Адашган ва ҳақ йўлдан тойган ислом душманлари ҳамма даврларда ҳам бўлган. Улар турли гуруҳлар пайдо бўлиши учун асос вазифасини ўтаган ёки мавжудларини тўлдириб келган. Тарихдан маълумки, бундай кимсалар исломнинг тез тарқалаётганини кўра олмай, уни бузиш йўлига кирган. Макру ҳийлаларини динни ёмонотлиқ қилиш ва умматни адаштириш учун ишга солган.
Ичи тўла ғараз бўлган бундай фитначилар дин ва Қуръони каримга очиқчасига адоват қилолмаганидан, зоҳирида исломни кўрсатиш йўлига кириб, мусулмонлар орасида шубҳалар уйғота бошлаган. Гумон ўқларини биринчи ўринда суннат ва ҳадис ровийларига қаратган. Чунки, суннат Қуръоннинг шарҳи, муфассири ва уни равшан қилувчи манбадир. Улар суннатга таъна Қуръонга таъналигини, иккисига зиён етказиш эса, ислом динини барбод қилишга олиб боришини билган. Шунинг учун улар умматни шу йўл билан бузиш йўлига ўтган.
Суннат ва ҳадис ровийлари борасида исломни ниқоб қилиб олганлар ва шак-шубҳалар уйғотишда таъсири катта бўлганлар жумласига:
- Абдуллоҳ ибн Сабаъ;
- Савсан Насроний. Қадарийликни бошлаб берган Мўъбад Жуҳаний ундан таълим олган;
- Иброҳим Низом Мўътазилий. Имом Заҳабий баъзи уламолардан ривоят қилиб айтишича, у ислом динини бузиш учун браҳманлардан эканини мўътазилийлардан яширган;
- Бишр Марисий. Хатиб Бағдодийнинг айтишича, яҳудий бўлган, зиндиқ (динга қарши)лигини мўътазилийлардан сир тутган.
Булардан ташқари яна кўпчилик зиндиқлардан эканини яшириб, олимларни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилиб юрган. Аллоҳ таоло аҳли сунна вал жамоанинг билимдон ҳадис уламолари саъй-ҳаракатлари билан уларнинг кирдикорларини фош қилган.
Бу душманлар суннатга қарши жангларини қуйидаги услубларда олиб борган:
- ақлга таяниб суннатни инкор қилиши.
- суннат ривоятида ўзининг бекорчи гаплари билан ровийларни чалғитиш, ўз айтаётганига нисбатан шубҳа уйғотиш;
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ёлғон ҳадислар тўқиб, суннатга боғлаши. Бундай ҳадислар суннатнинг ўзида зиддиятлар, мантиқий қарама-қаршиликлар келтириб чиқаради. Пировардида, суннат ёки ровийларни айблашга сабаб бўлади.
Ақлга таяниб, суннатни рад қилиш турлича кўринишда бўлган: мутлақ рад қилиш; оҳод хабар (озчилик томонидан ривоят қилинган ҳадис)ни рад қилиш. Шунга қўшимча қилиб буни оҳод хабар экани эътиборидан оятга қўшимча қилишни рад қилиш, дейиш ҳам мумкин.
Суннатни мутлақ тарк қилишни хулоса қилганлар “Қуръон кифоя қилади, у исломнинг ўзи, суннатга ҳожат йўқ”, дейди. Шундай бўлса-да, айримлари намоз, закот ва бошқа амалий суннатларни истисно қилади.
Ушбу қарашга саҳобалар яшаган давр охирларида уруғ сепилган.
Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: “Имрон ибн Ҳусойн дўстлари билан ўтирган эди. Қавмдан бир киши: “Бизга Қуръондан бошқасини гапирманглар”, деди. Шунда унга: “Яқин кел”, деди. У яқинига борди. “Агар сен ва дўстларингга Қуръон берилса, ундан пешин намозининг тўрт ракат, асрнинг тўрт ракат, шомнинг уч ракат эканини, (аввалги) иккитасида (зам сура) қироат қилинишини топа оласанми? Агар сен ва дўстларингга Қуръон берилса, тавофнинг етти марталигини, Сафо ва Марвада тавоф шунчалигини топа оласанми? деди. Сўнг: “Қавм биздан нимани олди, Аллоҳга қасамки, агар қилмасангиз (ҳадисларга эргашмасангиз), адашасиз”, деди (Байҳақий, Хатиб Бағдодий, ибн Абдулбарр ривоят қилган).
Сахтиёнийдан ривоят қилинади: “Мутарриф ибн Шиххирга бир одам: “Бизга фақат Қуръондаги нарсани сўзланглар”, деди. Мутарриф унга: “Аллоҳга қасамки, биз Қуръонга (бирор нарсани) бадал қилишни хоҳламаймиз. Лекин Қуръонни биздан кўра кўпроқ билувчини хоҳлаймиз. Яъни суннатни”, деди” (Ибн Абдулбарр ривояти).
Сўнгги саҳобалар даврида дин душманларининг шу каби хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Ўша даврда бундай ҳолатлар алоҳида-алоҳида юз бериб, II/VIII аср охиригача жамоавий тусга эга бўлмаган.
Рофизалар ҳам суннатни мутлақ рад этганлардан ҳисобланган. Уларнинг эътиқоди бўйича саҳобаларнинг кўпи муртаддир. Рофизалар уларни рисолатни етказишда ёлғончилик ва хиёнаткорликда айблаб, Қуръоннинг ўндан тўққизини яширган деб бўҳтон қилган. Бу гуруҳнинг ҳадис ёки суннат деб атаган нарсалари билан қилаётган ишлари аслида Абдуллоҳ ибн Сабаъ томонидан ўйлаб топилган янги диндир.
Уммат бутун исломни (Қуръон ва суннатни) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан билишда саҳобалардан бошқа ҳеч қандай манбага эга бўлиши мумкин эмас. Саҳобаларни рад қилган кишига рисолатни билиш учун бошқа қаердан йўл қидириш мумкин?
Бу аввал ўтган асрлардаги кўринишдир. Ҳозирги даврга келсак, дин душманлари ислом устидан назоратни ташлаб қўйгани йўқ. Ота-боболари ислом душманлари бўлган қалби чиркин кимса ва тўдалар, мусулмон Шарқига салбий нигоҳ тикканлар ҳар турли бидъат, ғайритабиий қарашлар, гуруҳ ва оқимларни қайта тиклашга киришаяпти.
Ана шу бидъат ва ғайритабиий фикрлар орқали оми мусулмонларни ўз томонига оғдириб олиб, ғаразли мақсадлари йўлида уларнинг дину диёнатини қурбон қилмоқда. Улар суннатни рад этиб, Қуръоннинг ўзи етарли эканини овоза қилади. Ҳақиқатда эса, шу иши билан Қуръон ва суннатни бадном этиб, динни бузишга ҳаракат қилади.
Мисол тариқасида яқин тарихда уларнинг Ҳиндистонда қилган бузғунчилигини келтириш мумкин. XIX аср ўрталарида Англия қуролли кучлари Ҳиндистонни ишғол қилгандан сўнг кўплаб уламолар йўқ қилинган. Бундан мақсад Ҳиндистонда исломнинг илдизини қирқиш бўлиб, янги кўринишдаги бесубут дин тузиш бўлган. Шу билан мусулмонлар ақидасига путур етказилган ва фитначилар қайсидир маънода одамларни чалғитишга эришган ҳам. Ачинарли яна бир жиҳати шундаки, душманлик ишларида шу юртнинг фарзандларидан фойдаланган. Бойлик ва мансабга ружу қўйган айрим нопок, ақли ноқис кимсалар уларнинг ноғорасига ўйнаган. Суннатни рад қилиш уларнинг асосий қуролига айланган. Чунки суннат диннинг энг муҳим асосидир. Суннатдан воз кечганларни оғдириб олиш кўп ҳам қийинчилик туғдирмайди.
Ҳозир бундай фирқалар, афсуски, дунёнинг барча минтақаларида топилади. Муқаддас динимиз бор экан, душмани ҳамма вақт бўлади. Асосийси динимизнинг муборак манбаларини асраб-авайлаб, ўзлигимизни йўқотмаслигимиз зарур. Зеро, соф динимизни ўрганишимиз учун адабиётлар ва бошқа зарурий манбалар етарлидир. Огоҳ бўлиб, ҳамиша аҳли илмга қулоқ тутсак, ҳеч қачон адашмаймиз.