Home / МАҚОЛАЛАР / ХОЖАГОН-НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИ, ЁЙИЛИШИ ВА ХОРИЖИЙ ЎЛКАЛАРГА ТАРҚАЛИШИ

ХОЖАГОН-НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИ, ЁЙИЛИШИ ВА ХОРИЖИЙ ЎЛКАЛАРГА ТАРҚАЛИШИ

Хожагон-нақшбандия тариқати узоқ тарихга эга бўлган Марказий Осиё тасаввуф мактаби анъаналари давомчиси сифатида маҳаллий илдизларга эга бўлиб, жумладан, Ҳаким Термизий (205/820 – 320/932), Абу Бакр Калободий (305/917 – 385/995), Мустамлий Бухорий (ваф. 434/1043) каби сўфийлар ва тасаввуф назариётчилари ғояларидан таъсир олган. Шундай бўлса-да, хожагон-нақшбандия тариқатининг бевосита муайян ташкилот сифатида вужудга келиши Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг (440/1048 – 535/1140) ўз таълимотини ёйиш ва шогирдлар тарбиялаш мақсадида Ўрта Осиёга келиши, Бухоро шаҳрида хонақоҳ очиб, бу ерда ўз сўфийлик мактабига асос солиши билан боғлиқдир [5: 13-15; 16: 19; 13: 7-10; 9: 8-16]. Гарчи Ҳамадоний кўплаб муридлар тарбиялаган, жумладан, улардан тўрттаси – мазкур силсилага кетма-кет раҳбарлик қилган Хожа Ҳасан Андақий (ваф. 552/1157), Хожа Абдуллоҳ Баррақий (ваф. VI/XII а.), Хожа Аҳмад Яссавий (ваф. 562/1166) ва Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (тахм. 496/1103 – 575/1179) унинг асосий шогирдлари ҳисобланган бўлсалар-да, илк икки шогирддан кейин силсила раҳбарлигини ўз зиммасига олган Яссавий ва Ғиждувонийларгина хожагон таълимотини ривожлантириб, мазкур силсилани сўфийлик тариқатига айлантиришга, яъни ўз мустақил тариқатларига – хожагония ҳамда асли хожагон силсиласидан илдиз олган яссавия тариқатларига асос солишга муваффақ бўлдилар. Хожагон-нақшбандия манбалари ҳам айнан Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ушбу тариқат асосчиси эканлигини таъкидлайдилар. Жумладан, «Рашаҳот айн ал-ҳаёт» муаллифи Ғиждувонийни «хожагон занжирининг бош ҳалқаси», «хожагон табақасининг асосчиси ва азизон силсиласининг бошловчиси» деб таништирар экан, унинг ҳаёт тарзи барчага ўрнак ва барча гуруҳлар учун мақбул эканлигини маълум қилади [5: 11, 34-35].

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, умуман, хожагон-нақшбандия тариқати, жумладан, унинг хожагония босқичи асосчиси сифатида ушбу тариқатнинг шариат ва суннатга қаттиқ риоя қилиш, тавба ва иродат билан бошланувчи сайру сулук мақомларини босиб ўтиш, зикри хафий ҳамда саккиз рашҳа (ҳуш дар дам, назар бар қадам, сафар дар ватан, хилват дар анжуман, ёдкард, бозгашт, нигоҳдошт, ёддошт)дан иборат бўлган илк асосларини шакллантириб берди [4: 97-98; 2: 112–121; 5: 11,38]. Ундан кейин тариқат раҳбарлигини ўз зиммасига олган Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий (тахм. 560/1165 – 660/1262), Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий (тахм. VII/XIII а. бош. – 685/1286), Хожа Али Ромитаний (тахм. 591/1195 – 721/1321), Хожа Муҳаммад Бобо Самосий (тахм. VII/XIII а. ўрт. – 736/1335) ва Саййид Амир Кулоллар (тахм. 680/1281 – 772/1370) ҳам Ғиждувоний таълимотининг асосий қисмини давом эттирган бўлсалар-да, Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий давридан бошлаб зикри хафий ўрнини зикри жаҳрий эгаллади. Хожагон-нақшбандия тариқатидаги бу амалиёт Хожа Баҳоуддин Нақшбанд даврига қадар давом этди [1: 54]. Нақшбанд фаолияти билан хожагон-нақшбандия тариқатининг хожагония босқичи поёнига етиб, нақшбандия босқичи бошланди.

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд биринчи навбатда зикри хафийни қайтадан жорий этди [1: 54; 5: 97-98], Юсуф Ҳамадоний ва Абдулхолиқ Ғиждувоний томонидан ишлаб чиқилган саккиз рашҳага учта янги рашҳа (вуқуфи замоний, вуқуфи ададий, вуқуфи қалбий) қўшиб, уларнинг сонини ўн биттага етказди [1: 84-86; 5: 47-50]. Баҳоуддин Нақшбанд таркидунёчилик ва гўшанишинликни инкор этаркан, одамлар билан фаол муносабатда бўлиш ва касб-кор билан шуғулланиш, шу билан бир пайтда бир лаҳза бўлса-да худони эсдан чиқармасликни тарғиб этди [1: 77; 6: 391; 3: 27].

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан кейин унинг халифалари Хожа Алоуддин Аттор (ваф. 802/1400) ва Хожа Муҳаммад Порсо (749/1348 – 822/1420) хожагон-нақшбандия тариқатининг жипслашуви, ташкилий тузилмасининг мустаҳкамланиши ҳамда ушбу тариқат таъсирининг кенг ёйилишида катта роль ўйнашди. Улар даврида Мовароуннаҳрнинг деярли барча йирик ва ўртача шаҳарларида хожагон-нақшбандия тариқатининг хонақоҳлари пайдо бўлди. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор (806/1404 – 895/1490) раҳбарлиги даврида эса ушбу тариқат катта иқтисодий ва сиёсий нуфузга эга бўлди. Убайдуллоҳ Аҳрорнинг темурий ҳукмдорлар билан яқин муносабатлари хожагон-нақшбандия тариқатининг кейинги ижтимоий-сиёсий фаоллигини белгилаб берди [11: 187].

Темурийлар сулоласи инқирозидан сўнг бир мунча сустлашиб қолган хожагон-нақшбандия тариқатининг фаолияти Х/XVI асрнинг биринчи ярмида Махдуми Аъзам номи билан машҳур бўлган Саййид Аҳмад ибн Жалолиддин Косоний (868/1464 – 956/1549), X/XVI асрнинг иккинчи ярми-XI/XVII асрда эса Бухородаги Жўйбор хожалари томонидан давом эттирилди [11: 187; 7: 34-35; 8: 10-15; 10: 94-96; 14: 4-25]. XI/XVII асрнинг охирларидан хожагон-нақшбандия тариқатининг хорижий мамлакатларда кенг ёйилган нақшбандия-мужаддидия тармоғи Ўрта Осиёга кириб келди ва XII/XVIII асрнинг иккинчи ярмида – Бухоро амирлигининг 1785-1800 йиллари ҳукмронлик қилган ҳукмдори, ушбу тариқат аъзоси Амир Шоҳмурод (1785-1800) замонида чуқур илдиз отди [12: 277].

Хожагон-нақшбандия тариқати нафақат ислом дунёсида вужудга келган илк сўфийлик таълимотларидан бири, балки пайдо бўлган ватани – Ўрта Осиёдан бошқа кўпгина ўлкаларга ҳам тарқалиб, мазкур ўлкалар халқлари маданиятига катта таъсир ўтказган энг нуфузли тасаввуф тариқатларидан бири ҳам ҳисобланади. Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг халифалари, жумладан, Хожа Алоуддин Аттор (ваф. 802/1400), Хожа Муҳаммад Порсо (749/1348 – 822/1420) ва Хожа Яъқуб Чархий (ваф. 851/1447) даврида бутун Марказий Осиёга ёйилиб улгурган, навбатдаги авлод пирларидан Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор даврида эса сезиларли иқтисодий ва сиёсий қудратга эришган хожагон-нақшбандия тариқати шу даврдан бошлаб бошқа юртларга ҳам тарқала бошлади.

Мовароуннаҳрда вужудга келиб, тараққий топган мазкур тариқат хорижий ўлкалардан биринчи бўлиб ўша пайтлар Темурийлар давлати таркибига кирганлиги сабабли Марказий Осиё билан ягона маданий маконда жойлашган Хуросон ўлкасига кириб борди. Бухорога келиб, Хожа Алоуддин Атторнинг халифаларидан бўлмиш Мавлоно Низомиддин Хомуш (ваф. 860/1456) ҳузурида сўфийлик таълимини олиб кетган Саъдиддин Кошғарий (ваф. 860/1456) хожагон-нақшбандия тариқатининг Хуросоннинг Ҳирот ва бошқа шаҳарларида кенг тарқалиб, мустаҳкам ўрин эгаллашида катта роль ўйнади. Унинг халифаси Абдураҳмон Жомий (817/1414 – 898/1492) даврида эса нафақат Хуросон диний, илмий ва маданий доиралари вакиллари, балки давлат амалдорлари ҳам ушбу тариқатга киришди [5: 205-286].

Хожагон-нақшбандия тариқати кириб борган иккинчи хорижий мамлакат Туркия бўлди. Мулло Абдуллоҳ Илоҳий Симавий (ваф. 896/1491) Истамбул мадрасасидаги таҳсилини тугатгач, Самарқандга бориб, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорга мурид тушади ва унинг ҳузурида бир йил таълим олгач, унинг халифаси сифатида ўз юртига қайтади. Дастлаб Сима шаҳрида хожагон-нақшбандия таълимотини тарғиб қилиш билан шуғулланади, кейинроқ Истамбулда ушбу тариқатнинг такясини очади. Бухородан келган бошқа бир шайх – Амир Аҳмад Бухорий (ваф. 922/1516) унинг ишини давом эттиради [11: 187; 15: 226; 18: 270-278].

IX/XV асрнинг иккинчи ярмида хожагон-нақшбандия жамоалари Эроннинг Исфаҳон, Қазвин ва Табриз шаҳарларида пайдо бўлди. Қазвинда Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор халифаси Али Курд (IX/XV а.) алоҳида фаоллик кўрсатиб, кўпгина маҳаллий уламоларни шу тариқатга киргизади. X/XVI-XI/XVIII асрларда Эронда хожагон-нақшбандия тариқати фаолият кўрсатмайди. Фақатгина XIII/XIX аср охирларида Эрон шарқида хожагон-нақшбандиянинг шиаликка асосланган гуруҳлари пайдо бўлади [11: 188].

Хожагон-нақшбандия тариқатининг Ҳиндистондаги биринчи жамоаси Х/XVI аср ўрталарида Кашмирда Шайх Бобо Валий (Х/XVI а.) томонидан асос солинган бўлса-да, бу юртда ушбу тариқат таълимотини уюшган тарзда тарғиб қила бошлаш Хожа Боқибиллоҳ (971/1564 – 1012/1603) чекига тушди. Мовароуннаҳрга бориб, хожагон-нақшбандия тариқати пирларидан бўлмиш Хожа Имканагий Самарқандий (ваф. 1008/1600) ҳузурида сўфийлик таълимини олган Хожа Боқибиллоҳ Деҳлида хожагон-нақшбандия хонақоҳини очади. Унинг ҳузурида хожагон-нақшбандия тариқатига кириб, иршод ижозатини олган бошқа бир ҳинд сўфийси Шайх Аҳмад Форуқий Сирҳиндий (971/1564 – 1034/1624) эса ушбу тариқатнинг Ҳиндистонда кенг тарқалишига катта ҳисса қўшди. Суннийликнинг ҳанафий мазҳабини қаттиқ туриб ҳимоя қилган Сирҳиндий Акбарнинг (1556-1605) диний синкретизми ва Жаҳонгирнинг (1605-1627) шиапарастлик кайфиятларига фаол қарши чиқди. Шариатни қаттиқ туриб ҳимоя қилгани сабабли «мужаддиди алфи соний» («иккинчи минг йиллик янгиловчиси») лақабини олди. У Ибн Арабийнинг (560/1165 – 638/1240) «ваҳдат ал-вужуд»[1] ғоясини инкор қилган Алоуддавла Симноний (659/1261 – 736/1336) томонидан ўртага ташланган «ваҳдат аш-шуҳуд»[2] ғоясини қўллаб-қувватлади ва такомиллаштирди. Хожагон-нақшбандия тариқатининг Аҳмад Сирҳиндий томонидан асос солинган тармоғи нақшбандия-мужаддидия деб ном олди [11: 187; 17: 284-285; 15: 226].

Х/XVI асрда хожагон-нақшбандия тариқати Саййид Аҳмад ибн Жалолиддин Косоний (868/1464 – 956/1549) воситасида Шарқий Туркистоннинг Кошғар, Ёркент, Хўтан, Оқсув ва Кўча диёрларига, у ердан эса Хитойнинг Гуанси, Цинхай, Минхиа ва Шэньси вилоятларининг турли шаҳарларига ҳам кириб борди ва ушбу ўлкаларда яшовчи мусулмонлар томонидан турли тармоқларга асос солинишига сабаб бўлди. Бу тариқат Хитойда эшонлик номи билан машҳур бўлиб, унинг хафия ва жаҳрия деб номланадиган икки тармоғи ҳам вужудга келган [20: 27-30].

X/XVI асрдан кейин Мовароуннаҳр шаҳарлари, хусусан Бухорога келиб таҳсил олган Волгабўйи мусулмонлари вакиллари ўз юртларига хожагон-нақшбандия таълимотини ҳам олиб боришади. Бу ўлкада XI/XVII – XII/XVIII асрларда, умуман, хожагон-нақшбандия тариқати, XII/XVIII – XIII/XIX асрларда эса унинг нақшбандия-мужаддидия тармоғи кенг ёйилади.  

XI/XVII аср бошларида нақшбандия-мужаддидия Яман ва Ҳижозга кириб боради ва у ердан Мисрга ёйилади. Хожа Муҳаммад Маъсум (1007/1599 – 1079/1668) ва Муҳаммад Мурод Бухорий (ваф. 1729) нақшбандия-мужаддидия ғояларини Ҳижоз, Миср, Сурия ва Туркияда ёйишади. Унинг вафотидан сўнг Истамбулда муродия такясига асос солинади ва у нақшбандия-мужаддидия марказига айланади. У ердан Ҳусайн Бобо Зукич (XII/XVIII а.) саъй-ҳаракатлари билан бу тармоқ Босниягача етиб боради [11: 187-188]. Кейинчалик хожагон-нақшбандия таълимоти Македонияга ҳам ёйилади [21: 225].

Суриядан эса Муҳаммад Мурод Бухорий издошлари нақшбандия-мужаддидия ғояларини Фаластинга олиб киришади. У ерда бир неча зовия, жумладан Қуддусда 1973 йилгача фаолият кўрсатган зовият ал-узбакия (ўзбеклар зовияси)га асос солинади. XIII/XIX аср бошларида Ироқ, Сурия ва Курдистонда хожагон-нақшбандиянинг кенг тарқалиши Сулаймония курдларидан бўлган Мавлоно Холид ал-Бағдодий (1193/1779 – 1242/1827) фаолияти билан боғлиқдир. У 1809 йили Ҳиндистонга бориб, Деҳлида Шайх Абдуллоҳ Ғуломалишоҳ Соҳиб Деҳлавийга (1158/1745 – 1240/1824) мурид тушади, 1811 йили ватанига қайтиб, ўзининг холидия деб аталувчи мустақил тармоғига асос солади. Нақшбандия-холидия XIII/XIX асрда Туркия, Курдистон ва араб мамлакатларига кенг тарқалади. Худди шу даврда ушбу тармоқ Ҳижоз орқали Индонезия, Малайзия, Цейлон, Филиппин ва Мозамбикка, шимолий Туркия орқали эса Кавказга кириб боради [11: 187-188].

Бундан ташқари ушбу тариқатнинг тармоқларидан бири Африка қитъасидаги Конго мамлакати мусулмонлари орасида ҳам мавжуд [21: 225]. Бугунги кунда хожагон-нақшбандия тариқатининг нақшбандия-мужаддидия тармоғи вакиллари Ҳиндистон ва Покистон мамлакатларида кўплаб топилади [19: 68].

XII асрда Абдулхолиқ Ғиждувоний томонидан Бухорода асос солинган хожагон-нақшбандия тариқатининг орадан икки асрдан кўпроқ вақт ўтиб – Хожа Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан кейин бутун Марказий Осиёга ёйилиши ҳамда бу ўлкада сезиларли иқтисодий ва сиёсий қудратга эришиши, XV асрдан бошлаб эса хорижий ўлкаларга ҳам тарқала бошлаши мазкур тариқат таълимотининг маълум даражада ўзи ёйилган ўлкалар халқларининг орзу-армонлари ва маънавий эҳтиёжларига жавоб берганлигини кўрсатади. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида тарқалган ушбу тариқатнинг бизнинг давримизгача сақланиб қолганлиги ва ўз ҳаётида давом этаётганлиги эса унинг таълимотида маълум давр билан чегараланиб қолмайдиган абадий ва ўлмас ғоялар тарғиб этилишидан далолат беради.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али. Баҳоуддин Балогардон (Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд) / Таҳрир ҳайъати: А. Рустам ва бошқ.; Форсийдан таржима, сўзбоши ва луғат муаллифи Маҳмудхон Махдум Ҳасанхон Махдум ўғли. –Т.: Ёзувчи, 1993.
  2. Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (асар бобларидан парчалар) / Форс тилидан Маҳмуд Ҳасаний ва Г. Музаффар қизи таржимаси // Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний [Сўзбоши, таржима, луғат ва изоҳлар муаллифи: Маҳмуд Ҳасаний]. – Т.: Ўзбекистон, 2003.
  3. Навоий, Алишер. Насойим ул-муҳаббат. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма томлик. Ўн еттинчи том /Нашрга тайёровчилар: С. Ғаниева, М. Мирзааҳмедова. Арабча ва форсча матнларни таржима қилиб, нашрга тайёрловчи ва масъул муҳаррир: С. Рафиддинов. – Т.: Фан, 2001.
  4. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Одоби тариқат / Форс тилидан Маҳмуд Ҳасаний ва Г. Музаффар қизи таржимаси // Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний [Сўзбоши, таржима, луғат ва изоҳлар муаллифи: Маҳмуд Ҳасаний]. – Т.: Ўзбекистон, 2003.
  5. مولانا فخرالدین علی بن حسین واعظ کاشفی. رشحات عین الحیات / با مقدمه و تصحیحات و حواشی و تعلیقات دکتر علی اصغر معینیان. در 2 جلد. جلد اول. – تهران: بنیاد نیکوکاری نورانی، 2536. – 361 ص.
  6. Мавлоно Фахриддин Али бин Ҳусайн Воиз Кошифий. Рашаҳоту айн ал-ҳаёт [Муқаддима, таҳрир, изоҳлар ва иловалар муаллифи доктор Али Асғар Маъиниён]. 2 жилдлик.1-жилд. – Теҳрон: «Нуроний» хайрия жамғармаси нашриёти, 2536/1977. – 361 б.]
  7. جامي، نورالدين عبدالرحمن، نفحات الانس / با مقدمه و تصحيح: محمود عابدي، تهران، اطلاعات، چاپ چهارم، 1382. 1214 ص.
  8. Жомий, Нуриддин Абдураҳмон ибн Аҳмад. Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ал-қудс [Таҳрир ва сўзбоши муаллифи Маҳмуд Обидий]. Тўртинчи нашр. – Теҳрон: «Эттелоот», 1382/2003. – 1215 б.]
  9. Зоиров Э. Х. Махдуми Аъзамнинг ижтимоий-сиёсий қарашлари // Жамият ва бошқарув. 2003. №1.
  10. Зоиров Э. Х. Махдуми Аъзамнинг фалсафий ва ижтимоий-сиёсий қарашлари: Фалсафа фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертациянинг автореферати. – Тошкент – 2007.
  11. Ориф Усмон. Бухорои шарифнинг етти пири. – Т.: ТошДШИ нашриёти, 2003.
  12. Тўраев Ҳ. Нашбандия ва Жўйбор шайхлари // Жаҳон мулкининг игоҳбони. – Бухоро: «Бухоро», 1993.
  13. Акимушкин О. Накшбандийа // Ислам. Энциклопедический словарь. – Москва: Наука, 1991.
  14. 12. Анке фон Кюгельген. Расцвет Накшбандийа-Муджаддидийа в Средней Трансоксании с XVIII — до начала XIX вв.: опыт детективного расследования [Перевод с немецкого языка: Скородума] // Суфизм в Центральной Азии (зарубежные исследования): Сб. ст. памяти Фрица Майера (1912-1998) / Сост. и отв. редактор А. А. Хисматуллин. – СПб.: Филологический факультет СПбГУ, 2001.
  15. 13. Ариф Усман. Крупнейшие суфийские братства Центральной Азии. – Самарканд: «Саратон-Хамар», 1999.
  16. Тураев Х. Роль Джуйбарских ходжей в общественно-политической и духовно-культурной жизни Бухарского ханства XVI-XVII веков: Афтореферат диссертации на соискание ученой степени доктора исторических наук. – Ташкент – 2007.
  17. Хасан Камиль Йылмаз. Тасаввуф и тарикаты. Перевод с турецкого А. Урманова. –М.: ООО «Издательская группа «САД», 2007.
  18. 16. Хисматулин А. А. Суфийская ритуальная практика: (На примере братства Накшбандийа). – СПб.: Центр «Петербургское Востоковедение», 1996.
  19. Шиммель, Аннемари. Мир исламского мистицизма / Пер. с англ. Н. И. Пригариной, А. С. Раппопорт. 2-е изд., испр. и доп. – М: ООО «Садра», 2012.
  20. Necdet Tosun, Bahâeddin Nakşbend: Hayatı, Görüşleri, Tarikatı, İstanbul: İnsan Yayınları, 2007, 3. baskı.
  21. آریا، غلامعلی. طریقة چشتیه در هند و پاکستان. – تهران: زوار، 1365.
  22. 19. Ориё, Ғуломали. Ҳиндистон ва Покистонда чиштия тариқати. – Теҳрон: «Зуввор», 1365/1986.]
  23. امیدوارنیا، محمدجواد. نقشبندیه و نقش آن در حوزة آسیای مرکزی چین // فصلنامة مطالعات آسیای مرکزی و قفقاز. – تهران، پاییز سال 1373، شمارة 6. صص 27 – 52.
  24. Умидворниё, Муҳаммаджавод. Нақшбандийлик ва унинг Марказий Осиё ва Хитойдаги таъсири // «Марказий Осиё ва Кавказ тадқиқотлари» уч ойлик журнали. – Теҳрон. 1373/1994 й. кузи, №6.
  25. نفیسی، سعید. سرچشمة تصوف در ایران. – تهران: کتابفروشی فروغی، 1343. 275 ص.
  26. Нафисий, Саид. Эронда тасаввуф илдизлари. – Теҳрон: Фуруғий, 1343/1964.
[1] ваҳдат ал-вужуд [арабча وحدت الوجود борлиқнинг бир бутунлиги] – борлиқ оламда абадий ягона худогина мавжуд, модддий олам ва нарсалар дунёси эса аслида мавжуд бўлмасдан, худонинг тажаллийсидир, деб ҳисобловчи таълимот.
[2] ваҳдат аш-шуҳуд [арабча وحدت الشهود гувоҳликнинг бир бутунлиги] – инсон худога қоришиб йўқ бўлиб кетмайди, балки унинг борлигини ҳис этиб, унинг ягоналигининг гувоҳи бўлади, деб ҳисобловчи таълимот.
Комилжон РАҲИМОВ,
ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти катта илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …