Home / МАҚОЛАЛАР / “АБВАБ ТАСРИФ МАНЗУМА” АСАРИДА ЛЕКСИК ҚАТЛАМ

“АБВАБ ТАСРИФ МАНЗУМА” АСАРИДА ЛЕКСИК ҚАТЛАМ

Араб тили грамматикасига бағишланган асарлар кўп бўлиб, улар ичида туркий тилга шеърий шаклда таржима қилингани саноқли. Шулардан бири “Абваб тасриф манзума” асаридир. У уч қисмдан иборат. Асар ҳақида 2014 йилда нашрдан чиққан “Ўзбек тилидаги тошбосма китоблар каталоги” китобида қуйидагича маълумот келтирилади:
Биринчи китоб 3410/1 инвентар рақам билан сақланувчи اول علم ترکی “Аввали илми туркий” асари [1].
Мактаб болалари учун Ислом динидан биринчи дарслик. Ташкент, “Литографiя Гуламъ Хасанъ Арифджанова”, 1325/1907. –Б. 13 (1-13), 25х17 см [5: 204].
Иккинчи китоб 3410/2 инвентар рақам билан сақланувчи منثورۀ بدان ترکی Мансуре бедон туркий асари [2].
Асар назм ва наср услубида ёзилган. Араб тили морфологияси ва синтаксисига оид. Ташкент, “Литографiя Гуламъ Хасанъ Арифджанова”, 1325/1907. –Б. 41 (14-54), 29х19 см [5: 175].
Учинчи китоб биз тадқиқот манбаи қилиб олган ابواب تصریف منظومه “Абваб тасриф манзума” асари бўлиб, 3410/3 инвентар рақам билан сақланади [3].
Асар басмала билан бошланган бўлиб, сўнгра араб тилидаги насрий жумлалар билан келтирилади. Асарнинг шеърий қисми эса қуйидаги сатрлар билан бошланган:
Bābï tasri:f erdi ottuz beš,
Altïsïdur sulа:sï kul yoq beš.

Ушбу келтирилган мисрадаги “bāb”, “tasri:f” ва “sulа:sï” сўзлари араб тилидан кириб келган сўзлардир. “Bāb” сўзининг луғавий маъноси “эшик” [6: 83] бўлиб, бу сўз ўзининг ёндош маънолари билан ҳозирги кунимизда арабларда ҳам ўзбек тилимизда ҳам деярли бир хил маъноларда ишлатилади ва унинг англатадиган маънолари барчага маълумдир. Бироқ “тасриф” ва “сулосий” сўзлари ҳозирги кунда тилимизда фақат араб тили грамматикасига оид китоблардагина ишлатилади. “Тасриф” сўзи “тусланиш”, “турланиш” [6: 455] маъноларида ишлатилади. “Сулосий” сўзи эса “учталик”, “уч томонлама” [6: 107] каби маъноларда бўлиб, грамматикада уч ўзакли (ундошли) сўзларга нисбатан ишлатилади. Биринчи ва иккинчи мисраларнинг кесими бўлиб келган “erdi ottuz beš” ва “Altïsïdur” сўзлари эса туркий тилга хос бўлган сўзлардир. Шунга кўра бу мисраларда муаллиф икки тилдан деярли тенгма-тенг фойдаланган дейишимиз мумкин. Бироқ қуйидаги байтда бу ҳолат кузатилмайди:

Bābï avvalki fatha aynï avval,
Yaʼni māδisï δammalï mustaqbal.

Шарҳ: биринчи боб ўтган замонининг ўрта ўзаги (ундоши) ҳаракати фатҳа, ҳозирги –келаси замонда эса бу ундошнинг ҳаракати дамма бўлади.

Келтирилган мисралардаги барча сўзлар араб тилига оид бўлган сўзлардир. Булар: боб (бу сўзнинг маъноси юқорида айтиб ўтилди), аввал (биринчи маъносида) [6: 38], фатҳа (“а” қисқа унлиси бўлиб, бу сўз “фатаҳа” “очмоқ” [6: 604] сўзидан келиб чиққан. “а” унлисини талаффуз қилганда оғиз очилгани учун ҳам бу ҳаракатнинг номи “фатҳа” деб номланган), ъайн (араб алифбосидаги 18-ҳарф), яъни (бу сўз عني يعنى  — “назарда тутмоқ” [6: 570] сўзидан келиб чиққан бўлиб, “назарда тутиляпти” деган маънодадир.), мозий (ўтган) [6: 788], дамма (“у” қисқа унлиси), мустақбал (келаси замон) [6: 646] маъноларидадир. Ушбу сўзлардан “аввал”, “яъни” ва “мозий” сўзлари ҳозирда тилимизда мавжуд бўлиб, биринчи мисрадаги “аввал” сўзига қофиядош қилиб иккинчи мисрада “мустақбал” сўзини келтирган. Қизиғи шундаки, мисраларда келтирилган сўз арабча ёки араб тилидан ўзлашган сўзлар. Бу сўзларнинг ўзаро синтактик муносабатга киришиши эса эса форс тилининг таъсирини кузатишимиз мумкин, яъни сўзлар ўзаро форсий изофа шаклида бириккан. Муаллиф қоидани келтириб ўтгандан сўнг ҳар бир қоидага амалий тарзда вазн ва ҳар бир вазнга эса мисол беради Масалан, юқорида келтириб ўтилган фикрларга амалий тарзда қуйидагиларни келтириб ўтади:

Faʼala yafulu-ki bābï uni,
Ṭalaba yaṭlubu-ki mavzunï

“Мавзун” сўзи араб тилида вазнга солинган [6: 909] деган маънони англатади. Мисрадаги жумлаларнинг умумий маъноси шуки, “фаъла яфъулу” бобига тушадиган сўз бу “толаба ятлубу”дир деган маънодадир. Сўнгра ушбу бобда келадиган феълларнинг семантик – синтактик хусусиятларини келтириб ўтади. 

Taʼdiyaga bu bāb bolmïš köp –
Kim, misālï uṭlubi al-maṭlub.

“Таъдия” сўзи “ўтимли” [6: 528] маъносидадир. Бу сўз ҳам ҳозирги кунда фақат грамматикада қўлланилади холос. Эътибор бериладиган бўлса, биринчи мисрадаги “кўп” сўзига иккинчи мисрадаги “утлубил матлуб (талаб қилинадиган ёки излашга арзийдиган нарсани изла)”  мисолини қофиядош қилиб деб келтирган. Айни пайтда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, “мисол” сўзи ҳам араб тилидан кириб келган бўлиб “мисол келтирмоқ”, “ўхшатмоқ” [6: 771] деган маънони билдиради. Ҳозирги кунимизда ҳам кишилар орасида “мисли кўринмаган” каби иборалар ишлатилиб туради. Албатта, бу ибора “ўхшаши йўқ” деган маънодадир. Биринчи мисранинг кесими “бўлмиш” ва унга нисбатан миқдор ҳоли бўлиб келган “кўп” сўз ҳамда “бу” кўрсатиш олмоши туркий тилга оид сўзлардир. Демак, бу мисраларда ҳам қоидага мисол келтирилиш ҳисобига арабий сўзларнинг устунлигини кузатишимиз мумкин. Қуйидаги мисраларда ҳам худди шундай ҳолатни кўрамиз:

Gāh bolğay bināsï lāzim üčün,
Misāl uxruj ayyuhal-maknun:

“Бино” сўзи араб тилида “сўзнинг морфологик шакли”, “турланмайдиган шакл” [6: 80] маъносида қўлланилади. “Лозим” сўзи эса “ўтимсиз” (АН.748) маъносидадир. Биринчи мисрага қофиядош қилиб келтирилган “ухруж аййуҳал макнун” жумласи “Эй яшириниб олган, чиқ!” дегани. Кўриниб турибдики, мисрада келган 9 та сўздан 6 таси араб тилидан кириб келган сўз ёки тамоман арабча сўздир. 

Bābï sāniy-ki fathalï kečmiš,
Fahm qïl munda kasralïkečmiš.
Faʼala yafʼilu bu dur ham bir,
Bābïdïn dāraba bu bāba nazir.

“Соний” сўзи араб тилида “иккинчи” [6: 110] деган маънони билдиради. “Касра” эса “и” қисқа унлисидир. Ушбу сатрларда “зораба” сўзи мисол қилиб кўрсатилган. Маъноси урмоқдир [6: 478]. Ўзбек тилидаги “зарб”, “зарба” сўзлари ҳам шу сўз билан ўзакдошдир. “Назир” сўзи “ўхшаш” [6: 835] маъносида келтирилган. 

Ğāyre lāzim bu bābï ğālib,
Ka idribi nazia kaza as-sālib.

“Лозим” сўзининг “ўтимсиз” маънода эканини юқорида ҳам айтиб ўтган эдик. “Ғайри лозим” эса “ўтимсиз бўлмаган” маъносида келтирилган. Аслида “ғайр” сўзи “бошқа” [6: 602] деган маънони англатади. Сўзма-сўз таржима қилинганда “ўтимсиздан бошқаси” деган маънони билдиради. Шу ўринда яна бир жиҳатни айтиб ўтиш лозимки, асарда келган сўзларнинг этимологик жиҳатига эътибор бергандагина араб тилига оид бўлган сўзлар туркий сўзларга нисбатан анчагина кўпроқ қўлланилган. Бироқ араб тилидаги сўзларнинг аксариятини тилимизга ўзлашиб кетганини ҳисобга олинадиган бўлса, у ҳолда асарда икки тил, яъни араб ва туркий сўзлар деярли тенгма-тенг қўлланилган дейишимиз мумкин. 

 Lāzim ammā kelür välek aqāl,
Misliijlis huna vala taʼmal.

 “Ақолл” сўзи “жуда кам” [6: 679] дегани бўлиб, халқимиз орасида бу сўз “ақалли (ҳеч бўлмаса озгина)” дея қўлланилади. Иккинчи сатр тўлиқ арабча бўлиб,  “Шу ерда ўтир ва ишлама” деб изоҳланади .

 Bābï sālisda avval va sāni,
Keldi maftuh bilki aynāni.

 “Солис” сўзи “учинчи” [6: 107] маъносидадир. “Мафтуҳ” сўзи ундошнинг ҳаракати “а” қисқа унлиси билан келган, деган маънода. “ъайнани” сўзи “иккита ъайн” деган маънода ифодаланган.

Harfïhalqï bašartï esä anda,
Aynï feʼlïnda yāki lāmïnda.

“Ҳарфи ҳалқий” сўз бирикмаси “ҳалқумдан чиқадиган ҳарф” дегани. “Башарти” сўзидаги “ба (билан)” олд қўшимчаси форс тилидан экани маълум. “Шарт” сўзи эса араб тилидан кириб келган. Бироқ бу сўз араб тилидан форс тилига сўнг бизнинг тилимизга кириб келгани кўриниб турибди.

Harfïhalq altïdur-ki ha-u xā,
Aynu ğayn-u hamza sādisuha.

“Содис” сўзи “олтинчи” [6: 366] деган маънода бўлиб, бу сўз ҳам арабчадир.

 Taʼdiyada ğālib duāda nazir,
Futiha qufluha lijayšil amir.

“Футиҳа қуфлуҳа лижайшил амир” жумласи “Унинг қулфи амирнинг қўшини учун очилди” маъносидадир.

Gāh lāzim kelürki aŋa misāl,
Inšā allah yazhabul qaffāl.

“Иншоаллоҳ” сўзи халқимиз учун таниш сўз бўлиб, араб тилида “Худо хоҳласа” маносидадир. “язҳабу алқаффол” “қулфсоз кетяпти” деган маънони англатади.

Bābï rābeki kasra ayn sābiq,
Fatha ayn ermiš munda-ki lāhiq.
Faʼila yafʼalu-ki mizanani,
Alima yaʼlamuki mavzunani:

“Робиъ” сўзи ҳам арабча бўлиб, “тўртинчи” [6: 293] деган маънони билдиради. Халқимиз орасида тўртинчи қиз фарзандга “Робиъа” деб ном қўйиши ҳам шундандир. “собиқ” “олдинги” [6: 358], “лоҳиқ” эса “ортда келаётган” [6: 744] деган маъноларни билдириб, бу икки сўз ҳам арабчадир. Булардан “собиқ” сўзи ўз тилимизда ҳам худди шундай “аввалги” маъносида ишлатилади. “Мийзан” сўз халқимиз орасида ишлатиладиган “мезон” сўзидир. Бироқ бу сўз ҳам араб тилидан ўзлашган бўлиб “тарозу” [6: 910] деган маънони билдиради. Араб тили грамматикасида эса бу сўз “ўлчов қолипи” маъносидаги термин десак хато бўлмайди, деб ўйлаймиз.

Taʼdiyaga bu ham bināda kop,
Misluha alima ridāal maktub.
Gāh lāzim üčün kelgän misāl,
Vajila zaydun sor-ki kayfal hāl.

“Масалуҳа” сўзи “унинг мисоли” маъносидадир. Ўз тилимизда қўллайдиган “масалан” сўзимиз шу сўз билан ўзакдош сўзлардир. “ъалима ризо алмактуб” эса “Ризо мактубни билди” маъносини англатади. Кейинги сатрларда келган жумлаларнинг тузилиши янада бошқача. Аниқроғи, бир сатрнинг ўзида иккита тилда аралаш жумлалар келтирилган. “Важила зайд” Зайдни титроқ босяпти маъносида бўлиб, бу маънодаги гапдан сўнг ўзбек тилида “сўрки” гапи ва ундан кейин яна араб тилида “кайфа алҳол” “аҳвол қандай” жумласи қўлланилган. 

Асарда келган лексик қатлам борасида хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, этимологик нуқтаи назардан араб тилига доир бўлган сўзлар туркий тилга оид бўлган сўзларга қараганда кенгроқ кўламда қўлланилгани яққол кўзга ташланади. Бунинг сабаби бир томондан тилимиздаги сўзларнинг аксарияти араб тилидан ўзлашган сўзлар бўлгани бўлса, бошқа бир тарафдан асарнинг араб тили грамматикасига бағишланганидир. Феъл вазнлари, бобларининг ҳар бирини ёритиб беришда араб тилидан мисолларнинг келтирилиши эса арабча сўзларнинг туркий сўзларга нисбатан кўпроқ қўлланилишига сабаб бўлган асосий омиллардан биридир.

Мисралар ёки, умуман, байтларга эътибор қаратиладиган бўлса, гапларнинг кесимлари, асосан, туркий сўзлардан ташкил топган. Баъзи бир олд қўшимчаларни ҳисобга олмаганда, асарда форсий сўзлар деярли учрамайди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. №3410/1 Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти фондида сақланувчи тошбосма.
  2. №3410/2 Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти фондида сақланувчи тошбосма.
  3. №3410/3 Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти фондида сақланувчи тошбосма.
  4. Иброҳимов Н., Юсупов М. Араб тили грамматикаси. 1 жилд. – Т.: Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси, 1997.
  5. Қосимхонов Б., Лутфуллаев Ҳ., Исламов Ш. Ўзбек тилидаги тошбосма китоблар каталоги. 1-жилд. – Т., 2014.
  6. Нишонов А, Муҳиддинов М, Раҳматуллаев Ю, Юсупов М, Носиров О. Ан-Наъийм. – Т.: Абдулла Қодирий, 2003.
  7. Нурмонов А., Собиров А., Қосимова Н. Ҳозирги ўзбек адабий тили. – Т., 2013.
  8. Талабов Э. Араб тили. – Т.: Ўзбекистон, 1993.
  9. Холидов Б.З. Учебник арабского языка. – Т.: Ўқитувчи, 1981.
  10. Шарбатов Г.Ш. Учебник арабского языка. – Москва: Восточная литература, 1998.
Ширин ҚУРБОНОВА,
Тошкент давлат шарқшунослик университети тадқиқотчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …