Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ ВА МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ИЛМИЙ ТАФАККУР ТАРАҚҚИЁТИ

АБУ ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ ВА МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ИЛМИЙ ТАФАККУР ТАРАҚҚИЁТИ

Илк ўрта асрлардан темурийлар даврига қадар Марказий Осиё халқлари ижтимоий-сиёсий, адабий-маданий ҳаётида ўзининг илмий-ижодий мероси ва педагогик фаолияти билан чуқур из қолдирган мутафаккирлардан бир гуруҳи  Абулайсийлар хонадонининг вакилларидир.

Бой илмий мероси билан тарихда ном қолдирган бу хонадон ва унинг таниқли намояндаларининг номлари бугунга қадар турли мазмундаги илмий ишларда: энциклопедия, луғат, маълумотномаларда, Самарқанд тарихига, Алишер Навоий ва унинг Самарқанддаги ҳаёти ҳамда фаолиятига бағишланган мақола ва тадқиқотларда тилга олинади.

Садриддин Айнийнинг 1948 йилда тожик тилида нашр этилган «Алишер Навоий» монографиясида, академик Воҳид Абдуллаевнинг «Навоий Самарқандда» (Тошкент, 1947), Ҳ.Ҳикматуллаевнинг «Самарқанд олимлари» (Тошкент, 1960) асарида атоқли хонадон ҳақида маълумотлар берилган.

Абулайсийлар хонадони ва унинг машҳур вакиллари ҳаёти ва фаолияти ҳақида ўтган асрнинг 80-йилларида чуқур илмий изланишлар олиб борган олим академик Ботирхон Валихўжаевдир. Олим Самарқанд вилоятининг «Ленин йўли» газетасида (1988 й., 27-28 сентябрь) эълон қилинган «Абулайсийлар хонадони» номли икки мақоласида «Совет Ўзбекистони» газетасида нашр этилган (1990 й., 2 декабрь) «… фарзанд дер эди» номли мақоласида шу мавзуга тўхталади. У олиб борган изланишлари натижасида бу машҳур хонадоннинг шаклланиши Марказий Осиё халқлари тарихида муҳим воқеаларга бой бўлган Х асрга мос келиши, бу сулола асосчисининг ҳаёти ва фаолияти, унинг авлодлари бўлмиш уч номдор шахс ҳақида аниқ маълумотлар беради. Бу соҳада олимнинг Алишер Навоий ва Хожа Фазлуллоҳ Абулайсий Самарқандий муносабатлари, Хожанинг Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги йилларидан бошлаб, ХV асрнинг 70-йилларигача ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий соҳаларда фаолият юритгани ҳақида берган кенг  маълумотлари диққатга сазовор. Бунга қадар бу хонадон ҳақидаги маълумотлар тарқоқлиги, уларнинг кўплари ҳали тўпланмагани ва аниқланмаганлиги сабабли Абулайсийлар шажараси ва унинг нафақат Самарқанд, балки Шарқнинг турли ўлкаларида илмий тафаккурнинг ривожига қўшган ҳиссаси яхлит тарзда ёритилмаган эди.

Асримиз бошларида улуғ фақиҳ Абу Лайс Самарқандийнинг «Бўстонул орифин» асари ва  «Танбеҳул ғофилин» асарини тарихшунос Дилмурод Қўшоқов томонидан араб тилидан уч қайта таржима қилиниб, нашр эттирилиши илм-фан соҳасида ва маданий ҳаётимизда муҳим воқеалардан бири бўлди.

Абулайсийлар хонадонининг асосчиси, улуғ фақиҳ, мутакаллим, муҳаддис, муфассир, мутасаввуф олим Абу Лайс Самарқандийнинг тўлиқ исми Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳимдир. У Фақиҳ, Имомул ҳуда, Шайхулислом унвонлари билан ҳам машҳур бўлган. «Абу Лайс» у зотнинг куняси, бу «Лайснинг отаси» дегани. «Лайс» луғатда шер, арслон маъносини беради, бу мажозий маънодаги, ҳурмат белгиси сифатидаги шарафлашдир. Абу Лайснинг таваллуд йили 298, 301-310 ҳижрий, деб тахмин қилинади. Вафоти ҳам манбаларда тахминан 396 ҳ. йил деб келтирилади.

Олим аввал ўз отаси Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Тусийдан, сўнг Абу Жаъфар Ҳиндавоний Балхий, Халил ибн Аҳмад қозий Сижзий, Муҳаммад ибн Фазл Балхий каби ўз замонасининг олимларидан турли илмларни ўрганган. Кейинроқ мустақил равишда илм билан шуғулланиб, билим ёйиб, таълим бериб, қатор шогирдлар етиштирган. Буларнинг машҳурлари-Луқмон ибн Ҳаким Фарғоний, Наим Хатиб Абу Молик, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Абу Адбуллоҳ Ҳаддодий ва б.

Абу Лайс Самарқандий илмий ва маърифий соҳаларда, фиқҳ, усули дин, тиб, фалсафа, тилшунослик ва адабиётшунослик йўналишларида катта илмий мерос қолдирди. Унинг 20га яқин китоби бўлиб, баъзилари икки-уч хил ном билан аталади. Асарлари асосан араб мамлакатларида, Ҳиндистонда нашр этилган. Машҳур асарлари қуйидагилар:«Баҳрул улум» («Тафсирул Қуръон» ҳам дейилади), «Хизонатул фиқҳ», «Бўстонул орифин», «Танбеҳул ғофилин», «Қурратул уйун ва муфриҳу қалбул маҳзун»,  «уйунул масоил», «Муқаддимату Абу Лайс фис салот», «Фатован Абу Лайс», «Ан-навозиму фил фатово», «Ал мабсут», «Шарҳу жомиъус сағийр», «Умдатул ақоид», «Усулуд дин», «Баёну ақидатул усул», «Асрорул ваҳий», «Рисолату фил мағфирати вал иймон», «Рисолату фил ҳукм», «Ширъатул Ислом». 

Олимнинг «Бўстонул орифин» асарида илм ўрганиш ва унинг фойдалари, ақл ва ақллилик, одоб ва салом, табобат ва касбу ҳунар сингари ахлоқ ва инсоний фазилатлар ҳақида билдирилган мулоҳазалар диққатга сазовор.

Хизонатул фиқҳ» асарида ўша давр ҳуқуқшунослигининг муҳим масалаларидан бўлган никоҳ, нафақа, меросни тақсимлаш ҳақида сўз юритилади.

Абул Лайс Самарқандий асарлари кейинги асрларда ҳам кўчирилиб, тошбосма тарзида нашр эттирилиб, қўлланма сифатида фойдаланилган. Садриддин Айний ўзининг бир шеърий асарида Самарқанд ва унинг тарихи ҳақида фикр юритар экан, жумладан, бундай ёзади:                  

Ин Самарқанд ҳамон аст, ки Бў Лайси Фақеҳ,
Кард сити шарафаш то Арабистон исол.

Мазмуни: Бу ўша Самарқандки, Фақиҳ Абул Лайс унинг шуҳрати Арабистонгача таралишига сабаб бўлди.

Алломанинг «Танбеҳул ғофилин» китобини Мисрда нашр қилдирган олим Саид Арабий унинг мўътабар исломий манбалардан келтирилган ҳужжат-далиллар асосида ёзилганини қайд этади. Шу жиҳатдан фақиҳнинг услубини энг мумтоз , деб баҳолайди.

Фақиҳ асарларида, бир томондан, ўз даври ҳуқуқшуносларини қизиқтирган масалалар хусусида, асосан, Мовароуннаҳрда кенг ёйилган ҳанафия-мотуридия мазҳаби бўйича муҳим фикр-мулоҳазалар билдирилса, иккинчи томондан, инсоннинг одоб-ахлоқи ва фазилатлари, ўзаро  муносабатидаги меъёр ва қонун-қоидалардан баҳс юритилади. «Танбеҳул  ғофилин»  эътиборсизларга, бехабарларга, бепарволарга танбеҳ деб номланиб, унда инсоннинг маънавий ҳуқуқ ва бурчлари, масъулияти,  ҳаёти ва фаолияти учун муҳим бўлган фазилат ва қусурлар ҳақида сўз юритилади.

Асарда келтирилган ҳадиси шарифларнинг ҳар бири саҳиҳ, марфуъ, мавқуф, муттафақун алайҳ, ҳасан, ғариб, заиф, мурсал, муъзал, мунқотиъ, мудаллас, мавзуъ, матрук, мункар, каби даражалар билан аниқлаб берилади. “Танбеҳул ғофилин”нинг “Саҳиҳул Бухорий”дан фарқи шундаки, унда муайян мавзуда сўз юритилганда, Фақиҳ ўзининг муносабатини ҳам билдириб ўтади. Яъни, ривоятларга муносабат билдирилиб, “Фақиҳ айтади”, дея ҳадиси шариф маънолари шарҳлаб берилади. Масалан, йигирма олтинчи бобда келган “Камбағалларнинг фазилатлари” деб номланган 291-ҳадис саҳиҳ, Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавллари баён этилгач, “Фақиҳ айтади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Молини кўпайтиришга уринувчи кишилар қиёмат кунида даражаси паст кишилардир”, деган сўзларининг маъноси бундай: Агар бойлар жаннат аҳлидан бўлса, даражаси камбағалникидан паст бўлади. “Мана бундай, мана бундай”, деб айтган гапининг маъноси улар ўнг томондан, чап томондан, орқасидан, олдидан садақа қилади, деганидир. “Лекин улар камгинадир”, деган сўзининг маъноси эса, бундай амал бойларда кам топилишига, шайтон улар учун бу дунёда молларини зийнатли қилиб кўрсатишига ишора қилади. Баъзи ҳадислар шарҳида Қуръони карим оятларининг тафсири келади. Масалан, даражаси заиф саналган 294-ҳадис шарҳида Фақиҳ Қуръони каримнинг “Каҳф” сураси 28-оятини келтириб, унинг нозил бўлиш сабаблари ва  муфассал тафсирини беради.

Асар услубининг ўзига хослиги яна шундаки, Фақиҳ бир ҳадис шарҳида яна бошқа бир ҳадисни келтиради. Чунончи, санади заиф саналган 446-ҳадиснинг: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким закот берса, меҳмон кутса, омонатни адо қилса, нафсини бахилликдан сақлабди”, маъносини тушунтириб бергач, илмий асослайди. Яъни: “ … чунки, садақада ўнта хислат мақталган. Бештаси бу дунёда, бештаси охиратда. Дунёдаги бештаси қуйидагилар: 1. Садақа қилишда молни поклаш бор … ”, дер экан, асосларини қувватлаш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ даражали 447-ҳадисни келтиради: “Огоҳ бўлинглар. Савдода бемаъни сўз, қасам ва ёлғон бўлиб туради. Шунинг учун унга садақани ҳам қўшинглар”. Шундан сўнг садақада мақталган ўнта хислатдан иккинчисининг шарҳига ўтади. Бу хислатни Қуръони каримнинг “Тавба” сурасидаги 103-оят билан асослайди. Садақадаги учинчи хислат шарҳига: “Садақа касаллик ва балоларни даф қилади” – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳасан даражали 448-ҳадисни асос сифатида келтиради. Шунингдек, Фақиҳнинг “Танбеҳул ғофилин” асарида садақанинг дунёдаги мақталган хислатларининг бешинчисига Қуръони карим “Сабаъ” сурасининг 39-ояти асос сифатида келтирилади.

Айрим ҳадиси шарифлар шарҳида Фақиҳ “Бир ҳаким айтар экан … ”, “Зикр қилинишича … ”, “Хабарда зикр қилинади … ” каби изоҳлар билан саодат асрида бўлиб ўтган ҳодисалардан мисоллар келтиради.

“Танбеҳул ғофилин” асарининг илмий ва баён услуби хусусиятларини текшириш, уни бошқа мўътабар манбалар билан қиёслаб ўрганиш фанимиз олдида турган энг долзарб соҳалардан биридир.  

Х асрдан XIV асрнинг иккинчи ярмигача бўлган вақт оралиғида бу хонадон вакиллари ҳақида аниқ бир маълумотлар учрамайди. XIV асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Абулайсийлар номи яна кўзга ташланади. Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»сида 1370-1371 йиллар воқеалари баёнида олийнасаб шахслардан тўрт киши Амир Темурга қарши ҳаракат қилгани воқеаси тафсилотлари баён этилади. Фитна Соҳибқиронга аён бўлиб, фош этилгач, унинг барча нуфузли ташкилотчилари кечирилади. Хусусан, Сароймулкхонимнинг тоғаси Амир Мусо қариндош бўлгани учун кечирилади. Хонзода Абдулмаолий Термизий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам  авлоди бўлгани учун озод қилиниб, Абу Лайс Самарқандий маккага ҳажга бориш баҳонаси билан сургун қилинади. Шибирғон ҳокими Зинда Чашм эса банди этилиб, Самарқандга жўнатилади.     Бу маълумот XV аср тарихчиси Фасеҳ Хавофийнинг «Мужмали Фасеҳий» асарида ҳам учрайди. Бу шайхнинг ҳаёти ва фаолиятига доир материаллар ҳам, унинг кейинги тақдири ҳам номаълум. Аммо бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, XIV асрда Абуллайсийлар хонадонининг намоёндалари катта мавқега эга бўлган, давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида фаолият юритган.

Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матла уссаъдайн ва мажма улбаҳрайн” асарида 1407-1421 йиллар воқеалари, хусусан, Самарқанд ва Мирзо Улуғбек билан боғлиқ воқеалар тасвирида Шоҳрух ва Улуғбекнинг ишончли амалдорларидан бири сифатида Абулайс деган шахс тилга олинади. Агар Шоҳрух 1407-1408 йилларда Абуллайсни Астробод кутволи – шаҳар соқчи отрядлари бошлиғи қилиб тайинлаган бўлса, 1409-1410 йил воқеалари баёнида у Мирзо Улуғбекнинг ишончли навкари сифатида шу вазифани давом эттиради.

1419-1421 йиллар воқеалари баёнида эса Абулайснинг Андижонда хизмат қилгани айтилади. Демак, машҳур хонадоннинг учинчи таниқли вакили бўлган бу шахс Шоҳруҳ ва Мирзо Улуғбек ҳукмронлигида ишончли амалдор сифатида ҳарбий лавозимларда фаолият кўрсатган.

Абулайсийлар хонадонининг XV аср иккинчи ярмида Самарқандда фаолият кўрсатган, илм-фан ва адабиёт соҳасида кўзга кўринган вакили Хожа Фазлуллоҳ Абулайсий эди. Бу  шахс ҳақида ҳам ҳозирча жуда кам маълумот етиб келган. Аммо манбаларда Хожа Фазлуллоҳ Абулайсий “Мовароуннаҳр акобирларидан бири” (Абдураззоқ Самарқандий), ўз даврининг” Абу Ҳанифаи сонийси” (Алишер Навоий), Ибн Ҳожиб, Хондамир хуллас, аълами уламоси сифатида тилга олинади. У Мирзо Улуғбек наздида жуда эътиборли алломалардан бири бўлган. Шунинг учун Хожа Фазлуллоҳ Абулайсий Мирзо Улуғбек билан бирга бир неча марта Шоҳруҳ Мирзо ҳузурида бўлиб, у ерда  ойлаб қолиб кетган, Шоҳруҳ Мирзо саройи акобирлари, жумладан, Ғиёсиддин Баҳодир (Алишер Навоийнинг отаси) билан ҳам учрашган ва танишган. Улуғбек фожеасидан сўнг ҳам Хожа Фазлуллоҳ Абулайсий Самарқанддаги аждодлари яшаган Фақиҳ Абулайс гузарида қурдирган хонақоҳида толиби илмларга фиқҳ, тиб, тилшунослик ва адабиётшунослик бўйича дарс беришни давом эттирган. Бу талабалар қаторида Алишер Навоий ҳам бўлган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”асарида ёзилишича, Абусаид Мирзо томонидан Самарқандга “ихрож” қилинган Алишер Навоийнинг ҳомийси-шаҳар ҳокими Аҳмад Ҳожибек Вафоий эди. Навоий унинг кўмагида Хожа Фазлуллоҳ Абулайсий хонақоҳидан ҳужра олиб, икки йил шу ерда яшаб, машҳур олимдан тилшунослик, адабиётшунослик, фиқҳдан сабоқ олди. Ўзининг қобилияти туфайли устозининг эътиборини қозонди ва шу даражага етдики, Хожа Фазлуллоҳ Абулайсий уни “фарзандим” дер эди.

Хожа Фазлуллоҳ Абулайсий ва Алишер Навоийнинг устоз-шогирдлик муносабатлари, самимий дўстлиги, уларнинг иккаласи учун ҳам ғоявий ҳаммаслак ва ғоятда азиз бўлган инсон Хожа Аҳрор Вали билан бўлган суҳбатлари ҳақида академик Б.Валихўжаев ўзининг юқорида қайд этилган мақолаларида ва “Буюк маънавий муршид” номли монографиясида анча муфассал маълумот беради.

Навоий 1469 йилда Ҳиротга қайтиб, давлат арбоби сифатида иш бошлаганида ҳам, умуман, умрининг охирига қадар бу хонадонни унутмади. Самарқанд билан алоқасини янада мустаҳкамлади. Шунинг учун кўпгина самарқандлик аллома ва шоирлар Ҳиротга борганда Алишер Навоийнинг илтифотидан баҳраманд бўлар эди. Абулайсийлар хонадонининг икки вакили – Хожа Фазлуллоҳ Абулайсийнинг фарзанди Хожа Ҳованд Абулайсий ва шу хонадонга мансуб Хожа Абулқосим Абуллайсий шулар жумласидан. Буларнинг иккови ҳам Навоийдан миннатдорлигини китоблар орқали ифода этган. Хожа Ҳованд ибн Фазлуллоҳ Абулайсий “Ҳошияи мифтоҳ” ва “Ҳошияи талмеҳ” асарларини, Хожа Абулқосим Абулайсий эса “Ҳошияи мутаввал” асарини Навоийга бағишлаган. Демак, Абулайсий хонадонининг бу икки намояндаси Алишер Навоий кўмагида шу хонадон илмий анъаналарини давом эттирган.

Ҳозирги кунда Самарқанд шаҳрида Хожа Фазлуллоҳ Абулайсий яшаган маҳаллада унинг уй-музейи бунёд этилган.

 Фойдаланилган адабиётлар 
  1. Алфақиҳ Абу Лайс Самарқандий. Танбеҳул ғофилин. Уч китоб. –Тошкент: 2003, 2004.
  2. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий. Танбеҳул ғофилин. –Тошкент: 2007.
  3. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий. Бўстонул орифин. –Тошкент: 1996.
  4. Абдуллаев В. Навоий Самарқандда. Сайланма. 2 жилдлик: 1-жилд. – Тошкент: Фан, 2002.
  5. Валихўжаев Б. Абулайсийлар хонадони // Ленин йўли, 1988 йил, 27, 28 сентябрь. 4-бет. “…Фарзандим дер эди” // Совет Ўзбекистони,1990 йил, 2 декабрь. 4-бет.
  6. Валихўжаев Б. Буюк маънавий муршид. – Тошкент: Фан, 2004.
  7. Садриддий Айний. Алишер Навоий. –Душанбе, 1948.
  8. Ҳикматуллев Ҳ. Самарқанд олимлари. –Тошкент: 1960.
Салоҳий Дилором Исомиддин қизи,
филология фанлари доктори, профессор.
Самарқанд давлат Чет тиллар институти
Яқин шарқ тиллари кафедраси

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …