Home / МАҚОЛАЛАР / АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЖОДИЙ ФАОЛИЯТИГА САМАРҚАНД МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ МУҲИТИНИНГ ТАЪСИРИ (тарихий-синергетик таҳлил)

АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЖОДИЙ ФАОЛИЯТИГА САМАРҚАНД МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ МУҲИТИНИНГ ТАЪСИРИ (тарихий-синергетик таҳлил)

Алишер Навоий 1464-1469 йилларда йирик илмий-маърифий ва маданий марказларидан ҳисобланмиш Самарқандда бўлиб, замонасининг машҳур олиму фузалолари билан учрашади ва улардан сабоқ олади. Ҳазрат Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва ижодий фаолияти атоқли навоийшунос олимлар В.Абдуллаев [1], Б.Валихўжаев [2] асарларида атрофлича ёритилади. Алишер Навоийнинг Самарқандда бўлиши тасодифми, заруратми? Навоий учун зарурат эди. Самарқанд учун тасодиф эди. Бу буюк сўз санъаткорининг етишиб чиқишига замин бўлди. Бу тасодиф синергетик тасодиф, аниқроғи бу тарихда бўлиб ўтган тарихий тасодиф эди. Бу тушунчани олимлар “тасодифдаги зарурият” деб атайди.

Самарқанд ва Ҳиротда Темурий шаҳзодаларнинг тахт учун давомли курашлари, Мовароуннаҳр ва Хуросон давлатлари ўртасидаги бетўхтов жанглардан сўнг 1459 йилда Султон Абусаид Ҳиротни эгаллайди.

Бу вақтда Машҳадда бўлган Алишер Навоий (1441-1501) уч-тўрт йил давомида Ҳиротга, таҳликали шарт-шароитларга кўра, қадам боса олмади.  Орадан тўрт йил ўтиб, бешинчи йил деганда (1464) Ҳиротга борганида “Абусаид Султоннинг… остони мулозаматида… ўзининг ҳолига риоят ва тарбия топа олмади” [1: 3-4]. Алишер Навоийнинг Ҳиротдан Самарқандга қилган сафари ҳақида Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Билмам, не жарима била Алишербекни Султон Абусаид мирзо Ҳирий (Ҳирот)дан ихрож (сургун) қилди” [3: 153], – деб ёзади.

Алишер Навоийнинг Ҳиротдан Самарқандга четлатилишига (тасодифни қарангки, бу четлаштириш шоир учун илм оламида катта имкониятлар эшигини очди – Б.Т.), унинг отаси Кичкина Баҳодирнинг Хуросоннинг собиқ ҳокими Абулқосим Бобурнинг Сабзавордаги намояндаси бўлгани, Алишер Ҳиротга келган пайтларда (1464) бадаҳшонийларнинг Султон Абусаидга қарши исёнлари авжида эди. Абусаид томонидан мол-мулки талон-тарож қилинган бадахшонийларга Алишернинг хайрихоҳлиги, мактабдош дўсти Ҳусайн Бойқаронинг 1460-1464 йилларда Абусаидга қарши олиб борган жангларида шоирнинг тоғалари Мирсаид ва Муҳаммад Алилар Ҳусайн  қўшинлари сафида туриб, Абусаидга қарши жангларда қурбон бўлгани, Султон Абусаиднинг ҳукмдор сифатида ножўя тадбирлари, ўзининг қон-қариндошлари бўлган Султон Улуғбекнинг оила аъзоларини қириб ташлаши каби ҳунрезликлар сабаб бўлган [1: 5-7]. Адолат ва тинчлик тарафдори бўлган Навоийда Абусаиднинг ички сиёсатига нисбатан юзага келган кескин норозилик туғёни сабаб, бундан кейин унинг Ҳиротда қолиши мумкин эмас эди.

Шунингдек,  шоир 1466-1467 йилларда Сайид Ҳасан Ардашер номига битилган шеърий мактубида шоир Ҳиротни тарк этиб Самарқандга кетиш сабабларини баён этар экан, шоирлик иқтидори етарли қадрланмагани, ижод қилиш учун дурустроқ шароит бўлмаганини кўрсатиб ўтади [1: 28].

Алишер Навоийнинг “Маҳбубул қулуб” [5]  (1501) асаридан маълум бўладики, шоирнинг Самарқандга сафари осон кечмаган, тоғлар оша, саҳроларда қийнала-қийнала, ғариблик машаққатларини тортиб манзилга етиб келади.

Мазкур пандномада: “Ночор ва нотавонлик пайтларимда, фалокатли замонларда ва ноумид юрган пайтларимда гоҳо илм мадрасаларида охирги сафлардан жой олдим”, – дея баён этилишидан шоирнинг Султон Абусаид ҳукмронлиги даврида кечган таҳликали ва умидсиз ҳаётини ҳамда мусофирлик сабаб Самарқандда кечирган қийинчиликларни ҳис этиш мумкин.

Шунингдек, шоир – “Гоҳо уламолар мажлисларида уларнинг қадами теккан ерга юзимни қўйдим ва кўп сажда туфайли пешонам шилиниб кетди. Гоҳо поклар хонақоси аҳлининг обдасталарига сув қўйдим, ва уларнинг ҳурматини қозондим. Гоҳо пасткашлар олдида хор бўлдим ва разиллар олдида беэътибор бўлдим. Гоҳо мажнунлик (телбалик-Б.Т.) маҳалласида разил кишилар бўйнимга шапалоқ урдилар ва ёш болалар бошимга тош ёғдирдилар ва гоҳо шаҳрим эли томонидан жабр кўриб, ғурбат тортиб, ғарибларга қўшилдим. Ва тоғлар чўққисида ором топдим ва саҳро этаги паноҳим бўлди. Гоҳо ғурбатда бемор бўлиб, ғариблар ичида ҳам хор бўлдим. Гоҳо бу азобларга чидолмасдан азми ватан қилдим (ватанга йўл олдим-Б.Т.)”, [5:10] деб ёзади.  Демак, мусофирликда дуч келган аъзоб-уқубатлар ва хорликлар Навоийдек инсонпарвар, халқпарвар, ҳокисор ва бардошли зотни ҳам қийнагани англанади. Бу машаққатлар Алишер Навоийни тоблайди, чиниқтиради.

Аммо Самарқандга келиш унинг учун катта бахт эди. Қадимий шаҳар билан танишмоқ, Улуғбек мадрасасида илм олмоқ, унинг ташаббуси билан қад кўтарган меъморчилик ёдгорликларини кўздан кечирмоқ, расадхона ва мадрасаларда бунёд этилган нодир асарларни муҳокама этмоқ, забардаст олимлар билан юзма-юз кўришиб, дарс олиб, аҳлу илму шуаро билан баҳслашмоқ, илмий ва маданий савияда баланд қояларга кўтарилмоқ унинг энг муҳим ва эзгу орзуларидан эди.

Муҳаммад Олим Самарқандий, Ҳожа Хисрав, Алон Шоший, Жалолиддин Лутфулло Бухорий, Қутбиддин Самарқандий, Мавлоно Фозили Самарқандий, Мавлоно Соили Насафий ва ниҳоят фалсафа, ҳуқуқшунослик ҳамда араб тили билимдонлигида шуҳрат таратган мударрис Фазлуллоҳ Абулайсийлар муҳитига тушиб қолади. Алишер Самарқандда Фазлуллоҳ Абулайсий ва Улуғбек ҳамда Аҳмад Ҳожибек мадрасаларида таҳсил олади [1: 7].  Самарқанддаги Фирузшоҳ мадрасаси, Бибихоним мадрасаси, мадрасаи Сафидининг олим ва илм толиблари билан яқин алоқада бўлди, Улуғбек қурдирган машҳур расадхонани кўрди, фалакиёт илми соҳасида қўлга киритилган илмий кашфиётлар билан танишади [2].

Машҳур шоир Мақсуд Шайҳзода “Навоийнинг Самарқандда кечирган кунлари” номли мақоласида “Умуман, буюк шоиримизнинг Самарқандда кечирган кунлари унинг дунёқарашининг кенгайишига, халқ ҳаёти ва маишатини  яқиндан ўрганишга кўп ёрдам берди. Бу икки йиллик ҳаёт (адиб Алишер Навоий Самарқандда икки йил бўлган деб ҳисоблайди – Б.Т.) Алишер Навоийнинг буюк ижодида ҳам ўзининг чуқур изларини қолдирди. Ўзининг энг кучли ва реалистик асарларидан бири бўлмиш “Мажолисул нафоис”ни ёзар экан, Навоий Самарқандда текширган ва тўплаган материалларидан  фойдаланди ва ўз “тазкира”сини юзлаб фактлар ва номлар билан бойитди. “Фарҳод ва Ширин” достонининг охирида Улуғбек ҳақида Навоий зўр ихлос билан ёзган мадҳиясига, шу машҳур олимнинг ўлмас хизматига бағишлаб яратган таърифига, албатта, шоирнинг Самарқанддан олган таассуроти катта илҳом берганини алоҳида таъкидлайди [6:17].  Улуғ шоир Улуғбек ва жаҳоннинг зеб-зийнати бўлган расадхонаси ҳақида ушбу ажойиб мисраларни битади:

Темурхон наслидин султон Улуғбек,
Ки, олам кўрмади султон анингдек.
Анинг абнойи жинси бўлди барбод
Ки, давр аҳли биридин айламас ёд.
Валек ул илм сори торти чун даст,
Кўзи оллинда бўлди осмон раст.
Расадким боғламиш – зеби жаҳондур,
Жаҳон ичра яна бир осмондур.
Билиб бу навъ илми осмоний
Ки андин ёзди “Зижи Кўрагоний” [7].

Таниқли навоийшунос олим Иброҳим Ҳаққулнинг эътироф этишича – “Навоийга ўхшаш доҳий шоирлар тасодифан дунёга келмайди. Бунинг учун жуда яхши шаклланган ижтимоий-маданий муҳит ва ривожланган иқтисодий-сиёсий шароит зарурдир. Навоий ўн бешинчи аср фарзанди. Лекин унинг ижодий шахсияти Амир Темур асос солган буюк салтанат билан, шу салтанатдаги маърифий-маънавий кўтарилишлар билан чуқур боғлиқ. Шунинг учун Амир Темур ҳукмронлиги даврларида шаклланган ва ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ҳаётнинг деярли барча жабҳаларида ибратли натижалар берган давлатчиликдаги бирлик туйғуси Навоийни кўп илҳомлантирар эди. Шу боисдан ҳам Навоий фикри очиқ,  руҳонияти соғлом, тўғрилик, ростлик ва ҳақиқатни умр моҳияти, деб билган эл учун ижод қилиш заруриятини чуқур ҳис этган” [8:1]. Шубҳасиз, темурийлар ҳукмронлиги даврида Хуросон ва Мовароуннаҳрда, хусусан, Самарқандда шаклланган юксак маънавий-маърифий муҳит Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий фаолиятида муҳим роль ўйнади. Ким билсин, балки, бу тасодиф бўлмаганида у дунёга Навоий бўлиб танилмасмиди, Ҳиротнинг тож-тахт талашишлар билан тўла ғурбатли муҳитида ҳалокатга учрармиди. Хуллас, Навоийнинг Самарқандга келиши унинг ҳаётидаги тарихий аҳамиятга эга бўлган бир бифуркация нуқтаси бўлди.

Адабиётшунос олим Омонулла Мадаев Алишер Навоийнинг лирик асарлари, достонларидаги илмий мукаммаллик ҳақида Амонилло Валихоновнинг “Ғазал нафосати” китобидан шундай  келтиради: “Навоий ўз асарларида арқоми мантуқ – “гапирувчи”, яъни рационал сонлар; арқоми асам – “соқов”, яъни иррационал сонлар; жазр – даража асоси ёки илдиз; мажзур даража ёки илдиз чиқариладиган сон, хатти мустақим – перпендикуляр каби соф математик терминологиядан фойдаланади” [9:53]. Олимнинг таъкидлашича, шоир аниқ фанлар соҳасидаги билимларини ўрнида амалиётга ҳам татбиқ этган. Унинг фикрича, айлана узунлигининг диаметрига нисбатидаги аниқлик даражаси миноралар ва гумбазларни қуришда жуда муҳим ҳисобланган. Ғиёсиддин Жамшид ибн Масъуд Коший нисбатнинг анчайин аниқ қийматини ишлаб чиққан. Коший бу рақамларни эслаш учун байт ҳам тавсия этиб, матнини келтиради. Амонилло Валихонов ёзади: “Коший тубандаги арабча шеърни тавсия қилади: Ва баҳ ша ҳажи саза заттаҳҳавҳу, Муҳитун ли қутрин ҳува – сиани минҳу. Бу икки мисранинг биринчиси – юқоридаги ўн етти рақамни абжад жадвали воситасида ифодаловчи ҳарфлардангина иборат бўлиб, иккинчи мисраси мазмунан: “Айлана узунлигининг диаметрга нисбати бундан икки баровар кичикдир”, деган тушунчани беради. Навоий Самарқандда олган билимлари асосида меъморларга π нинг қиймати учун мазкур сонни тавсия қилган ва юқоридаги шеърни ёд олишни маслаҳат бергани маълум” [9:53].

Хуллас, Алишер Навоий Самарқандда илм ўрганиш, шаҳар обидаларини кўриш, одамлари билан танишиш жараёнида ўзининг бадиий ижодини ҳам юксак илҳом билан давом эттириб, ўзбек ва форс-тожик тилларида ғазалу муаммо, қасидаю маснавийлар яратди, мушоираларда қатнашди, ўқиш-ўрганиш баробарида шеър ижоди билан ҳам машғул бўлди. Бу даврда Навоий томонидан яратилган асарларни кўздан кечирар эканмиз, уларнинг услубан янада тиниқлашганини, мазмунан теранлашганини, мантиқан асосланганини сезиш қийин эмас. Бундай асарлар кейинчалик Навоийнинг ўзи тузган биринчи девони “Бадоеъул бидоя”га ва “Девони Фоний”га киритилган эди. Шуниндек, Аълойи Шоший ва тўн тикувчи ҳунарманд Бобур ҳақидаги муаммоларни, отахони Сайид Ҳасан Ардашерга йўллаган маснавий – номасини, бир неча ғазалларини, Ҳусайн Бойқарога бағишланган “Ҳилолия” қасидасини эслатиш мумкин [2]. Бу асарлар Ҳиротда яратилган ижод намуналаридан кескин фарқ қилиб туради. Демак, Алишер Навоийнинг Самарқандга бориши, унинг ҳаётида муҳим сифатий ўзгаришни вужудга келтирган. Бетартиблик (хаос)нинг тартибга, мураккабликнинг оддийликка, келажакнинг бугунга таъсири синергетиканинг муҳим қонуниятлари бу жараёнда рўй берганини Навоий ижоди мисолида яққол кузатиш мумкин.

Алишер Навоийнинг Самарқанд сафаридан олдинги ва кейинги ҳаётининг нисбатан осуда кечганини эътиборга олган ҳолда, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур сафар давомида шоир томонидан жамланган илм, орттирилган ҳаётий тажриба изсиз кетмади, балки янада бойитилиб, унинг сўнги асари бўлмиш “Маҳбубул қулуб”да турли ижтимоий тоифаларнинг ахлоқи ва феъл-атворига доир ноёб панду насиҳатлар сифатида авлодларга васият қилиб қолдирилди.

Алишер Навоий темурийлар давлатининг истеъдодли кадрлар захираси учун ташаббус кўрсатиб, истеъдодли ёшларни излаб топади, уларга ҳомийлик қилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Навоий умрининг сўнги йилида ғойибона равишда Бобурни эшитиб, унга қизиқади ва мактуб билан алоқа боғлаш ташаббусини ўзи бошлайди. Ўн тўққиз яшар фарғоналик (Фарғона давлати назарда тутилмоқда — Б.Р.)  ёш шоирнинг кўтарилаётган юлдузини узоқ Ҳиротдан кўра олган Навоий ҳамма гениал шоирларга ўхшаб бир ажойиб хусусиятга эга эди, у ҳам бўлса, ҳақиқий талантни топа ва кўра билишдир [6:18].

XV асрнинг иккинчи ярмида Ҳиротдаги маданий тараққиёт марказида улуғ шоир Алишер Навоий фаолияти етакчи ўрин тутган. Хондамирнинг гувоҳлик беришича, Самарқандда Амир Темур кутубхонасининг вориси сифатида Мирзо Улуғбек кутубхонаси фаолият кўрсатган бўлса, Ҳиротда Бойсунғур мирзо, Султон Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий кутубхоналари бўлган [10:26]. Сарой кутубхоналаридан фарқли равишда Навоийнинг шахсий кутубхонасидан кенг китобхонлар оммаси фойдаланиш имкониятига эга бўлган. Машҳур олим Мирхонд (ваф. 1498), унинг набираси Хондамир (1475-1535), бошқа кўпгина тарихчи ва адабиётчилар ўз тарихий асарларини яратишда мазкур кутубхонада жамланган тарихий манбалар ва ўтмиш муаррихларининг асарларидан фойдаланган. Алишер Навоий шахсий кутубхонаси ўша давр маданий ҳаётида сезиларли роль ўйнаган. Унинг кутубхонасида Камолиддин Беҳзод, Шоҳ Музаффар ва бошқа наққошлик санъатининг моҳир усталари ҳам самарали ижод қилган [10:32].

Сарой кутубхонаси ёки ҳукмрон сулола вакилларига тегишли бўлган хусусий кутубхоналардан фарқли равишда, оддий фуқаролар ҳам фойдаланиш имкониятига эга бўлган кутубхона ташкил этиш ғояси Алишер Навоийда Самарқанддаги Мирзо Улуғбек кутубхонасининг таъсири  ва ундан  олган таассуротлари натижасида пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас. 

Хулоса қилиб айтганда, Алишер Навоий ҳаёти, фаолияти ва ижодида Самарқандга амалга оширилган илмий сафарнинг илмий-амалий аҳамияти катта бўлган. Чунки тарихий жараёнлар ҳар бир шахс ҳаётида ўз аксини синергетик қонуниятларга биноан намоён қилади. Буюк шоир ижодидаги бифуркацион жараён унинг келажакдаги улуғвор бунёдкор фаолияти учун асос бўлиб хизмат қилган, деб айта оламиз. Шу туфайли шоирнинг ижодий фаолияти эволюциясига тарихий-синергетик услубда ёндашув унинг ижодидаги ҳали бизга номаълум бўлган қирраларини аниқлаш имконини беради.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдуллаев В.А. Алишер Навоий Самарқандда. –Т.: Билим, 1967.
  2. Валихўжаев Б. Навоий Самарқандда (1988)//Электрон ресурс// https://ziyouz.uz/matbuot/qayta-qurish-davri-matbuoti/1988-6/ (мурожаат санаси 11.07.2020)
  3. Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. –Т.: Юлдузча, 1989.
  4. Абдуғафуров А. Буюк ижодкор. Ўзбекистонда ижтимоий фанлар журнали. 1991, № 2.
  5. Алишер Навоий. Маҳбубул қулуб. (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар). Ҳозирги ўзбек тилига табдил. –Т.: Sano-standart, 2018.
  6. Буробия Ражабова. Бобурномада Навоий сиймоси// “Бобур ва дунё” журнали, 2020 йил №3 сони.
  7.  Алишер Навоий. Фарҳод ва Ширин. Электрон ресурс // http://n.ziyouz.com/books/alisher_navoiy_asarlari/Alisher%20Navoiy.%20Xamsa.%20Farhod%20va%20Shirin%20(nazm).pdf (мурожаат санаси 11.07.2020)
  8. Иброҳим Ҳаққул. Навоийга қайтиш. –Т.: Фан, 2007. -33 б. 1 б.// (Электрон ресурс) http://n.ziyouz.com/books/tasavvuf/Ibrohim%20Haqqul.%20Navoiyga%20qaytish.pdf (мурожаат санаси 11.07.2020)
  9. Мадаев О. Навоий даҳоси ва замонамиз кашфиётлари. Жаҳон адабиёти журнали. 2014, №2.
  10. Азизжон Шарипов. Амир Темур ва темурийлар даврида кутубхоналар фаолияти тарихидан // “Бобур ва дунё” журнали, 2020 йил №3 сони.
Бахтиёр ТУРСУНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …