Home / АЛЛОМАЛАР / АҚИДАДА ИМОМ БУХОРИЙНИ ЭРГАШТИРГАН МУТАКАЛЛИМЛАР

АҚИДАДА ИМОМ БУХОРИЙНИ ЭРГАШТИРГАН МУТАКАЛЛИМЛАР

Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий яшаган (194-256 ҳ./810-870 м.) даврда аҳли сунна ва жамоанинг икки ақидавий қаноти – ашъарийлар ва мотуридийлар шаклланиб улгурмаган эди. Абулҳасан Ашъарий (260-324 ҳ./874-936 м.) ва Абу Мансур Мотуридий (256-333 ҳ./870-944 м.) Имом Бухорийнинг вафотидан кейин туғилган. Шунинг учун ҳам Имом Бухорийнинг ақидаси саҳобалар, тобеинлар ва табъа тобеинлардан иборат салафи солиҳиннинг ақидаси билан бир хил бўлган, дейиш тўғрироқ бўлади. Зотан, ашъарийлар ва мотуридийларнинг ҳам ақидаси уларники билан ҳамоҳанг эди.

Ибн Ҳажар Асқалоний (773-852 ҳ./1372-1449 м.) ўзининг “Саҳиҳул Бухорий”га битган машҳур “Фатҳул Борий” асарида Имом Бухорийнинг фиқҳ ва ақидада кимларга эргашганини ёзиб қолдирган. Тарихда “Саҳиҳул Бухорий”ни энг кўп ўрганган олим Ибн Ҳажар Асқалонийдир. У “Саҳиҳул Бухорий”га Имом Бухорийнинг ўзидан ҳам кўпроқ эътибор берган ва хизмат кўрсатган олим сифатида таърифланган. Ибн Ҳажар Асқалоний Имом Бухорийнинг ақидавий фикрлари қайси мутакаллимлар қарашлари орқали шаклланганини қуйидагича қайд қилган:

مَعَ أَنَّ الْبُخَارِيَ فِي جَمِيعِ مَا يَرِدُهُ مِنْ تَفْسِيرِ الْغَرِيبِ إِنَّمَا يَنْقُلُهُ عَنْ أَهْلِ ذَلِكَ الْفَنِّ كَأَبِي عُبَيْدَةَ وَالنَّضرِ بْنِ شُمَيْلِ وَالْفَرَّاءِ وَغَيْرِهِمْ وَ أَمَّا الْمَبَاحِثِ الْفِقْهِيَّه فَغَالِبُهَا مُسْتَمِدَةٌ مِنَ الشَّافِعِيِّ وَ أَبِي عُبَيْد وَ أَمْثَالِهِمَا وَ أَمَّا الْمَسَائِلُ الْكَلَامِيَّه فَاَكْثَرُهَا مِنَ الْكَرَابِيسِيِّ وَ ابْنِ كُلَّابٍ وَ نَحْوِهِمَا

“Имом Бухорий ғариб (архаик) сўзлар изоҳида келтирган нарсаларнинг барчасини Абу Убайда, Назр ибн Шумайл, Фарро ва шу каби бошқа олимлардан нақл қилган. Фиқҳий мавзуга келадиган бўлсак, Имом Бухорий Имом Шофеий, Абу Убайдга суянган. Каломий масалаларнинг аксарияти Каробисий, Ибн Куллобдан олинган”[1].

Абу Убайда Маъмар ибн Мусанно Басрий Наҳвий (110-209 ҳ./728-824 м.) – машҳур араб олими. Ҳадис ровийларидан ҳисобланган. Унинг 200 га яқин асар ёзгани манбаларда айтилган[2]. Жумладан, “Мажозул Қуръон” номли китоби топилиб, нашр қилинган[3].

Абулҳасан Назр ибн Шумайл (122-203 ҳ./740-819 м.) – араб олими, ҳадис ровийси. Бир муддат Марвда қози ҳам бўлган. “Ғариб ҳадис”, “Маоний” ва “Сифот” номли асарлари бўлган[4].

Абу Закариё Яҳё ибн Зиёд Фарро Дайламий Кўфий (144-207 ҳ./761-822 м.) – кўфалик машҳур тилшунос олим. “Наҳв илми амири” деган унвонга сазовор бўлган. “Маонийул Қуръон” асари нашр этилган[5].

Имом Бухорий фиқҳда мужтаҳид бўлса-да, фиқҳий мавзуларни шофеий мужтаҳиди Муҳаммад ибн Идрис Шофеий (150-204 ҳ./767-820 м.) каби фақиҳларнинг фиқҳий қарашлари таъсирида шакллантирган. Шунингдек, Тарсусда 18 йил қозилик қилган, ўз даврида Бағдод ва Мисрнинг таниқли фақиҳи ва муҳаддис олими сифатида фаолият юритган Абу Убайд Қосим ибн Саллом Ҳаравий (157-224 ҳ./774-838 м.) асарларидан унумли фойдаланган. У ислом тарихида илк бор ғариб ҳадис йўналишида (40 йил давомида) асар ёзган (“Ғариб мусаннаф”) буюк олим бўлган[6]. Бу китобнинг энг қадимий қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида сақланади[7].

Имом Бухорий калом илми ва ақидавий қарашларда ўз замондошларидан икки нафар таниқли мутакаллимга эргашган:

Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Саид ибн Куллоб (ваф. 245 ҳ./860 м.) – “Сифот”, “Халқ афъол”, “Радд ала мўътазила” каби асарлар муаллифи. Ибн Надим (ваф. 438 ҳ./1047 м.) “Феҳрист” асарида унинг “Китоб аҳл сунна вал жамоа” номли асари бўлгани қайд қилинган[8].

Юқоридаги иқтибосда тилга олинган Абу Али Ҳусайн ибн Али Каробисий (ваф. 248 ҳ./862 м.) эса “Усул фиқҳ ва фуруъуҳу” ва “Жарҳ ва таъдил” каби китоблар муаллифи, ўз даврининг таниқли олими бўлган[9].

Аҳли сунна ва жамоанинг катта қаноти бўлган ашъарийларнинг пешвоси, мутакаллим олим Абулҳасан Ашъарий калом илмида Ибн Куллобнинг йўлини тутган[10]. Буни “Милал ва ниҳал”да Муҳаммад ибн Абдулкарим Шаҳристоний (479-548 ҳ./1086-1153 м.) қайд қилган бўлиб, унда бундай дейилган:

حَتَّى اِنْتَهَى الزَّمَانُ إِلَى: عَبْدِ اللهِ بْنِ سَعِيدٍ الْكُلّابِي، وَ أَبِي الْعَبَّاسِ الْقَلَانُسِي، وَ الْحَارِثِ بْنِ أَسَدٍ الْمُحَاسِبِي؛ وَ هَؤُلَاءِ كَانُوا مِنْ جُمْلَةِ السَّلَفِ؛ إِلَّا أَنَّهُمْ بَاشَرُوا عِلْمَ الْكَلَامِ، وَ أَيَّدُوا عَقَائِدَ السَّلَفِ بِحُجَجٍ كَلَامِيَّةٍ وَ بَرَاهِينِ أُصُولِيَّةٍ، وَ صَنَّفَ بَعْضُهُمْ وَ دَرَّسَ بَعْضٌ. حَتَّى جَرَى بَيْنَ أَبِي الْحَسَنِ الْأَشْعَرِيّ وَ بَيْنَ أُسْتَاذِهِ مُنَاظَرَةً فِي مَسْأَلَةٍ مِنْ مَسَائِلِ الصَّلَاحِ وَ الْأَصْلَحِ فَتَخَاصَمَا؛ وَ اَحَازَ الْأَشْعَرِيُّ إِلَى هَذِهِ الطَّائِفَةِ، فَأَيَّدَ مَقَالَتَهُمْ بِمَنَاهِجِ كَلَامِيَّةٍ، وَ صَارَ ذَلِكَ مَذْهَبًاً لِأَهْلِ السُّنَّةِ وَ الْجَمَاعَةِ. وَ انْتَقَلَتْ سِمَةَ الصِّفَاتِيَّةِ إِلَى الْاَشْعَرِيَّةِ

“Замон Абдуллоҳ ибн Саид Куллобий, Абулаббос Қалонисий, Ҳорис ибн Асад Муҳосибий даврига етиб келди. Улар салафи солиҳлар жумласидан эди. Фақат уларгина калом илмини маҳкам тутди. Салафи солиҳларнинг ақидасини каломий ҳужжатлар ва усулий далиллар билан қувватлаб берди. Уларнинг айрими китоб ёзди, айрими эса дарс бериш билан чекланди. Ҳатто Абулҳасан Ашъарий билан устози орасида (калом илмидаги) “салоҳ ва аслаҳ” масаласи[11] да мунозара юз берди ва ўзаро тортишиб қолишди. Имом Ашъарий бу тоифа томонга ўтди ва уларнинг гапини калом илми услубига кўра қувватлаб берди. Мана шу воқеадан кейин аҳли сунна вал жамоанинг бир мазҳаби пайдо бўлди. Аллоҳнинг сифатларини тўғри талқин қилувчилар ашъарийларга айланди”[12].

Ибн Халдун (732-808 ҳ./1332-1406 м.) ўзининг дунёга машҳур “Муқаддима” асарида бу ҳақда қуйидагича ёзган:

إِلَى أَنْ ظَهَرَ الشَّيْخُ أَبُو الْحَسَنِ الْأَشْعَرِيُّ وَ نَاظَرَ بَعْضَ مَشِيخَتِهِمْ فِي مَسَائِلِ الصَّلَاحِ وَ الْأَصْلَحِ، فَرَفَضَ طَرِيقَتَهُمْ، وَ كَانَ عَلَى رَأْيِ عَبْدِ اللهِ بْنِ سَعِيدٍ بْنِ كُلَّابٍ وَ أبِي الْعَبَّاسِ الْقَلَانُسِيِّ وَ الْحَارِثِ ابْنِ أَسَدٍ الْمُحَاسِبِيِّ مِنْ أَتْبَاعِ السَّلَفِ وَ عَلَى طَرِيقَةِ السُّنَّةِ. فَأَيَّدَ مَقَالَاتِهِمْ بِالْحُجَجِ الْكَلَامِيَّةِ

“Шайх Абулҳасан Ашъарий зоҳир бўлгунгача (тортишувлар давом этди). У (калом илмидаги) “салоҳ ва аслаҳ” масаласида ўзининг (аслида мўътазилий бўлган) айрим устозлари билан мунозара олиб бориб, уларнинг йўлини тарк этди. У Абдуллоҳ ибн Саид ибн Куллоб, Абулаббос Қалонисий, Ҳорис ибн Асад Муҳосибийнинг фикрларини қабул қилди. Улар эса салафи солиҳларнинг давомчиси ва суннат йўлидаги олимлар эди. Шайх Абулҳасан Ашъарий каломий ҳужжатлар билан уларнинг гапини қувватлади”[13].

Қуйида Ибн Куллобдан ташқари унинг икки нафар ҳаммаслагининг номи ҳам келтирилди:

Абулаббос Аҳмад Қалонисий (яшаган асри III-IV ҳ./IX-X м.) таниқли мутакаллим бўлиб, ҳаёти ва ижоди ҳақида тўлиқ маълумот сақланиб қолмаган. 150 га яқин асар ёзган бўлса-да, бирортаси бизнинг давримизгача етиб келмаган[14].

Абу Абдуллоҳ Ҳорис ибн Асад Муҳосибий (165-243 ҳ./782-857 м.) машҳур сўфий уламо, мутакаллим олим бўлиб, тасаввуфга оид фикрлари билан шуҳрат қозонган, мўътазилийларга қаттиқ раддиялар бериши билан танилган. Унинг “Рисолат Мустаршидин” асари машҳур бўлиб, қайта-қайта нашр қилинган[15].

Юқорида айтилганидек, Имом Бухорий калом ва ақида илмида Ибн Куллобнинг маслагида бўлган. Тожиддин Субкий “ат-Табақот аш-шофеъия ал-кубро”да:وَ ابْنُ كُلَّابٍ عَلَى كُلِّ حَالٍ مِنْ أَهْلِ السُّنَّةِ – “Ибн Куллоб ҳар қандай ҳолатда аҳли суннатдандир!” деган[16]. Шунинг учун ҳам, Имом Бухорий ўзининг “Халқ афъолил ибод” асарини Ибн Куллобнинг “Халқ афъол” асари ва фикрларидан таъсирланиб ёзган, дея оламиз.

Ибн Куллоб Аллоҳ таолони жисм сингари тасаввур қилувчи мужассималикка асосланган фикрга қарши бўлгани сабабли айрим ҳанбалийлар уни хуш кўрмайди. Бугунги кундаги сохта салафийларнинг ақидавий таълимоти ҳам мужассималикдан таъсирлангани боис Ибн Куллоб сингари мутакаллимларга таъна тошларини отаверади. Бугунги сохта салафийлар, жумладан, Ибн Абдурраҳмон Хаммис кабилар ўзининг “Мотуридия рабиба Куллобия” (“Мотуридийлар куллобийларнинг асрандиси”) деган рисоласи билан Ибн Куллобга қўшиб, мотуридийларга ҳам таъна қилишдан тоймаяпти[17]. Улар Имом Бухорийнинг ақидада Ибн Куллобга эргашганини яширади. Ҳақиқат шуки, Имом Бухорийнинг ақидавий таълимоти Ибн Куллоб, Имом Каробисий, Имом Қалонисий ва Имом Муҳосибий каби мутакаллимларнинг ақидалари таъсири ва заминида шаклланган эди.

Имом Бухорий аҳли сунна вал жамоанинг энг йирик олими сифатида ўтмишдошлари сингари ақидавий қарашларини ҳам баён қилиб кетган. Унинг эътиқодий фикрлари ва бу эътиқодга далил бўлган маълумотларни кейинги авлод кўз қорачиғидек сақлаб ва уларга бекаму кўст амал қилмоғи лозим. Унинг ақидавий фикрлари “Саҳиҳул Бухорий”, “Халқ афъолил ибод” каби асарларидан ташқари алоҳида матн сифатида “Ақида” номи билан ҳам ёзиб қолдирилган. 

Фойдаланилган манба ва адабиётлар
[1] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 1-жилд. – Риёз: Дор Таййиба, 2005. – Б. 420.
[2] Хайриддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. 7-жилд. – Байрут: Дор ал-илм, 2002. – Б. 272.
[3] Абу Убайда. Мажоз ал-Қуръон. – Миср: Хонжий, 1954. – 424 б.
[4] Хайриддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. 8-жилд. – Байрут: Дор ал-илм, 2002. – Б. 33.
[5] Хайриддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. 8-жилд. – Байрут: Дор ал-илм, 2002. – Б. 145-146.
[6] Хайриддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. 5-жилд. – Байрут: Дор ал-илм, 2002. – Б. 176.
[7] Қаранг: Қосим ибн Саллом. Ғариб ал-ҳадис. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 3101. – 132 в.
[8] Ибн ан-Надим. Ал-Феҳрист / Таҳқиқ: Ризо Тажаддуд. – Теҳрон: Донишкада, 1971. – Б. 230.
[9] Хайриддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-илм, 2002. – Б. 244.
[10] Ҳасан Муҳаррам ал-Ҳувайний. Абдуллоҳ ибн Саъид ибн Куллоб – Шайх Абилҳасан ал-Ашъарий. Ҳаётуҳу ва маконатуҳу байн аиммати Аҳл ас-сунна // ал-Имом Абулҳасан ал-Ашъарий: имом аҳл ас-сунна ва-л-жамоа. 1-жилд. Тасдир: Аҳмад Таййиб шайх ал-Азҳар. Аъмол мултақа ал-оламий ал-хомис. 8-11 май. – Қоҳира, 2010 йил. – Б. 165.
[11] Калом илмида мўътазилийлар билан аҳли сунна ва жамоа олимлари ўртасида ихтилоф бўлиб келган катта масалалардан бири “салоҳ ва аслаҳ” масаласи деб аталади. Мўътазилийлар Аллоҳнинг ўз бандаларига яхшилик қилиши ва яхши ишларига савоб беришини вожиб, дейди. Аҳли сунна ва жамоа таълимотига кўра, Аллоҳ таоло мутлақ ихтиёр эгаси бўлиб, бандага яхшилик қилиши ҳам, яхши ишларига савоб бериши ҳам ўз ихтиёрига кўра бўлади, бунга Аллоҳ мажбур эмас.
[12] Муҳаммад ибн Абдулкарим аш-Шаҳристоний. Ал-Милал ва-н-ниҳал. 1-жилд. – Қоҳира: Дор ал-иттиҳод ал-урфий, 1968. – Б. 93.
[13] Ибн Халдун. Ал-Муқаддима. 2-жилд / Таҳқиқ: Абдуллоҳ Муҳаммад Дарвеш. – Дамашқ: Мактаба ал-Ҳидоя, 2004. – Б. 218.
[14] Халаф Абдулҳаким ал-Фаржоний. Ал-Қалонисий: ҳаётуҳу ва ароуҳу ал-каломия // “Ҳавлия куллия ад-диросот ал-исломия ва-л-арабия”. Мажалла Жомеъа ал-Азҳар. – № 12/1. – Қоҳира, 2015. – Б. 1127-1236.
[15] Хайриддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-илм, 2002. – Б. 153.
[16] Тожиддин ас-Субкий. Ат-Табақот аш-шофеъия ал-кубро. 2-жилд. – Қоҳира: Дор эҳё ал-кутуб ал-арабия, 1964. – Б. 300.
[17] Ибн Абдурраҳмон ал-Хаммис. Ал-Мотуридия рабиба ал-Куллобия. (“Ҳивор маъа Ашъарий” рисоласи билан бирга). – Риёз: Мактаба ал-Маориф, 2005. – Б. 153-182.
т.ф.н. Ҳамидулла Аминов,
ЎзР ФА ШИ катта илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …