Home / АЛЛОМАЛАР / МОВАРОУННАҲР УЛАМОЛАРИНИНГ МЕРОС ИЛМИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

МОВАРОУННАҲР УЛАМОЛАРИНИНГ МЕРОС ИЛМИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

Мовароуннаҳр диёри ислом нури билан мунаввар бўлганидан сўнг бу диёр аҳлининг кўпчилиги исломни очиқ қалб билан қабул қилди. Айтиш мумкинки, Мовароуннаҳр аҳолисининг ислом динига кириши уларнинг кўплаб қобилиятларининг очилишига, ҳаётнинг кўплаб жабҳаларида ўзларининг пешқадамликларини исбот қилишга олиб келди.

Кўп ўтмасдан илм-фаннинг ва исломнинг турли соҳалари бўйича мовароуннаҳрлик намояндалар етишиб чиқа бошлади. Натижада Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Термиз ва Насаф каби шаҳарлар илм марказларидан бири сифатида бутун дунёга танила бошлади.

Мовароуннаҳрдан ўша вақтда мавжуд бўлган илмлардан ташқари бир қанча янги илмларга асос солган улуғ зотлар ҳам етишиб чиқди.

Илм-фансиз ҳеч бир юрт ёки жамият тараққиётга эриша олмайди. Ислом маданиятининг гуллаб-яшнаши, мусулмон ўлкаларининг жаҳон тарихи кўрмаган тараққиётга эришиши, юртларнинг обод, халқларининг пешқадам бўлиши ҳам Ислом динининг илм-фанга бўлган ўта яхши муносабатидан эди. Дунёда ҳеч бир дин, тузум, фалсафа ёки ҳаракат илм талаб қилишни ибодат даражасига кўтарган эмас. Талаби илмни ҳар бир эркак ва аёл учун бешикдан лаҳадгача фарз қилган эмас. Уламоларнинг сиёҳини шаҳидлар қонига тенгалаштирган эмас. Ислом эса айнан шу ишларни қилди[1].

Юртимиз олимларининг кўплигини тасаввур қилиш учун биргина мисол кетиришимиз мумкин. Умар Насафийнинг «Ал-Қанд фии зикри уламаи Самарқанд»[2] номли китобида Самарқандга тегишли бир минг ўнта олимнинг таржимаи ҳоли келтирилган. Албатта, мазкур китобда унинг муаллифига маълум бўлган ва ундан олдин яшаб ўтган уламолар ҳақида маълумот берилган, холос. Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарлари ҳақида ҳам худди шу гапларни такрорлашимиз мумкин.

Мовароуннаҳр олимларининг илмий мероси ҳақида жуда ҳам қисқа маълумотларни тақдим этиб, сўнг айнан мерос илмига оид ишлари билан танишамиз.

Ақида илмини оладиган бўлсак, бу соҳа бўйича бутун Мовароуннаҳр диёридан бир қатор уламолар етишиб чиқди. «Ақоиду Нафасий» асарининг муаллифи «Имомул Ҳуда» Имом Абу Мансур Мотуридий (в.333 ҳ.), ақида мактабининг ривожига катта ҳисса қўшган олим Нажмуддин Абу Ҳафс Самарқандий Насафий (460-537/1068-1142), Мотуридия ақийдавий мазҳабининг кўзга кўринган олимларидан бири улкан аллома Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний (722-792/1322-1390)[1]. Сирожиддин Ўший Фарғоний, Абу Шакур Солимий Кеший (в.508/1215) ва бошқаларни келтиришимиз мумкин.

Тафсир илми бўйича ҳам Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан айрим уламоларни келтириб ўтамиз: «Кашшоф ан ҳақоиқ ва уйунил ақовил фи вужуҳи-т-таъвил» номли тафсир муаллифи имом Жоруллоҳ Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Замахшарий (467-538/1075-1144), «Баҳрул улум» тафсир китобининг муаллифи имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий (в. 373/1003), «Мафотийҳул ғайб» китоби муаллифи имом Фахриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайин Розий (534-606/1149-1210), «Мадорикут танзил ва ҳақоиқит-таъвил» китоби муаллифи имом Абул Барокот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий (в.701/1310) ва бошқалар[2].

