Home / МАҚОЛАЛАР / АХЛОҚИЙ ТАРБИЯ ИНҚИРОЗИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА НАВОИЙ МАЪНАВИЙ МЕРОСИНИНГ ЎРНИ

АХЛОҚИЙ ТАРБИЯ ИНҚИРОЗИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА НАВОИЙ МАЪНАВИЙ МЕРОСИНИНГ ЎРНИ

Ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам афкор омманинг диққат марказида бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. “Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди”, дейди донишмандлар. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса ёш авлод онгида вакуум пайдо бўлишига мутлақо йўл қўймаслик керак. Барчага аёнки, ҳозирги кунда дунё миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кескин тус олмоқда. Диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, “оммавий маданият” каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзот асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодга, оилавий ва миллий-маънавий қадриятларга путур етказмоқда. Мана шундай ва бошқа кўплаб таҳдидлар инсоният ҳаётида жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани айни ҳақиқат ва буни ҳеч ким инкор этолмайди”, дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзёев.

Дарҳақиқат, Ватанга садоқат, халқ фаровонлиги ва бахту иқболи, ёруғ келажаги учун ҳар қандай синов ва машаққатларга тайёр туриш, шу улуғ мақсадларга эришишни олий саодат, ўз ҳаётининг мазмуни деб биладиган инсонларни тарбиялаш энг устувор вазифалардандир. Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш мамлакатни барқарор ва илдам ривожлантиришнинг энг муҳим шартидир. Зеро, ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинчлиги ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир.

Инсоният бугунги кунда глобаллашув деб аталган ниҳоятда мураккаб бир даврни бошдан кечирмоқда. Дунёда юз бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ахборотларнинг шиддатли оқими, ёт ғоя ва “маданиятлар” хуружи ҳаммадан ўта ҳушёрликни талаб қилмоқда, ҳаётга янгича нигоҳ билан қарашга ундамоқда. Келажак авлоднинг руҳий-маънавий қиёфаси қандай бўлишини бугунги кун ёшларининг дунёқараши, ахлоқ-одоби, илмга бўлган интилишига қараб тасаввур этиш мумкин.

Бугунги глобаллашув шароитида ёшларнинг тафаккури, мафкураси ва дунёқарашида пайдо бўлаётган кўплаб бўшлиқларни ўткинчи ғоя ва ахборотлар тўлдирмаслиги учун уларга оила, таълим муассасалари, жамият тўғри ижтимоий тарбия бериши лозим. Ёш авлод онгига ҳалоллик, одиллик, инсонпарварлик, бағрикенглик, меҳр-оқибатлилик, яхшилик, мурувват, саховат каби фазилатларни сингдириш, уларга ёмонлик, ёвузлик, ўғирлик, текинхўрлик, порахўрлик, шафқатсизлик каби иллатлар катта ижтимоий таназзул манбаи эканини тушунтириш соғлом тарбия муҳитини шакллантириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Бунинг учун аввало жамиятда ижтимоий назорат йўлга қўйилиши, оилада ота-оналарнинг фарзандлар билан мулоқот, сўров, тинглаш, режаларни конструктив маслаҳат-насиҳат шаклида муҳокама ва таҳлил қилиш орқали улар дунёқарашини шакллантиришда фаол бўлиши талаб этилади. Чунки “Ёмоннинг, ёмонликнинг биттаси ҳам кўп” мазмундаги халқ мақолидан ёш авлод тарбиясида арзимас даражадаги эътиборсизлик ва лоқайдлик ҳам катта салбий оқибатларга сабаб бўлиши англанади.

Дунёқарашга доир синергетик (синергетика – лотинча “ҳамкорликдаги ҳаракат” маъносини билдириб, мураккаблик, мураккаб системаларнинг ҳамкорликдаги ўзини ўзи ривожлантириш ҳақидаги фан) ғоялар талқини оламни яхлит ва очиқ идрок этиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Чунки синергетика қонуниятлари тараққиёт фақат ташқи муҳит билан доимий равишда энергия, модда, ахборот алмашадиган очиқ системаларда бўлишини ишончли тарзда исботлади. Инсон ҳам очиқ, мураккаб система сифатида турли билим ва ахборотни қайта ишлаш орқали ўз-ўзини ташкиллаштириш ва тартиблашнинг янги шаклларига ўтиб, ривожланади.

Жониворлардан фарқли равишда одамлар ахборотни нафақат генетик код ёрдамида, балки ўқиш, ўрганиш орқали яъни, илм воситасида ўзлаштиради. Шунинг учун ҳам кишилик маданияти таълим-тарбияга, миллий қадриятларга, улуғ аждодларнинг илмий-маънавий меросига авлодлараро ахборот узатишнинг самарали усули сифатида таянади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, буюк мутафаккир Алишер Навоий шахси ва маънавий мероси аттрактор (attractor – инглизчада ўзига жалб қилувчи, ўзига тортувчи маъноларини англатади) сифатида кишини ўз-ўзини ташкиллаштиришга, такомилликка йўналтирувчи куч бўлиб хизмат қилади. Мутафаккир “Маҳбубул қулуб” асарини ёзишдан асосий мақсад бошқаларни ўз ҳаёт тажрибасидан, жамият аъзолари феъл-атворига хос мураккаб жиҳатлардан огоҳ этиш орқали уларни тўғри йўлга бошлашдан иборатлигини баён қилади.

Объектив реалликнинг идеал нормативларига мос равишда янгилаш қадрият тушунчаси билан боғлиқ бўлиб, қадрият – бу идеалнинг прагматик аспектининг моддий тимсолидир. Исталган конкрет бир жамиятнинг қадриятлар тизими ўша жамиятнинг маданий савиясига, даражасига боғлиқ бўлади. Маданиятнинг ижодий равнақи ва гуллаб яшнаши оддий аттракторга тортилиш (хаосдан тартибга ўтиш) билан, маданиятнинг тушкунлиги ва деградацияси эса ғалати аттракторга томон ҳаракатланиш орқали тушунтирилади.

Алишер Навоий буюк аттрактор сифатида ўзининг бутун ҳаёти, фаолияти ва ижодининг мазмун-моҳиятини халққа, инсониятга хизмат қилишдан иборат деб билади ва асарларида буни кенг тарғиб этади, жумладан, “Ҳайратул аброр” достонида бундай ёзади:

Одамий эрсанг, демагил одамий

Оники йўқ халқ ғамидин ғами.

Мутафаккир ижодиётида маърифат тарғиби, жаҳолатга барҳам берувчи куч сифатида илмни улуғлаш йўналиши етакчилик қилади. Навоий бадиий қаҳрамонларини ёшликдан илмга чанқоқ, ҳунарга иштиёқманд кишилар сифатида тавсифлайди. Уларнинг айримлари машҳур алломалар қўлида тарбия кўради. Шу буюк зотлардан фан сирларини ўрганиб, маънавий камолот йўлларини кашф этади. Шоир “Фарҳод ва Ширин” достони қаҳрамони Фарҳоднинг ёшлигидаёқ мавжуд илмларнинг барчасини ўзлаштирганини қайд этиб, уни келажак авлодга ибрат қилиб кўрсатади:

Жаҳонда қолмади ул етмаган илм,

Билиб таҳқиқини касб этмаган илм.

Фарҳоднинг катта жисмоний қудрат, фавқулодда зўр ҳарбий қобилият, бетакрор истеъдод эгасигина эмас, балки юксак маънавият соҳиби сифатида тасвирланганидан комилликка интилиш одамни ҳар жиҳатдан юксалтириши англанади.

Алишер Навоий “Ғаройибус сиғар” асарида инсонийликнинг, ҳаётнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритар экан, умрнинг муваққатлигини таъкидлаб, бу йўлни зийраклик билан босиб ўтмоқ лозимлигини, унинг хайрли оқибати учун қайғурмоқ кераклигини баён этади:

Камол эт касбким, олам уйидин

Санга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ.

Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ

Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ.

Илм олишдан кўзланган асосий мақсад мушкуллик ва муаммоларни бартараф этишда ундан фойдаланиш, ўрганганига ҳаётда амал қилишдан иборатлиги таъкидланади. Навоий кишининг маънавий комиллиги негизида билим ва тажриба ётишини айтади. Унинг фикрича, илм диний ва дунёвий билимлар уйғунлигида намоён бўлади. Кишилик цивилизацияси тараққиётига катта ҳисса қўшган аксарият улуғ аждодлар ҳам диний, ҳам дунёвий билимларни чуқур ўрганиб, икки йўналишда бирдек самарали ижод қилган. Айни бу ҳолат бугунги глобаллашув даврида ҳам баркамол авлодни тарбиялашда инсоният яратган барча ахлоқий ва диний қадриятларнинг уйғунлигига эришиш лозимлигини тақозо этади.

Ҳар қандай мураккаб реалликнинг ўз тузилмаси, ривожланиш қонуниятлари ва системаси мавжуд бўлиб, синергетик методология тартибсизликдаги тартибни, мураккабликдаги оддийликни кўриш имконини яратади. Буни Навоий ҳикматлари мисолида айтамиз:

Жаҳл аҳли бирла кимки улфат бўлғай,

Ул улфати ичра юз минг офат бўлғай.

Бу ерда мутафаккир инсонларни жаҳлдор, ғазабкор жоҳил кишилар билан дўст ва улфат бўлиш яхши эмаслигидан огоҳ этиб, улардан юз минг офат етиши мумкинлигини ва бунга чора сифатида шундайлардан узоқроқ юришни маслаҳат қилиб, тартибсизликда тартиб ўрнатишнинг содда йўлларини кўрсатиб беради. Яъни, қайта алоқа тамойилига мувофиқ, ижтимоий аттрактордаги ғазаб, жаҳл, зўравонликнинг унга жавобан янада кучлироқ, тажоввузкорроқ зўравонликни келтириб чиқаришига ишора қилинмоқда. Системанинг максимал даражада барқарорликка (мувозанатликка) эришиши тартиб ва эркинлик синтези асосида рўй бериши кўрсатилмоқда. Табиат ва жамиятда ҳамиша комилликка интилиш кузатилади, чунки айнан баркамол структуралар нисбатан барқарор ҳисобланади.

Бугунги кунда ёшлар ахлоқий инқирозининг олдини олишда Алишер Навоий маънавий меросининг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта. Мутафаккир аттрактор сифатида ҳар қандай муаммонинг ечими маърифатда ва аксинча, барча муаммо ва инқирозларнинг сабаби жаҳолатда эканини айтиб, ёш авлодни илм олишга, касб-ҳунар эгаллашга, вақтдан, умрдан унумли фойдаланишга, инсониятга хизмат қилишга чақиради.

Бахтиёр ТУРСУНОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …