Home / АЛЛОМАЛАР / Имом Таҳовий ва у кишининг “Ақидатут Таҳовий” асарини калом илмида тутган ўрни

Имом Таҳовий ва у кишининг “Ақидатут Таҳовий” асарини калом илмида тутган ўрни

Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома ибн Салама ал-Аздий ал-Мисрий ат-Таҳовий Нил дарёси ғарбий соҳилида Мисрнинг «Таҳо» шаҳарчасида туғилганлар. Хозирги кунда бу жой “Таҳо ал-Аъмада” деб танилган. У киши 239-ҳижрий санада ўз илми, фазли, тақвоси ва поклиги билан машҳур бир оилада туғилдилар. У киши ўз тенгдошлари ичида ёдлаш қобилиятининг кучлилиги ва фаҳмининг тезлиги билан, Қуръони каримни пухта ёдлаши ила ажралиб турар эди. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ, чунки отаси Муҳаммад ибн Салома Мисрнинг машҳур олимларидан бўлиб, фиқҳ ва усул илмларида пешқадам зот эдилар. Таҳовийга Қуръони каримдан бошланғич илм берган ва ёзишни ўргатган шахс Имом Абу Закариё Яҳё ибн Муҳаммад ибн Амрус эдилар. Сўнгра у отасининг илм ҳалқасида иштирок этди ва фиқҳдан дарс олди. Шунингдек тоғаси Исмоил ибн Яҳё ибн Исмоил ал-Музанийнинг (Имом Шофийнинг дўсти) илм ҳалқасида ўтириб ҳадисдан дарс олди. Шайх Абу Исҳоқ «Тобақоту ал фуқаҳо»да шундай дейдилар: «Абу Жаъфар ат-Таҳовийга Абу Ҳанифа асҳобларининг бошлиқлиги етти ва Мисрда Абу Имрон, Абу Хозим ва бошқалардан илм олди». Кавсарий: «Ким имом Таҳовийнинг шайхларини таржималаридан хабардор бўлса, уларни орасида Миср, Мағриб, Яман, Басра, Кўфа, Ҳижоз, Шом, Хуросон ва бошқа турли минтақалик шайхлар борлигини билади. Таҳовий уларни барчаларидан илм олган. Ҳар бир Мисрга келган уламоларни қаттиқ ҳурмат қилиб, ҳатто уларнинг илмларини олган. Юқори табақа ҳисобланадиган ибн Уяйна ва ибн Ваҳблардан ҳадис эшитган. Мисрга келган ҳар бир қозини зиёрат қилиб улардаги илмни эгалларди»,-деган.

Илм излаб бир шаҳардан иккинчи шаҳарга кўчиб юриш, аввалдан толиби илмликнинг белгиларидан ҳисобланади. Тарихдан маълумки, бир шаҳардан чиқмасдан ўша ернинг олимларидан илм олиб, илмнинг юқори даражасига кўтарилган олим камдан-кам учрайди. Лекин биз имом Таҳовийни илм сафарига чиққанларини билмаймиз фақатгина 267-йил Шомга борганлар ва у ерда қозилар қозиси Абу Хозим Абдулмажид ибн Жаъфар билан кўришиб ундан фиқҳни ўрганган[1]. Ироқ фиқҳини Абу Ҳанифадан ўрганган Исо ибн Абон ва Бакр ибн Муҳаммадлардан ўрганган. Бир йилгача давом этган бу сафар имом Таҳовийнинг илм сафари бўлмаган. Чунки, бу сафар Амир Аҳмад ибн Толуннинг расмий, муҳим таклифи билан қози Абу Хозим билан шарт ёзишликка тегишли фиқҳий масалани баҳс қилиш учун бўлган. Имом Таҳовий бу фурсатни ғанимат билиб, бир йил давомида Ғазо, Асқалон, Табария, Байтул Мақдис ва Дамашқга сафар қилган. У ердаги шайхлардан фойдаланганлар ва фойда берганлар. Тарихчилар Таҳовийнинг мана шу сафаридан бошқа сафарини зикр қилмаганлар. Буни сабаби ўша вақтда илм маданият марказлари бошқа шаҳарларда бўлмагани учун бўлиши мумкин. Эҳтимол ўша вақтда Таҳовий ислом маданияти марказида бўлгани сабаб бўлиши мумкин, чунки, Миср пойтахти Қоҳира уламолар ва толиби илмларнинг марказига айланган. У ерга бориб фойда бериб фойда олишган. Шунинг учун ҳам имом Таҳовий Мисрни ўзида илм олишни ирода қилганлар ва бошқа ёққа чиқиб илм олишга ҳожат ҳам йўқ эди.

У киши йигирма ёшга етганларида аввалги қавлини ташлаб, фиқҳда Абу Ҳанифа р.а. мазҳабларига ўтдилар. Бунга бир нечта сабаблар бор. Айтишларича, Таҳовий тоғасидан дарс олиб юрган кунлардан бир куни У: “Аллоҳга қасам, сендан бир нарса чиқмайди!” – дебди. Шунда жиянининг аччиғи чиқиб, тоғасини тарк этиб Абу Жаъфар ибн Абу Имрон Ҳанафийдан (331 ҳижрий санада вафот этган) дарс ола бошлаган экан. Таҳовий Мухтасар китобини ёзганларида: “Абу Иброҳимни (яъни, тоғасини) Аллоҳ раҳмат қилсин, агар тирик бўлганларида қасамига каффорат берарди” – деганлар[2]. Доктор Абудурраҳмон Умайра Ўзининг «Шарҳу ақидатит Таҳовий»га ёзган таълиқи муқаддмасида қуйидагича ёзади: «Бизнинг фикримизча у кишининг Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабига ўтишининг асосий омили, ўша вақтда одамлар зеҳнида бу мазҳаб ҳақида жуда яхши тасаввур бор эди. Чунки бу мазҳаб кенг фикрли бўлиш билан бирга ҳужжатлари ҳам кучли эди. Янги пайдо бўлган масалаларда тез ва қониқарли жавоб берилар эди. Ушбу Таҳовийга таъсир қилган. (Шарҳу ақидатит Таҳовий»1-43). Абу Яъло ал-Ҳанбалий ўзининг «ал-Иршод» китобида ёзадики: Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Шуритий: «Мен ат-Таҳовийга: “Нима учун тоғангга хилоф қилиб, Абу Ҳанифанинг мазҳабини ихтиёр қилдинг?” – десам. У: «Мен тоғамни Абу Ҳанифанинг китобларига доимо назар солиб турганини кўриб, уни мазҳабига ўтдим», деди – деган экан. Маълумки, Аҳли Сунна вал-Жамоа ақидаси ўша даврда учта буюк шахс томонидан ҳимоя қилинган ва асосий рукнлари ишлаб чиқилиб, шогирдлари ва китоблари орқали мусулмонларга тақдим этилган эди. Улардан биринчиси — Абул Ҳасан Ашъарий Бағдодда, иккинчиси — Абу Жаъфар Таҳовий Мисрда ва Абу Мансур Мотуридий Мовароуннаҳрда сунний ақиданинг ҳимоячилари сифатида ислом тарихида чуқур из қолдирдилар.

Шубҳасиз ҳар бир бошланишининг тугаши ҳам бор. Ҳар бир амалнинг белгиланган муддати бор. Ҳар бир жон ўлим шаробини тотади. Имом Таҳовий умрини яшаб, ажал етганда бутун дунёни илми, дарслари, тақвоси билан тўлғизгандан кейин 321/933 йил саксон икки ёшда вафот қилган ва Мисрнинг Қарофа қишлоғида дафн қилинади. Отаси Муҳаммад ибн Салома 264-йил вафот этган. Имом Таҳовийнинг “Аҳкомул Қуръон” йигирма жуздан кўп, “Шарҳу маьонил осор” икки жуз, “Мухтасар ат-Таҳовий”, “Шарҳу Жомиъус Сағир”, “Шарҳу Жомиъул Кабир”, “Китоб ал-Навадир ал-фиқҳия” ўн жуз ва “Китоб аш-шурутил кабир вал-авсат вас-сағир” номли асарлари бор. Етти жузли “Баёну мушкилил осор” у кишининг ҳадис бўйича охирги китоби ҳисобланади. Имом Таҳовийнинг зикри кўпгина таржимаи ҳол ва тарих китобларида келган. Масалан: “Тарихи ибн Касир”, Заҳабийнинг “Тазкиротул ҳуффоз”, Ибн Асирнинг “ал –Лубаб”, Ибн Абул Вафонинг “ал- Жавоҳирул музиа”, “ал-Жавоҳирул баҳиа фи тарожимил Ҳанафия”, “Лисонул мезон”, “Таҳзибу тарихи ибн Асакир” ва бошқа китобларни далил сифатида келтириш мумкин.

Имом Таҳовий ўзларининг “Ақидатут Таҳовий” китоблари билан машҳур бўлганлар. У киши бу китобда саҳобаларнинг ва улардан кейин ўтган Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳимаҳумуллоҳларга ўхшаш кишиларнинг ақидасини шарҳлаганлар. Бу китобда Аллоҳ таолонинг ва пайғамбарларнинг сифатлари, пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в.)нинг ҳаётлари, Қурьон ва унинг мўъжизалари, Ислом ва иймон, қазо ва қадар, ихтиёрилик ва мажбурланиш ҳақида сўз юритилади. Яна булардан бошқа тавҳид ва динимизнинг аслига тегишли нарсалар шарҳланган. “Ақидатут Таҳовий” китобига кўплаб уламолар шарҳ ва таълиқлар ёзганлар. Бу китоб ўн марталаб чоп этилган. Мусулмон давлатларидаги олий ўқув юртларида ўқув қўлланмаси сифатида қабул қилинган.

“Кашфуз Зунун” китобининг муаллифи “Ақидатут Таҳовий”га шарҳ ёзган бир нечта улуғ уламоларни санаб ўтган. 1.Али ибн Али ибн Муҳаммад ибн Абул Изз ал-Ҳанафий(792 ҳижрий сана Зул-қаъда ойида вафот этган)нинг шарҳи. Бу кишининг шарҳи энг гўзал, энг осон, энг мукаммал, энг жамловчи ва энг манфаатли шарҳлардандир. 2.Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Ҳанафий ал-Қавнавий(вафоти 770-ҳ.)нинг шарҳи. 3.Абу Абдуллоҳ Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Абу Исҳоқ ал-Фақиҳий ал-Ҳанафийнинг шарҳи. 4.Шужоъиддин Ҳибатуллоҳ ибн Аҳмад ибн Муъалло ибн Маҳмуд Туркистоний Ҳанафий Мотуридий(вафоти 733-ҳ.)нинг шарҳи. 5.Нажмиддин Бакрис(вафоти 952-ҳ.)нинг шарҳи. 6.Қози Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ ал-Ҳиндий ал-Ҳанафий(вафоти 773-ҳ.)нинг шарҳи. 7.Кофий ал-Ҳасан ал-Басновий ал-Иқхисорий(вафоти 1025-ҳ.)нинг шарҳи[3]. 8.Шайх Маҳмуд ат-Тарозий ал-Фарғоний ал-Муҳожир ал-Маданий(вафоти 1912-м)нинг “ан-Назмул Ҳовий ли Ақидатит Таҳовий” асари. 9.Ҳамаслардан Муҳаммад Анвар Бадахшонийнинг бошланғич ва сановий мадраса ўқувчилари учун қилган шарҳи.

Ўз асрининг алломаси, улуғ муҳаддис Саййид Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи “ан-Назмул Ҳовий ли Ақидатит Таҳовий”га ёзган тақризида: “Имом ат-Таҳовийнинг ақидаси ҳанафий имомларимизнинг ақоидлари бўйича энг собит нарсадир. Ўз асрининг имоми муҳаддис ал-Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳи бу китобни ҳанафийлар ақоиди бўйича ёзилган бошқа китобларга, ҳаттоки Имом Абу Ҳанифа имлоси ила Абу Мутийъ ал-Балхий томонидан ёзилган “Фиқҳул Акбар”дан ҳам афзал кўрар эдилар”-деганлар.

Улуғ адиб ва катта устоз Абул Ҳасан Али ал-Ҳасаний ан-Надавий “ан-Назмул Ҳовий ли Ақидатит Таҳовий”га тақризчи ўлароқ: “Имом ат-Таҳовийнинг ақидасини маҳкам тутган кишилар тушиниш, шарҳлаш ва ўқитиш учун қаттиқ уринган матнларнинг энг яхшисидир. Шунинг учун ҳам ҳозирги асрда Саудия Арабистони ва бошқа юртларда ўқув қўлланмаси сифатида айни шу китоб ихтиёр қилинган”-дейдилар[4].

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шўъбаси илмий ходими
 Шоназаров Абдувоси

 

[1] Али ибн Али ибн Муҳаммад ибн Абул Изз ал-Ҳанафий. “Шарҳу ақидатит Таҳовий”. Б. 23.

[2] Али ибн Али ибн Муҳаммад ибн Абул Изз ал-Ҳанафий. “Шарҳу ақидатит Таҳовий”. Б. 24.

[3] Ҳожи Халифа. “Кашфуз Зунун ъан асомил кутуб вал фунун”. Иккинчи жуз. Байрут: “Иҳёъут туросил арабий”. Б. 1143

[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ақидатут Таҳовий шарҳининг талхиси. www.islom.uz. Б. 6

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …