X асрнинг охирида Мовароуннаҳр ҳаётида жуда муҳим воқеалар юз берди. Сомонийлар давлатининг қулашидан кейин бу минтақа устидан ҳокимиятни Қорахонийлар ўз қўлига олди (ҳукм дав. 999-1211 йй.). Қорахонийлар исломни қабул қилган турк қабилалари иттифоқини бошқарди. Минтақадаги туркий халқлар шаҳар-деҳқончилик минтақаларига аста-секин кириб келиши ва ўтроқ бўлиб қолиши араб истилоларидан анча илгари бошланган эди. Барча тарафдан саҳролар билан ўралган Мовароуннаҳрнинг географик жойлашуви ўтроқ ва кўчманчи хўжаликлар орасидаги муносабатларни бир-бири билан узвий боғлаб қўйди. Натижада Мовароуннаҳрнинг ўтроқ районларида ҳанафийлик мазҳабининг қарор топиши билан у, табиийки, туркий халқлар орасида ҳам тарқалди.
Илк ислом даврида бу минтақада кайсониййа-мубаййида, қарматиййа-исмоилиййа, карромиййа, шофеъиййа жамоаларининг фаол ҳаракатлари кўзга ташланади. Айниқса, шофеъийларнинг Шош, Илоқ, Исфижоб, Тароз, Усбаникат, Фороб сингари марказларда олиб борган фаолияти кўп манбаларда ўз аксини топди. Лекин, пировард натижада Мовароуннаҳрнинг ҳанафийлик марказларининг узлуксиз ва мунтазам кучайиб бориши юқорида зикр этилган ўлкаларда ҳам ҳанафийликнинг тўлиқ ғалабасини таъминлади. Бу жараёнлар натижасида ҳанафийлик мазҳаби анъанавий исломга хос бўлган барча жиҳатларни ўзида касб этди. Шу сабабли Мовароуннаҳрга келган Қорахонийлар, Хуросонни забт этган илк Салжуқийлар (ҳукм дав. 1038-1092 йй.) бошқа мазҳаблар ичида биринчи галда ҳанафийларнинг ҳомийларига айланди [1: 30].
Сомонийлар давлатининг Мовароуннаҳр ва Хуросон қисмларининг Қорахонийлар ва Ғазнавийлар (ҳукм дав. 977-1186 й.й.) орасида бўлиб олиниши Мовароуннаҳрдаги жамият тараққиётига катта таъсир кўрсатди.
Биринчидан, Мовароуннаҳр ўзининг ислом тарихида илк бор чуқур ислом таълимотларига асосланган холда Хуросондан сиёсий жиҳатдан ажралиб, ривожлана бошлади.
Иккинчидан, улкан Қорахонийлар давлати вужудга келиши натижасида Мовароуннаҳр ҳали ислом чуқур кириб бормаган “Билодут турк” (Сирдарёнинг ўрта ва қуйи ҳавзаси, Еттисув ва Шарқий Туркистон) билан бирга бир давлат таркибига кирди. Кўпчилик аҳоли учун ислом янги воқелик эди. Ижтимоий тафаккурда ислом тимсоли ўзлаштирилди ва ривожлантирилди. У ҳали барқарор ҳолатга етишмаган эди. Бутун минтақа миқёсида Марказий Мовароуннаҳр шаҳарлари (биринчи ўринда, Бухоро ва Самарқанд) маънавий ва маданий марказ бўлиб қолди.
Учинчидан, Қорахонийлар Сомонийларнинг марказлашган бошқарув тизими ўрнига майда аймоқларга бўлиб бошқариш тузумини киритди. Бу тузум маҳаллий ҳокимларни ўз ҳудудларида мустақил қилди. Бу ҳудудларнинг марказларида шаҳар ҳаёти жадаллик билан ривожланди.
Мовароуннаҳрдаги сиёсий ҳокимиятнинг алмашувига кўпчилик аҳоли бефарқ (С.Г., 1991) қаради. Бу даврда Сомонийларнинг қўшинлари орасида жуда кўп туркийлардан иборат қўшин бор эди. Бир тарафдан, Қорахонийлар маҳаллий жамиятдаги ижтимоий фикрни, иккинчи тарафдан, халқаро аҳволни ҳисобга олиб, ўзларини “мўминлар амири” деб эълон қилди ва Халифа Қодир (ҳукм дав. 991-1031 йй.) номидан тангалар зарб қила бошлади [2: 333].
Қорахонийлар даврида Бухоро ва Самарқанд билан бир қаторда Ўзганд, Ахсикат, Косон, Марғинон, Хўжанд, Кошғар, Исфижоб ва бошқа вилоят марказларида ҳам шаҳар ҳаёти тараққий этди. Мусулмон дунёсида шаҳарлар ўз-ўзини бошқариш органларига эга эмасди. Шаҳарлар ҳаётининг барча тарафлари, ҳаттоки савдо-сотиқни ташкил қилиш давлат аппарати томонидан назорат қилинар ва бошқарилар эди. Маиший соҳадаги қулайлик давлат раҳбарининг ёки шаҳар бойларининг ҳимматига боғлиқ эди. Бундай шароитда мусулмон шаҳарларида замонавий социологлар яъни “норасмий лидерлар” деб аталган шахсларнинг роли жуда катта эди. Улар асосан шаҳар аҳолисининг барча табақалари билан боғланган ислом билимдонлари ва ислом илоҳиётчилари орасидан чиққан эди. Мусулмон уламоларининг аксарияти савдо-сотиқ, ҳунармандлик фаолиятини олиб борган. Диннинг ақидаларини ахлоқий, ҳуқуқий нормаларини ишлаб чиқиш давлат ва унинг диний муассасаларининг эмас, балки диний нуқтаи назардан шахсий ҳукм чиқариш (ижтиҳод)га илми етарли деб тан олинган кишилар (мужтаҳид, муфтий) томонидан чиқарилар эди[3]. Сомонийларга нисбатан исломий дунёқарашлари соддароқ бўлган Мовароуннаҳрнинг янги ҳокимлари – Қорахонийлар маҳаллий уламо-фақиҳларга катта ҳурмат билан қаради. Янги вазиятда эса ислом билимдонлари саналган фақиҳлар ижтимоий фикрнинг тўлиқ эгалари бўлиб қолди. Бироқ, ҳокимлар билан фақиҳлар орасидаги муносабатлар бир текис бўлмай, баъзида кескин тус оларди. Масалан, хоқонга номақбул маслаҳатлар бергани учун машҳур фақиҳ Шамсул аимма Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий (ваф. 1093-94 й.) Ўзгандга сургун қилиниб, зиндонбанд қилинган, 1069 йили Бухорода Исмоил ибн Аҳмад Саффор қатл этилган. Лекин кўпинча ҳукумат ва диний номаёндалар орасидаги муносабатлар тинч характерга эга бўлиб, томонлар бир-бирларининг манфаатларини ҳисобга олишга ҳаракат қилган. Марказий шаҳарлардаги ижтимоий барқарорликка путур етказиши мумкин бўлган фақиҳлар бошқа шаҳарларга, кўпинча Кешга сургун қилинган. Масалан, Шамсул аимма Ҳалвоий, Фахрул ислом Паздавийларнинг вафотларидан сўнг уларнинг жасадлари Кешдан она шаҳарларига олиб келиниб дафн этилган. Қарама-қарши турган кучлар ўртасида муайян мувозанат ҳукм сурган. Мисол учун, Бухоро жоме масжидида ҳокимият тайинлаган хатиб ўз хутбасини ўқиб бўлгач, омма орасида бообрў бўлган фақиҳ намозга имомликка ўтган[4: 370b].
Қорахонийлар даврида иқтисодиёт, фан ва маданият соҳаларида муштарак тараққиёт юз берган. Ҳунармандлик, савдо, фан, маданият, амалий санъат ривожланган. Кун сайин кўпайиб бораётган мадрасаларнинг катта харажатлари вақф мулкларидан тушган даромадлар билан қопланган. Давлат арбоблари, хайрэҳсон эгалари саройлар, дўконлар ва ҳаммомлар қуриб, уларни ва баъзан ўз ерларини мадрасаларга вақф қилар эди [5]. Мударрислар, мутаваллилар ва толиби илмларнинг маошлари ушбу мулклардан келадиган даромаддан тўланган. Масалан, Иброҳим Тамғочхон томонидан ёзилган вақфномада белгиланганидек, Самарқанд мадрасаси мутаваллиси (идора қилувчиси)нинг бир йиллик маоши 2000 дирҳам , фиқҳ мударриси маоши 3600 дирҳам, адабиёт фанлари мударриси маоши 1200 дирҳам, Қуръони карим мударриси маоши 1200 дирҳам ва толиблар маоши 360 дирҳам бўлган. Ўша даврда мавжуд нархларга кўра, бир мударриснинг бир ойлик маошига 150200 дона ёпилган нон, 23 та қўй сотиб олиш мумкин бўлган[6].
Турк тадқиқотчиси Кавакжи берган маълумотларга кўра, мазкур даврда 300 га яқин фақиҳ мавжуд бўлиб, 150 дан кўпроқ фиқҳий (ҳуқуқий) асарлар, 20 та фатово (фатволар мажмуалари) ёзилиб, улардан 98 фоизи ҳанафий мазҳабига тегишли бўлган.
Маликшоҳнинг (ҳукм дав. 1072-1092 йй.) Мовароуннаҳрга 1089 йилдаги юришидан кейин Қорахонийлар ўзларини Салжуқийларнинг (ҳукм дав. 1038-1194 йй.) тобеси деб тан олди. Салжуқийларнинг Мовароуннаҳр ички ишларига аралашуви бу минтақада ҳанафийлар ва шофеъийларнинг ўртасидаги зиддиятларнинг янада кескинлашувига олиб келди. Шофеъийларга қарши кураш жараёнида ҳанафийлар калом масалаларида Абул Йуср Паздавий, Абул Муъин Насафий, Алоуддин Самарқандий саъй-ҳаракатлари билан Мотуридиййа таълимотини қайта жонлантирди. Усулул фиқҳ (ислом ҳуқуқи қоидалари) соҳасида Абу Зайд Дабусий, Шамсул Аимма Сарахсий, Фахрул ислом Паздавий фаолиятлари натижасида ҳанафийлар анъанавийлик қатъий талабларига жавоб берувчи изчил таълимот, принциплари асосида яратилган асарларга эга бўлди. Фуруул фиқҳ (ислом ҳуқуқи соҳалари) соҳасида ҳам мазҳаб нормалари шаръий далиллар асосида тартибга солинди. Бу соҳада Бурҳонуддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари фиқҳ илмининг мислсиз ёдгорлиги сифатида бутун ислом оламида эътироф этилди. Бу даврда ҳанафийлар ва шофеъийлар ўртасидаги кескин муносабатлар ҳақида ҳам манбалар хабар беради. Мовароуннаҳрлик ҳанафийлар ўз мазҳабларининг шофеъийлардан устунлигини халқ кўз ўнгида турли далиллар билан исботлашга уринди: Абу Ҳанифанинг Имом Шофеъийдан илгари яшагани, шунинг учун саҳоба ва тобеинлардан дарс олгани, устозларининг сони 400 дан ошиқ экани, аксинча, Имом Шофеъийнинг устозлари сони 80 га етмаслиги ва улар орасида Абу Ҳанифа шогирдларининг борлиги ҳақидаги фактлар келтирилди. Шунингдек, ҳанафий олими Шамсул аимма Сарахсий Имом Шофеъийдан 10 марта кўпроқ матнни ёд билади деб исботлади. “Аҳли ҳадис” ва улар ичидан шофеъийлар фаолияти катта шаҳарларда, қишлоқларда, жумладан, Бухоро вилоятида, Шош, Исфижоб, Тароз, Усбаникат, Фороб, Хива шаҳарларида кузатилади. Шошда шофеъийлик таълимотини Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Қаффол Шоший (ваф. 976-77 й.) тарқатди. Аббодийнинг биографик тўпламида шошлик беш фақиҳнинг таржимаи ҳоли келтирилади. Қорахонийлар даври учун ушбу минтақа бўйича биронта ҳам ҳанафий фақиҳнинг биографияси эслатилмайди[7: 122].
Султон Санжар (ҳукм дав. 1097-1157 йй.) ҳукмронлик йилларида маҳаллий ҳанафий фақиҳларининг бир гуруҳини бошқасига қарши қўллаб-қувватлаш сиёсати олиб борилди. Султон Санжар Саффорийлар сулоласининг сардори Иброҳим ибн Исмоил Саффорни (ваф. 1139 й.) Марвга сургун қилди. У Бухорода Садрлар сулоласини қўллаб-қувватлади. У садрлар сулоласи асосчиси Абдулазиз ибн Умар ибн Моза ва унинг ўқувчиси Абдулазиз ибн Усмон Фазлий Насафий (ваф. 1138 й.) Бухорода нишопурлик Соъидий ҳанафий фақиҳлари оиласининг ноиби сифатида қозилик лавозимига таъйин этди[8: 222]. Давоми бор…
- Агаджанов С.Г. (1991) Государство Селдьжукидов и Средняя Азия в XI-XII вв. – М.: Наука.
- Бартольд В.В. Туркестан в эпоху монгольского нашествия.− Сочинение. Т. I., T.VI. – М.: Восточная литература, 1963.
- Bekmirzaev, I. (2020). SUBJECT: QĀDĪʼS DĪWĀN ACTIVITIES IN ISLAM (THE 10TH-13TH CENTURIES). The Light of Islam, 2020(2), 98-109 // https://uzjournals.edu.uz/iiau/vol2020/iss3/7.
- Ömer Soner Hunkan. Türk Hakanlıgı (Karahanlılar) Kuruluş-Gelışme-Çöküş (766-1212). – Istanbul: Tanıtım Hızmetlerı Tıcaret Lımıted Şırketı, 2007. – 523 b., Reşat Genç. Karahanlı Devlet Teşkılatı(XI-XII.Yüzyıl). – Istanbul: Kültür Bakanlıgı Yayınlфarı, 1981.
- Gafurova, Irodaxon (2020) «ROLE OF WAQF PROPERTIES IN THE HISTORY OF TURKESTAN,» The Light of Islam: Vol. 2020 : Iss. 3 , Article 7 // https://uzjournals.edu.uz/iiau/vol2020/iss3/7
- Kavakcı Y. Z. XI ve XII Asırlarda Karahanlılar Devrinde Ma varaʼ al-Nahr İslоm Hukukçuları. − Аnkara: Sevinç Matbaası, 1976.
- Муминов А.К. Роль и место ханафитских ʼуламаʼ в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII в): Дис. … докт. ист. наук. – Тошкент: ТИУ, 2003.
- Бекмирзаев, И. И. (2014). Историко-правовое значение законодательных документов, составленных в мусульманском праве средневековыми мазхабами. Credo new, (1), 7-7 // Академия Google https://scholar.google.com/scholar?
- Bekmirzaev, I. (2014). Hanafi Legal Documents in Transoxiana. The Advanced Science Journal, 5.
- Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий. Катоʼиб аʼломи-л-ахйор. – Тошкент: Ўз ФА ШИ. – Қўлёзма № 91. – 171а, 179б, 193а в.
- Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий. Катоʼиб аʼломи-л-ахйор. – Тошкент: Ўз ФА ШИ. – Қўлёзма № 91. – 82б, 149б в.
- Bosworth C.E. Abu Abdallah al-Khwarazmi on the technical terms of the secretaryʼs art (a contribution to the administrative history of mediaeval Islam) // Journal of the Economic and Social History of the Orient. – (Apr., 1969). – Vol. 12, № 2.
ЎзХИА кафедра мудири, Тарих фанлари доктори,