Ҳадис илми бўйича ҳам бутун дунё тан олган олимлардан Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Марвазий (161-238/778-853), Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий (118-181/726-797), Имом Насаий (215-303/829-915), Имом Бухорий (194-256/810-870), Имом Термизий (209-279/824-892), Имом Доримий[3] (182-255/797-869) каби уламоларимизни келтиришимиз мумкин.

Ислом оламидаги энг ишончли олти тўпламнинг учтаси – Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насаийларни юртимиздан чиққанлиги юртимиз уламоларининг бу соҳадаги ўринларини кўрсатиб турибди.

Фиқҳнинг усул ва фуруълари бўйича эса Мовароуннаҳр уламоларининг сони чексиздир. Усулул фиқҳ илмини ривожланишида ҳисса қўшган Ўрта Осиёлик уламолар қаторида Абу Мансур Мотурудий, Имом Абу Зайд Дабусий, Имом Али ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим Фахрул Ислом Баздавий (в.482), Имом Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Ҳофизиддин Насафий, Шамсул-аимма Сархасий ва бошқаларни келтириш мумкин бўлса, фуруъул фиқҳ борасида ижод қилган алломаларимиздан  Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косоний (в.587), Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий, Имом Содруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий, Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр Абдулжалил Марғиноний, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Саҳл Сарахсий(в.483), Шамсул Аимма Абдулазиз Ҳалавоний, Қозихон номи билан машҳур Фахриддин Ҳасан ибн Мансур Ўзгандий Фарғоний (в.592) ва бошқа кўплаб алломаларни санаш мумкин бўлади.

Мерос илмига тааллуқли ҳукмларнинг деярли ҳаммаси Қуръони каримда батафсил келганлиги ҳаммамизга маълум. Шунинг учун ҳам барча муфассирлар қатори Мавороуннаҳр тафсир олимлари меросга тааллуқли оятларни шарҳлаш орқали мазкур аҳкомларни янада очиб беришга катта ҳисса қўшишган. Айниқса, имом Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсирларида бу борада кўп фойдаларни кўришимиз мумкин. Маълумки, маййитнинг мерос олувчи қизлари сони иккита бўлса, уларга умумий молнинг 2/3 қисми берилади. Бироқ, Қуръон оятида ушбу масала ёритилган оятда 2/3 оладиган ворис қизлар иккитадан кўп бўлишлиги айтилган[4]. Ушбу оятдаги иккитадан кўп қизга берилган насиба нима учун иккита қизга ҳам берилишини оятдаги ишора орқали тушунтириб беради. Оятнинг аввалида бир ўғилга икки қиз улуши берилиши айтилганидан, бир қиз билан келган ўғилни 2/3 олиши маълум бўлди. Демак, ҳукмда бир ўғил билан баробар бўлган икки қиз ҳам 2/3 олади, деган ажойиб хулосани чиқаради. Онанинг мероси ҳақидаги оятда агар маййитнинг акалари бўлса, унга 1/6 берилади дейилган. Аксар уламолар бу ерда камида учта эркакни билдирувчи إخوة (акалар) сўзига иккитасини ҳам бир ака бир сингилни ҳам ва, ҳаттоки иккита сингилларни ҳам киритиб юборишади. Бунинг сабабини имом Замахшарий бундай изоҳлайди. إخوة сўзи миқдордан қатъий назар мутлақ кўпликни ифодалайди, дейди ва шу билан иккилик ва кўпликка қандай далолат қилиши маълум бўлади[5].

Фақиҳ Самарқандий ҳам ўзларининг “Баҳрул улум” деб номланган тафсир китобларида Нисо сурасидаги мерос ҳақидаги оятларга атрофлича тўхталиб ўтади. Қуръони каримда ҳар бир вориснинг улуши баён қилинганидан сўнг ушбу ҳукм васият ва қарзлар адо қилинганидан кейин амалга оширилишига урғу берилган[4]. Лекин фуқаҳолар қарзни тўлаш васиятдан муқаддам эканлигига иттифоқ қилишган. Бу ҳолатни Самарқандий шундай изоҳлайди. Қуръонда васият олдин келтирилганига қарамай фуқаҳолар қарзни аввал тўлашликка ҳукм қилишларига иккита сабаб бор. Биринчиси, Ҳазрат Алининг қарзни васиятдан аввал тўлашликка қилган кўрсатмалари бўлса, иккинчиси, инсоннинг табиатидаги молга бўлган муҳаббат. Яъни, маййит васият қилган инсонларга молни етказиб беришда ворислар гоҳида бахиллик сабабидан, гоҳида эса шунчаки бепарволик туфайли камчиликка йўл қўядилар. Шулар сабабидан аслида васият қарздан кейин бажарилиши керак бўлсада, Қуръонда олдин келтириб ўтилган, токи инсонлар уни қарз каби ҳукмга эга сифатида кўриб, уни адо қилишга шошилишсин[6].

Имом Насафий “Мадорику-т-танзил”да қизнинг меросдан оладиган улушларига тўхталганда бундай дейди. Аллоҳ ёлғиз қизга ярим, иккитадан ортиқ қизга 2/3 ҳисса берган, лекин иккита қизнинг улуши қанча бўлиши хусусида очиқ маълумот бермаган. Уламоларнинг аксари уларга ҳам 2/3 қисм беришади, бироқ буни далили сифатида ҳар хил қарашлар мавжуд. Бу борада имом Насафийнинг фикрлари таҳсинга сазовордир. Улар: Аллоҳ иккита сингилга 2/3 берган, қандай қилиб марҳумга улардан кўра яқинроқ бўлган қизига бундан кам бериши мумкин[7: 337], дейди. Бу каби далил келтириш услубини  усул илмида “қиёсул авло” дейилади. Демак, Насафий ушбу ҳукмни қиёс йўли билан чиқарган экан. 

Маълумки, фароиз ёки мерос илми фиқҳнинг ажралмас қисмидир. Бу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, фиқҳ бўйича китоб тасниф қилган олимларимиз гарчи фароизга оид мустақил асар ёзишмаган бўлсада, улар фиқҳ китобларининг сўнггида мерос масалаларига атрофлича тўхталиб ўтишган.  710 ҳижрий санада вафот этган Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий ўзининг фиқҳга оид “Канзу-д-дақоиқ” асарида ҳам мерос масалаларига алоҳида тўхталиб ўтган. Мазкур бобни муаллиф “Китаб ал-фароиз” деб номлаган. Бобда мерос масалалари жуда содда ва ихчам шаклда берилган. Китобда меросхўрлардан айримлари, масалан ота ва бобо орасидаги фарқ иккита дейилган. Бу борада муаллиф фарқни тўрттага етказган “Сирожия” муаллифига хилоф қилган[8: 696]. Лекин тадқиқотлар шуни кўрсатадики, улар орасидаги фарқнинг иккита эканлиги Абу Ҳанифанинг, тўртта эканлиги эса имомайннинг фикрлари экан[9: 20].

Онани кўп (1/3) улушдан кам (1/6) ҳиссага тушиб қолиши учун маййитнинг фарзанди, ёки камида иккита ака-ука, опа-сингиллари бўлиши керак. Бироқ ака-ука ёки опа-сингилларнинг фарзандлари таъсир қилиши-қилмаслиги ҳақида аксар уламоларимиз асарларида маълумот учрамайди. Имом Насафий бунинг ҳукмини баён қилиб бундай деган: “Онага маййитнинг фарзанди ёки ўғлининг фарзанди ҳамда камида иккита ака-сингиллар бўлганда 1/6 тегади, аммо уларнинг ўғиллари сабаб онанинг ҳаққи камаймайди”[8].

Булардан ташқари юртимиз уламолари томонидан фанга оид ёзилган мустақил, яъни, «Китобул фароиз» каби китоблар ҳам бор. Қуйида улардан айримларини келтирамиз:

“Фароиз” – Абу Наср ал-Марвазий. Муаллиф ўз китоби ҳақида: “Фароиз ҳақида китобимиз минг саҳифадан ошади” деган.

“Фароиз ат-Темиртоший”– Заҳириддин Аҳмад ибн Исмоил Темиртоший Хоразмий Ҳанафий (744 ҳижрий йилда вафот этган).

“Фароиз ал-Усмоний” – Бурҳонуддин Абул Ҳасан Алий ибн Абул Ҳасан Алий ибн Абу Бакр Марғиноний. (“Ал-Ҳидоя”нинг соҳиби) 593 ҳ.й. вафот этганлар.

 Шу ўринда юртимиз мадрасаларида қадимдан ўқитилиб келинган мерос китобларидан бири Сирожиддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдуррашид Сажовандийнинг “Сирожия” номи билан танилган “Фароиз ас-Сирожия” китобидур.

«Сирожия»га ёзилган шарҳлар орасида машҳури ва одамлар орасида энг кўп қўлма-қўл бўлгани аллома Саййид Шариф Алий ибн Муҳаммад Журжонийнинг «Ал-Фароиз аш-Шарифийя»[10] номли китобидир. Бу шарҳга ҳам жуда кўп ҳошия ва таълиқотлар ёзилган. Саййид Шариф бу асарини 804 ҳижрий йилда Самарқандда ёзиб тугатган.

Хулоса қиладиган бўлсак, уламоларимизнинг фиқҳ ва айниқса, унинг катта бобларидан бири бўлган фароиз соҳасида қилган ишлари беқиёс экан. Улар томонидан илмнинг айрим муҳим масалаларини ҳал қилишда ва далил-ҳужжатларини очиб беришда катта ишлар амалга оширилганини ҳамда ислом уламолари томонидан ушбу хизматларни юксак эътироф қилинганини алоҳида таъкидлаш ўринли экан.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мавороуннаҳрлик уламоларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси.
  2. “Ал-Қанд фи зикри уламаи Самарқанд”.
  3. Ўрта аср Шарқ алломалари энциклопедияси. Зиёдов Ш. раҳбарлигидаги олимлар жамоаси. 2016. Расулова; –Т., Дустжонов; С.Хасанов “Хоразм Маъмун академиясининг олис-яқин юлдузлари”. Т– 2005 й.,
  4. Қуръони карим, Нисо сураси, 11-оят.
  5. Замахшарий М. Тафсири кашшоф, 1-жуз, 223-б. “Дарул Маърифа”, Байрут – 2009.
  6. Самарқандий. “Баҳрул улум”, I-жуз, 336-338-б. “Дарул кутубил илмийя”, –Байрут 1993.
  7. Насафий, Абул Баракот. “Мадорику-т-танзил”, I.
  8. Насафий, Абул Баракот. “Канзу-д-дақоиқ”.
  9. Бадахшоний А. Тавдиҳу фароизи-с-сирожия.
  10. Саййид Шариф Журжоний. “Шарифия шарҳи сирожия”.
С.МАСАЙИТОВ
 ТИИ Халқаро алоқалар бўлими ходими, тадқиқотчи
_____________________________________________________________
[1] «Мутақаддимин» ва «мутааххирин» деб, уламоларни тақсимлаш шу олим давридан эътиборга олинади, яъни, Тафтазонийгача яшаб ўтган олимларни биринчи, ундан кейингиларни иккинчи ном билан атала бошланган.
[2]Мовароуннаҳрда «Итқон», «Тафсири Нўъмоний», «Тафсири Тибён», «Тафсири Мавлоно Чархий» каби маҳаллий тилларда ёзилган кўплаб тафсирлар ҳам мавжуд бўлиб, улар форс ва туркий тилнинг ўзбек, татар ва бошқа шеваларида ёзилган.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …