Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуси доирасида қатор илмий маърузаларни ўзида мужассам этган навбатдаги онлайн семинар ўтказилди.
Бу галги семинарда Франция миллий тадқиқотлар маркази қошидаги Шарқ ва Ғарб археологияси ва филологияси қўшма тадқиқотлар бўлими тадқиқотчиси, ўзбек-француз олимларининг Самарқандга экспедицияси аъзоси, тарих фанлари номзоди Юрий Каревнинг “Амударёнинг нариги томони: Халифаликнинг шарқий ҳудудларида жойлашган Мовароуннаҳр (VII-IX асрлар)” мавзуидаги маърузаси тингланди.
Маърузачи Мовароуннаҳр, яъни Амударёнинг нариги томонидаги ҳудудлар VIII асрнинг биринчи ярмида Уммавийлар истилоси давридаги Хуросоннинг “табиий” давомини ташкил этгани ва ҳудуд бевосита Хуросон амири томонидан пойтахт Марвдан туриб, Бухоро ва Самарқанд каби шаҳарлардаги йирик давлат арбоблари орқали бошқарилгани ҳақида батафсил гапириб берди.
Маърузада шунингдек, Уммавийлар ва Аббосийлар даврида Мовароуннаҳр устидан сиёсий ва маъмурий назорат тизими эволюциясининг асосий босқичлари ҳақида ва бу ҳудуд халифалик таркибидаги ўзига хос геосиёсий бирликка айлангани тўғрисидаги қимматли ва қизиқарли маълумотлар берилди.
Семинарда Марказ илмий ходимлари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) вакиллари, Ўзбекистондаги халқаро Ислом академияси ва Ислом цивилизацияси маркази олимлари, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Миллий археология маркази Самарқанд филиали тадқиқотчилари, Термиз давлат университети профессор ўқитувчилари, юртимизда фаолият юритаётган илмий муассасалар ходимлари, тарихчилар ва хорижий давлатлар тадқиқотчи олимлари иштирок этди.
Семинар сўнгида маърузачи иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоб берди.
“Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуси доирасидаги туркум онлайн семинарлар давом этади.