Home / МАҚОЛАЛАР / ИБН ДАВЛАТ ДЕВОНИ ҚЎЛЁЗМАСИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ

ИБН ДАВЛАТ ДЕВОНИ ҚЎЛЁЗМАСИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ

Ибн Давлат девони Шарқ мумтоз девончилиги анъаналари доирасида тартиб берилган шеърлар тўплами бўлиш билан бирга, у ХХ асрнинг 40-йилларида тузилгани билан аҳамиятлидир. Чунки, айнан шу даврда мумтоз меросга нисбатан беписанд қараш, унинг жуда кўп жиҳатларини рад этиш тамойиллари собиқ совет мустабид тузуми адабиётшунослиги ва адабиётида бўй кўрсатаётган эди. Юқорида таъкидланганидек, Ибн Давлатни биз адабий давра ва матбуотда кўрмаймиз. У том маънода ўзбек мумтоз адабий анъаналарини ўзига хос равишда давом эттирган ижодкордир. Бу жиҳат унинг девонида яққол кўринган. Муаллифнинг девони тузилиши, таркиби ва унинг матний хусусиятлари ҳам фикримизни исбот этади. Ибн Давлат девонининг қўлёзмаси ва унинг матни ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин. Аввало, девон муаллифнинг ўзи тарафидан кўчирилган (қўлёзма, автограф, дастхат). Манба ҳозирча ягона нусха бўлиб, бошқа нусхаси маълум эмас. Хати – настаълиқ.

Маълумки, Ўрта Осиё хаттотлик санъатида настаълиқнинг Бухоро тури алоҳида ажралиб туради. У асосан ҳарфларнинг йириклиги, йўғонроқ ёзилиши ва ботиқлиги билан бошқа жойларда кўчирилган настаълиқ хатидаги манбалардан фарқ қилади.[1] Мазкур хаттий белгилар биз тадқиқ этаётган девон матнига хос бўлиб, унга кўра Ибн Давлат девонидаги хат турини ҳам Бухоро настаълиғи, дейиш мумкин.

Бундан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ибн Давлат ҳам маълум маънода хаттотлик малакаси ва тажрибасига эга муаллифдир. Албатта, девон қўлёзмаси матнидан тез ва шошилиб ёзилган, бир хилликка амал қилинмаган ўринлар ҳам учрайди. Лекин яхлит олинганда шоир котиб сифатида маълум хаттий услуб ва китобат қилишдаги ёзув малакасига эга хаттот эканлиги, яққол сезилиб туради. Ушбу девон бошқа мумтоз девонлар каби алоҳида жилдга эга ва Шарқ қоғози (Қўқон қоғози)га ёзилган эмас. У ўша давр (ўтган асрнинг 30-40 йиллар) мактабларида ўқувчиларга ёзув учун урфда бўлган бир чизиқли дафтар қоғозларига ёзилган. Буни эса бизнингча, ўша давр ҳолати ва муаллифнинг имкониятидан келиб чиқиб баҳоланса тўғрироқ бўлади.

Манбашуносликда қўлёзманинг ҳолатини тавсиф этишда қўлёзманинг алоҳида ва унинг матнининг алоҳида ўлчамлари мавжуд. Шулардан келиб чиқиладиган бўлса, Ибн Давлат девони қўлёзмасининг ўлчами бир хил: 21х16 см. Чунки, дафтар стандарт ўлчамда бўлади. Бироқ, матн ўлчамлари эса бир хил шаклда эмас. Улар: 17х12 см, 18,5х13 см, 16х10 см ҳажмларидадир. Ушбу жиҳатни ҳам шоирнинг девон қўлёзмасини китобат этишда матнни тез ва шошилиб ёзилганидан, дейиш мумкин.

Қўлёзмадаги  варақларнинг сони эса 124 бўлиб, 248 саҳифани ташкил этади. Кейинчалик ҳар бир саҳифа рақамланиб чиқилган. (Балки муаллифнинг ўзи амалга оширган бўлиши ҳам эҳтимол).

