Ислом динида Қурони каримдан сўнг иккинчи манба бўлиб эътироф этилган китоб Имом Бухорийнинг “ал-Жомeъ ас-саҳиҳ” – (“Ишонарли ҳадислар тўплами”) асаридир. Ҳадис илмининг султони, улуғ бобокалонимиз Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий таълиф этган бу асар, кўплаб нусхаларда мусулмон халқларининг орасида тарқалиб, унга юзлаб шарҳлар битилган ва дунёнинг турли тилларига таржима қилинган ва ҳозирда ҳам таржима қилинмоқда.
Ҳозирги вақтда бизга маълум бўлгани Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида 19 дона Р. 2814. 1-жилд, Р. 2813. 2-жилд, Р.7333–7340. 1–9-дафтарлар, Р. 3568, Р. 7914, Р. 7980, Р. 8975, Р. 7961, Р. 8933, Р. 8270. 2-жилд, Р. 3992, Р. 5190 рақамлари билан, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг қўлёзмалар фондида 5 дона №412, №443, №455, №437, №465, №459 рақамлари билан “Саҳиҳул Бухорий”нинг араб тилидаги қўлёзмалари сақланмоқда.[1] Шунингдек, дунё кутубхоналаридаги Қўлёзмалар фондида ҳам 500га яқин бизга маълум бўлган қўлёзмалари сақланмоқда.[2]
Нусхасининг адади ва истифода этилиши жиҳатидан Қуръони каримдан кейинги ўринда турган бу асарнинг шунчалик юксак даражага етганининг сабаби нима? Ислом оламида “ас-Саҳиҳ”, “ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”, “Саҳиҳул Бухорий” номлари билан машҳур – икки дунё саодатига элтувчи йўл бўлган бу китобнинг ёзилиш тарихига ва услубига бир назар солсак.
Мазкур асарнинг ёзилиш сабабларидан бири сифатида, Имом Бухорийнинг устози, ҳадис илмида мўминларнинг амири Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг сўзлари кўрсатилган. Иброҳим ибн Маъқил Насафийдан ривоят қилинади: Имом Бухорий: “Исҳоқ ибн Роҳавайҳ бир куни: “Қанийди сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан саҳиҳларини тўплаб бир асар таълиф этсангиз”, деб айтди. Мана шу сўз менинг қалбимга қаттиқ ўрнашиб қолди. Натижада “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” – (“Ишонарли ҳадислар тўплами”)ни жамлашга киришдим”, деди.[3]
Имом Бухорий бу китобни ёзишдан олдин нафақат устозларидан кўрсатма олган, балки Аллоҳ таолодан ҳам илоҳий бир иршод олган десак хато бўлмайди. Чунки Имом Бухорийнинг кўрган тушлари бунинг ёрқин далилидир. Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форисдан ривоят қилинади: Имом Бухорийнинг: ““Тушимда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Мен у зотнинг ҳузурларида туриб, қўлимдаги елпиғич билан пайғамбаримизни елпиб турган эканман. Бу тушнинг таъбирини баъзи таъбирчилардан сўраганимда улар: “Сен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғондан ҳимоя қилар экансан” деди. Бу туш мени саҳиҳ ҳадислар тўплами “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни ёзишга ундади”, деб айтаётганини эшитдим”.[4] Кимки жаноб Пайғамбаримизни тушида кўрган бўлса, ҳақиқатдан ҳам уни ҳаётда кўрган ҳисобланишини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Имом Бухорийнинг бу тушлари ҳам аслида Аллоҳ таолодан бўлган илоҳий бир кўрсатма эди.
Имом Фирабрий шундай ривоят қилади: “Муҳаммад ибн Абу Ҳотамнинг шундай деб айтаётганини эшитдим: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни тушимда кўрдим. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортидан юриб кетаётган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қачонки қадамларини кўтарсалар, у зотнинг қадамларини изларига Имом Бухорий ўз қадамини қўяр эди””.[5] Жумладан, мазкур тушни Нажм ибн Фузайлнинг ҳам кўргани манбаларда ривоят қилинган.
Имом Бухорийнинг мазкур шоҳ асарини қаерда таълиф этилгани тўғрисида манбаларда турли фикр-мулоҳазалар мавжуд. Шулардан; Имом Бухорий бу асарининг шарҳ ва изоҳларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ва минбарлари ўртасидаги жойда ёзган. Абу Фазл Мақдисийнинг ёзишича, уни Бухорода тасниф қилиб чиққан. Баъзи манбаларда бу асарнинг ёзилиши Басра деб, баъзиларида Макка деб кўрсатилган. Умар ибн Муҳаммад ибн Бажир Самарқандийдан эса қуйидагича ривоят қилинади: Имом Бухорийнинг: ““Ал-Жомеъ” китобимни Масжидул Ҳарамда тасниф қилиб чиқдим. Бу китобга бирор ҳадисни киритишдан олдин ғусл қилиб, икки ракат истихора (Аллоҳ таолодан бир ишда яхшилик сўраб қилинадиган ибодат) намозини ўқиб, сўнг ўша ҳадисни саҳиҳлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилгандан кейингина уни китобимга киргизганман”, деб айтаётганини эшитганман”[6]. Бу ривоятлар зоҳиран қараганда бир-бирига қарама-қаршига ўхшайди. Бу манбаларни умумлаштириб, диққат билан қарасак уларнинг ҳаммаси тўғрилиги маълум бўлади, чунки Имом Бухорий бу асарини таълиф қилишни тахминан м.833 (217 ҳижрий) йилда 23 ёшида Масжидул Ҳарамда бошлаб, м.849 (ҳ.233) йилда, қирқ ёшга тўлмасдан 16 йил давомида ўша ерда ёзиб тугатган. Имом Бухорий бу муддат давомида фақат Масжидул Ҳарамдан чиқмай ўтириши мумкин эмас, албатта. У бу саҳиҳ асарини таълиф, таснифотларини бошқа шаҳарларда амалга оширган бўлсада, унинг бобларга ажратиб, тартибга келтиришни фақат Масжидул Ҳарамда амалга оширган. Имом Бухорий китобини ёзиб тугатганидан кейин Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Муъин, Али ибн Маданийга ва улардан бошқа муҳаддис уламоларга ҳам кўрсатади. Улар бу китобни саҳиҳлигини эътироф этишиб, Имом Бухорийнинг бу ишига тасаннолар айтади.
Имом Бухорийнинг асаридан олдин ҳадислар даражасига қараб саҳиҳга ажратиб жамланмаган. Ўша вақтда ҳадис аҳли орасида ҳадиснинг ровийсининг истилоҳий ҳолатини, унинг ишончли ёки ишончсиз эканини ўрганиш кенг тарқалган. Улардан ривоят қилинган ҳадислар даражасига қараб ажратилмасдан китобларга киритилган. Имом Бухорий ҳадисшунослик соҳасида мутлақ янгича бир йўлни кашф этдики, бу билан бу соҳада “олтин аср”ни бошлаб берди.
Имом Бухорийдан олдин ҳадис илми билан шуғулланган муҳаддис уламолар олаётган ҳадисларини саҳиҳ, ҳасан ва заифлигини[7] ажратмасдан киритганини айтиб ўтдик. Имом Бухорий эса ҳар бир ҳадисни эшитиб ёзиб олишдан олдин унинг ровийларини[8] кимлигига, тақвосига, шариатга амал қилиш-қилмаслигига ҳамда диний ва дунёвий адолатига жуда қаттиқ эътибор берган. Эътиқоди суст ва ёлғон билан оз бўлса-да танилган кишилардан умуман ҳадис олмаган. Ривоят қилишларича, Имом Бухорийга нотаниш бўлган бир ҳадис етиб келибди. Унинг ровийси эса Имом Бухорийнинг турган жойидан бошқа ерда экан. Имом Бухорий шу ҳадисни санадини[9] ва саҳиҳлигини у ровийдан сўраб билиш учун узоқ масофани босиб, унинг уйига келган экан. Аммо бу ровийни далага, ўзига тегишли бўлган ерга чиқиб кетганини айтади. Имом Бухорий унинг даласига йўқлаб борса, қочиб кетган отини ушлаб олиш учун этагини қайириб, худди ем солингандек кўрсатиб, отни чақираётган экан. Имом Бухорий: “Бу инсон тилсиз жониворни алдаб турибди, ундан нимани кутиш мумкин”, дея ундан ҳадис тингламасдан ортига қайтиб кетган экан. Дарҳақиқат, Имом Бухорий шунчалик диққат ва эътибор билан саҳиҳ ҳадисларни тўплаган. Сохта ҳадисларни эса фақат бошқаларга билдириш учун ёд олган холос. Имом Бухорий Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларини санади муттасил[10] ва ровийлари ишончли бўлганларини танлаб олиб, китоб шаклига келтирди. Шундан сўнг ҳадисшунослик соҳасида ҳадисларни саҳиҳга ажратиб, тўплам ҳолига келтириш бошланди. Муборак ибн Аҳмаддан ривоят қилинади: “Имом Бухорийнинг ҳадис ривоят қилишдаги шарти – санадининг саҳиҳлигига ихтилоф қилинмаган, ишончли ровийлардан ривоят қилинган, ҳадис санади ихтилофсиз ҳолда саҳобаи киромларга муттасил боғланган бўлса, у ҳадиснинг санади муттасил деб эътироф этган”[11].
Жумладан, Имом Бухорийнинг наздида ҳадис санадидаги табақаларда ровийларнинг оз бўлиши ҳам ҳадиснинг саҳиҳлигига далолат қилган. Масалан; агар санаддаги тобеъинлар табақасида икки ровий бўлса, у ҳолда ҳадис “ҳасан” – “ривоят қилиниш услуби чиройли” мартабасида бўлган, агар бу табақада бир ровий келтирилган бўлса, у ҳадисни “саҳиҳ” деб эътироф этган. Имом Бухорийнинг бундай йўл тутишининг ўзига хос сабаби мавжуд, чунки ҳадис қанчалик кўп ровийдан ўтиб муҳаддисга етиб келса, унинг ибораларидаги хато ва адашиш шунчалик кўп бўлиши эҳтимоли мавжуддир. Шунингдек, Имом Бухорий ҳадис соҳасида “ҳаддасано” – “бизга ҳадис айтди” иборасини ва унинг ўрнига қоим бўладиган бошқа ибораларни ҳамда “ан–ан – фалончи фалончидан, у эса фалончидан ҳадис айтди” иборасини ҳам истилоҳий маънода қўллаганки, бу санаддаги ровийларнинг даражасига ҳам далолат қилади. Жумладан, Имом Бухорий “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни таълиф этишда ҳадисларни бобларга тасниф қилиб, уларни фиқҳий масалаларга мувофиқ тартиб билан келтирганки, бу ҳам ўқувчига китобдан истифода қилишни енгиллаштиради. Ҳар бир китобнинг ва бобнинг аввалида оят ва шарҳларнинг келиши ҳам ўзига хос бир услуб бўлиб, бу ўқувчининг фикр доирасини кенгайтиришга имкон беради. Шунингдек, Имом Бухорий мазкур ҳадис тўпламини “Ваҳийнинг бошланиши” китобидан бошлаб “Тавҳид” китоби билан якунлагани ҳам бир ҳикмат бўлиб, ўқиш жарёнида эътиборли китобхон бу билан муаллифнинг нимага ишора қилаётганини теран пайқаб олади.
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўплами 97 та китоб ва 3881 та бобдан иборат бўлиб[12], ундаги барча ҳадислар сони, такрорийлари билан қўшиб ҳисоблаганда 7563[13] тадир. Китобнинг ҳошиясидаги муаъаллақ ҳадислар[14] 1391 та, бирор ҳадисга тобеъ бўлиб келган ҳадислар 344 та ва бу китобдаги барча ҳадислар адади 9082 тага етади.[15] Имом Бухорий бу ҳадисларни олти юз минг ҳадис орасидан энг-энг саҳиҳларини ажратиб олганини ҳисобга олсак, бу китобнинг яна бир беқиёс қиймати кўз олдимизда яққол намоён бўлади. Агар ҳадисларнинг ҳар бирини олдин ғусл қилиб, икки ракаат намоз ўқигандан кейин ўз тўпламига киритганини ҳам ёдга олсак, бу қиймат янада равшанроқ кўринади. Бу ҳақда Имом Фирабрийдан шундай ривоят қилинади: “Имом Бухорийнинг: “Мана бу “ас-Саҳиҳ” китобимга ҳар бир ҳадисни ғусл қилиб, икки ракаат намоз ўқиганимдан кейингина киритдим”, деб айтаётганини эшитганман”[16].
Имом Бухорийнинг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўпламининг бошқа ҳадис тўпламларидан устунлик жиҳатлари мусаннифнинг ҳадис қабул қилишдаги шартлари ва бошқа муҳаддисларнинг шартлари билан қиёсий таҳлили орқали маълум бўлади.
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий яшаб ижод этган даврда ҳадис илми жуда кенг тараққий этган ва кўплаб муҳаддисларнинг ҳадис тўпламлари мавжуд эди. Имом Бухорийнинг вафотидан кейин ҳам бир қанча муҳаддислар пайдо бўлди. Шундай бўлса-да, ўша замонда ва ундан кейин келган ислом уламолари ва муҳаддис олимлар наздида фақат Имом Бухорийнинг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўплами энг саҳиҳ ва энг мукаммал бўлиб эътироф этилди. Бунинг сабаби – Имом Бухорий ҳадисларни ўзига етказиб келган ровийлардан ривоятини қабул қилиб китобат қилишдаги шартлари ва талаблари бошқа муҳаддисларникидан кўп бўлган, ровийдан ҳадис қабул қилишда қатъий талабларни қўйган.[17] Ҳадис ривоят қилувчи ровийларнинг сифатларига, ахлоқларига жуда катта эътибор қаратган ва ровийнинг сифати, ахлоқи ҳадис қабул қилишдаги талабларига етарли даражада жавоб бермаса, ундай ровийдан ҳадис қабул қилмаган.[18] Сифати мажҳул, кимлиги ва насаби номаълум, сифатига қадҳ (жарҳ) етган ровийлардан, шу жумладан санад табақасида ёлғиз бўлиб қолган ровийдан[19] умуман ҳадис ривоят қилмаган.[20]
Ҳадисларни саҳиҳ деб қабул қилишда муҳаддис уламоларнинг саҳиҳлик шартлари турлича бўлган. Муҳаддис олимларнинг ҳадисларни саҳиҳ деб эътироф этишида асосан бешта шарт мавжуд бўлган. Бу беш шарт қуйидагилар: 1) Санаднинг узлуксиз боғланган бўлмоғи; 2) санаддаги ровийнинг одиллиги; 3) санаддаги ровийнинг хотирасини мукаммал бўлмоғи; 4) ҳадис ўз матни ва унинг ровийлари мартабасига зарар етказувчи сабаблардан холи бўлмоғи; 5) ҳадис матни ва санади шузуз (тарқоқлик)дан холи бўлмоғи лозим.[21]
Имом Бухорий наздида эса ҳадислар саҳиҳлик даражасига етиши учун ўн иккита шарти мавжуд бўлган. Бу ўн иккита шарт юқорида келтирилган бешта асосий шартларнинг замирида туради.[22] Улар қуйидагилар:
- Бир-биридан ҳадис ривоят қилаётган ровийлар бир шаҳарда замондош бўлиши, агар бир шаҳарда замондош бўлиб истиқомат қилмаган бўлса ҳадис муттасил санад деб қаралмаган.
- Бир-биридан ҳадис ривоят қилаётган ровийлар бир марта бўлса ҳам учрашган бўлиши, агар бир шаҳарда истиқомат қилиб учрашмаган бўлса уларнинг бир-биридан ҳадис ривоят қилиши муттасил санад деб қаралмаган.
- Ровий (ҳадис ривоят қилувчи шахс) ҳадисни ўзига етказувчи ровийдан ижозатан юзма-юз ҳолатда оғзаки (ривоятан) ёки ёзма равишда (дироятан) олган бўлиши (бу уч (1-3) шарт “санаднинг кўриш, эшитиш ва ўқиш орқали боғланиши” замирида туради).
- Ровий мусулмон бўлиши, динсиз ва ғайридин кишидан ҳадис қабул қилинмаган.
- Ровий балоғатга етган бўлиши, яъни ҳадисни ёд олиб бошқаларга етказишда масъулиятни англаб етадиган ёшда бўлиши.
- Ровий ақлли бўлиши, ақли заифдан ҳадис ривоят қилинмайди.
- Ровий фосиқ бўлмаслиги, фосиқ кишининг ҳадиси қабул қилинмайди.
- Ровийларнинг энг ишончлиси, ростгўйи, одамийлиги (бу бешта (4-8) шартлар “ровийнинг дин ва дунё ишларида одил бўлмоғи” шарти замирида туради).
- Ровий хотирасининг кучли бўлиши, яъни эшитган ҳадисини асл ҳолида ёд олиб қолмоғи.
- Ровий хотираси суст бўлса эшитганини ёдлаб ёзиб қўйган бўлиши (бу икки шарт (9-10) “ҳадис санадидаги ровийлар хотирасини мукаммал бўлмоғи” шарти замирида туради).
- Ҳадис санади ва матни ихтилофдан холи бўлиши (бу 11-шарт “ҳадис матни ва санади шузуз (тарқоқлик)дан холи бўлмоғи” шарти замирида туради).
- Ҳадис санади ва матни зарар етказувчи сабаблардан холи бўлиши (бу 12-шарт “ҳадис ўз матни ва унинг ровийлари мартабасига зарар етказувчи сабаблардан холи бўлмоғи” шартининг замирида туради).[23]
Ўқувчига янада тушунарлироқ бўлиши учун мазкур ўн икки шарт ва тўққиз муҳаддиснинг ҳадис олишдаги унга амал қилиш даражасининг қиёсий таҳлили жадвал кўринишида тайёрланди[24].
Тадқиқотларимиз натижаси ҳадис тўпламлари саҳиҳ деб тан олинган тўққиз муҳаддисдан фақат Имом Бухорий мана шу ўн икки шартга қатъий амал қилганини кўрсатади. Яъни, ҳадис санади ва матни мана шу шартларга тўлиқ жавоб берса, у ҳадис Имом Бухорий наздида саҳиҳ ҳадис ҳисобланган. Имом Муслим саҳиҳликнинг ушбу шартларини ўн биттасига қатъий амал қилган, яъни саҳиҳликнинг ўн бир шартига жавоб берган ҳадис санади ва матни у кишининг наздида саҳиҳ саналган. Масалан; Бир шаҳарга шайх (ҳадис ривоят қилувчи устоз)лардан бирортаси келиб дарс ташкил қилиб бирор ҳадис айтса-ю, тинглаганлардан бири у ҳадисни шу шаҳарда истиқомат қилувчи, аммо ўша дарсда бўлмаган бир дўстига айтса, у ҳадисни эшитган дарсда ҳозир бўлмаган учинчи шахс ўша ҳадисни шайхдан ривоят қилса, жадвалга кўра бу ҳадис Имом Бухорийда санади муттасил (санади боғланган) саналмайди, Имом Муслим ва бошқа айрим муҳаддислар наздида бу ҳадиснинг санади муттасил деб қаралади[25].
Имом Абу Довуд наздида бу шартларнинг тўққизтаси қайси бир ҳадисда топилса ўша ҳадис саҳиҳ деб саналган.
Имом Термизий наздида эса ҳадис саҳиҳ бўлиши учун ўнта шарт топилиши лозим бўлган[26] ва шу сабабли ҳам айрим ҳадис уламолари Имом Термизийнинг “Сунан” ҳадис тўпламини Имом Абу Довуднинг “Сунан”идан устун қўйишади.
Имом Молик ва Имом Аҳмадларнинг ҳадис қабул қилишдаги шартлари бошқа муҳаддисларникидан кам. Аммо бу уларнинг ҳадис тўпламларига киритган ҳадислари саҳиҳлик даражасидан паст эканини англатмайди, чунки бунинг бир неча ижобий сабаблари мавжуд. Сабаблар қуйидагилар; улар яшаган даврнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларига яқинлиги, ҳадиснинг етиб келишида муҳаддис билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртасида ровийлар озлиги ва яна бир қанча сабаблар борки, ҳатто у сабаблар билан уларнинг ҳадис тўпламларидаги айрим ҳадислар санади олий санадга кўтарилиши ҳам мумкин.
Имом Бухорий ҳадисларни саҳиҳ деб қабул қилишда мана шу ўн икки шартга қатъий амал қилган ва шу сабабли ҳам бутун дунё олимлари томонидан унинг ҳадис тўпламлари мутлақ саҳиҳ ҳадислар деб эътироф этилган. Ҳатто, айрим уламолар Имом Бухорийнинг ҳадисларни қабул қилишдаги саҳиҳлик шартларини ўн бештага етказган. Бу тадқиқотларимиз натижаларига асосланиб Имом Бухорийнинг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўпламидаги ҳадисларининг саҳиҳлик даражаси бошқа муҳаддисларнинг саҳиҳ ҳадисларидан устун эканини айтишимиз мумкин бўлади.
Албатта, мўъжаз бир мақолада муҳаддис алломанинг шоҳ асари “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўплами ҳақида батафсил ёритиб бериш имкони йўқ. Асар ўз номи билан жуда кўп илмларни ўзида жамловчи “Жомеъ”дир. Унда фиқҳий масалалар билан бир қаторда ақидавий, ижтимоий, ахлоқий масалалар ҳам ўз ифодасини топган. Бу асарнинг ўрганилмаган қирралари, ҳикматлари қанчалик кўп мутолаа қилинса, шунчалик кўп намоён бўлаверади.
Кейинги йилларда Имом Бухорийнинг илмий маънавий меросини ва шу замин фарзанди бўлган бошқа алломаларимизнинг қолдирган маънавий меросини ўрганиб, илмий тадқиқ этиш ва кенг оммага етказиш мақсадида олимларимиз кўплаб тадқиқотлар ва илмий-амалий ишлар олиб бормоқда. Имом Бухорийнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг жамоатчиликка тақдим этиш учун 2017 йили Президентимизнинг фармони билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Олий ҳадис мактабининг ташкил этилиши ва бу ерда олиб борилаётган тадқиқотлар шулар жумласидандир. Бу илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ва олий мактаб устозлари муҳаддис алломанинг илмий мероси бўлган “Биррул-волидайн”, “Холқу афъалу-л-ибод” ва “ат-Тарих ас-сағир” асарларининг таржимаси ҳамда “Саҳиҳул Бухорий” ҳадислар тўпламидаги олий санадли ҳадислар мажмуаси “Сулосиёту-л-Бухорий” китобининг нашр этилиш арафасида тургани фикримизнинг далилидир.