Home / АЛЛОМАЛАР / ФАРАНГИ МАҲАЛЛИЙНИНГ ЁШ АЛЛОМАСИ

ФАРАНГИ МАҲАЛЛИЙНИНГ ЁШ АЛЛОМАСИ

Муҳаддис, фақиҳ, усулий, мантиқий, мутакаллим, тарихчи, тадқиқотчи, танқидчи олим шайх Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай Ансорий Лакнавий Ҳиндий 1848 йил октябр ойининг 23 куни Ҳиндистоннинг Бонда шаҳарчасида зиёли оиласида дунёга келган.

Алломани бу исм билан отаси номлаган. У бу ҳақда бундай деган: “Исмим Абдулҳай. Отам туғилганимнинг еттинчи кунида, шу исмнинг баракасидан умри узоқ ва амали чиройли бўлсин, деб менга Абдулҳай исмини берган”.

Алломанинг куняси – Абул Ҳасанот. Алломанинг ўзи: “Менинг куням Абул Ҳасанот бўлиб, отам мени йигитлик ёшига етганимда шундай кунялаган”, деб хабар берган.

Алломага Лакнавий, Ҳанафий, Ансорий, Айюбий ва Фаранги Маҳаллий каби нисбалар берилган.

Лакнавий нисбаси ота-бобоси яшаб келган ва ўзи туғилиб ўсган Лакна шаҳри билан боғлиқ. Бу шаҳар Ҳиндистон шимолида жойлашган бўлиб, хозирги кунда Уттар Прадеш штатининг пойтахти ҳисобланади. Лакна қадимдан ҳунармандлик ва савдогарлик маркази бўлиб келган.

Ансорий деб, мадиналик ансорларга нисба берилган.

Айюбий нисбаси машҳур саҳобий Абу Айюб билан боғлиқ бўлиб, унга қирқ уч табақа билан етиб боради.

Фаранги Маҳаллий деб, Лакнав шаҳридаги маҳалланинг номига нисба берилган. Бу маҳаллани франциялик савдогарлар ўзлари учун барпо қилган. Улар юртига қайтиб кетгач, Абдулҳай Лакнавийнинг бобоси Қутбиддин Шаҳиднинг фарзандлари Сиҳолий қишлоғидан Лакнав шаҳридаги Фаранги Маҳаллийга кўчиб ўтиб яшаган. Кейинги даврда бу маҳалла илм-маърифат ўчоғига айланиб, у ердан фиқҳ, ҳадис, тафсир, луғат, мантиқ ва риёзиёт фанлари бўйича икки юз элликдан зиёд олим етишиб чиққан.

Бу маҳаллага нисбат берилган уламоларнинг машҳурларидан бири Низомиддин ибн Қутбиддин Шаҳиддир. У 1090/1679 йили Сиҳолийда туғилиб, отасининг вафотидан кейин шу маҳаллага кўчиб ўтган. У “Ҳинднинг устози” деган юксак унвонга сазовор бўлган. 1191/1777 йили вафот этган. Бу аллома ҳақида Ғулом Али Озод бундай деган: “У иқтидор ва фазилат соҳиби, ўта билимдон инсон эди. Аллома тузган янги дарсликлар низоми ҳозирги кунгача Ҳиндистон мадрасаларида ўқитилиб келмоқда”[1].

Ҳанафий деб, Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитга нисба берилган. Одатда имомларнинг имоми ва умматнинг чироғи бўлган Абу Ҳанифанинг мазҳаби ва йўлини тутган киши “Ҳанафий” деб нисбаланади.

Аллома ота-боболарининг Ҳиндистонга келиб қолиш тарихини бундай изоҳлайди: “Боболаримнинг баъзиси Мадинадан Ҳиротга кўчиб келган. Кейин у ердан Деҳлига, ундан Сиҳолийга кўчиб ўтган. У ерда бобом Қутбиддин Шаҳиднинг қабри бор”.

Абдулҳай Лакнавий илм ва тақво асосига қурилган машҳур оилада таваллуд топган. Алломанинг ота-боболари орасида ислом оламига донғи кетган уламолар бўлган. Хусусан, отаси Шайх Абдуҳалим Ҳинд диёридаги катта олимлардан бўлиб, фиқҳ, ҳадис ва мантиқ илмлари бўйича кўплаб рисолалар ёзган.

Аллома илмли, диёнатли ва тақводор она бағрида тарбия топиб улғайган. Онасининг насаби ҳам Қутбиддин Шаҳидга етиб боради. У Нуруллоҳ ибн Муҳаммад Валий ибн Ғулом Мустафо ибн Муҳаммад Асъад ибн Қутбиддин Шаҳиднинг қизидир.

Абдулҳай Лакнавий, ўз сулоласидаги уламо ва муҳаддислар каби, илм олишни болалигидан бошлаган. Зеҳни ўткир ва хотираси кучли бўлган. Шу боис беш ёшлигидаёқ таълим олишни бошлаб юборган. Аллома бу жараённи ўз тилидан қуйидагича баён қилган: “Беш ёшга етганимда, Ҳофиз Қосимнинг ҳузурида Қуръон ёдлашни бошладим. “Амма” порасини ёдлаб тугатмасимдан биз оиламиз билан Жунфур шаҳрига кўчиб кетдик. У ерда Ҳофиз Иброҳимга шогирд тушиб, Қуръон ёдлашни давом эттирдим. Отам то Қуръонни тўлиқ ёдлаб бўлгунимча дарсларимни назорат қилиб турди. Ўн ёшимда Қуръонни тўлиқ ёд олдим”. Алломанинг отаси ўғлининг илм олишига қаттиқ эътибор бериб, Қуръон ёдлаш давомида унга айрим зарурий илмий китоблар ва ҳусни хатдан дарс берган.

Абдулҳай Лакнавий ўн бир ёшидан илм таҳсилига астойдил киришиб, сарф, наҳв, маоний, балоғат, мантиқ, ҳикмат, тиб, фиқҳ, усулул фиқҳ, калом илми, ҳадис ва тафсир каби дарслик сифатида ўтиладиган расмий фанларни ўн етти ёшигача ўқиб тамомлайди. Аллома бу ҳақда бундай хотирлайди: “Ўн етти ёшимда дарслик сифатида ўқитиладиган ақлий ва нақлий китобларнинг барчасини отамнинг қўлида ўрганиб чиққанман. Аммо риёзиётга тегишли айрим китобларни ҳали ўқиганим йўқ эди. Уларни отамнинг тоғаси ва устози Мавлоно Муҳаммад Неъматуллоҳнинг ҳузурида тўлиқ ўзлаштирдим”.

Абдулҳай Лакнавий сафдошлари орасида барча фанлар бўйича пешқадам бўлиб, билими билан улардан ажралиб, донг таратди. Аллома бундай ютуққа ўзининг ўткир зеҳни, кучли хотираси ва тиришқоқлиги билан эришди. Бундан ташқари, қайси китобни ўқиб чиқмасин, ундан талабаларга дарс беришга ҳаракат қилар эди. Натижада ўқиб чиққан китоби тўғрисида кучли билим, истеъдод, иқтидор ва кўникма ҳосил бўларди. Аллома ўспиринлик чоғидаёқ мазкур фанларни тўлиқ ўзлаштиришининг сабабини қуйидагича баён қилади: “Мен қайси бир китобни ўқиб тугатсам, дарҳол ўша китобдан талабаларга дарс беришга киришар эдим. Бунинг натижасида менда шу асар ҳақида ўз-ўзидан тўлиқ кўникма ҳосил бўлиб, китобнинг ҳеч бир қисми бўйича иштибоҳ қолмас эди. Мен китоб қайси фанга тегишли бўлса ҳам шу услубни қўллаганман”.

Ҳақиқатан, бу услуб илм олиш йўлларининг энг фойдалиларидан ҳисобланади. Уламолар ҳам китобни англаш ва дарсда ўтилган нарсаларни эслаб қолишда талаба учун бу йўлнинг жуда фойдали эканини таъкидлаб ўтган. Шунингдек, Имом Лакнавий аруз илми, тиб қонунлари ва устозларидан эмас, ўзи мустақил ўқиган бошқа китоблардан ҳам дарс берган.

Ёш алломанинг илмий ҳаёт йўли мана шу тарзда бошланиб, умрининг охиригача илм олиш ва илм бериш билан давом этди.

[1] Ғулом Али Озод Балкаромий. Субҳатул маржон фи асари Ҳиндистон. – Байрут: 2015. – Б. 2/49.

Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …