Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Носириддин Тусий ҳаёти ва фаолияти билан фалсафа тарихида ўз ўрнига эга буюк донишманд ва энциклопедик олим сифатида ислом фалсафасининг ривожланишида унутилмас ва абадий из қолдирган. Унинг фаолияти нафақат Шарқ ва Ғарб тамаддуни ривожига таъсир қилди, оддий халқдан то зиёлиларгача ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлди. Шунингдек, унинг фаолияти ўша даврнинг ғоявий, фалсафий, сиёсий ва маданий даражасини белгилаб берди.
Носириддин Тусий яшаган XIII аср бутун Яқин ва Ўрта Шарқ дунёси учун зиддиятли бир давр эди. XIII аср бошларида Темучин – Чингизхон (1206-1227) тарафидан яратилган Мўғуллар империяси (1206-1368) улкан ҳудудга эга эди. Турк ва мусулмон сулолаларининг бу ердаги ҳукмронлигига қарши бўлган Али мўғул ҳоқони Мунке 1255 йилда Ўрта Шарқда ҳоким мавқеига эришиш ва бу ердаги ҳудудларни фатҳ этиш мақсадида қариндоши Хулагухонни ушбу ерларни ишғол этиш учун юборди.
Али мўғул хоқони Мунке хон тарафидан ўлкадаги ерларнинг ҳукмдори деб тайин этилган мўғул шаҳзодасининг раҳбарлиги билан мўғулларнинг бу ерда учинчи юришининг охирида бешинчи мўғул улусининг яратилишига эришилди.
1256 йилда Чингизхон авлодидан бўлган Хулагухон (1256-1265) Озарбайжон ва Эрон ерларида Элхонийлар давлатининг асосини қўйди.
Даврнинг машҳур илм аҳлларини ўзига вазир қилган Хулагухон Носириддин Тусийнинг маслаҳати билан муҳташам ва шонли Аббосийлар сулоласининг (750-1258) ярим минг йиллик ҳокимиятига чек қўйишга жасорат этди. Хулагухоннинг Бағдодга юборилган элчилари Аббосий халифаси томонидан яхши кутиб олинмаслиги Элхоний раҳбарларининг ғазабига сабаб бўлди. Шу тариқа 1258 йил 13 февралда арабларнинг ҳокимиятига сўнгги нуқта қўйилди.
Таниқли ҳинд сиёсий арбоби Жавоҳарлал Неру Бағдод фожиасини қуйидагича ифодалайди: “Ғазабланган Хулагу Бағдодга ҳужум қилар эди. Қирқ кунлик қамалдан кейин у шаҳарни эгаллаб олди. Бу “Минг бир кеча” шаҳрининг, беш юз йиллик ҳукмронликнинг охири эди. Халифа, унинг ўғиллари ва яқин қариндошлари қатл қилинди. Қирғин бир неча ҳафта давом этди. Қатлиомда ярим миллион одам ҳалок бўлди. Бағдод харобага айланди…”[1: 284].
Носириддин Тусий мўғул босқинчиларининг ваҳший ҳаракатларига бефарқ тура олмади. Доно ва эҳтиёткор, узоқни кўра оладиган, ўзига хос дунёқараш соҳиби бўлган вазир мусулмон шарқи ва ислом дунёси учун аҳамиятли ва хайрли ишларни қилишга ҳам улгурганлигини қуйидаги ҳолатлар билан кўрсатиш мумкин:
- Илмий ва маданий ишларни бажаришдан ташқари китоблар ёзиш;
- Ал-мовт қалъасида жойлашган катта кутубхона мўғуллар томонидан ёқиб юборилишининг олдини олиш;
- Мўғулларнинг ғазабига дучор бўлган Ибн Абил Ҳадид каби олимларнинг ҳаётини сақлаб қолиш;
- Бир қатор олимларнинг ўзаро ҳамкорлиги натижасида Мароға расадхонасининг яратилиши;
5.Обсерваторияга тегишли катта кутубхонани тайёрлаш[2: 313].
Ушбу тарихий даврда Жўжининг ўғли Ботухон (1240-1255) яратган Қизил Ўрда давлати билан Хулагулар давлати ўртасида зиддият, ўзаро келишмовчилик мавжуд эди. Хулагулар давлати Қизил Ўрда давлати ерларига ҳужум қилиб, уларнинг сарҳадларига раҳна солар ва мавқеига халал етказар эди. 1255 йилда Ботухоннинг ўлимидан кейин Беркахон (1257-1266) мусулмонликни қабул қилди. Беркахон мусулмонларни ўлдирмаслигини баҳона қилиб, бу босқинларни янада кучайтирди. Бу ҳудуд давлат аҳолисининг аксарияти турк бўлган Озарбайжон ерлари эди. Мўғуллар ўз менталитетида кўчманчилик ҳаёти ва ўтроқ ҳаёт тарзида яшаган маҳаллий аҳоли билан уйғунлашган эди. Мўғулларнинг мусулмон бўлган Жўжи улуси билан бутпараст Хулагу улусининг бу ҳақсиз тупроқ иддаолари натижасида ушбу ҳудуддаги иқтисодий-маданий ҳаёт мақтарли даражада эмас эди.
Носириддин Тусий яшаб ижод этган даврда мусулмон дунёсининг илм аҳли турли-туман илмлар соҳасида буюк ишларга бел боғлаган эди.
Ушбу тарихий даврда масжидларда, хонақоҳларда ва Дорул Қуръон номли ўқув масканларида асосан шариат, дин арконлари ва Қуръон ўргатилар эди. Бошқа фанлар бўйича маълумотлар берилар эди. Таълимнинг “Мазҳар” деб номланган шаклида эса асосан устоз ўз шогирди билан мустақил шуғулланар эди.
Бу даврда машҳур бўлган мадрасалар орасида Табризда “Қазаниййа”, “Фалакиййа”, “Шайх Камолиддин Хўжандий”, “Дамашқиййа”, “Қози Шайх Али”, “Мақсудиййа”, “Музаффариййа”, “Насриййа”, “Шафеиййа”, “Ҳанафиййа”, “Шоҳ масжиди” ва бошқаларнинг номини кўрсатиш мумкин[3: 19].
Носириддин Тусийдан сўнг Элхонийларнинг сарой ҳокими ва вазири бўлган Фазлиллоҳ Рашидуддин томонидан XIV асрнинг бошида Табризда “Раби Рашидий” шаҳарчасида “Доруш шафо” номли илмий марказ, мактаб яратилди. Бу буюк илм шаҳарчаси Шарқнинг маданият марказига айланди. “Раби Рашидий” Яқин ва Ўрта Шарқда Бағдоддаги “Низомия” мадрасасидан кейинги энг нуфузли таълим муассасаларидан бирига айланди. Бу расадхонада қилинган тадқиқотлар Европа олимлар асарларида ўз ифодасини топди. У шу даврда фаолият кўрсатган бошқа расадхоналарнинг, жумладан, машҳур Улуғбек ва Пекин расадхоналарининг фаолиятига ижобий таъсир кўрсатди.
Араб тарихчиси Муҳаммад ибн Шокир Қуртубий “Фавватул вафайат” номли асарида қўлёзма нусхалар бўлганини қайд этади. “Бу катта кутубхонани ташкил этган илмий асарлар, шариатга оид рисолалар ва бошқа мавзуларда ёзилган китобларнинг пайдо бўлишида Носириддин Тусийнинг катта хизмати бор. Улар файласуфнинг раҳбарлиги ва яқин иштироки натижасида қўшни мамлакатлардан, асосан араб тилли ўлкаларидан тўпланган эди”[4: 13].
Хулагухоннинг вазири бўлиб ишлаган Носириддин Тусий узоқ вақт чеккан заҳматдан сўнг расадхонада ишлашга рухсат олади.
Турли-туман миллатлар вакилларини бу расадхонада тўплаган файласуф даврнинг фанатик руҳли инсонларига майдон очиб берди. Турли ақидалар, хилма-хил дунёқарашли, бир-бирининг аксини ташкил этган тариқат ва жараён намояндаларини бир ерда тўплаган олим ўз даврининг гуманист (инсонпарвар) ва ҳур фикрли инсонлари учун ўзига хос ўрнак вазифасини бажарди.
Расадхонада йиғилганлар катта илмий фаолият билан машғул бўлди. Олимлар орасида файласуфлар, ҳуқуқшунослар, географлар, тарихчилар, тиббиёт, риёзиёт, астрономия соҳасида ижод қилган олимлар нозик илмларга оид асарлар яратди.
Риёзиёт соҳасида Шамсиддин Убайд Табризийнинг “Рисолатул ҳисоб” (“Ҳисоб-китоб ҳақида рисола”), Абдуллоҳ Табризийнинг “Саодатнома” (“Саодат калити”) асарлари машҳур эди. “XIV-XVI асрларда Абдуллоҳ Табризий, Шоҳ Фатиллоҳ Ширвоний, Саййид Яҳё Бакуви, Бадриддин Амир Саййид Лалави, Қиёсиддин Ширвоний, XVII асрда Насруллоҳ Ҳалхамнинг риёзиёт, астрономия ва мантиққа доир асарлари маълумдир. Носириддин Тусийдан сўнг риёзиёт илмининг якуни Муҳаммад Бадидбий, Муҳаммад Бакир Табризий, Али Муҳаммад Бадидбийнинг номлари билан боғлиқдир”.
Тиббиёт соҳасида Шарқ ўлкаларида танилган Муҳаммад Нахчивоний, Фазлиллоҳ Рашидиддин ҳам шу даврда фаолият кўрсатди. Ўша кезлари дорушшифо ва дорихоналар ҳам ишлади. Вақф ҳисобига ишлаган бу муассасаларда Ҳиндистон, Хитой ва Мисрдан келган мутахассислар фаолият юритди. Баъзи тарихий манбаларда XIII аср охирида 67 та дорушшифо бўлгани ва бу ерда ҳар 5 йилда 2 та юксак ихтисослик бўйича ҳаким етишиб чиққани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Бу даврда ёзилган тарихий асарлар муаллифларининг кўпчилигига кўра тадқиқотчилар XIII-XIV асрларни “Эрон (Шарқ) тарихшунослигининг қизил даври”, деб атайди. Ҳамидуллоҳ Қазвиний, Фазлуллоҳ Рашидиддин, Ш.Вассаф, А.Жувайний, Шарофиддин Али Яздий каби тарихчиларнинг етмишдан ортиқ қўлёзмалари тарих илмининг юксак натижаси, дея баҳоланади.
Хусусан, Хулагуларнинг бош вазири бўлган табиб ва тарихчи Фазлиллоҳ Рашидуддин (1247-1318) тарихга доир 14 томли асар ёзди. Унинг “Тарихлар тўплами”, Ҳамидуллоҳ Қазвинийнинг “Сочилган тарихнинг давоми”, Али Яздийнинг “Шарафнома”си тарихий китоблар орасида асосий асарлар ҳисобланади. Булардан ташқари, М.Табризий, Т. Ибн Баззоз, А. Аҳари, М.Нахшивандий, Н.Шомий, Н.Ганжали ҳам Шарқда танилган мўътабар тарихчилардан саналган. Давоми бор…
-
Nehru.C. Ümumdünya tarixinə nəzər. Bakı, 2006.
-
Əliyeva S. Nəsirəddin Tusinin və Rixard Vaqnerin yaradıcılığında əxlaq fenome 2011.
-
Namiq Abbasov, Rəhim Həsənov. Nəsirəddin Tusinin müdriklik fəlsəfəsi, Bakı, 2012.
-
Məmmədova A. Nəsirəddin Tusinin dünyagörüşü. Bakı, 2001.
-
Музаффаров Ф.Д. Ғаззолийнинг инсон ҳақидаги таълимотнинг илмий-фалсафий асослари. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация. Самарқанд, 2019.
-
Петрушевский И.П. Ислам в Иране в XII-XV веках. (Курс лекции). –Л: Изд-во Ленинград. Ун-та, 1966.
-
Nasr S.H. İslam ve ilim. İstanbul, 1989.