Қўлёзманинг зарар етганини яна шундан ҳам билиш мумкинки, муаллиф ҳар араб алифбоси ҳарфи билан бошланадиган шеърлар бошланадиган саҳифага алоҳида жумла билан эскартишлар илова қилган. Масалан, “дол” ҳарфи билан тугалланадиган шеърлар бошига “Бисмиллаҳир роҳманир-роҳийм, радиф “дол” (64-саҳифа), “мим” ҳарфи билан тугалланадиган шеърлар бошланмасига “аз радифу мим” (159-саҳифа), “йо” ҳарфи билан тугалланадиган шеърлар бошига эса “Бисмиллаҳир роҳманир-роҳийм, радиф “йо”” (186-саҳифа). Лекин, бундай эскартиш жумлаларни ҳамма ҳарфлар бошланадиган саҳифаларда ҳам кўрмаймиз. Аксар қисми қўлёзма зарарлангани, матн сиёҳлари ўчиб кетгани учун ўқиб бўлмайди ёки ўша жой қайсидир бошқа сабаблар билан йўқ бўлган. Кўринадики, муаллиф қайсидир жиҳатлардан мумтоз анъанани бардавом сақлашга интилган. Лекин айни ўринларда ҳарфлар бошланадиган жумлаларни бир хил эмас, қайси ўринларда “Басмала”, қайси ўринларда оддий ҳарф таъкиди билан бошламоқда. Бу ҳам шоирнинг ўз шеърларини маълум вақтлар оралиғида битиб борганига далил бўлади. Чунки, Ибн Давлат эътиқодли шахс ва ўз тасаввуфий маслагидан келиб чиққан ҳолда деярли ҳар шеърини Тангри номи ила бошлашга киришган. Бу жиҳат ҳам девон матнида кўринади. Қўлёзма устида ишлашдаги маълум танаффуслардан сўнг, шоир ишни давом эттиришга киришар экан, беихтиёр, албатта “Басмала”ни қайд этиб ўтади. Гарчанд, “Басмала” девон тузишда фақат бош саҳифада келса-да, Ибн Давлат юқорида таъкидланган жиҳатдан келиб чиқиб ушбу киритмани қилган, дейишимиз мумкин. Масалан, қўлёзманинг 119-саҳифасининг юқори қисмида шундай таъкид учрайди: “Ки бисмиллаҳир роҳманир-роҳийм, Худони ёд этай ман, Ё Карим деб”. Худди шундай киритмани 127-саҳифада ҳам кўришимиз мумкин. Ибн Давлат девонидаги матний хусусиятлардан, аниқроғи муаллифга хос киритмалардан, яна бири “Афу анҳу” (У афв этсин) арабий бирикмасини бот-бот келтирилишидир (мисол учун, 147, 175, 191, 231-саҳифалар). Девон қуйидаги фард билан ниҳоясига етади:

Номи Аллоҳ бирла айлай бу дамда баҳри «қоф»,

Ё Илоҳо, айлағил қулли исёниммаоф.

Фикримизча, бу ўринда “Аллоҳ номи билан”, “баҳри қоф” сўзлари бежизга келтирилмаган. Қуръони каримдаги «Қоф» сурасини олиб, тажриба ўтказиб кўрайлик. Бу сурада нечта «қоф» ҳарфи борлигини санаб чиқамиз. Маълум бўлишича, 57 та экан. Кейин шу ҳарф билан бошланган «Шўро» сурасини ҳам олиб, ундаги «қоф» ҳарфларини санаб чиқсак, бу ҳам 57 та чиқди. Энди иккала рақамларни қўшилса: 57+57=114. Қуръонда ҳам шунча сура бор-ку![2] «Қоф» суранинг бошланишида: «Қоф! Улуғ Қуръонга қасамки», дейилса, сура охирида «Бас, ушбу Қуръон билан менинг ваҳдамдан қўрқадиганларга панд-насиҳат қилинг!» дейилган. Гўёки, у билан «қоф» Қуръоннинг рамзига айланганга ўхшайди. Икки сурадаги «Қоф» ҳарфларнинг умумий сони 114 та – Қуръондаги жами суралар сонига тенг чиқди! Ибн Давлат девоннинг тугашидаги фардда Улуғ Қуръонга қасам ва Аллоҳ ваҳмидан қўрқадиганларга панд-насиҳат дея моҳирлик билан баҳри “қоф” сўзи тугатади. Кейин шу “қоф” ҳарфи билан бошланган Ибн Давлат девонидаги 201 та ғазал, 9 та мурабба, 32 та мухаммас, 2 та мусаллас, 2 та рубоий ва 2 та фардга ҳам эътибор қиламиз.

Бунда биз шоирнинг диний ва дунёвий билимларни эгаллаган илму ҳолу илму қол соҳиби эканлигининг гувоҳи бўламиз. Шоир ўз ижодини моҳиятан инсон қадри-шарафи ва маънавий камолотини улуғлашга, эзгулик ва гўзалликни мадҳ этишга бағишлади. Бунга доир қарашларимизни девон қўлёзмасининг хотимаси ҳам тасдиқ этади.

Девоннинг 247-саҳифасида муаллиф шундай насрий хотимани баён қилган: “Манки саййид Халифа Йўлдошдурман. Санаи бир минг олтмиш уч бўлғанда бирадарон ва ёрон толибуллоҳ бир неча кунлар шаб-рўз алад-давом риёзаьлар ўз табъимдин бир неча ғазал ва мухаммаслар айдим. Боядки, ўқуған ва эшитган мўъмин ва мусулмон аҳли иймон биродарлар амал қилсун. Зероки,  қутби олам бир неча машойихлар фақирга иршод халқга насиҳат қил амр этгандур. Ул азизларни амри шарифини вожиб билиб Аллоҳ таоло бизга тилоқот ва фасоҳат забон берибдур, лиллаҳил ҳамд. Ҳар ким масхара тутса юзи қаро бўлсун”.  Муаллифнинг ушбу эътирофига кўра, 1363 (милодий 1944) йилда ушбу девон тугалланган, ундаги айтилган шеърлар (ғазал ва мухаммаслар) халққа насиҳат қилиш учун битилган, уларнинг ҳаммаси дин йўлида, мусулмонларни тўғри йўлга солиш учун ёзилган фасоҳат асарларидир; агар кимки, буларни масхара қилса юзи қора бўлсин.

Маълум бўлишича, Ибни Давлат тасаввуфий маслак доирасида ушбу девонни амалга оширган, ўз қарашларини шеърий йўлда ифода этган. Албатта, замона тақозоси билан ушбу битиклар устидан кулгувчи ва уларни масхара этувчилардан қаттиқ ранжиши ҳам билдирилган.

Девоннинг энг сўнгги 248-саҳифасида эса бир қизиқ жумла бор. Унда шундай ёзилган: “Алҳамдуллиллаҳи раббил оламин. Хат ғалат, имло ғалат, иншо ғалат. Одамию охири дунё ғалат”. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ибн Давлат девони 1944 йил муаллиф тарафидан китобат қилинган. У Шарқ мумтоз адабиётида мавжуд бўлган девон тузиш қоидалари асносида тартиб берилган ўзбек девончилик намуналаридан биридир. Муаллиф автографи орқали етиб келган девон орқали биз уни яратиш жараёни, шеърларни жойлашуви, матний хусусиятлари ва ўзига хос тартибий тузилиши ҳақида аниқ тасаввурга эга бўла оламиз. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
1.Муродов А. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. –Т.: Фан,  1971.
2.Абдулғафур Раззоқ Бухорий. Ҳуснихат дурдоналари. –Т.: Мовароуннаҳр, 2008.
3.Зуфаров Т. Хат таълими (ҳуснихат қоидалари). –Т.: Meriyus, 2010.
4.О.Жўрабоев “Қорий Хўқандийнинг дастхат девонлари” мақоласи  Адабиёт кўзгуси. йиллик илмий нашр. №10. –Т., 2008.
5.Мустафо Маҳмуд “Дўстим билан баҳс” рукнида.
[1] Муродов А. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. –Т.: Фан, 1971; Абдулғафур Раззоқ Бухорий. Ҳуснихат дурдоналари. –Т.: Мовароуннаҳр, 2008; Зуфаров Т. Хат таълими (ҳуснихат қоидалари). –Т.: Meriyus, 2010.
[2]Мустафо Маҳмуд “Дўстим билан баҳс” рукнида.
Дилфуза ТОШНИЁЗОВА,
Самарқанд давлат университети
мустақил тадқиқотчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …