Home / МАҚОЛАЛАР / САМАРҚАНДДА ҲАДИС ИЛМИ ТАРАҚҚИЁТИ ВА ИМОМ БУХОРИЙ

САМАРҚАНДДА ҲАДИС ИЛМИ ТАРАҚҚИЁТИ ВА ИМОМ БУХОРИЙ

Самарқанд дунё маданияти ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган энг қадимий цивилизация марказларидан биридир. Хитой билан Европани, Ҳиндистон билан Шимолий мамлакатларни қадимий савдо йўллари билан боғлаб турган Буюк Ипак йўлида жойлашган Марказий Осиё шаҳарлари орасида ўз маданиятининг қадимийлиги билан Самарқанд энг олдинги ўринларда туради [3: 6].

Самарқандга ҳадис илмининг кириб келиши ислом динининг бу минтақада тарқалиши билан боғлиқ, албатта. Муҳаддислар ислом маърифатининг Самарқандда ривожланишига катта ҳисса қўшди [4: 48].

Самарқанд илмий муҳити тарихи билан шуғулланган Абу Ҳафс Насафий (1068-1142) ўзининг «Китобул қанд фи зикри уламои Самарқанд» («Самарқанд уламолари тўғрисида қанддек ширин китоб») асарида [1: 622] Мовароуннаҳрга биринчилардан бўлиб кирган мусулмонлар ривоят қилган бир қатор ҳадисларни келтирган. Самарқандда илк даврда араб саркардалари марфуъ ҳадислар, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам   айтган сўзлардан кўра кўпроқ саҳоба, тобеин, халифа ва ҳокимларнинг айтганларини хабар сифатида ривоят қилади. Баъзан тарихий шахсларнинг сўзлари ҳикматли мақоллар сифатида ривоят қилинади. Бу эса ислом динининг вақт ўтгани сайин маҳаллий халқлар ҳаётига янада чуқур кириб борганини кўрсатади.

Заиф ва ишончсиз ҳадисларни танқид қилиш билан бир қаторда, саҳиҳларини тўпламга жамлаш жараёни ҳам бошланиб кетди. Бу борада олимлар турли йўналишларда иш олиб борди. Саҳиҳ ҳадисларни жамлаб, сўнг бутун ислом оламида шуҳрат қозонган самарқандлик муҳаддисларнинг  биринчиси Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Баҳром ибн Абдуссамад Доримий Ҳофиз Самарқандийдир (в. 869 й.).

Имом Доримий ислом оламида энг ишончли саналган тўққиз ҳадис тўплами орасида эътироф этилган «Муснад» мажмуини таълиф қилди. 798 йили Самарқандда дунёга келган бу олимга шу йили Абдуллоҳ ибн Ҳумайд Самарқандга волий бўлиб келгани шарафига “Абдуллоҳ” деб исм қўйилди. Унга берилган “Доримий” нисбаси бобоси Бану Дорим қабиласининг мавлоси бўлганидан дарак беради [1: II, 441-442]. Имом Доримий меҳнатининг Самарқанд ҳадис мактаби учун аҳамиятини Абу Ҳафс Насафий ўз асарининг 52 жойида зикр этган.

Бир куни Яҳё ибн Аксам ҳузурида Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ва Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Самарқандий ҳақида сўз кетганида, у сўради: «Қайси бири ҳофизликда устунроқ деб ўйлайсизлар?». Бир киши деди: «Муҳаммад Бухорий». Яҳё деди: «Кўпчилик Муҳаммад ва Абдуллоҳ ҳақида сукут сақлаган, сиз Абдуллоҳни билмайсиз, у устунроқдир».

Имом Бухорийнинг ҳадис илмида беназир эканига шак-шубҳа йўқ. Аммо шу билан бирга, ўша даврда Имом Бухорий билан бир қаторда, Самарқандда ҳадис илми тараққиёти учун жонбозлик кўрсатган уламоларнинг ҳам ислом илми ривожига қўшган ҳиссаси катта эди.

Имом Доримий ҳижрий 255 йил зулҳижжа ойининг иккинчи пайшанбасида (милодий 869 йил 16 ноябрь) аср намозидан сўнг вафот этган. Жума куни, ҳайит арафасида дафн этилган.

Муҳаддислар номига баззоз (бўзчи), тожир (тижоратчи), варроқ (қоғозфуруш), фавокиҳий (мевафуруш), фарро (теричи), аббор (нинафуруш), қаттон (пахтафуруш), хаффоф (махсидўз), нажжор (дурадгор), ғаззол (ип йигирувчи) каби номларнинг қўшилиб келиши уларни мазкур касблар билан шуғулланганини кўрсатади. «Ал-Ансоб» асарида «ғаззол» (ипфуруш) рутбаси билан олти муҳаддиснинг номи келтирилади [1: IV, 289-290]. Улар орасида Абу Масъуд Саид ибн Хушном Ғаззол Самарқандий ва Муҳаммад ибн Саҳл Ғаззол Самарқандий (IX аср) каби муҳаддислар бор [2: 74-75, 133].

Илм аҳлининг ҳалол касб-кор билан шуғулланиш анъанаси Баҳоуддин Нақшбанд (ваф. 1389 й.) илгари сурган «Дилба ёру дастба кор» («Кўнглинг Худода, қўлинг меҳнатда бўлсин») деган тамойил билан янада мустаҳкамланди.

Минтақага ҳадисларнинг кириб келиши ислом динининг тарқалиши билан содир бўлган бўлса, кейинчалик бу соҳанинг ривожланишида маҳаллий олимларнинг хизмати катта бўлди. Мўътабар ҳадис тўпламларининг пайдо бўлиши, тарқалиши муҳаддисларнинг мавқе ва нуфузини мустаҳкамлади. Муҳаддислар султони Имом Бухорий умрининг охирида айнан Самарқандга йўл олиши ҳам ўша даврда бу шаҳар ҳадис илмининг маркази бўлганини яна бир бор тасдиқлайди.

Фойдаланилган адабиётлар:
Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъоний. Ал-Ансоб: Т. II, IV / Абдуллоҳ Умар ал-Борудий таҳрири остида. – Байрут: Дор ал-фикр, 1419/1998.
Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий. ал-Қанд фи зикр уламо Самарқанд / Назар Муҳаммад ал-Форёбий таҳрири остида. – Саудия Арабистони: Мактабат ал-Кавсар, 1991.
Каттаев К. Таржимондан // Абул Ҳакими Самарқандий. Қандия / Сўзбоши, изоҳ ҳамда форс-тожик тилидан таржима муаллифи – Комилхон Каттаев. – Самарқанд: Сўғдиён, 1994.
Марказий Осиё маданияти ва санъати: Илм-фан // Мозийдан таралган зиё. – Тошкент, Шарқ, 1998.
Дурбек Раҳимжонов,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, тарих фанлари номзоди

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …