Тарихдан маълумки, IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан юксак даражада ривожланган. Шу боис бу асрлар илм-фан ривожининг олтин даври – Ислом Ренессанси деб эътироф этилган. Айнан ўша пайтлар давлат юритишдаги сиёсат тубдан ўзгариши билан бирга, илм-фаннинг турли соҳаларида юксак чўққилар забт этилган. Айниқса, тилшунослик, математика, астрономия, кимё, тиббиёт, ҳуқуқ, геодезия, география шунингдек, тафсир, ҳадис, калом ва фиқҳ каби янги соҳаларга қизиқиш кучайган. Натижада Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Маҳмуд Замахшарий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий каби юзлаб аждодларимиз серқирра истеъдод соҳиблари бўлиб етишган.
Алломаларнинг бу шонли рўйхатида машҳур муҳаддис ва мўътабар инсон Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Бардазбеҳ Бухорий алоҳида ўрин тутади. У 194/810 йили Бухоро шаҳрида таваллуд топган ва 256/870 йилда олтмиш ёшда Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида вафот этган.
Имом Бухорий дастлабки таълимни Бухоронинг Муҳаммад ибн Салом Пойкандий, Муҳаммад ибн Юсуф Пойкандий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий, Иброҳим ибн Ашъас каби йирик муҳаддисларидан олган. Аллома 210/825 йилда онаси ва Аҳмад исмли акаси билан ҳаж ибодатини адо этиш учун Макка шаҳрига йўл олади. Ҳаж мавсумидан сўнг онаси ва акасини юртига кузатиб қўяди. Ўзи эса ўша ерда қолиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганади ва жамлайди. Илм талабида қирқ йил мобайнида Балх, Найсобур, Рай, Бағдод, Куфа, Макка, Мадина, Восит, Дамашқ, Асқалон, Ҳимс каби илм-фан ўчоғи ҳисобланган шаҳарларга сафар қилади.
Имом Бухорий ҳадис илмидаги тенгсиз хизматлари учун Имомуд дунё – Дунё имоми, Ҳофизул кабир – Улуғ ҳофиз, Амирул мўминин фил ҳадис – Ҳадис илмида мўминларнинг амири номларига сазовор бўлган.
Имом Бухорий ўзидан бой илмий мерос қолдирган. Асарларининг аксарияти бизгача етиб келган. Манбаларда қуйидаги 24 та асари борлиги қайд этилган: “Жомиъус саҳиҳ”, “Адабул муфрад”, “Тарихул кабир”,“Тарихул авсат”, “Тарихус сағир”,“Китобуз зуафо”, “Китобус сунан фил фиқҳ”, “Холқу афъолул ибод”, “Китобул куна”, “Қироату холфал имом”, “Китобул ҳиба”, “Рафъул ядайн фис солат”, “Биррул волидайн”, “Жомиъул кабир”, “Муснадул кабир”, “Тафсирул кабир”, “Китобул ашриба”, “Асомиус саҳоба”, “Китобул ваҳдон”, “Китобул мабсут”, “Китобул илал”, “Китобул фавоид”, “ Китобул қазоёс саҳоба ват тобеъин” ва “Машийхатул Бухорий” номли асарлари шулар жумласидандир.
Имом Бухорий “Жомиъус саҳиҳ” китобини 16 йил давомида тасниф этган. Уни 97 китобга ажратиб, 7500дан ортиқ[1] саҳиҳ ҳадисни киритган. 78-китобни “Китобул адаб” деб номлаган. 128 бобга бўлинган бу китобда одоб-ахлоққа оид 256 та ҳадиси шарифни жамлаган. Кейинчалик аллома бу билан кифояланиб қолмай, мавзуни ўта муҳим ҳисоблагани боис, унга бағишлаб алоҳида китоб тасниф қилишни лозим кўрган. “Жомиъус саҳиҳ”нинг “Китобул адаб” қисмидаги ҳадисларга одоб-ахлоққа оид бошқаларини ҳам қўшиб, “Адабул муфрад” (“Одоблар хазинаси”) номли тўпламни ёзган. Имом Бухорий ўз одатига кўра, “Адабул муфрад”ни 644 бобга ажратиб, уларга одоб-ахлоқ ва ижтимоий масалаларга оид 1322 ҳадисни киритган.
Мазкур асар дунёнинг турли тилларига таржима қилинган. Унга жуда кўплаб шарҳлар ёзилган. Бу асар устида талай илмий тадқиқотлар олиб борилган. Асарнинг нодир қўлёзма нусхалари бир қанча хорижий давлатларнинг кутубхона ва архив фондларида сақланмоқда.
Жумладан:
Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳридаги Ватан кутубхонасида инв. №3/آ 5/193, Дубай шаҳридаги Жумъатул мажид маданий мерос марказида инв. №230986, №248360, №258143, №261721;
Германия Федератив Республикасининг Халле шаҳридаги Германия шарқшунослик жамияти кутубхонасида инв. №12;
Кувайт давлатининг Кувайт шаҳридаги Одоб ва қўлёзмалар факультети кутубхонасида инв. № 3 مج 148 ب., Кувайт унверситети кутубхонасида инв. №2142, №4675, №5354;
Ливан Республикасининг Байрут шаҳридаги Байрут университети кутубхонасида инв. №267, №918, №1058;
Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳридаги Азҳар университети марказий кутубхонасида инв. №(466) 3778 рақам остида;
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳридаги Марказий кутубхонада инв. №2142, Малик Абдулазиз кутубхонасида инв. №354 5/232, 2/825, Подшоҳ Файсал илмий тадқиқотлар ва исломшунослик маркази кутубхонасида инв. №1651-ف, №0354 فح-, №2072-ف, №2781-1-ف, №2781-2ف-, Ар-Риёд университети кутубхонасида инв. №2142, Ар-Риёд кутубхонасида №287 ёки 387, Мадина шаҳридаги Ориф ҳикмат кутубхонасида инв. №1, Малик Сауд университети кутубхонасида инв. №2/1182 ف, Ҳарамул Маккий кутубхонасида инв. №824;
Сурия Араб Республикасининг Дамашқ шаҳридаги Зоҳирия кутубхонасида инв. №84, №88, №95;
Туркия Республикасининг Файзуллоҳ Афанди кутубхонасида инв. №259/1, Ҳожи Маҳмуд Афанди кутубхонасида инв. №606, Измир кутубхонасида инв. №1030-002, Исмоил Ҳаққий кутубхонасида инв. №327;
Франция Республикасининг Страсбург шаҳридаги Страсбург миллий ва университет кутубхонасида инв. № 4306, №4319-4321[2];
Ҳиндистон Республикасининг Патна шаҳридаги Банкипур Шарқ халқ кутубхонасида инв. №2/5, 370 рақамлар остида сақланмоқда.
Ҳозирги кунда мазкур қўлёзмалардан Подшоҳ Файсал илмий тадқиқотлар ва исломшунослик маркази кутубхонасидаги 5 та, Ҳарамул Маккий кутубхонасидаги 1 та, Малики Сауд университети кутубхонасидаги 1 та ва Ар-Риёд илмий кутубхонасидаги 1 та нусханинг электрон шакли (варианти) Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг электрон базасида сақланмоқда.
Қуйида улардан баъзиларининг кодикологик таҳлилига қисқача тўхталиб ўтамиз.
Саудия Арабистонининг Подшоҳ Файсал илмий тадқиқотлар ва исломшунослик маркази кутубхонасида инв. №0354فح- рақам остида сақланаётган қўлёзма тўлиқ бўлиб, 165 варақдан иборат. Матн сатрлари 17 қаторни ташкил этади. Пойгири бор.
Асарнинг 1а варағида муҳр бўлиб, ундаги ёзувнинг мазмуни қуйидагича:
“Марҳум шайхулислом Саййид (Аҳмад) Орифбек Ҳикмат кутубхона вақфи…”
Муҳр ёнида:
کتاب الادب المفرد لامير المؤمينين في الحديث الامام الحافظ محمد بن اسمعيل البخاري
يرويه عنه احمد بن محمد بن الجليل البزار … .
“Ушбу “Адабул муфрад” китоби Имом Бухорийнинг шогирди Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Жалил Боззор томонидан ривоят қилинган.”
Бу нусха 1б варақдан басмала билан бошланган.
Асар боши:
باب قول الله تعالى ووصّينا الانسان بوالديه حسنا…
Биринчи боб Аллоҳ таолонинг “ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик” деган қавли баёни билан бошланган.
Колофон 165б варақда бўлиб, унда кўчирилган сана қайд этилган.
فرغ منه كتابة في سادس ربع الثاني سنة 1142 [3].
“Ҳижрий 1142 йил рабиус-соний ойининг олтинчи (милодий 1729 йил октябрь ойининг йигирма саккизинчи) куни ёзиб тугатилди”.
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд кутубхонасида №287 ёки №387 рақам остида сақланаётган қўлёзманинг муқовасига №287 рақами қўйилган. Кейинчалик қўйилган рақам эса №387 деб ёзилган. Асарнинг 1а, 2а, 145б, 146а варақларида унинг Ар-Риёд кутубхонасига тегишли эканини билдирувчи муҳрлар босилган бўлиб, уларда №287 рақам остида сақланаётгани қайд этилган.
Мазкур нусха ҳам тўлиқ бўлиб, 1а варағида асар номи ва муаллифининг исми шарифи келтирилган.
Қўлёзма 1б варақдан басмала билан бошланган. Матнининг сатрлари 18 қаторни ташкил этади. “Боб”, “ҳаддасана” ва “сана” каби сўзлар қизил сиёҳда ёзилган. Пойгири бор.
Асар Аллоҳ таолонинг
باب في قول الله عز و جل ووصّينا الانسان بوالديه احسنا…
“ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик” деган қавли ҳақидаги биринчи боб билан бошланган.
Қўлёзма колофони 146б варақда бўлиб, унда хаттот номи ва кўчирилган санаси қайд этилган.
سنة 1278 من الهجرة … تم يوم الاحد مضايا شعبان ثلاثة ايام بقلم الفقيرالحقير… عبدالعزيز بن صالح الصّيرامي غفراللهل له و لوالديه و المسلمين …[4].
“Асар 1278 йил шаъбон ойининг 3 кунида хаттот Абдулазиз ибн Солиҳ Сайромий томонидан кўчириб тугатилган”.
Ар-Риёд шаҳридаги Марказий кутубхонада инв. №2142 рақам остида сақланаётган қўлёзма нусха 131 варақдан иборат. 1284/1867 йилда хаттот Муҳаммад ибн Зайд ибн Жассос томонидан насх хатида кўчирилган. Варақларининг ўлчами – 17х23 см. Матн сатрлари 21 қаторни ташкил этади. 1а варағида китоб ва муаллиф номлари келтирилган. Асар 1б варақдан басмала билан бошланган. Матндаги “боб”, “ҳаддасана” ва “ахбарана” каби сўзлар қизил сиёҳда ёзилган. Пойгири бор.
Асар Аллоҳ таолонинг
باب في قول الله عز و جل ووصّينا الانسان بوالديه احسنا…
“ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик” деган қавли ҳақидаги биринчи боб билан бошланган.
Қўлёзма колофони 131а варақда бўлиб, хаттот номи ва кўчирилган санаси қайд этилган.
اخره والحمد الله رب العالمين و حمدا كثرا طيبا مباركا فيه غير مكفي ولا مودع ولا مستغناعنه ربا كمل يوم الثلاثا اخريوم من صغرمن سنة 1284 على يد الفقيرالى الله الحقيرالمقر بالذنب والتقصيرعبده وبن عبده ومن لاغماله طرفة عين عن فضلى و رحمته محمد بن زيد بن جساس غغرالله و لوالده ... [5].
Унда асарни кўчириш ишлари 1284 йил сафар ойида (1867 йил июнь ойи) хаттот Муҳаммад ибн Зайд ибн Жассос томонидан якунига етказилгани келтирилган.
Мазкур нусхалар турли даврларда, бошқа-бошқа хаттотлар томонидан кўчирилгани боис, хати, ёзилиш услублари ва ҳажм жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади.
Хулоса қилиб айтганда, одоб-ахлоқ ва тарбиявий масалалар бўйича муҳим манба ҳисобланган Имом Бухорийнинг “Адабул муфрад” асари ёшларнинг имонли, эътиқодли, одоб-ахлоқли, тарбияли бўлиб улғайишида ва ватанпарварлик руҳида вояга етишида катта аҳамиятга эга. Мазкур қўлёзма нусхалар эса асарни таҳқиқ, тадқиқ ва таҳлил этишда тадқиқотчилар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.