

1) Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “Зоҳирур ривоя” туркумидаги асарларига шарҳлар ёзилган;

2) фиқҳ илмига оид янги китоблар тузилган;

3) аввалги давр ва замондош фақиҳларнинг фатволари тўпламларга йиғилган.

Бу ишларни умумлаштирувчи дарслик сифатида Марғинонийнинг “Китобул Ҳидоя фи шарҳил Бидоя” асари пайдо бўлди [3: 42]. У ихчамлиги, мукаммаллиги, ҳанафий мазҳабини бошқа сунний мазҳаблар билан қиёсий ўрганиб, ҳар томонлама ёритгани учун ўзига хос назарий ва амалий аҳамият касб этади.

Бурҳонуддин Марғиноний ҳанафий мазҳабининг сон-саноқсиз ҳуқуқий масалаларини ҳал қилиш йўлини топишга муваффақ бўлди. У мустақил ижтиҳод қилиш ваколатига эга бўлмаса ҳам ўз илмий-ҳуқуқий асарларини яратишда қиёсдан (қиёси жалийдан), айниқса қиёснинг иккинчи тури бўлмиш “қиёси хафий” ёки “истиҳсон”дан кенг фойдаланди [5: 90]. Шунинг учун айрим олимлар Марғинонийни “Мужтаҳид фил мазҳаб”, мазҳабдаги мужтаҳид деб билган [6: 18].

Марғинонийнинг фикрича, билим уч манбадан ҳосил бўлади. Биринчиси – насс. У шаръий ҳукм манбаи бўлмиш Қуръон оятлари ва Пайғамбар (С.А.В.)нинг ҳадиси шарифларидир. Иккинчиси – ақл ва тафаккур, учинчиси – ҳис-туйғу (сезги) органларида ҳосил бўладиган маълумотлар.

Аллома “Ҳидоя”да фиқҳий масалаларни ёритишда қиёсий услубдан фойдаланиб, турли мазҳабдаги назарияларни солиштирган. Аввал, Қуръон, сўнг суннатга асосланган, кейин ижмо ва қиёсга ўтган. Қиёс муаммони ҳал этишда ёрдам бермаса, истиҳсон (қиёси хафий)га ўтган. Ечими топилмаган ҳолатда урф-одатга таяниб, хулоса чиқарган.

Қиёс, истиҳсон ва урфга таяниш ҳуқуқий масалаларни ҳал этишда Марғинонийга катта имкониятлар очиб берган. Аллома ибодатлардан ташқари инсоннинг кундалик ҳаётига тегишли ҳуқуқий масалаларни бошқа далиллар билан бирга, ўзига хос мезонлар орқали ҳам баҳолаган. Мантиқий таҳлилдан ўтказган. Истиқро (дедукция) ва илмий таҳлил (анализ)дан кенг фойдаланган. Ҳар бир масалани турли мазҳаблар орасида қиёсий услубда ўрганиб, хулоса чиқарган ва энг маъқул деб топган фикрини таҳлил охирида зикр этиб, шуни устун қўйган. Шундан хулоса қилиб “Ҳидоя” ислом ҳуқуқининг фалсафий таҳлилидир, десак, тўғри бўлади [6: 18].

“Ҳидоя” Марғинонийнинг шоҳ асаридир. Буни унинг замондошлари ҳам эътироф этган. Хусусан, Хаддод: “Ҳидоя ҳам Қуръон сингари шариат бўйича ўзидан аввал ёзилган китобларни эътибордан қолдирди” [4: 3], деган.

Асар 13 йил давомида ёзилган. Бунинг сабаби: биринчидан, “Бидоятул мубтадий”га Имом Муҳаммад Шайбонийнинг “Жомиус сағир” ва Қудурийнинг “Мухтасар” асарлари асос қилиб олинган. “Бидоятул мубтадий”да минглаб фаръий масалалар мавжуд бўлиб, улар орасида инсоннинг кундалик ҳаётига боғлиқ, ўз ечимини топмаган кўплаб муаммолар кўп эди. Ўша даврнинг ўзгарувчан шароитини синчиклаб ўрганиш, биринчи даражали муаммоларни иккинчи даражалисидан ажратиб олиб, уларни ечиш йўлларини белгилаб бериш муаллифдан катта диққат-эътибор, ҳар томонлама синчковлик ва чуқур кузатишларни талаб қиларди. Иккинчидан, Бурҳонуддин Марғиноний фиқҳ илми босиб ўтган олти даврнинг (Пайғамбар алайҳиссалом, саҳобалар, тобеинлар, мужтаҳидлар, мухаррижлар ва муқаллидлар) бешинчи босқичи бўлмиш мухаррижлар (аввал ўтган мужтаҳид ва буюк ҳуқуқшунос олимлар асарларига мурожаат қилиш орқали мазҳаб доирасидаги янги мураккаб ҳуқуқий муаммоларни ечиш йўлларини топувчилар) замонида яшагани учун ижтиҳод қилиш ваколатига эга эмас эди. Чунки IV ҳижрий асрнинг бошида (милодий X асрда) ҳеч кимда ислом ҳуқуқи бўйича ижтиҳод қилиш ваколати йўқ, деган фикр бор эди. Ҳуқуқшунослик бўйича барча фаолият буюк олимлар белгилаб берган асосий қонун-қоидаларни изоҳлаш, тафсир этишдан иборат бўлиши керак, деган қараш мавжуд эди [2:105]. Лекин Абдулҳай Лакнавий “Фавоидул баҳия” асарида ҳанафий мазҳаби олимларини олти гуруҳга бўлиб, Бурҳонуддин Марғиноний ва Қудурийни “асҳобут таржиҳ”, яъни баъзи ривоятларни баъзиларидан таржиҳ бериш (устун қўйиш) салоҳиятига эга олимлар қаторида зикр этган.

Бурҳонуддин Марғинонийда турли муаллифлар ёзган кўплаб фатоволар (ҳуқуқий мажмуалар) бор эди. Уларда минглаб масала, айрим муаммолар бўйича ўнлаб мулоҳаза, ҳатто бир-бирига қарама-қарши назариялар ҳам мавжуд эди. Муаллиф бирор ҳуқуқий масалани ёритиш учун, биринчидан, шариатнинг асосий манбалари, ундан кейин Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофиъий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг асарлари, Шайбонийнинг “Зоҳирур ривоя” китоби, Абу Юсуфнинг “Китобул хирож”, “Адабул қозий”, “Абу Ҳанифа ва Ибн Абу Лайло ўртасидаги ихтилофлар”, “Авзоий ва Анас ибн Моликнинг айрим ҳуқуқий масалалар бўйича билдирган фикрларига ёзилган раддия” китоблари, Имом Зуфар асарлари, шунингдек, ислом ҳуқуқига оид сон-саноқсиз китоб ва тўпламларни ўқиб чиқиб, уларда билдирилган фикр-мулоҳазаларни бир-бири билан солиштириб, асосли хулосалар чиқариши керак эди [6: 22].

Албатта, энг ҳаётий ва зарур ривоятларни танлаб олиб, уларнинг тўғрилигини нақлий далиллар билан исботлаб, ақлий далиллар билан мустаҳкамлаш, мумтоз асарларнинг мазмунига чуқур кириб бориб, уларнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб олиш катта меҳнат ва изчил изланишни талаб қилар эди.

Бурҳонуддин Марғиноний “Ҳидоя”да ҳуқуқий муаммоларни ечиш жараёнида фақат уч асосий мазҳаб (ҳанафий, моликий, шофеъий) эмас, балки зоҳирий ва авзоий мазҳабларига оид мулоҳазаларини ҳам келтириб ўтади ва ҳар бири ҳақида ўз нуқтаи назарини билдиради. Шу жиҳатдан “Ҳидоя” илмул хилоф (қиёсий ҳуқуқшунослик)ни кенг кўламда ўрганиш учун муҳим ва эътиборли манба ҳисобланади. Ҳанбалий мазҳабига тегишли масалалар “Ҳидоя” ва бошқа йирик фақиҳлар ёзган асарларга киритилмаганининг сабаби шуки, аҳли сунна фақиҳлари XII асргача ҳанбалийларни фақиҳ эмас, муҳаддис деб билган.

Шундай қилиб, Марғиноний ёзган тўрт жилдлик “Ҳидоя” китоби ҳанафий мазҳаби бўйича муҳим ва мукаммал ҳуқуқий асар сифатида 55дан ортиқ китоб, юзлаб бобу фасллардан таркиб топган бўлиб, мерос ҳуқуқидан ташқари, ислом ҳуқуқининг барча соҳаcини қамраб олган. Аллома мерос ҳуқуқини киритмаганининг сабаби шундаки, Абу Ҳанифа бу мавзуни махсус фан сифатида фиқҳ илмидан ажратиб, уни фароиз деб атаган.

“Ҳидоя”нинг биринчи жилди таҳорат ва амалий ибодатлар (намоз, рўза, закот ва ҳаж)га, иккинчи жилди оила ҳуқуқи, қул сақлаш муаммоси, ҳадлар (Аллоҳ томонидан белгиланган жазолар), халқаро ҳуқуқ меъёрлари, ширкат, ислом ҳуқуқига хос бўлган вақф ҳуқуқи каби масалаларга, учинчи жилди муомалот турлари (фуқаролик ҳуқуқи), суд, суд жараёни, тўртинчи жилди эса деҳқончилик ва ер муаммоси, жиноят турлари, гувоҳлик ва бошқа кўплаб мавзуларга бағишланган.

Таҳлиллардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, ҳанафий мазҳаби Мовароуннаҳр ҳудудида кенг тарқалган бўлиб, унинг Марғинонийдек жуда кўп йирик ва салоҳиятли вакиллари ва имомлари ҳам эътиқод, ҳам ҳуқуқ бобида камолот даражасига етишган. Улар ҳанафий мазҳабининг ҳуқуқий, ақидавий асосларини ташкил этувчи Абу Ҳанифанинг асарлари ва унинг иқтидорли шогирдлари Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ва Абу Юсуфнинг “Зоҳирур ривоя”, “Китобул хирож” каби фиқҳий китобларига асосланган ҳолда, ниҳоятда муҳим ҳуқуқий рисолалар яратиб, мазҳабнинг ривожи ва гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшиб келган. Масалан, Мовароуннаҳрнинг буюк фақиҳларидан саккизтаси фиқҳ илми соҳасида “Мабсут” номи билан илмий асарлар ёзган. Улардан Фахрулислом Баздавий 11 жилдлик, шайхулислом Муҳаммад ибн Ҳусайн Бухорий Ҳанафий ва Шамсулаимма Сарахсий 15 жилдлик асарлар ёзган. Булар ислом ҳуқуқининг барча соҳалари, жумладан, оила ва никоҳ, жиноят, мулкий муносабатлар, халқаро ҳуқуқ каби кўплаб масалаларни қамраб олган бебаҳо мерос ҳисобланади.

Жамиятимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида ўзбек халқининг маънавиятини, жумладан, диний саводхонлигини ошириш жараёнида ислом ҳуқуқининг юқорида санаб ўтилган соҳаларини, айниқса, оилавий муносабатларга оид қоидаларини илмий таҳлил қилиш ижтимоий заруратга айланмоқда. Чунки, исломда оилавий муносабатларга оид нормаларнинг ижтимоий моҳиятини тадқиқ этиш ва ҳозирги кунда илдиз отиб бораётган фундаменталистик оқимларнинг бу борадаги қарашлари мутлақо нотўғри эканини ва ижтимоий салбий оқибатларини илмий таҳлил қилиш амалий жиҳатдан ўта муҳимдир.

Қуръон оятлари ва ҳадисларда белгилаб берилган, фақиҳларимизнинг асарларида баён қилинган оилавий муносабатларга оид адолат, бурч, мажбурият каби тушунчалар, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, қариндошлар ўртасидаги муносабатлар, умуминсоний ахлоқ қадриятларидан келиб чиққан асосий талаблар тоталитар тузум ҳукмронлик қилган даврда бузиб талқин қилинган. Шу боис ислом ҳуқуқи нормаларида оилавий муносабатларнинг умумижтимоий жиҳатлари – ижтимоий-тарихий негизлари, маданий-маънавий ва ҳуқуқий хусусиятлари, исломнинг асосий манбалари ва классик фиқҳий китобларнинг XII асрда ёзилган “Ҳидоя” асари асосида илмий тадқиқ этилиши, одат ҳуқуқи билан қиёсий ўрганилиши диний-сиёсий, ғоявий курашлар кетаётган ҳозирги кун учун ўта аҳамиятлидир. Чунки, ислом ҳуқуқи ҳозирги кунда одат ҳуқуқининг бир тури сифатида қаралмоқда ва унинг халққа таъсир даражаси чуқур экани барчага маълум.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, XII асрда исломий илмларни ҳар томонлама ривожлантириб, мўътабар асарлар қолдирган алломаларимизнинг меросини ўрганиш тадқиқотчилар олдида турган муҳим вазифадир. Чунки, Бурҳонуддин Марғиноний каби кўплаб алломаларнинг мероси ислом ҳуқуқшунослиги тарихида муҳим манба ҳисобланади. Бу мерос нафақат Марказий Осиё, балки бутун мусулмон олами ҳуқуқшунослигида катта ўрин тутади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисодиёт, сиёсат, мафкура. – Т., Ўзбекистон, 1996.
  2. Мажид Хаддурий, Херберт Лебисни. “Исломда ҳуқуқ”, Теҳрон – Нью Йорк, 1958.
  3. Мўминов А. Мовароуннаҳр уламолари: ҳанафийлар // Шарқшунослик. №9 /1999.
  4. Муҳаммад Абдулҳай. Ҳидоя муқаддимаси сифатида ёзилган рисола. – Лакҳнау: 1394 ҳ.й.
  5. Тошқулов. Ж., Юсупова Н., Бекмирзаев И., Сарсенбоев О., Масаидов С. Ислом ҳуқуқшунослиги. Ўқув қўлланма. – Т.; Тошкент ислом университети нашриёт матбаа бирлашмаси, 2014.
  6. Юсупова Н.Ж., Жузжоний А.Ш. Бурҳонуддин Марғиноний: Ҳаёти ва илмий мероси. – Т.: Академия, 2007.
Нигора ЮСУПОВА
Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, ю.ф.д.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …