Илм-фан тараққиётида хоразмлик олимларнинг хизмати катта бўлган. Бу юртнинг етук мутафаккирлари илмнинг турли соҳаларида самарали ижод қилган. Шундай зотлардан бири Маҳмуд ибн Муҳаммад Хоразмийдир. Унинг тўлиқ исми – Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Аббос ибн Арслон Мазҳариддин Хоразмий. Ибн Аббосий номи билан ҳам танилган. 1099 йилнинг август ойида Хоразмда туғилган.
Аллома муҳаддис, тарихчи, шунингдек, фиқҳ ва тасаввуф илмида имом бўлган.
Илмий муҳитда билимга меҳр қўйиб улғайган Маҳмуд дастлабки таълимни отаси ва бобосидан олган. Улардан араб тилини, Қуръон ва ҳадисни ўрганган. Отаси Муҳаммад ишончли ровий, Хоразмнинг йирик уламоларидан, ўз даврида шофеийларнинг йирик фақиҳларидан бўлган. Ўғли Маҳмуд “Хоразм тарихи” китобида унинг таржимаи ҳолини ёзар экан, “Усулни Имом Исмоил ибн Ҳусайн Дарғонийнинг ҳузурида ўрганган ва бу соҳада етук олим бўлган. Замонасида тил фасоҳати, чиройли баён ва Қуръони карим оятларидан далил олишда энг етуги бўлган”, дейди. Бобоси Аббос ибн Арслон ҳам муҳаддис, фозил, ҳадис борасида ишончли кишилардан эди.
Маҳмуд Хоразмий кейинчалик билимини юксалтириш мақсадида етук олимларнинг илмий ҳалқаларига қўшилган. Хусусан, Исмоил ибн Аҳмад Байҳақийнинг ҳадис дарсларига қатнашган. Самарқандда Аҳмад ибн Абдулвоҳид Форсийдан, Бухорода Муҳаммад ибн Али Мутоҳҳирийдан ҳадис тинглаган. Марвга бориб Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ҳафсавийдан, сўнг Бағдодда Ибн Таллоядан муҳаддислик билимларини эгаллаган. Фиқҳ илмини Ҳасан ибн Масъуд Бағавийдан ўрганган.
Узоқ илмий сафарлардан сўнг Ибн Аббосий ўзининг она шаҳри – Хоразмга олим, фақиҳ, муҳаддис, тарихчи бўлиб қайтади. У ватандошларига эгаллаган билимларини ўргатишни қасд қилган эди. Иснавий: “У турли шаҳарларда кўплаб шайхлардан ҳадис тинглаган. Сўнг илм ёйиш мақсадида Хоразмга қайтиб, шу ерда яшаган”, дейди. Дарҳақиқат, Ибн Аббосий ҳадис илмининг моҳир билимдони эди. Субукий айтади: “У ҳадис илмидан яхши хабардор эди, унга нисбатан “Ҳофизул мутлақ” даражаси ишлатилган”.
Аллома фиқҳ ва усул билан ҳам шуғулланган. Бу соҳаларда етук олим ҳисобланган. Имом Заҳабий: “Ибн Аббосий фақиҳ, фозил, иттифоқ қилинган ва ихтилофли масалаларни биладиган, зоҳири ва ботини ажойиб, фиқҳ ва тасаввуфни ўзида жамлаган олим эди”, деган.
Маҳмуд Хоразмий ўрганган фанлари орасида тарих билан кўпроқ машғул бўлган. “Хоразм тарихи” асарини битган. Имом Субукий айтади: “Мен унинг биринчи жилдини кўрганман. Китоб ҳаммаси бўлиб саккизта катта жилддан иборат”. У Хоразм табиати, шаҳарлари, халқи, тижорат, саноат ва зироат соҳаларидаги иқтисодий ҳолати, Аббосийлар, Тоҳирийлар, Сомонийлар давридаги сиёсий вазиятни тасвирловчи асардир. Китоб географик ва тарихий асар бўлиб, унга кўплаб тарихчилар мурожаат қилган ва асарларида фойдаланган.
Илм талабида турли юртларда бўлиб қайтган Маҳмуд Хоразмга кириб келиши билан унинг атрофига одамлар, айниқса, илм талабалари тўпланиб, таълим олади. Улар орасидан Юсуф ибн Мақлад Дамашқий, Аҳмад ибн Ториқ Каркий, Имом Фахриддин Розий ва Имом Самъонийни таъкидлаб ўтиш керак.
Шогирдлари орасида энг машҳури Абулҳаёт Форсий номи билан танилган Имом Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Умардир. У асли Балхдан бўлиб, Ибн Аббосийдан сабоқ олиш учун Хоразмга келган. Етукликка эришгунга қадар алломадан таълим олган ва “Низомия” мадрасасининг машҳур олимларидан бири бўлиб етишган.
Манбаларда Маҳмуд Хоразмийнинг яна бир асар ёзгани хабар қилинади. У “Кофий фин назмиш шофий” (“Комил тизимдаги етук асар”) бўлиб, фиқҳ соҳасига оиддир. Кейинги кўплаб фақиҳлар ундан манба сифатида фойдаланган. Афсуски, бу китоб бизгача етиб келмаган.
Ибн Арслон туғилиб ўсган шаҳри Хоразмда 1173 йилда вафот этган ва шу ерда дафн қилинган.