Ҳаётда турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликлар тугамас экан. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчилик, нотинчликлар юзага келади. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканини таъкидлаб, бундай деганлар:
نِعْمَتاَنِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، اَلصِّحَّةُ وَالْفَرَاغُ (رواه البخارى)
“Икки неъмат борки, кўпчилик уларнинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”.[1]
Ҳақиқатан ҳам, тинчлик-хотиржамлик ва мустаҳкам соғлик Аллоҳ таолонинг энг олий неъматларидандир. Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг асосий шарти ва бош омили ҳам осойишталик ва саломатликдир. Шундай экан, инсон нафақат тинчлик ва саломатликнинг қадрига етиб, шукрини адо этиши, балки ношукрлик қилиб унга путур етказишдан ҳам сақланиши лозим бўлади.
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда жамият фаровонлашиб, мамлакатда ҳар томонлама юксалиш рўй беради. Одамларнинг бир-бирига ишонч ва садоқати, меҳр ва мурувватининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир.
Дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши учун тинчлик ва осойишталик лозим. Парвардигор Қуръони каримда инсон зиммасига ана шу неъматни сақлаш ва қадрлаш вазифасини юклаб, ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, ёвузлик фақат офат келтиришини таъкидлаб, бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!”[2]
Тинчлик-хотиржамлик мавзуси шу қадар муҳим бўлгани боис ҳам Қуръони карим оятларидан ўрин олгани барчага яхши маълум.
Айниқса, инсоният мураккаб зиддиятларни бошдан кечираётган бугунги шароитда тинчлик ва хотиржамлик сув ва ҳаводек зарурдир. Яратганнинг бу тенгсиз неъматларини қадрламоқ ва асраб-авайламоқ бутун инсониятнинг зиммасидаги умумий бурч эканини яхши англамоғимиз, фарзандларимизга тушунтирмоғимиз керак. Бу барча пайғамбарлар қаторида бизнинг ҳам Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эканини юқоридаги ҳадисдан билиб олдик.
Ислом тарихини ўрганар эканмиз, инсоннинг кимлиги, нима учун яратилгани, зиммасига нима вазифалар юклатилгани, қандай шахс бўлишга интилиб яшаши кераклиги ҳақидаги тавсия ва кўрсатмалар билан яқиндан танишиб борамиз. Олий илоҳий неъматларни қадрлаш ва асрашда Иброҳим алайҳиссалом башариятга гўзал ўрнак бўлганлар. Муқаддас динимизнинг мўътабар манбаси бўлган Қуръони каримда Иброҳим алайҳиссаломнинг Макка ҳаққига қилган дуолари бугунги мавзуга айнан тааллуқлидир:
وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا بَلَدًا آمِنًا وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنَ الثَّمَرَاتِ مَنْ آمَنَ مِنْهُمْ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ
“Иброҳимнинг: “Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, деганини эсланг”[3].
Бу ўринда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни аввал ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиб, умматларини унга тарғиб этиб, улуғ неъматлар – тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб-авайлаб ҳаёт кечиришга ундамоқда. Ўша вақтдан кейинги тарихга назар ташласак, Макка тинч шаҳар бўлганини кўрамиз.
Шундай бўлса-да, бу доимо тинчликни сўраб, илтижо қилиш муҳим эканлигига далолатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан суҳбатлашиб ўтирганларида, улардан бири: “Ё Расулуллоҳ! Биз Аллоҳ таолога илтижо қилаётганимизда кўпроқ нимани сўрайлик”, деб савол қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолодан офият (тинчлик, хотиржамлик) сўранглар”, дедилар. Бу сўзлар ҳам инсоният учун ана шу неъматлар нечоғлик муҳим эканлигини кўрсатади. Тинч жой учун яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, унинг давомий бўлиши учундир. Бу хусусда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:
وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ.
“Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”[4].
Мазкур ояти кариманинг тинчлик ва хотиржамликка нима дахли бор, дейдиган инсонларга чиройли жавоб ҳам берилган. Биз юқорида тинчлик неъматларнинг энг улуғларидан эканлиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисни зикр этиб ўтдик. Мазкур ҳадисга мувофиқ бу икки буюк неъмат бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади.
Шунинг учун ҳам юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-хотиржамликни сақлаш, уни хуруж ва фитналардан ҳимоя қилиш, ғаразли ва манфур кимса ва тўдаларнинг макр ва пуч ғояларига учмасдан, алданмасдан, ёш авлодни ҳам улардан огоҳ этиб, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб қилишни долзарб вазифа сифатида билиб, шулар асосида яшаш ва фаолият олиб бориш лозимдир. Муқаддас динимизни ниқоб қилиб, ўзининг манфур мақсадларига эришишга уринаётган оқимларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик даркор.
Бу хусусда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
…وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ.
“…Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир”[5].
Ушбу оят маъносига чуқурроқ эътибор қаратадиган бўлсак, унда эзгу ният йўлидаги ҳамкорлик ер юзида тинчлик ва хотиржамлик барқарор бўлишининг бош омилларидан эканлиги тарғиб қилинмоқда.
Юқорида таъкидланганидек, инсоннинг жисман ва маънан қониқарли ҳаёт кечириши учун тинчлик ва хотиржамлик энг муҳим шарт, энг катта заруратдир.
Бу тўғрида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ҳадисларида бундай деганлар:
من أصبح آمنا في سربه معافى في جسده عنده طعام يومه فكأنما حيزت له الدنيا
“Ким оиласи тинч, жисму тани саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”[6].
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизда тинчлик ва хотиржамликка эътибор нечоғлик катталиги, бағрикенглик унинг негизи эканлиги яққол номоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш орқали янада яхшироқ билади. Бу эса Аллоҳга кўпроқ шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши унинг шукронаси қанчалар мукаммал адо этилишига бевосита боғлиқ экан.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
- Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Т.: Тошкент ислом университети, 2004.
- Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари.
- Доктор Муҳаммад ибн Абдураҳмон Хумаййис. Усулуддин индал имам Аби Ҳанифа. “Ар-Риёз: Дорус самъий лин нашр ват тавзийъ, 1428/2007.
- “Саҳиҳул Муслим” асари.
- “Мифтоҳус саодат”. Ж. 2.
- “Имом Бухорий сабоқлари”. Журнал. 2008/3.