Home / АЛЛОМАЛАР / НОСИРИДДИН ТУСИЙ ДУНЁҚАРАШИНИНГ ШАКЛЛАНИШИГА ТАЪСИР ЭТГАН ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВАЗИЯТ ВА МАЪНАВИЙ МУҲИТ(2-қисм)

НОСИРИДДИН ТУСИЙ ДУНЁҚАРАШИНИНГ ШАКЛЛАНИШИГА ТАЪСИР ЭТГАН ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВАЗИЯТ ВА МАЪНАВИЙ МУҲИТ(2-қисм)

География соҳасида Ҳамдуллоҳ Муставфи Қазвиний (1282-1350) ва Абдурашид Салоҳ ибн Нури Бакуви (1360-1430) географик асарларининг моҳияти ва далилларининг аниқлиги билан машҳур бўлган. Бу асарлар орасида Ҳамидуллоҳ Қазвинийнинг “Кўнгил нашъаси” номли асари алоҳида аҳамиятга эга. Машҳур сайёҳ, географ, иқлимшунос Абдурашид Салоҳ ибн Нури Бакувийнинг “Китоб таяхис ал-асар ва ажойиб ал-Малик ал-Қаҳҳор” (“Обидалар ҳақидаги китобнинг мухтасари ва Қудратли Шоҳнинг мўъжизалари”) номли машҳур китобида ҳам география ҳақида керакли маълумотлар берилади.

Тилшунослик соҳасида бир қанча луғатларнинг муаллифлари, жумладан Фахруддин Ҳиндушоҳ ибн Санжар ибн Абдуллоҳ Нахшивоний (1245-1328) ва унинг ўғли Муҳаммад ибн Ҳиндушоҳ Нахшивоний араб ва форс тилларининг изоҳли луғатини яратди.

XII асрда адабиёт соҳасида форс тилида ижод қилган Зулфиқор Ширвоний, Хожа Ҳумон Табризий (1238-1314), Иброҳим Урмавий (XII-XIII асрлар) ўз асарлари билан майдонга чиқди. Шоир Қул Али 1212 йилда “Қиссайи Юсуф” асарини (“Юсуф” достони) ёзди. Мустафо Зариннинг “Юсуф ва Зулайҳо” номли асари ҳам шу даврда яратилди.

XIII асрда мусиқа назариясига доир бир қанча асарлар яратилди. Улар орасида Шафиаддин Абдулмўмин Урмавийнинг (1217-1294) “Даврлар ва ритмлар” деб номланган асари алоҳида аҳамиятга эга.

Ушбу тарихий даврда мусулмон шарқида тасаввуф таълимотига асослаган бир қанча тариқатлар фаолият кўрсатди. Шуни таъкидлаш лозимки, таҳлил қилинган даврдан бироз олдин тасаввуф таълимотига доир кўплаб асарлар яратилган эди. Улар сирасига Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ Бухорийнинг X аср охири XI аср бошида яратилган “Таарруф ли мазҳаб аҳлит тасаввуф”, Қушайрийнинг “Рисола фи тасаввуф”, Ҳужвирийнинг “Кашфул маҳжуб”, Ансорийнинг “Манозилуас соирин”, Суламийнинг “Табақотус суфийа”, Абу Нуайманинг “Хулийатул улийа” каби асарларини киритиш мумкин. Юқорида номи зикр этилган муаллифлар ўз асарлари орқали тасаввуфдан ислом қоидаларини асослашда фойдаланибгина қолмай, тасаввуфга хос босқичларни ҳам ишлаб чиқди.

Тасаввуф XI-XII асрларда мусулмон жамиятидаги диний ҳаётнинг бир қисмига айланди [5: 18].

Аҳмад Яссавийнинг (1093-1166) “Яссавийлик”, Абдулқодир Жилонийнинг (… – 1166) “Қодирийлик”, Аҳмад ибн Али Рифанийнинг (1106-1221) “Кубравийлик”, Шаҳобиддин Яҳё Суҳравардийнинг (1154-1191) “Суҳравардия”, шайх Фатон Аҳмад Бадавийнинг (1200-1276) “Бадавийлик”, Жалолиддин Румийнинг (1207-1273) “Мавлавийлик” тариқатлари ушбу даврдаги асосий сулуклар эди.

Таҳлил қилинаётган ушбу тарихий даврда исмоилийлик тариқати ижтимоий-сиёсий фаолиятнинг энг юқори нуқтасига чиққан. Яширин пантеистик хусусиятига эга бўлган исмоилийлик тариқати бевосита неоплатенизм, буддизм ва монехеизм таъсири остида тарқалган. Сиёсий моҳият касб этган исмоийлар ҳаракати халифалик томонидан таъқиб қилинди. Теократик давлат бўлган араб халифалиги уларга нисбатан душманона муносабатда бўлди.

Исмоилийлар ҳаракатининг намояндалари ўз навбатида халифаликка қаттиқ қаршилик кўрсатар, уларнинг фаолияти асосан террорчилик кўринишида намоён бўлар эди. Исмоилий фидоийлар бешафқат қатл қилиши билан фарқланарди. Ушбу ҳаракат фидоийлари Аббосийлар, Салжуқийлар, Хулагуларнинг энг нуфузли кишиларини қатл этди. Салжуқийларнинг буюк вазири Низомулмулк, унинг ўғли Фахрулмулк ҳам исмоилийлар ҳаракатининг қурбони бўлган.

Рус шарқшунос олими академик И.П.Петрушевский Ўрта аср тарихий манбалари, Рашидуддин ва бошқа муаллифлар кўрсатмалари, маълумотлари асосида исмоилийлар “Даъи дуъот” – “Ҳужжатлари” буйруғи билан суиқасдга учраган, қатл этилган, пичоқлаб ўлдирилган, ярадор қилинганларнинг XI-XIV асрлар бўйича умумий ва даҳшатли рўйхатини тузиб, келтириб ўтган: “Бу рўйхатдаги қурбонларнинг умумий сони 75 тани ташкил этиб, улардан 8 таси ҳукмдорлар – Халифа, Султон, Отабек, шу жумладан, Фотимийлар халифаси ва Мустаълитлар Имоми Амир бўлган; Аббосийлар халифаси Мустаршид, унинг ўғли валиаҳд Рашид; Ироқ султони Довуд (Маликшоҳнинг невараси), 6 вазир, 17 амири ҳожиб (ҳарбий қўмондонлар) ва вилоят валийлари (ноиблар), 6 шаҳар раиси, 13 қозийул қуззот, қози ва муфтий (Қазвин, Ҳамадон, Исфаҳон, Рай, Кирмон, Гургон, Кўҳистон, Табриз, Тифлисдагилар) ҳамда бидъат диний мазҳаблар бошлиқлари, Зайдийлар имомлари, сарой аъёнлари, донишманд уламолар, саййидлар, ҳатто Шомдаги салибчилар қўмондони Маркиз Конрад Монфератский ва бошқалар тилга олинган. Мазкур рўйхат тўлиқ эмас”[6: 299-300].

765 йилдан ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий ҳаётнинг барча жабҳаларига таъсир кўрсатган исмоилийларнинг ўзбошимча ҳаракатларига 1256 йилда Хулагухон “давлат ичида давлат” бўлган ва узоқ вақт Аъламут қалъасини фатҳ этгандан сўнг нуқта қўйди. Бу даврда исмоилийларнинг охирги ҳукмдори бўлган Рукнуддин Ҳуршоҳнинг маслаҳатчиси бўлган Носириддин Тусий Рукнуддинга таслим бўлиш маслаҳатини берди. Тусий бу билан катта қирғиннинг олдини олди.

Таҳлил нуқтасига олинган ушбу тарихий даврда фалсафа ­борасида Носириддин Тусийдан бошқа Ишхабуддин Суҳравардий (1145-1234) ва Сирожиддин Урмавий (1198-1283) каби мутафаккирларнинг номлари ҳам алоҳида эътиборга лойиқ эди. Булардан ташқари, С.Хусравшоҳ, К.Ибн Юнус, А.Абҳарий, Н.Нахшивоний, А.Хунадий каби олимлар ҳам мантиқ, фалсафа, табиатшунослик, ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий масалалар ҳақида ўз илмий қарашларини илгари сурди.

Ишроқийлик номли илмий мактабга асос қўйган Шаҳобиддин Абулфутуҳ Суҳравардийнинг илмий жамоатчиликка маълум бўлган илмий мероси, асосан, тўртта фундаментал асарни ташкил этади. Уларнинг учтаси машмоиййунлар (перипатетик) фалсафасига бағишланган. Тўртинчиси ишроқ назарияси ҳақидаги “Ҳикматул ишроқ” асаридир.

Эрон олими Саййид Ҳусайн Насрнинг эътирофича: “Суҳравардий таълимоти – қадимги Миср, Халдей, Сабай минтақаларида ривожланган таълимотларнинг таъсирида яратилган херметицизм анъаналари таъсирида бўлган”[7: 49].

Суҳравардий вафотидан кейин бу мактабнинг давомчилари қаторига Шаҳрузарри (ваф. 1250), Сад ибн Мансур ибн Каммун Исроилий (ваф. 1277), Қутбиддин Шерозий (1236-1311), Вадуд Табризий (ваф. 1524), Шарқ оламида Мулла Садра номи билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Иброҳим Садрул Муталлиҳин, Садриддин Шахобиддин Фазлуллоҳ Шерозий (1571-1641) ва бошқаларни киритиш мумкин.

Мавлавийлик тариқатининг асосчиси Жалолиддин Румий билан жуда яқин алоқада бўлган Сирожиддин Урмавий эса “Нурларнинг пайдо бўлиши” ва “Ҳикмат майинликлари” номли буюк асарлар муаллифидир. Бу файласуфга шуҳрат келтирган, мантиқ ва фалсафага доир “Нурларнинг пайдо бўлиши”га Ўрта асрларнинг бир неча машҳур файласуфлари 30 дан ортиқ шарҳлар ёзгани маълумдир. Бундан кўринадики, Носириддин Тусий шундай буюк олимлар орасида, катта илмий муҳитда яшаб, ижод қилган.

Хулоса қилиб айтганда, Носириддин Тусий яшаган XIII аср зиддиятли ва таҳликали давр бўлишига қарамасдан ушбу тарихий даврда илм аҳлларининг ҳимоя қилиниши, бир қанча мадрасалар қад ростлаши ва шунга ўхшаш маданий сиёсат натижасида Хуросон ва Ироқда бир қанча алломалар етишиб чиқди.

Шу билан бирга, Тусий яшаган даврда жамиятда турли ғоялар ва фалсафий оқимлар мавжуд эди. Уларнинг турфа-турфа жиҳатлари алломанинг энциклопедик олим сифатида камол топиши учун асос бўлди.

Айни пайтда Носириддин Тусий дунёқараши шаклланишига таъсир этган асосий омиллардан бири унинг ҳаёти илоҳиёт, перипатетик фалсафа ва аниқ фанлар гуллаб-яшнаган даврга тўғри келганлигидир.

Шунингдек, XII-XIII асрларда мусулмон жамиятидаги диний ҳаётнинг бир қисмига айланган тасаввуф ва унда яратилган асарлар орқали ислом қоидалари асосланиши, “ботиний йўл”нинг босқичлари ишлаб чиқилиши ҳам мутафаккир дунёқараши шаклланиши учун замин бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Nehru.C. Ümumdünya tarixinə nəzər. Bakı, 2006.
  2. Əliyeva S. Nəsirəddin Tusinin və Rixard Vaqnerin yaradıcılığında əxlaq fenome 2011.
  3. Namiq Abbasov, Rəhim Həsənov. Nəsirəddin Tusinin müdriklik fəlsəfəsi, Bakı, 2012.
  4. Məmmədova A. Nəsirəddin Tusinin dünyagörüşü. Bakı, 2001.
  5. Музаффаров Ф.Д. Ғаззолийнинг инсон ҳақидаги таълимотнинг илмий-фалсафий асослари. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация. Самарқанд, 2019.
  6. Петрушевский И.П. Ислам в Иране в XII-XV веках. (Курс лекции). –Л: Изд-во Ленинград. Ун-та, 1966.
  7.  Nasr S.H. İslam ve ilim. İstanbul, 1989.
Нафиса ҚЎШШАЕВА,
Бухоро давлат университети ўқитувчиси

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …