Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИНИНГ МАЪНАВИЙ-РУҲИЙ АСОСИ

ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИНИНГ МАЪНАВИЙ-РУҲИЙ АСОСИ

Бизга маълумки, цивилизация тарихнинг, жамиятнинг сифатий ўзига хослигини, у ёки бу мамлакат доирасида амал қиладиган, ишлаб чиқариш кучлари, инсон фаолияти, маданияти томонидан умумий ижтимоий қонуниятларнинг спецификасини ифодалайди. Цивилизация мураккаб мазмунга эга бўлган ижтимоий-фалсафий тушунча. Бу тушунчани шотланд файласуфи А.Фергюссон (1723-1816) умумжаҳон тараққиётнинг маълум бир босқичини ифодалаш учун ишлатган бўлса, фрацуз маърифатпарварлари ақл-идрок ва адолатга асосланган жамиятга нисбатан ишлатганлар. Ҳозирги вақтда ҳам цивилизация тушунчасининг ҳажми ва мазмуни борасида турли хил ёндашувлар мавжуд. Ислом цивилизациясини тадқиқотчилар диний мансублигига кўра, фарқланувчи маданий бирликлар цивилизацияси деб, талқин қиладилар. Лекин улар ислом цивилизациясини ислом олами мустаҳкам бир бутунликни, яхлитликни ташкил этмаганлиги учун илмий тушунча сифатида бирор қимматга эга бўлмайди, деб тушунтирадилар. Зеро. цивилизация тараққиётининг қонуниятларидан бири маданиятлар тараққиётининг нотекис ривожланиш қонуниятидир. Ўтмишда ҳам ҳозирги даврда ҳам, турли давлатларда турли халқларнинг маданияти параллель ва текис ривожланмаганлиги кўзга ташланади. Дарҳақиқат, баъзи халқлар маданиятлари нотекис ривожланади, баъзи халқлар даражаси ўсади, айрим халқлар маданияти орқада қолиб кетади.

Ислом цивилизацияси улкан жуғрофий кенгликни эгаллаган ҳолда дунё мусулмонларини қамраб олган ўзига хос феномен сифатида инсоният тарихида улкан из қолдирди. Лекин Ғарб шарқшунослигига хос одатий тезис бўлган ислом“самарасиз сомий дин” сифатида ўз ривожланиши учун зарур бўлган механизмларни ишга тушира олмади ва у ўз асосчисининг вафотидан кейин боши берк кўчага кириб қолди , деган асоссиз ва ғайри-илмий қарашлар тез-тез эшитилиб турган бир шароитда ислом цивилизациясининг қонуний асослари ёритиб бериш мақсадга мувофиқдир. Зеро, Ғарб ўз инқирозини ислом феноменидан ахтариши ғайри илмий қарашдан бошқа нарса эмас. Бу саволларга юқорида таъкидлаганимиздек, маданиятларнинг нотекис ривожланиши қонуни жавоб беради. Мазкур қонуннинг амал қилиш сабаблари тўртта:1. пассионар энергиянинг айрим халқларга таъсири; 2.ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши; 3. Ландшафтнинг таъсири; 4. халқларнинг ички энергияси. Буни айтишдан мақсад шуки, қайси халқ қулай ландшафт, пассионар энергия ёки этноснинг ички энергияси, ривожланган ишлаб чиқариш қуроллари таъсирида бўлса, ўша халқнинг маданият даражаси ўсади, бундай шароитлар чегараланганда эса маданият тараққиёти тезлиги сусаяди. Инсоният ўз цивилизациясини эрамиздан аввалги 4 минг йилликда Мисрда бошлаган бўлиб, Миср цивилизацияси номини олган бўлса, кейинчалик эстафета Евфрат ва Тигр дарёлари оралиғида яшовчи Месопотамия аҳолиси шумер ва аккадлар қўлига ўтди ва шумер маданияти ёки цивилизацияси сифатида тарихда қолди. Шундан сўнг Бобил цивилизацияси, милоддан аввалги 3 минг йилликда Ҳинд маданияти бўлган Мохонжо-Доро ва Хараппа цивилизациси, Эрамиздан аввалги 3 минг йилларда Хитой цивилизацияси, ўша даврнинг ўзида Ўрта Осиё цивилизацияси ёки Турон цивилизацияси деб юритилган, эрамиздан аввалги 2 минг йилларда Европада антик маданият ва эрамизнинг 1 асрларида Европа цивилизациялари бунга мисолдир.

Юқорида таъкидлаганимиздек, маданиятнинг нотекис ривожланиш қонунларидан бир ёки бир нечаси у ёки бу халқ маданиятига ижобий кўламда кучли таъсир ўтказса, у ривожланади, агар кучсиз ёки салбий таъсир этса маданият тараққиёти тезлиги сусаяди, натижада бошқа халқлар маданияти даражасидан орқада қола бошлайди.

Бизнинг назаримизда ислом цивилизациясини ўрганиб, фикр-мулоҳаза қилмоқчи бўлсак ана шу мезонларга таяниш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки, исломнинг ижтимоий моҳияти динимиз мукаммал амал қиладиган қоидалар асосида жаннатга йўлланма берадиган қоидалар қўлланмаси эмас, аксинча, у инсон қалбини уни руҳини тозалашни мақсад қилиб олган ижтимоий, интеллектуал ва маънавий технологиялар мажмуидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръонда, қиёмат куни соғлом қалб (қалбун салимун)дан бошқа бирор нарсанинг фойдаси бўлмайди, дейди. (Қаранг: Қуръон.” Шуаро сураси”, 89-оят.)

Пайғамбаримиз ҳадисларида айтилганидек: Танада шундай бир аъзо бор, агар у соғ бўлса, тана соғломдир, агар у бузилган бўлса, бутун тана бузилгандир. У қалбдир.

Демак, ислом цивилизациясининг асосий хусусияти шундан иборатки, жамият моддий барқарорликка эришиш бир томонда бўлса, ижтимоий барқарорлик ва ҳамкорлик, жамият аъзоларининг маънавий руҳий етуклиги уларнинг комиллик сари интилишлари асосий мезонлар бўлиб майдонга чиқади. Ислом ривожланишининг ҳар бир даврида йирик уламолар исломнинг барча амрлари мана шу амрга бўйсиниши кераклигини аниқ тасаввур қилганлар. Шунинг учун ҳам улар қалбнинг ҳолатларини ўрганувчи илмни ва соғлом ҳолатини таъминлайдиган усулларни яратишга ҳаракат қилганлар ва уни уддалай олганлар. Бу илмнинг анъанавий оти тасаввуф, деб аталган. Замонавий уламолар ва шарқшунослар бугунги кунда яна ҳам тушунарли қилиб “Ислом психологияси” деб номлайдилар.

Бизнинг фикримизча, юқорида таъкидлаганимиздек, бу ерда маданиятлар ривожланишининг тўртинчи қонунияти яъни “халқларнинг ички энергияси” таъсирида содир бўлган. Чунки у ёки бу халқнинг маданиятга, маърифатга, ўз ҳаётини ахлоқий асосларга қуриб яшаш истаги унинг ўзининг миллий хусусиятида келиб чиқади. Халқимизни пок маънавий-руҳий комилликка эришиш ҳаракати азал-азалдан мавжуд. Шунинг учун ҳам бундай турмушни ташкил қилишини асосини илмни яъни қалбни покликка руҳни тетикликка олиб борувчи тасаввуф илмини яратганлар. Аслида, тасаввуф исломий мазҳабларга мансуб кишилар риоя қилган амаллар мажумидан иборат илмдир. Лекин пайғамбаримиз ва саҳобалар даврларида тасаввуф кейинчалик пайдо бўлган шакли сифатида мавжуд бўлмаган. Бундай деб айтиш, унинг аҳамиятини пасайтирмайди.

Тасаввуф янги илм ислом психологияси сифатида Қуръонда яширин ва мавҳум ҳолда мавжуд бўлса-да, ислом маданиятида илк марта аббосийлар ҳукмронлигини дастлабки даврларида маълум даражада тизимга солинди. Агар Қуръони Каримда “солим қалб”га эришишга берилган аҳамиятни ҳисобга оладиган бўлсак, ислом психологиясининг таъсири оммавий бўлган ва кенг тарқалганлигининг гувоҳи бўламиз. Дарҳақиқат, бу ҳолатни мумтоз ислом уламолари ўз вақтида пайқаганлар ва унга амал қилганлар. Замонавий шайхул-уламоларимиз ҳам таъкидлаганларидек, ҳар бир шайх ўз тариқатининг Қуръон ва Суннатга мувофиқ эканини, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан олинганини исботлаши керак эди. Бунинг учун ҳар бир шайх ўз устозининг ва устозининг устозининг рухсатларини исботлаб, силсилани Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламгача етказар эдилар. (Қаранг: Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. 5-бет).

Ислом шаклланган дастлабки тўрт асрда тафсир, ҳадис, сарфу наҳв сингари илмлар борасида буюк асарлар яратилди. Уламолар, шунингдек, ал-қалб ас – солим муаммосига эътибор қаратди. Илк марта Сўфйон ибн Уйайна, Сўфйон аз-Заврий ва Абдуллоҳ ибн ал-Муборак сингари кўплаб дастлабки зоҳидлар тобеъинлардан ўрнак олиб, бутун диққатларини қалбни тозалаш санъатига қаратгани кўзга ташланади. Улар ўзлари яратган усулларга тез-тез рўза тутиш, кечалари намоз ўқиш, вақти-вақти билан узлатга чекиниш каби шартларга амал қилар эдилар. Чунки қалб раббоний, руҳоний ва латийф нарса бўлиб, улар орасидаги алоқа худди сифатнинг сифатланган нарса билан бўлган алоқасига ўхшайди. Ана шу латийф нарса инсоннинг ҳақиқатидир. Идрок, билим ва маърифат ўшандадир. Мусулмонларнинг бундай ўзига хос художўйлиги пайғамбаримиз даврида бир системага солинмаган бўлса-да, бу масалада пайғамбар қадрлаган нафсни тийиш, самимият ва ваҳийга ўта содиқликда деб билган барча мусулмонларни қамраб олган категория эди. Ўша эркаклар ва аёллар қиёмат кунидан қўрққани учун баққаъун. (“йиғлоқилар”) ёки зуҳҳод (зоҳидлар) ва ёки уббад (“узлуксиз ибодат қилувчилар”) деган турли номлар билан аталган. Лекин, ҳижрий III асрдан бошлаб бундай қарашлар ўз мазмун ва хусусиятини бошқача битикларда намоён қила бошлаган. Чунки ўша даврдаги муҳит яъни Аббосийлар давридаги шаҳар аҳолисининг бойликка ружу қўйиши, ҳашам ва моддий бойликларга берилиб кетиши мусулмонларни пайғамбарларидаги оддий турмушга қайтиш ва тиклаш тамойилини шаклланишига олиб келди. Қалб мусаффолиги, бошқалар дардига шерик бўлиш ва доимо Аллоҳни ёд этиш ушбу тамойилнинг ўзига хос кўриниши эди. Бу тамойилнинг энг муҳим хусусияти муҳосаба усули бўлган. Бу усулга мувофиқ инсон ўзининг нафсини жиловлай олиши, уни ҳакалак отиб кетишига йўл қўймаслиги учун ўзини-ўзи имтиҳон қилиш ва қалбини ислоҳ қилиб бориши назарда тутилади. Шу билан бирга риёзат, ички интизом ҳам бу тамойилнинг асосий шарти бўлган.

Ўша пайтга келиб тасаввуфнинг асосий принциплари ишлаб чиқилди. Ақлли махлуқлардан бири бўлган инсон тўртта таркибий қисмдан иборат деб тушунилар эди: жисм, ақл, руҳ ва нафс. Тасаввуф ана шу каби маъноларни алоҳида эҳтимом ила тушунтиради ва уларнинг ҳар бирига мусулмон банда қандай муносабатда бўлиши зарурлигини баён қилиб, ўша баённинг тадбиқ қилинишини ҳам йўлга қўяди. Ана шу тўрт тамойил тасаввуфнинг номларидан бири ва ислом цивилизациясининг асосларидан бири бўлган “руҳий тарбия” деб аталишининг сабаби ҳам шунда.

Диний тушунчага кўра, киши ҳаётлигида у билан бирга, ўлимидан сўнг танадан чиқиб ҳам барҳам топмайдиган асосий моҳиятидир. Исломда Руҳнинг моҳияти ҳақида баҳс юритиш ман этилади. Қуръонда таъкидланганидек, илоҳий илҳомнинг бир қисми бўлган руҳни ақл билан англаб етиш қийин. У инсон танасининг бу дунёга боғлиқ бўлмаган қисмидир.

Руҳ тасаввуфда муолажа қилинадиган билувчи ва идрок қилувчи латийф нарсадир. Унинг ҳақиқатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Қуръони Каримнинг “Исро сураси 85 – оятида ” Руҳ Аллоҳнинг илмига ҳавола этиладиган сир экани ва Руҳ ҳақида одамлар жуда оз маълумотга эга эканлиги таъкидланган (Эй, Муҳаммад), Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ фақат Раббимнинг ишидандир. Сизларга эса жуда оз илм берилгандир”.(Қуръони Карим. “Исро”сураси, 85-оят).

Дастлабки тасаввуф намоёндалари, руҳ инсон танасининг ҳамма жойига кириб борадиган, аммо қалбга жамланадиган моддий бўлмаган борлиқдир, деб талқин қилганлар. Руҳ инсоннинг Аллоҳ таоло билан боғлаб турувчи занжир. Инсон туғилганда руҳ зарарланмаган ва соғлом бўлади. Қуръони каримда таъкидланганидек, у “занг” билан қоплана бошлайди. Занг гуноҳ ва бемаъни ишлар натижасидир. Улардан қутилишнинг асосий йўли нафсни тийишдир. Солиҳ мусулмон фақат нафсини тийиш билангина гуноҳлардан фориғ бўлади ва бутун диққатини Аллоҳга қаратади ва занг босган қалбини тозалаб руҳини озод қилади. Қалб солимлиги ва нажот ҳамда Аллоҳга яқинликка эришади.

Дарҳақиқат, исломнинг мана шу ақидаларига зоҳирий амал қилиш жуда осондек туюлади, лекин бу биринчи қадам ҳисобланади. Солиҳ мусулмон учун энг қийин нарса мужоҳададир, яъни нафсига қарши ҳар куни жанг қилишдир. Бу ҳақда Қуръони каримнинг “Нозиот” сурасида таъкидланганидек: Аммо, кимки Парвардигорнинг (ҳузурида туриши (ва ҳисобот бериш)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас жаннатгина (унга)жой бўлур.(40-41оятлар).

 Сўфийларнинг амри ҳам шундан келиб чиқади: Ал-Қушайрийнинг таъкидлашича, “Нафсингизни мужоҳада пичоғи билан кесиб олиб ташланг”. Демакки, нафс назоратда бўлса, қалб тоза бўлади ва инсон шу туфайли қадр-қимматга эга бўлади. Тасаввуфнинг йирик намоёндаси имом Ҳасан Басрий ҳам нафс ҳақида шундай дейди: “Яхши одам доимо ўз нафсини маломат қилиб туради, фожир одам нафсини итоб қилмай юраверади”. Шайх Муҳаммад Юсуфнинг таъкидлашича, тасаввуфда нафс икки маънода ишлатилади: Биринчиси- инсондаги ғазаб ва шаҳват қувватини жамловчи маънодир. Ҳа, аҳли тасаввуф “нафс” деганда кўпроқ ёмон сифатларни ўзида жамловчи нарсани кўзда тутадилар. Шунинг учун ҳам, уларнинг истилоҳида “нафсга қарши мужоҳада қилиш”, “уни синдириш” каби иборалар тез-тез учраб туради. Бундай нафснинг ўзига хос исми бўлиб, уни “ан-нафсул амморатул биссуъи”-“ёмонликка амр қилувчи нафс” деб аталади…..

Иккинчиси- аввал зикр қилинган руҳ, яъни инсондаги латийф жисм бўлиб, у инсонни жони ва ўзини англатади. У ҳолатга қараб турли васфларга эга бўлади.(Қаранг: Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. 68-69-бетлар).

Ана шу нажот деб аталмиш қудрат исломнинг энг муҳим илми эканлиги мумтоз ислом уламолари ва олимлари томонидан халқ орасида изчил тарғиб қилинган. Лекин шарқшунос мафкурачиларининг салбий таъсири кўплаб мусулмонларни тасаввуф исломдан четга оғдирувчи оқим сифатида талқин қилишларига сабаб бўлди. Лекин классик уламоларнинг деярли барчаси тасаввуфга аралашгани ва қўллаб-қувватлагани ҳақиқатдир. Жумладан, Хуросоннинг дастлабки ислом уламолари Ал-Ҳаким Ал-Нисобурий, Ибн Фуроқ, Ал-Қушайрий ва Ал-Байҳақийлар сўфий бўлишган. Улар аббосийлар даври исломнинг фундаментал анъанасини давом эттирганлар. Айниқса, Ҳужжатул-ислом Ал-Ғаззолийнинг 300 ортиқ китоблари араб фалсафаси исмоилийларни танқид остига олиб, ортодоксал тасаввуфнинг назарий ва амалий асосларини ёритиб берганлиги ўша даврнинг энг буюк ютуғи бўлган.

Айниқса, Имом Ғаззолийнинг “Иҳйа улумуд-дин” асари ортодоксал тасаввуфнинг назарий ва амалий асосларини ёритишга бағишланган ва мусулмон оламида жуда катта ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлган эди. Бу ҳақда Нававий шундай ёзган эди: “Ислом ҳақида ёзилган китоблардан “Иҳйа….-дан бошқаси йўқолиб кетган тақдирда ҳам у барчасининг ўрнини босиши мумкин”.(Бу ҳақда қаранг: Тимоти Ж Уинтер(Абдулҳаким Мурод. ХХI асрда ислом.Тошкент, “Шарқ”2005-йил.285-бет).

Имом Ғаззолий тасаввуфнинг асосий хусусиятларидан ақл, ахлоқ, нафс, тавба, истиғфор, дуо, зуҳд, тақво, вараъ ва шунга ўхшаш тамойилларнинг мазмун моҳиятини ҳам ёритиб бериш билан бирга уларни амалда қўллаш масалаларига ҳам диққат қилган.

Ақл масаласида масаласида тўхталиб, ақл-нарсаларнинг ҳақиқатини идрок қилиш ва илмларни идрок қилиш учун керак бўлади. Тасаввуфнинг таҳзийби ахлоқ-ахлоқни сайқаллашга йўл қўйиш билан нафсни поклайди. Тасаввуф мўмин-мусулмонларга нафл ибодатларини йўлга қўйиш бўйича ҳам дарслар беради.

Исломнинг Ҳанбалийа мазҳаби намоёндалари ҳам тасаввуфга ижобий муносабатда бўлганлар ва қўллаб-қувватлаганлар. Бу мазҳабнинг йирик намоёндалари бўлган Абдуллоҳ Ансорий, Абдулқодир Жиланий, Ибн Жавзий, Ибн Ражабдай каби улуғ уламолар шулар жумласидандир. Аслида Ас-Суютий, Ибн-Халдун, Тафтазоний, Ар-Розий ҳам Ибн Арабийнинг “Ваҳдат ул вужуд” таълимотини танқид қилган бўлсалар-да, ҳукмрон тасаввуфнинг бир тармоғига бўйсинар эдилар ва тасаввуфга оид асарлар ёзиб, исломий илмларнинг таркибига кирувчи муҳим илм эканлигини эътироф этиб ҳурмат қилганлар. Тасаввуфнинг қонуний илм сифатида тан олинишининг асосий сабабларидан бири бу илмни мусулмон дунёсига тарқалишига ва кенг ёйилишига ташаббускор бўлиб майдонга чиққанларидир.

Сўфий қаландарлар дунё кезиб ўз таълимотларини Ҳиндистон, Африка ва Жанубий — Шарқий Осиёга кенг ёйганлар ва ўша ўлка халқларини исломлаштиришга катта ҳисса қўшганлар. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, тасаввуф мусулмон мамлакатларида халқларнинг ижтимоий-фалсафий, маданий-маънавий ҳаётида кенг тарқалган, энг мураккаб ҳамда ўзаро зиддиятларга тўла ғоявий оқимлардан саналади. Таркидунёчилик, бу дунё бойликларидан ва ноз-неъматларидан воз кечиш, Аллоҳ висолига етишмоқ учун қалбни, руҳни поклаш, ҳалол меҳнат қилиш, ўз меҳнати билан яшаш, ихтиёрий равишдаги фақирлик тасаввуфнинг ўзига хос-хусусиятларидан ҳисобланади ва бу хусусиятлар ўз навбатида ислом цивилизация учун маънавий-руҳий асос бўлиб хизмат қилди.

Мамлакатимизда бугунги кунда тараққиётнинг асосий буғини бўлган ёш авлодни ҳалол, пок, руҳий баркамол, маъновий мустаҳкам қилиб тарбиялашда, яссавия, кубровия, нақшбандия тариқатларини янада чуқур ўрганиб бу меросни ёш авлодга асл ҳолида етказиб бериш маънавий бурчимиз ҳисобланади. Хожа Аҳмад Яссавий, Шайх Нажмиддин Кубро, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сингари буюк мутасаввиф мутафаккирларнинг поклик, тўғрилик, художўйлик, меҳр-шафқат, адлу инсоф, имон, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик каби илғор умумбашарий меросидан халқимиз баҳраманд бўла бошлади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР.
1.Қуръони карим.-Тошкент:”Чўлпон”, 1992.
2. Абу Ҳомид Ғаззолий. Мукошифат ул-қулуб. Қалблар кашфиёти. -Тошкент: Ғофур Ғулом номидаги НМИУ, 2017.
3.Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват. Нашрга тайёрловчи. Ҳамидхон Исмоилий.-Тошкент.”Мовароуннаҳр”,2011.
4.Шайх Нажмиддин Кубро. Тасаввуфий ҳаёт. Тошкент. “Мовароуннаҳр”, 2004.
5. Ислом энциклопедия. Тошкент. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”, 2017
6.Тимоти Ж.Уинтер (Абдулҳаким Мурод.) ХХ1 асрда ислом Постмодерн дунёда қиблани топиш. Т.: “Шарқ”. 2005.
7. Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. Т.: “Мовароуннаҳр”. 2009.
8. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. Тошкент. “Шарқ”. 2012.
С.К.Каримов
Самарқанд давлат университети профессори,
фалсафа фанлари доктори.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …