Самарқандда Ислом цивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб мутафаккирларнинг хоки мангу қўним топган зиёратгоҳлар жойлашган. Бу зиёрат туризмини ривожлантириш учун улкан имконият яратади.
Маълумки, ҳадис илмининг султони Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (810-870) умрининг сўнгги дамларини Самарқанднинг Хартанг қишлоғида ўтказган. 870 йилда оғир касалликка чалиниб, вафот этган ва шу ерда дафн этилган. Унинг мақбараси бутун ислом дунёси учун мўътабар зиёратгоҳ ҳисобланади. Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Имом Бухорий мақбараси атрофида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунда дунё мусулмонлари учун Имом Бухорийнинг фақат мақбараси эмас, асарларининг ноёб қўлёзма нусхалари ҳам зиёрат туризми объекти ҳисобланади. Айниқса, мусулмонлар Қуръони каримдан кейинги муқаддас манба ҳисобланган “Саҳиҳул Бухорий”[1] асарининг қадимий қўлёзмаларини алоҳида эътибор билан сақлаб келган. Қуйида асарнинг Самарқанд давлат университети қўлёзмалар фондида сақланаётган нусхаси ҳақида маълумот берилади.
Имом Бухорий ўзидан бой илмий мерос қолдирган. Унинг асарларидан “бизга маълум бўлгани йигирма тўрттадир”[2]. Буюк муҳаддиснинг шоҳ асари “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) бўлиб, бу асар “Саҳиҳул Бухорий” номи билан ҳам машҳур.
Имом Бухорий кўплаб манбаларни ўрганиб, 600 мингдан ортиқ ҳадис тўплаган. Имом Бухорийгача ўтган муҳаддислар ўз тўпламларига эшитган барча ҳадисларини киритаверган. Буюк муҳаддис эса эшитган ҳадисини унинг саҳиҳлигига қараб, китобга киритган. Тўплаган ҳадисларининг энг ишончлиларини “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га жамлаган.
“Маълумотларга қараганда, дунё кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмалар сони бўйича Имом Бухорийнинг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари биринчи ўринда турар экан. Ҳозирги пайтда жаҳондаги турли кутубхоналарда “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг 2327 дона қўлёзма нусхаси борлиги аниқланган. Айрим ҳадис илмига қизиқувчилар қўлида яна минглаб қўлёзмалар сақланаётган бўлиши мумкин”[3]. “Саҳиҳул Бухорий”нинг номаълум қўлёзма нусхаларини аниқлаб топиш манбашунослигимиз, матншунослигимизнинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Тадқиқотчилар назаридан четда қолган ноёб нусхалардан бири Самарқанд давлат университети (СамДУ)нинг қўлёзмалар фондида сақланмоқда.
СамДУ нафақат Мирзо Улуғбек мадрасасининг вориси, балки бу мадрасада ўқитилган, Ўрта асрлар таълимини ўзида акс эттирган ноёб қўлёзмаларнинг сақловчиси ҳам ҳисобланади. Университет фаолиятининг дастлабки кунидан бошлаб, қўлёзма ва тошбосма китобларни йиғиш ва ўрганиш билан шуғулланиб келмоқда. Ўтган асрда ташкил этилган мазкур фонднинг шаклланишида машҳур адабиётшунос олим, академик Воҳид Абдуллаев ва Ботурхон Валихўжаев раҳбарлигида М.Аминов, Т.Саидқулов, М.Эгамбердиев, Р.Эгамбердиев, Ф.Маъруфий, А.Пўлодий каби олимлар жонбозлик кўрсатган”[4]. XX асрнинг сўнгги чорагида фонддаги манбаларни ўрганишда Ботурхон Валихўжаев раҳбарлигида Ҳафиз Аҳроров, Шуҳрат Аминов, Абдуҳаким Абдуҳамидов, Жўрақул Қаюмов, Жума Ҳамроев каби олимлар самарали ишларни амалга оширди. Улар сафига қўшилган Д.Салоҳий, А.Муҳаммадиев, С.Тоҳиров, Ф.Шукуров ва бошқа ёшлар бугунги кунда устозларининг ишини давом эттирмоқда.
СамДУ қўлёзмалар фонди ҳақидаги дастлабки библиографик нашр 1977 йилда араб графикасида амалга оширилди[5]. Унда қўлёзмаларнинг номи ва инвентар рақами тилига қараб, уч йўналишда (турк-ўзбек, форс-тожик ва араб) ёзилган. Кейинги каталог Абдураҳмон Жомий асарларига бағишланган бўлиб, араб имлосида, форсийда 1989 йилда нашр этилган[6]. Алишер Навоийнинг 1990 йилда нашр этилган асарлари ўзбек, рус ва инглиз тилларида, кирилл, лотин, араб графикасида бўлган[7]. Физика-математика соҳасига оид асарлар рус тилида эълон қилинган[8].
СамДУ қўлёзмалар фондидаги “Саҳиҳул Бухорий” 1097650 инвентар рақами билан сақланади. Унинг 1а, 10а саҳифаларига “Фундаментальная библиотека СамГУ” ёзувли, 1,5х4,5 ҳажмли тўртбурчак муҳрда босилган. Муқоваси қизил, очилганда ундан кейин 2 та шилдироқ қоғоз қўшилган. Иккинчисининг юзасида “Самарқанд шаҳридаги 10-сонли “Букинист” китоб дўкони”нинг тўртбурчак муҳри босилган (ҳажми: 4х7), сотув нархи сифатида “100 рубль” ёзилган. Муҳр шундан далолат берадики, китобни таъмирлаш ишлари уни фондга олиб келгунга қадар амалга оширилган.
Муқовадан кейинги учинчи варақдан китобнинг матни бошланган. Шу варақдан бошлаб матн устида саҳифа рақамлари, совет давридаги қора шарикли ручка билан қўйиб чиқилган (1-375). Демак, муқова ичидаги 2 та шилдироқ қоғоз билан ҳисоблаганда, 377 та варақ мавжуд.
Қоғоз ўлчами 18х27. Варақларнинг пастки ва устки қисми, икки ёнидан 1,5 см. дан 2 см.гача жой қолдирилиб, кўк чизиқ тортилган. Бу чизиқдан яна 2,5 см. дан 3 см.гача жой қолдирилиб, кўк, қизил, қора, сариқ рангли чизиқлар чизилган ва 12х18 ҳажмли рамка ичида матн ёзилган. Ҳар бир саҳифада 11 қатордан ёзув бор ва шу тартибда боблар якунланган. Матн 215б, 294а ёки “басмала” билан бошланган 136б, 216б, 295б саҳифаларда ўзгарган, холос. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, матн ичида “басмала” кўп учрайди, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам янги саҳифадан бошланмаган.
63а-саҳифада матн тугаган, ундан кейинги 63б-64а саҳифалар бўш қолган. Уларда чизиқлар ҳам (рамка) чизилмаган. 135бда матн тугаган, 136а бўш қолган. 215бда матн тугаган, 216ада бўш қолган. 294ада матн тугаган, 294б-295ада бўш қолган, 295бда янги боб бошланган.
Матн қора сиёҳда, унинг ичида кўп учрайдиган “китоб”, “боб”, “ҳаддасана” сўзлари эса қизил сиёҳда ёзилган. Китоб матни пойгир билан таъминланган.
Қўлёзманинг бошланишидаги биринчи қатори: “Анта валлоҳи баъда сулуси абдул асо валлоҳи инни лауро Расулаллоҳи”. Ҳозирги замонавий нашрларда “баъда”дан кейинги “сулуси” лафзи, “Ас-саласи” ҳолида келган. Араб тилида исмга “Ал” аниқ артиклининг қўшилиши исмни маърифага айлантиради. Демак, бу нусха “Саҳиҳул Бухорий” асарининг 79-китоби, яъни “Изн сўраш” китобининг 29-бобидаги 6266-ҳадиснинг ярмидан бошланган. 29-боб – “Қучоқлашиб кўришиш ва кишининг “Қандай тонг орттирдинг?” дейиши ҳақида” деб аталади.
Биринчи варақдаги матннинг 7-қаторида ҳам ўзгариш бор: “Аннасу абадан”, “Ла асъалуҳа Расулаллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллама абадан” деб келган. Янги нашрда “Аннасу абадан” лафзидан кейин “Инни” (Албатта, мен) деган лафз бор. Бунинг бор-йўқлиги маънога таъсир қилмайди.
Бу варақнинг 8-қаторидан янги 30-боб бошланган: “Бабу ман ажаба билаббайка ва саъдайка” (“Лаббайка ва саъдайка” деб жавоб бериш ҳақида). “Лаббайка ва саъдайка” ибораси луғатда “Мен мана шу ердаман, хизматингизга тайёрман, сизни улуғлайман”, деган маънони билдиради ва ўзбек тилида “Буюринг, амрингизга мунтазирман”, деган жумлага тўғри келади.
Кейин 6267-ҳадис Мусо ибн Исмоилдан ривоят қилинган.
Қўлёзманинг охирида қуйидаги ҳадис келади.
Абу Ҳурайра ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки калима борки, улар тилга енгил, тарозида оғир ва Раҳмонга маҳбубдир. Улар: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азим”, дедилар”.
Ушбу ҳадисдан сўнг қуйидаги сўзлар келтирилади: “Садақоллоҳул азим. Ва садақо Расулуҳул карим. Қод фуриғо мин жузъи охирил Бухорий”. Яъни, “Буюк Аллоҳ рост сўзлади, унинг Расули ҳам рост сўзлади. Бухорийнинг охирги жузъи ёзиб бўлинди”.
Бу қўлёзма “Саҳиҳул Бухорий” асарининг тўртдан бир қисмига тўғри келади.