Инсониятнинг маънавий қиёфасини юксалтириш ва ахлоқий фазилатларни ривожлантиришда фалсафа фанининг ўрни беқиёсдир. Хусусан, фалсафий тафаккур тарихи тизимида ўзига хос ўринга эга бўлган, дурдона асарлари билан диний ва дунёвий илмлар тараққиётига муносиб ҳисса қўшган Шарқ алломаларининг бебаҳо маънавий меросини бутун дунё тан олиб, юксак эътироф этмоқда. Мамлакатимиз Президенти таъкидлаганидек: “Ислом олами жаҳон фани ва цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссаси билан фахрланишга тўла ҳақли. Хусусан, Марказий Осиё ҳудуди Шарқ Ренессансининг йирик марказларидан бири сифатида бутун дунёда маълум ва машҳур бўлган” [6]. Ана шундай буюк мутафаккирларимиздан бири Шарқда Султонул уламо номи билан донг таратган аллома Муҳаммад Баҳоуддин Валад ибн Хатибийдир.
Баҳоуддин Валад ўз даврида тасаввуф таълимоти ва шариат илмининг билимдони бўлиши билан бирга, илоҳий маърифатни ҳам жуда улуғлаган алломаи замон сифатида шуҳрат қозонган. У асли Урганчдан бўлиб, шароит тақозоси билан Балхга келиб қолади. Султонул Уламо ислом илоҳиётшунослиги, Қуръон тафсири ва ҳадислар шарҳидан мадрасада дарс берар, унинг “Маориф” китоби жуда машҳур эди [9: 135].
Алломанинг тўлиқ исми Муҳаммад Баҳоуддин Валад ибн Ҳусайн Хатибий Балхийдир. Баҳо Валад деб ҳам аталган [11: 52]. Аҳмад Афлокий ўзининг “Маноқибул орифин” асарида Баҳоуддин Валад қуйидаги тахаллуслар билан ижод қилгани ҳақида маълумот беради: Абу Бакр, Абдураҳмон, Ҳаммод, Мутааххар, Аҳмад Хатиб, Мавдуд, Ҳусайиб, Маҳмуд Ҳусайн Хатибий, Баҳоуддин Валад, Султонул уламо, Султонул орифийн.
Аллома 546/1151 йилда дунёга келган. Шажараси халифа Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)га бориб тақалади [8: 15]. Баҳоуддин Валаднинг бобоси Ҳусайн Хатиб, отасининг исми эса Ҳусайн ибн Аҳмад Алоуддин Муҳаммад (Хатиб Букрий)дир. Аҳмад Хатиб “Мебсут” номли асарнинг муаллифи бўлиб, ўз даврида Шамсул умм номи билан шуҳрат қозонган [3: 73]. Афлокийнинг маълумот беришича, унинг онаси Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг қизи, Султон хонадони вакиласидир [11: 52-53]. Розиуддин Нишопурийнинг ёзишича, онаси Муҳаммад Хоразмшоҳ Такешнинг қизи Эмитуллоҳ хотун бўлиб, халқ уни Маликаи жаҳон деб атаган. Ўз даврининг зиёли аёлларидан бўлган. Алишер Навоий “Насойимул муҳаббат” асарида алломанинг ота-онаси ҳақида бундай маълумотни келтиради: “Амирул мўъминун Абубакр (р.а.) фарзандларидиндур. Онаси Хуросон подшоҳи Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг қизидур” [7: 165].
Баҳоуддин Валаднинг отаси Ҳусайн ибн Аҳмад ҳам ўз даврининг машҳур олими бўлган. У атоқли сиёсатчи ва ҳуқуқшунос Радиаддин Нисабурийнинг шогирди бўлиб, унинг қўлида таҳсил олган ва бир қанча фиқҳий, шаръий масалалардаги даъво ишларини олиб бориб, адолатпарварлиги билан халқ орасида юксак мартабага эга зот ҳисобланган. Баҳоуддин Валаднинг “Маориф” асарида Ҳусайн Хатибий зиёли, диний билимларни чуқур эгаллаган, сўфийлик таълимотидан бохабар инсон бўлгани айтиб ўтилган.
Баҳоуддин Валадга хатиблик қобилияти ота-бобосидан мерос бўлиб ўтган. Аждодлари ота-боболари Балх шаҳрининг машҳур хатибларидан бўлиб, узоқ йиллар шу соҳада фаолият юритган. Унинг номи нафақат Балх, балки Ироқ, Хуросон, Бағдод ва Мовароуннаҳр каби йирик шаҳарларда ҳам маълум ва машҳур бўлган. Аллома ниҳоятда инсонпарвар шахс бўлган. Халқ дарди билан яшаган, халқ манфаатларини ўз манфаатидан устун қўйган аллома доимо одамлар орасида бўлишни афзал кўрар, шунингдек, халқнинг дарду ташвишларини ўз ташвишидек билиб, Султон Муҳаммад Хоразмшоҳга мунтазам равишда етказиб турган.
Тарихий манбаларда келтирилишича, Султонул Уламо 1218 йилда ҳаж сафарини адо этиш баҳонасида оиласи, шогирдлари, яқинлари ва 10 туяга ортилган ноёб китоблари билан Балхни тарк этади. Хоразм ҳукмдори Муҳаммад Хоразмшоҳ тазйиқларидан безор бўлган [4: 45] Баҳоуддин Валад оиласининг Балхни тарк этишига қуйидагилар сабаб бўлганлиги манбаларда қайд этилган:
Биринчидан, Баҳоуддин Валад ва Фахриддин Розий диний масалаларда бир-бирига рақиб эди, уларнинг фикри ва қарашларидаги зиддиятлар катта бўлган. Хоразмшоҳ ва унинг аъёнлари Фахриддин Розийни қўллаб-қувватлайди, натижада мамлакатда турли кўнгилсизликлар авж олади. Баҳоуддин Валаднинг яқин дўсти Мажидиддин Бағдодий сарой аъёнларининг фитнаси туфайли фожеали қатл этилади.
Иккинчидан, Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳаддан ташқари кибрланиб, муқаддас ақида ва анъаналарни назарга илмай қўяди. Халифа Носирга чопар юбориб, Бағдоддаги барча масжидларда ўз номига хутба ўқитишни буюради. Бу эса Муҳаммад Хоразмшоҳ томонидан бутун халифаликни ўз бошқарувига ўтказиш учун қилинган ошкора ҳаракат эди.
Учинчидан, Чингизхон қўшинлари тобора Хоразмга яқинлашиб келаётган, хоразмшоҳлар давлатининг шарқий чегараси бўлган Ўтрорга етиб қолган эди. Мўғуллар томонидан элчи сифатида юборилган 450 нафар мусулмон савдогари Муҳаммад Хоразмшоҳ фармони билан қатл этилади. Баҳоуддин Валад бу кетма-кет кўнгилсизликларнинг оқибатини ва мамлакатда бошланажак мўғуллар билан урушни сезган.
Балхнинг энг машҳур воизи ва фиқҳшуноси сифатида танилган Баҳоуддин Валад шу тариқа сафарга йўл олади. Оиласининг мўғуллар истилосидан бир муддат олдин Балхни тарк этгани ҳақида Султон Валад [10: 251] ва Аннимаре Шиммель [1: 10] ўз асарларида маълумот бериб ўтган.
Баҳоуддин Валаднинг “Маориф” асари мутасаввифнинг тасаввуфий-ирфоний билимлари ва фалсафий қарашларини ўзида жамлаган нодир манба ҳисобланиб, кундалик шаклида форсийда ёзилган. У алломанинг ягона ва машҳур асари бўлиб, номланишиданоқ муаллифнинг маърифат ва илму ирфонга иштиёқ ва ҳурмати сезилиб туради. Асарда тасаввуфнинг маърифат, шариат, тариқат ва ҳақиқат босқичлари хусусида сўз юритилиб, уларнинг моҳияти турли ривоятлар ва мисоллар орқали тушунтирилади.
Олмон шарқшунос олимаси Аннимаре Шиммель ўз тадқиқотларида асар ҳақида сўз юритиб, унга “Эксцентрик ҳиссиётлар тасвири кундалиги”, дея таъриф беради. Жалолиддин Румийнинг ўзига хос фалсафий тизимини, услубини яратишида бу асар асосий ғоявий манба вазифасини бажарган. Анри Корбен бу асар ҳақида бундай дейди: ““Маориф” буюк шайх Баҳоуддин Валаднинг тасаввуфга оид кенг қамровли қарашларининг умумий йиғиндисидир. Биз унинг буюк ўғли ва ғоявий вориси бўлмиш Румий таълимотини тушунмоғимиз учун дастлаб “Маориф”ни мутолаа қилмоғимиз даркор”.
Коулман Баркс ва Джон Мойннинг фикрича, бу асар дастлаб экзотерик билимлар соҳиби бўлган, шундай билимларга қизиқадиган тор доирадаги кишилар жамоасига мўлжалланган. У кўп нусхада кўчирилиб, тарқатилмаган. Фақат ислом илмлари ва тасаввуф таълимотини тушунадиган тор доирадаги кишиларгагина тақдим этилган, холос. Асарнинг дастлабки нусхаси ХХ асрда Теҳронда шарқшунос олим Бадиуззамон Фурузанфар томонидан топилган. Олим уни тадқиқ этиш натижасида кейинчалик асарнинг XVI асрда турли шахслар томонидан тўпланган ва сақланган 3 нусхасини топишга муваффақ бўлади. Улардан бири Истанбул университети кутубхонасидан, бири Аё София ибодатхонасидан ва яна бир нусхаси Кўнё музейидан чиқади. Кўнё музейидан топилган нусхада хаттотлар томонидан XIV асрнинг 1-ярмида бу асардан нусха кўчирилгани битилган.
“Маориф” тадқиқоти ва таҳлили юзасидан 1954 йилда дастлабки илмий мақола кенг китобхонлар оммасига эълон қилинди. Дастлаб у Бадиуззамон Фурузанфар томонидан таржима қилинган ва икки жилдда нашр этилган. 1964 йилда Фурузанфар нашри асосида ушбу китобни А.Ж.Арберри инглиз тилига таржима қилган ва шу тариқа асар Ғарб ўқувчилари қўлига етиб борган. Кейинчалик Франклин Льюс ҳам уни мустақил таржима қилган. Эронлик яна бир исломшунос олим Ҳасан Лоҳутий асарни ўз она тилига таржима қилган. Швецариялик шарқшунос олим Фриц Майер (1912-1998) эса немис тилига ўгирилган нусхани яратган. “Маориф” “Асл матндан тузилган Ислом тамаддуни йўналишлари” китобига ҳам киритилган [12: 171].
Маълумки, фалсафий тадқиқотларда муаззам Шарқнинг буюк алломаларидан бири ҳисобланмиш Мавлоно Жалолиддин Румийнинг илмий меросига кўп мурожаат қилинади. Унинг башарият тамаддунидаги ўрни, одамларнинг маънавий-ахлоқий ва умуминсоний қадриятларга ҳурматини оширишга қаратилган ғоялари барча замонларда ҳамма учун бирдек аҳамиятли бўлиб келган. Аммо алломадаги бундай юксакликнинг асосий манбаи – отаси Баҳоуддин Валаднинг илмий меросини ўрганиш бўйича ҳамон етарлича тадқиқот ишлари амалга оширилмагани ажабланарлидир. Бу бугунги куннинг долзарб масаласи ва ввазифасидир.
Алломанинг илмий мероси юзасидан тадқиқ этилган ишлар ниҳоятда кам бўлиб, атиги қуйидагилар амалга оширилганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Афғонистонлик румийшунос М.Сирож “Мавлоно Балхий ва унинг падари. “Маснавийи маънавий”да “Маориф” тафсири” асарини ёзиб, “Маснавийи маънавий”нинг яратилиш тарихи ва бунга Баҳоуддин Валаднинг “Маориф” китобининг таъсирини ёритган [5: 27]. Шунингдек, алломанинг илмий меросини ўрганиш ва фалсафий ғояларини тадқиқ этиш юзасидан туркиялик олимлар А.Оташ, А.Гўлпинарли, Н.Тўпбош ва М.Ўндер томонидан ҳам салмоқли ишлар амалга оширилган. Тожикистонлик файласуфлардан Х.Зиёев, М.Диноршоев ва М.Султонов “Маориф” асари бўйича мақолалар эълон қилиб, унинг таркибига кирувчи ҳикоялардан бир нечтасини тожик тилига таржима қилган ҳолда ўқувчилар эътиборига ҳавола этган. Афсуски, бизга маълум тадқиқотлар рўйхати шу билан якунига етди. Фалсафа тарихи соҳасида Баҳоуддин Валаднинг сўфиёна фикрлари ва фалсафий қарашлари билан жамоатчиликни тўлароқ таништириш учун амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳали жуда кўп.