Home / МАҚОЛАЛАР / “ЗИЖИ ХОҚОНИЙ” БОШҚА “ЗИЖ”ЛАРНИНГ КЎЧИРМАСИМИ?

“ЗИЖИ ХОҚОНИЙ” БОШҚА “ЗИЖ”ЛАРНИНГ КЎЧИРМАСИМИ?

Жамшид Кошийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти Деҳлидан Дамашққача ва Орол денгизидан Форс кўрфазигача бўлган улкан ҳудудда ҳукмронлик қилган[1: 20] темурийлар салтанати даврига тўғри келгани учун биз у яшаган Кошон (Ироқи ажам) ва Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги тарихига назар соламиз. Эронни Шоҳруҳ тасарруф этгани, Мовароуннаҳрни эса Улуғбек бошқаргани сабабли олимнинг бутун фаолияти тўлиқ шу салтанат доирасида, уларнинг хизматида бўлган.

Темур ва темурий шаҳзодаларнинг илм-маърифатга муносабати ижобий бўлгани туфайли ўша замонда илм-фан энг юқори поғонага кўтарилди, десак, муболаға бўлмайди. Буни ўша даврларда ва ундан кейинги юз йилликда тасниф этилган асарлар, улар қурдирган сон-саноқсиз илм даргоҳлари ва расадхона мисолида билиш мумкин. Мирзо Улуғбекнинг илм-фан ривожи борасида олиб борган фаолияти натижасида фаннинг кўп соҳаларида, айниқса, фалакиёт (астрономия) илми соҳасида ажойиб ишлар қилинди[1: 34]. У қурдирган расадхонанинг ўзида юзлаб олимлар ишлагани маълум.

Темурийларнинг, хусусан, Улуғбекнинг илму маърифат ривожига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Зеро, илм-фанга шароит бўлмаган жойда аҳли илмнинг катта жамоаси йиғилмаслиги ва кўплаб олимларнинг етишиб чиқмаслиги ҳам тарихий ҳақиқатдир.

Темурийлар даврида бутун Мовароуннаҳр ва Хуросон маданий маънавий ҳаётидаги ривожланиш бу ҳудудда IX-XII асрларда кузатилган тараққиёт сингари бўлиб, ўзига хос ренессанс ҳисобланади[2: 156-175].

Ўша ренессанснинг самараларидан бири Темурийлар давридаги илк астрономик асар бу Жамшид Кошийнинг “Зижи Хоқоний”сидир.

 “Зижи Хоқоний”нинг тузилиши

“Зижи Хоқоний” умумий кириш ва 6 мақоладан иборат[3].

Биринчи мақола машҳур тарихлар ҳақида бўлиб, у муқаддима ва 4 бобдан ташкил топган. Унда 5 та тарихий (милодий, яҳудий, ҳижрий, яздигардий, хитой-уйғур) тақвимлар ҳақида маълумот ва улардан фойдаланиш қоидалари мавжуд.

Иккинчи мақола муқаддима ва 2 бобдан иборат. Унда тригонометрик ва астрономик функциялар, синус, ўқ, оғма ва тўғри чиқишлар ҳақида сўз юритилиб, уларга доир қоидалар келтирилади.

Учинчи мақолада тақвимлар, юлдузларнинг ўрни ва уларга тааллуқли нарсалар ҳақида, хусусан, қуёш, ой, бешта сайёра ҳаракатлари ва улар учун ҳисоблаш йўллари баён этилади.

Тўртинчи мақола муқаддима ва икки бобдан иборат бўлиб, унда астрономияга оид улкан муаммолар, машҳур ёйлар ечими устидаги амаллар ҳақида сўз юритилади.

Бешинчи мақола муқаддима ва 2 бобдан таркиб топган бўлиб, турли маълумотлар асосида толеъларни аниқлаш, кўпроқ астрологик масалаларга оид — шахслар ва умуман дунёдаги кўп воқеалар таҳқиқига бағишланган.

Олтинчи мақола муқаддима ва 2 бобдан иборат бўлиб, унда илми нужумга оид бошқа (қолган) амаллар ҳақида баҳс юритилади.

 Гумон ва ечим

Баъзиларнинг “Зижи жадиди Гўрагоний”нинг асосини “Зижи Хоқоний” ташкил этади, деган ёки шунга ўхшаш бошқа барча гумонларини қанчалик тўғри ё нотўғрилигини аниқлашга ҳаракат қилайлик. Бунинг учун Кошийнинг “Зижи Хоқоний” ва Улуғбекнинг “Зижи жадиди Гўрагоний” асарларининг ўхшаш ва фарқли жиҳатларига бир назар солайлик.

Улуғбекнинг “Зиж”иси умумий кириш ва 4 та мақоладан иборат. “Зижи Хоқоний” эса, умумий кириш ва 6 та мақоладан ташкил топган.

“Зижи Гўрагоний”нинг назарий қисми тахминан 17 фоизни, жадвал қисми эса 83 фоизни ташкил этади. “Зижи Хоқоний”нинг тақрибан 45 фоизи назарияга, қолган 55 фоизи эса жадвалларга бағишланган.

Иккала “Зиж”нинг биринчи, иккинчи ва учинчи мақолалари мавзу жиҳатидан бир-бирига яқин, лекин қамров (ҳажм ва мавзуни ёритиш) жиҳатидан ҳар хил.

“Зижи Хоқоний”нинг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи мақолаларидаги кенг ёритилган масалалар “Зижи Гўрагоний”нинг мақолаларида тарқоқ кўринишда қисқароқ берилган.

“Зижи Гўрагоний”даги турк-уйғур вақт ўлчаш услуби “Зижи Хоқоний”дан олингани маълум бўлиб турибди. Ўз навбатида Коший уни Носириддин Тусийнинг “Зижи Элхоний”сидан олган[4: 234-237].

Улуғбек хитой вақт ўлчовлари ва ҳайвонлар номлари билан боғлиқ олтмиш йиллик даврий тақвимига катта эътибор бериб, кўпроқ тўхталади. Бу масалада ҳам Улуғбек кўп маълумотларни “Зижи Хоқоний”дан олгани кўринади. Коший эса уни “Зижи Элхоний”дан олган.

“Зижи Гўрагоний”да мучал ва хитой “чоғ”лари ҳақида кенг маълумот берилган. Мучал ва хитой “чоғ”лари ҳақида “Зижи Хоқоний”да эса биринчи мақоласида айтилган.

Улуғбек “зиж”ида 1018 юлдузнинг ўрни ўрганилиб, аниқланган. Кошийникида эса 60 та юлдузнинг координатаси берилган.

“Зижи Гўрагоний”да 699 та шаҳар ва аҳоли пунктининг кенглик ва узунлиги аниқланган бўлса, “Зижи Хоқоний”да 513 тасиники берилган.

Улуғбек ҳисоб-китобларда бирлик айлана, яъни радиуси бир бирликка тенг айланадан фойдаланади. Коший эса R=60 дан фойдаланган.

Улуғбек синуснинг бир градусининг қийматини 0р1I2II49III43IV11V14VI44VII16VIII26IX деб топади. Коший эса уни 0р1I2II49III43IV11V14VI44VII16VIII12IX30X деб ҳисоблайди.

Тўғри, баъзи жумлалар, масалан йил ва ойнинг таърифида бир хилдаги сўзлар ишлатилган[5]. Бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Чунки, бир нарсанинг таърифи икки хил бўлиши амри маҳол, айниқса аниқ фанларда.

Кеннедининг айтишича, Улуғбек Беруний, Тусий, Шерозий ва Кошийнинг “Зиж”идан фойдаланиш билан бирга, улардаги маълумотларни текшириб кўриб, янада аниқроқ қийматларни топиб олган. Жумладан, у: “Кошийнинг жадвалидан кўра Улуғбекники аниқроқ”, дейди[6: 2].

Машҳур тўртта “Зиж”ни мақолалар (бўлимлар) бўйича жадвалга солиб қиёслаб кўрайлик:

Мақо-лалар-нинг сони

“Зижи Шоҳжаҳо- ний”

“Зижи Элхоний”

“Зижи Гўрагоний”

 

“Зижи Хоқоний”

 

1

Тарихлар, яъни эралар ҳақида

Тарихлар, яъни эралар ҳақида

Тарихлар, яъни эралар ҳақида

Тарихлар, яъни эралар ҳақида

2

Вақтни аниқлаш ҳақида.

 

Сайёраларнинг ҳаракатини аниқлаш ҳақида.

 

Вақтни аниқлаш ҳақида.

 

Геометрияга оид тушунча, қоидалар ҳақида.

 

3

Сайёралар- нинг ҳаракати ҳақида.

 

Вақтни аниқлаш ҳақида.

 

Сайёраларнинг ҳаракатини аниқлаш ҳақида.

 

Сайёраларнинг ҳаракатини аниқлаш ҳақида.

 

4

Астрономиянинг бошқа масалалари ҳақида

Астрономиянинг бошқа масалалари ҳақида.

 

Астрономиянинг бошқа масалалари ҳақида.

 

Машҳур ёйларни аниқлаш ҳақида.

 

5

 

 

 

Вақтни аниқлаш ҳамда қисман

астрология масаласи ҳақида.

 

6

 

 

 

Астрономия ва астрологияга оид масалалар ҳақида.

 

 

Кўриниб турибдики, “Зижи Хоқоний” бошқаларидан мавзулари бўйича ҳам кескин фарқ қилади. Гарчи “Зижи Хоқоний”дан бошқаларининг мақолалари мавзулари бир-бирига яқин эса-да, ичидаги маълумотлар, албатта, бир хил эмас.

Баъзилар “Зиж”лар нуқул бир-бирини такрорлаб келади, деб даъво қилади. Бу фикр тўғри эмас. Қуйидаги жадваллардан буни билиб олиш мумкин. Уларда мисол тариқасида 11 та шаҳарнинг узунлама ва кенгламасини келтирамиз:

 

Шаҳар номи

“Қонуни Масъудий”

“Зижи Элхоний”

“Зижи жадиди Гўрагоний”

Ҳозирги замон ҳисобида

“Зижи Хоқоний”

 

λ

φ

λ

φ

λ

φ

λ

φ

λ

φ

Миср

   

63°20ʼ

30°20ʼ

63°20ʼ

30°20ʼ

67°23ʼ

30°24ʼ

63°00ʼ

30°20ʼ

Мадина

77°30ʼ

24°00ʼ

75°20ʼ

25°00ʼ

75°20ʼ

25°00ʼ

75°36ʼ

24°28ʼ

75°20ʼ

24°50ʼ

Адан

76°00ʼ

11°00ʼ

76°00ʼ

11°00ʼ

76°00ʼ

11°00ʼ

81°01ʼ

12°46ʼ

76°00ʼ

11°00ʼ

Макка

77°00ʼ

21°20ʼ

77°00ʼ

21°40ʼ

77°00ʼ

21°40ʼ

75°49ʼ

21°25ʼ

77°10ʼ

21°40ʼ

Мадоин

80°30ʼ

20°00ʼ

82°00ʼ

33°10ʼ

72°00ʼ

33°10ʼ

82°13ʼ

31°36ʼ

80°20ʼ

33°00ʼ

Бағдод

80°00ʼ

33°25ʼ

82°00ʼ

33°25ʼ

80°00ʼ

33°25ʼ

80°38ʼ

33°06ʼ

80°15ʼ

33°20ʼ

Восит

81°32ʼ

32°20ʼ

81°30ʼ

42°50ʼ

81°30ʼ

32°20ʼ

81°68ʼ

32°41ʼ

81°30ʼ

34°20ʼ

Басра

84°00ʼ

31°00ʼ

84°00ʼ

30°00ʼ

84°00ʼ

30°00ʼ

83°80ʼ

30°29ʼ

84°00ʼ

30°00ʼ

Ҳазорасф

°ʼ

°ʼ

95°00ʼ

41°00ʼ

95°00ʼ

41°00ʼ

97°06ʼ

41°19ʼ

95°20ʼ

41°10ʼ

Кошон

87°20ʼ

34°00ʼ

86°00ʼ

34°00ʼ

86°00ʼ

34°00ʼ

87°44ʼ

33°59ʼ

101°35ʼ

42°00ʼ

Шош

99°10ʼ

42°30ʼ

109°00ʼ

42°30ʼ

109°00ʼ

42°30ʼ

105°27ʼ

41°18ʼ

109°00ʼ

42°30ʼ

 

 

“Қонуни Масъудий”, “Зижи Элхоний” ва “Зижи Хоқоний”да бу 11 та шаҳар узунлама ва кенгламаси ичида фақат битта шаҳар – Аданники бир хил, холос.

“Қонуни Масъудий” ва “Зижи жадиди Гўрагоний”да иккитагина шаҳарники бир хил.

“Зижи Элхоний” ва “Зижи жадиди Гўрагоний”да саккизтасиники бир хил. Бу иккаласининг ҳисоб-китобини бир-бириникига яқин ва бошқа “Зиж”ларга нисбатан аниқроқ, дейиш мумкин. Чунки, булардаги ўлчаш ускуналари ва шароитлари деярли бир хил.

“Зижи Элхоний” ва “Зижи Хоқоний”да учтасиники бир хил.

“Зижи жадиди Гўрагоний” ва “Зижи Хоқоний”да эса учтасиники бир хил.

Бу жадваллардан юқорида айтилган ноўрин даъволар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслиги очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Бундан ташқари, “Зижи Гўрагоний”да 699 та шаҳар ва аҳоли пунктининг кенглик ва узунликлари аниқланган бўлса, “Зижи Хоқоний”да 513 тасиники берилган. Беруний 605 та шаҳар координатасини аниқлаб келтирган.

Хулоса шуки, баъзилар даъво қилганидек, “Зижи Гўрагоний” “Зижи Хоқоний”нинг ёки бошқа “зиж”ларнинг кўчирмаси эмас, балки Улуғбек “Зижи Хоқоний”дан илҳомланиб, уни такомиллаштириб ва мукаммал кузатиш асбоблари ва услублари билан ўз давригача бўлган барча “зиж”лар маълумотларини энг аниқ даражада ўлчаб, тартибга солиб, бир асар яратган. Ундаги аниқликлар ҳозирги замон ҳисоб-китоблари билан беллаша оладиган даражада бўлди. Ўз навбатида “Зижи Хоқоний” ҳам Темурийлар давридаги илк астрономик асар бўлиши билан бирга ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан мукаммал ва мустақил асардир. Чунончи муаллифнинг ўзи “Мифтоҳ ал-ҳуссаб” асарида бу китоби ҳақида: “Мен “Зижи Хоқоний фи такмили зижи Элхоний” номлик “зиж” туздим ва унда бошқа “зиж”ларда топилмайдиган ҳандаса (геометрия) далиллари билан мунажжимлар амалларининг ҳаммасини истинбот (исботлаб, барқарор) қилдим”, деб ёзади[7: 262-267]. Шунинг учун Коший “Зиж”и мустақил “Зиж” ҳисобланади.

Ислом олимлари ёзган ҳар бир “зиж” алоҳида бир мустақил асардир. Агар шундай бўлмаганида, бу авваламбор буюк цивилизация вакилларининг шаънига тўғри келмас эди, ёки бирор мунаққид қаттиқ танқид остига олган бўлар эди. Ваҳоланки бунақа ҳолат бўлмаган. Тўғри, баъзи ўринларда баъзи маълумотлар кейинги асарларда аввалгиларидан олинган жойлари бор. Воқеликда ҳақиқати бир хил нарсаларда ўз-ўзидан шундай бўлиши турган гап.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Т.Н.Кары-Ниязов. Астрономическая школа Улугбека. –М.: 1950.
  2. Бахадиров Р.М. Из истории классификации наук на средневековом мусульманском Востоке. – Т.: Академия, 2000.
  3. Жамшид Коший. “Зижи Хоқоний дар такмили Зижи Элхоний”. –Лондон, Индия оффис, № 2232.
  4. Мамедбейли Г.Д. Основатель Марагинской обсерватории Насиреддин Туси. Издательство Академии Наук Азербайджанской ССР. –Баку., 1961.
  5. Жамшид Коший. –Истанбул. Аё Сўфия, №2692,
  6. David А.King and Julio Samsо, with a contribution by Bernard R. Goldstein. Astronomical Handbooks and Tables from the Islamic World (750-1900): an Interim Report. Internation Journal for the History of the Exact and Natural Sciences in Islamic Civilisation/ 2001. Vol. 2, p.
  7. Ҳожи Халифа. “Кашфуз-зунун”. 2 жилд. –Истанбул.: Маориф, 1941.
Ботиржон АБДУЛЛАЕВ,
ЎзР ФИ ШИ кичик илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …