Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИДА КЕЛГАН СУЛОСИЁТ РИВОЯТЛАРИ ТАҲЛИЛИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИДА КЕЛГАН СУЛОСИЁТ РИВОЯТЛАРИ ТАҲЛИЛИ

 Сулосиёт деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мусаннифгача учта ровий воситасида етиб келган ривоятлар тўпламига айтилади.

Имом Бухорий (194-256/810-870) ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” тўпламида йигирма иккита сулосий ривоятни нақл қилиб келтирган. Улардан ўн биттасини Абу Ҳанифанинг хос шогирди Маккий ибн Иброҳимдан, олтитасини Абу Ҳанифанинг бошқа шогирди Абу Осим Набийл Заҳҳок ибн Михладдан, учтасини Имом Абу Юсуф ва Имом Зуфарнинг шогирди Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ансорийдан нақл қилган. Бу 22 ривоятдан йигирматаси ҳанафий мазҳаби шайхларига тегишлидир. Қолган иккидан биттаси Халлод ибн Яҳё Куфийдан, яна бири Исом ибн Холид Ҳимсийдан  ривоят қилинган. Исом ибн Холиднинг қайси мазҳабда бўлгани ноаниқ. Ушбу йигирма икки ривоят санади эътиборидан йигирма иккита бўлишига қарамай[1], матни ўн еттитадир.

Имом Бухорий сулосий ривоятлар билан жуда фахрланар эди. Чунки, сулосиётларнинг санади энг олийдир.

Яҳё ибн Маъийн вафот этаётганида бир киши: “Нима хоҳлайсиз”, деб сўради. Шунда у: “Холи уй ва олий санадни”, деган экан[2].

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал олий санад ҳақида бундай деган: “Пешқадамлар олий санадни синчковлик билан қидирар эди”[3]. Имом Абу Ҳанифанинг аксарият ривоятлари сулосий ва кўпи суноий (икки ровий орқали етиб келган ҳадислар) эди. Жумладан, Абу Ҳанифанинг “Муснад” ва “Китобул осор” номли асарлари бунга далил бўлади. У киши Анас розияллоҳу анҳуни зиёрат қилиб, ихтилофли бўлса-да, ривоят жиҳатидан у кишига тобеин бўлган[4].

Имом Абу Ҳанифанинг суноиёт ва сулосиётларига кўп ҳам эътибор берилмаслиги ачинарли ҳолдир.

Ибн Можанинг тўпламида бешта сулосиёт мавжуд[5]. Имом Термизийнинг “Жомиъут Термизий” асарида битта ривоят сулосиёт ҳисобланади[6]. Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Насоийнинг тўпламларида бирорта сулосиёт зикр қилинмаган.

Мулла Али Қори “Мирқот”нинг муқаддимасида “Сунани Термизий”нинг “Фитналар китоби” 73-боб, 2260-рақам остида келган ҳадисни ваҳм билан суноий деб айтган[7]. Лекин Мулла Али Қори “Мишкот”ни шарҳ қилиб, айни ўша ҳадиснинг изоҳига етиб келганида, уни сулосий, деб ёзган[8]. Мулла Али Қорининг мана шу сўзлари саҳиҳдир. “Сунани Термизий”да келган сулосий ривоят матни қуйидагичадир:

عن أَنَسٍ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَأْتِي عَلَى النَّاسِ زَمَانٌ الصَّابِرُ فِيهِمْ عَلَى دِينِهِ كَالْقَابِضِ عَلَى الْجَمْرِ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларга шундай замон келадики, улардан динига сабр қилувчи киши чўғни ушлаб турувчи каби бўлади”, дедилар (Термизий ривояти).

Мулла Али Қори “Мирқот”да янглишиб, Имом Муслим ва Абу Довуднинг тўпламларида сулосиёт борлигига ишора қилган[9]. Лекин уларда сулосий ривоятлар мавжуд эмас. Фақат Имом Абу Довуд тўпламида битта тўрт иснодли ривоят сулосиёт ҳукмидадир[10], яъни муҳаддисдан Расулуллоҳ алайҳиссаломгача тўртта ровий мавжуд бўлиб, улардан икки ровий бир табақадан, яъни тобеинлардан бўлгани учун сулосиёт ҳукмида, дейилади. Бунга ҳадис истилоҳида “رباعي في حكم الثلاثي”, дейилади.

Имом Муслимнинг тўпламида бирор ривоят сулосий эмас. Лекин бошқа китобларида сулосиётлар мавжуд.

Имом Бухорий ва Имом Муслим тўпламларидаги энг қуйи (нозил) санад тўққизталик, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан мусанниф ўртасида тўққизта ровий мавжуд бўлган санаддир. Истилоҳда бунга “тусоий” дейилади. Имом Термизий ва Имом Насоийнинг тўпламларидаги энг қуйи санад ўнталик[11], яъни мусанниф билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртасида ўнта ровий бўлган санаддир.

Имом Абу Довуд тўпламидаги энг қуйи санад саккизталикдир. “Уқудул лаалий” муаллифининг сўзига кўра, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг тўпламида ўттиз етти ҳадис сулосиётдир[12].

Имом Бухорийнинг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарига 7563 (етти минг беш юз олтмиш учта) ҳадис киритилган. Уларнинг санадларига қарайдиган бўлсак, уч ровийдан бошлаб, то тўққиз нафар ровийгача ривоятлар занжирини кўришимиз мумкин. 7135-рақамли وَيْلٌ لِلْعَرَبِ مِنْ شَرٍّ قَدْ اقْتَرَبَ – “Яқинлашган ёмонликдан араблар ҳолига вой!” деган мазмундаги биттагина ҳадис тўққиз ровийлидир. Лекин бу ҳадис “Саҳиҳул Бухорий”да тўрт марта такрорланган бўлиб, бошқаларида санад 7 ровийлик бўлиб келади. Умуман эса, “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”асарида аксар ривоятлар 5-6 ровийлик ҳисобланади.

“Саҳиҳул Бухорий”да атиги 22 (йигирма икки) ҳадис уч ровийликдир. Сулосиёт ровийлари саҳоба → тобеин → табъа тобеин жамоаси бўлиб, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтаган даврларда яшаган зотлардир.

خَيْرُ النَّاسِ قَرْنِي ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ

“Одамларнинг яхшиси менинг давримдаги (саҳоба)лар, сўнг уларга эргашган (тобеин)лар, сўнг уларга эргашган (табъа тобеин)лардир!” (Бухорий, 3/2651; Муслим, 4/2533; Термизий, 4/2221).

“Сулосиётул Бухорий” асрлар давомида алоҳида ўқитиб-ўрганиб келинган. Манбаларда олимлар уни устози олдида ўқигани ҳақида алоҳида қайд қилинган, бунинг учун алоҳида ижозатномалар олинган. Бинобарин, бугун ҳам уларни ўрганиш ва ҳадис матнидаги ҳукмларга амал қилиш муҳим аҳамият касб этади.

“Сулосиётул Бухорий” асрлар давомида олимларнинг диққат-эътиборида бўлиб келган. Бу сулосий ҳадисларни “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га шарҳ ёзган жами ҳадисшунос шориҳлар шарҳлаган. Уларни алоҳида изоҳлаган олимлар ўндан ортиқ шарҳ ёзгани маълум. Бу сулосийлардан айримларини келтирамиз:

1) “Шарҳ Сулосиётул Бухорий”. Абулхайр Муҳаммад ибн Абу Имрон Мусо Марвазий Саффор (378-471 ҳ./988-1078 м.) шарҳи. У “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг ровийларидан бири, мазкур шоҳ асарни ўқитиш асносида “Сулосиётул Бухорий”ни алоҳида ривоят қилиб, изоҳлаган илк олимдир.

2) “Шарҳ Сулосиётул Бухорий”. Шамсиддин Муҳаммад ибн Абдуддоим ибн Мусо Бирмовий Мисрий Шофеъий (763-831 ҳ./1362-1428 м.) шарҳи. У Мисрда муфтий бўлган, Байтулмуқаддасда вафот этган. “Сулосиётул Бухорий”дан ташқари “Саҳиҳул Бухорий”га “ал-Ломеъ ас-сабиҳ ала-л-Жомеъ ас-саҳиҳ” номи билан алоҳида шарҳ ёзган. Унинг “Шарҳ Сулосиётул Бухорий” асари манзума шаклидаги уржуза бўлиб, бир неча марта нашр қилинган. Манзума араб диёрларида ҳозиргача ўқиб-ўрганиб келинади.

3) “Тажрид Сулосиётул Бухорий”. Ибн Ҳажар Асқалоний (773-852 ҳ./1372-1449 м.) асари. Уни алоҳида тўплаб, шарҳ қилган. Шунингдек, бу олим “Саҳиҳ ал-Бухорий”га битган кўп жилдлик “Фатҳул Борий” номли шарҳи билан ҳам шуҳрат қозонган.

4) “Ал-Фароид ал-марвийёт фи фавоид ас-Сулосиёт”. Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳазрамий (ваф. 777 ҳ./) асари. Қадимги андалусиялик мазкур олимнинг ушбу шарҳи 2014 йили Мисрда нашр қилинган.

5) “Шарҳ Сулосиётул Бухорий”. Муҳаммадшоҳ ибн Ҳасан ибн Муҳаммад Румий Ҳанафий (ваф. 939 ҳ./1532 м.) шарҳи. У Ибн Ҳожж Ҳасан Румий номи билан танилган бўлиб, “Тафсири Қози Байзовий” ва “Мухтасарул Қудурий” каби асарларга ҳам шарҳ ёзган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида “Сулосиётул Бухорий”нинг 6 та нусхаси сақланади. Улар “Сулосиётул Бухорий” ва “ал-Аҳодис ас-сулосиёт” номлари билан қайд қилинган:

1) ЎзР ФА ШИ-1, № 4079/II. Мазкур қўлёзма “Сулосиётул Бухорий”нинг энг қадимий нусхаларидан бири бўлиб, Самарқанд қоғозига қора сиёҳ билан насх хатида китобат қилинган. Кўчирилган санаси сифатида 998./1590-91 йил қайд этилган, лекин хаттот номи кўрсатилмаган. Асар нусхаси Ибн Ҳажар Асқалоний муқаддимаси билан бошланган.

Мазкур қўлёзмага Шамсиддин Жазарийнинг (751-833 ҳ./1350-1429 м.) “ал-Ҳисн ал-ҳасин”, Муҳйиддин Нававийнинг (631-676 ҳ./1233-1277) “Арбаъин” ҳамда “Қасидаи Бурда” асарлари ҳам киритилган бўлиб, “Сулосиётул Бухорий” 111б-116а варақларида жойлаштирилган. Ҳадис тартиб рақамлари ва зарурий деб топилган айрим қайдлар қирмизи рангда берилган. Матн ҳар саҳифада 11 сатрдан жойлаштирилган бўлиб, ҳошияда айрим изоҳлар ҳам мавжуд. Қўлёзма ўлчами: 19х13 см., умумий ҳажми: 116 варақ. Муқова яхши сақланган.

2) ЎзР ФА ШИ-1, № 7131/IХ. “Сулосиётул Бухорий”нинг қадимий нусхаларидан бири бўлиб, Самарқанд қоғозига қора сиёҳ билан настаълиқ хатида китобат қилинган. Кўчирилган санаси ва хаттот номи кўрсатилмаган. Бироқ ундан олдинги асар 1026/1617 йили Самарқандда Муҳаммадқули ибн Оқмуҳаммад деган хаттот томонидан кўчирилгани қайд қилинган. Ҳуснихат услуби ва қоғоз туридан ушбу шахс шу сана чамасида буни ҳам китобат қилган, деб фараз мумкин. Мазкур нусхада ҳам Ибн Ҳажар Асқалоний муқаддимаси мавжуд. Қўлёзманинг 225а-226а варақларида, ҳар саҳифага 27 сатрдан иборат қилиб кўчирилган. “Ал-Ҳадис” сўзи қирмизи рангда. Қўлёзма мажмуа бўлиб, ўлчами:18х26 см., жами 18 та асар китобат қилинган. Муқова кейинги даврларда ишланган.

3) ЎзР ФА ШИ-1, № 2439/V. Мазкур қўлёзма ҳам “Сулосиётул Бухорий”нинг қадимий нусхаларидан бўлиб, Самарқанд қоғозига қора рангда настаълиқ хатида китобат қилинган. Асарни машҳур хаттот Мавлавий Соқий ибн Муҳаммад Амин Балхий 1093/1682 йили Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистонийнинг “Сулосиётул Бухорий”га битган шарҳи билан бирга кўчирган. Унда ҳам Ибн Ҳажар Асқалонийнинг муқаддимаси мавжуд. Хаттот ўз даврининг таниқли олими бўлгани боис ўзининг изоҳ ва шарҳларини ҳам қўшган. Асар қўлёзманинг 113б-120б варақларида ҳар саҳифасига 9 сатрдан қилиб жойлаштирилган. Ҳошия ва матности изоҳ ва шарҳлар билан бойитилган ноёб нусха ҳисобланади.

Мазкур қўлёзмада Мавлавий Соқий ҳадис фанига оид 12 та асарни мажмуа ўлароқ китобат қилган. Ўлчами: 13х20 см., умумий ҳажми: 237 варақ.

4) ЎзР ФА ШИ-1, № 6591/V. Бу қўлёзма Нафис Қўқон қоғозига настаълиқ хатида кўчирилган. Унда ҳам Ибн Ҳажар Асқалонийнинг муқаддимаси мавжуд. 1127./1715 санада китобат қилинган, хаттот номи кўрсатилмаган. Асар қўлёзманинг 59б-63а варақларида ҳар саҳифасига 17 сатрдан қилиб кўчирилган. Айрим сўзлар луғати ёки изоҳи ҳошияда бериб борилган, лекин булар кўп эмас. Қўлёзма ўлчами: 22,5х13 см. бўлиб, бир қанча асарларнинг мажмуасидан иборат.

5) ЎзР ФА ШИ-1, № 6767/IV. Ушбу қўлёзма “Сулосиётул Бухорий”нинг қадимий нусхаларидан бири бўлиб, Самарқанд қоғозига насх хатида кўчирилган. Хаттот номи ва китобат санаси кўрсатилмаган. Унда ҳам Ибн Ҳажар Асқалонийнинг муқаддимаси мавжуд. Асар қўлёзмадаги 145б-149б варақларда ҳар саҳифасига 13 сатрдан иборат қилиб жойлаштирилган. Ҳадис рақамлари қирмизи рангда. Ҳеч қандай изоҳ ва қайдлар учрамайди. Қўлёзма Шамсиддин Жазарийнинг “ал-Ҳисн ал-ҳасин”, Абу Исо Термизийнинг (209-279 ҳ./824-892 м.) “Шамоилул Муҳаммадия”си каби асарлар билан бир тўплам қилинган. Ўлчами: 25х19 см., умумий ҳажми: 155 варақ. Муқова чармдан ишланган.

6) ЎзР ФА ШИ-1, № 4876/XIV. Бу қўлёзма ҳам “Сулосиётул Бухорий”нинг қадимий нусхаларидан бири бўлиб, Самарқанд қоғозига қора рангда, настаълиқ хатида китобат қилинган. Китобат санаси ва хаттот номи кўрсатилмаган. Ҳадис рақамлари қирмизи рангда ажратиб кўрсатилган. Қўлёзманинг 134б-141а варақларида ҳар бир саҳифада 9 сатрдан қилиб жойлаштирилган бу нусха изоҳлар, сўзларнинг луғатлари билан бойитилиб, сатрлар ораси ва ҳошияларига қайдлар ёзилган нусха ҳисобланади. Бу унинг кенг истеъмолда бўлганини билдиради. Қўлёзма 20х12 см. Ўлчамли, 259 варақдан иборат мажмуа бўлиб, унда 28 та рисола жамланган. Муқоваси яхши сақланган.

Имом Бухорийнинг шоҳ асарини атрофлича ўрганиш бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этади. Чунки, у асар ислом динида Қуръондан кейин иккинчи манба ҳисобланади. “Сулосиётул Бухорий” мавзуи доирасида олимлар тарихда ўта кўп илмий тадқиқот ишларни амалга оширган. Уларни ўрганиш тадқиқотчилар олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

[1] Ломиуд дарорий. Ж. I. – Б. 63-64, 102, 187., Тазкиратул ҳуффоз. Ж. I. – Б. 365-366., Сияри аълом ан-нубало. Ж. 9. – Б. 481., Жавоҳирул музия. Ж. I. – Б. 263., Ҳадиюс сорий. – Б. 479., Таҳзийбул камол. Ж. 25. – Б. 539., Тарихи Бағдод. Ж. V. – Б. 408-412.
[2] Муқаддимату ибн Салоҳ. – Б. 130.
[3] Муқаддимату ибн Салоҳ. – Б. 130.
[4] Ломиуд дарорий. Ж. I. – Б. 103., Сияри аълом ан-нубало. Ж. VI. – Б. 391., Таҳзибут таҳзий– Б. Ж. 10. – Б. 449., Таҳзибул камол. Ж. 29. – Б. 418., Тазкиратул ҳуффоз. Ж. I. – Б. 168., Тарихи Бағдод. Ж. 13. – Б. 323.
[5] Сунани ибн Можа. Ж. II. – Б. 234, 240, 248, 317.
[6] Сунани Термизий. Ж. II. – Б. 52 (ҳадис рақами: 2260).
[7] Мирқот шарҳи мишкот. Ж. I. – Б. 23.
[8] Мирқот шарҳи мишкот. Ж. I. – Б. 98.
[9] Мирқот шарҳи мишкот. Ж. I. – Б. 23.
[10] Сунани Абу Довуд. Ж.2. – Б. 297.
[11] Тадрибур ровий. Ж. II. – Б. 166., Сунани Термизий. Ж. V. – Б. 167. Сунани Насоий. Ж. I. – Б. 155.
[12] Уқудул лоий фил асонийдил ъаволий. – Б. 127.
Абдуллатиф АЛЛОҚУЛОВ,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими, PhD

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …