Home / АЛЛОМАЛАР / БУРҲОНИДДИН МАРҒИНОНИЙ НАСАБИ ВА АВЛОДЛАРИ ТАҚДИРИ

БУРҲОНИДДИН МАРҒИНОНИЙ НАСАБИ ВА АВЛОДЛАРИ ТАҚДИРИ

Мусулмон жамиятида алоҳида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган хонадонлар (сакрал оилалар) доимо сиёсий ва маданий-маънавий ҳаётда муҳим роль ўйнаб келган. Ўтмишда нафақат Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг тўғридан-тўғри авлодлари бўлмиш саййидлар балки чорёрлар авлодлари сифатида насаб ва ҳасабга эга хўжалар ҳам кўп имтиёзлардан фойдаланган. Айниқса, ислом оламида юксак ҳурматга сазовор бўлган Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) авлодлари Бакрий ёки Сиддиқий нисбалари билан машҳур бўлган. Ҳабашистон, Сомали ва Бангладешдаги сиддиқийлар эса Қаллу, Шекҳал, Қурайший каби нисбалари билан ҳам танилган. Бу оила мансублари айни пайтда ўзларининг уламолар ва ҳукмдорлар томонидан тасдиқланган насабномаларига ҳам эга бўлган.

Ўрта Осиё минтақасида сиддиқийлар хонадонларидан кўплаб олим-уламолар, мутасаввифлар ҳам етишиб чиққан. Манбаларда сиддиқий нисбасига эга ёки сиддиқий экани қайд қилинган бир қатор машҳур шахслар ва уламоларни учратиш мумкин. Улар орасида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор (806-896/1404-1490), Хожа Муҳаммад Порсо (ваф. 822/1420), Мавлоно Муҳаммад Қози (ваф. 921/1515), Жалолиддин Даввоний (830-909/1426-1502), яссавий шайхларидан Шараф ота (тахм. XII аср), Шайх Худойдод (ваф. 939/1532), Олимшайх азизон Алиободий (972-1041/1564-1632 ёки 1043/1633), Аҳмад Дониш (ваф. 1314/1896) каби кўплаб шахсларни мисол келтириш мумкин. Бу минтақадан чиққан сиддиқийларнинг ёрқин вакили “Ҳидоя” асари муаллифи Бурҳониддин Марғиноний (ваф. 593/1197) бўлиб, мақолада машҳур фақиҳнинг насаби ва авлодлари тақдири борасида айрим мулоҳазаларни тақдим этмоқчимиз.

Бурҳониддин Марғиноний насаби ҳақида бошқача қарашлар ҳам бор. Масалан, таниқли исломшунос олим А.К.Мўминовнинг Бурҳониддин Марғиноний қаламига мансуб “Фароизул Усмоний” номли асар ва унинг шарҳига таяниб ёзишича, у зот халифа Усмон ибн Аффон (р.а.) авлоди бўлган [7:188]. Албатта, келгусида бу маълумотнинг бошқа манбаларда ҳам аниқланиши масалага қўшимча ойдинлик киритса керак. Лекин, кейинги давр Ўрта Осиёда ёзилган кўплаб агиографияларда ва хонадон мансублари насабномаларида Бурҳониддин Марғинонийнинг халифа Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) авлоди экани ҳақидаги қарашлар мустаҳкам ўрин олган. Масалан, Зинда Алишайх Ҳусайний ал-Қосимийнинг 1091/1680 йилда Бухорода ёзилган “Самаратул машойих” асарига кўра, Бурҳониддин Марғиноний Абу Бакр Сиддиқнинг (р.а.) ўн иккинчи авлоди бўлиб, насаб занжири қуйидагича кўрсатилган: Шайхул ислом шайх Бурҳониддин Абулҳасан Али б. Абу Бакр б. Абдужалил б. Халил б. Абу Бакр б. Муҳаммад б. Умар б. Омир ибн Абу Бакр ибн Абдураҳмон б. Қосим б. Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ.

Асарнинг 1336-рақамли бошқа нусхасида Бурҳониддин ва Абулҳасан Али исмлари ўртасига “ибн” сўзи тушиб қолган холос, бошқа фарқлар йўқ [5:62б; 6:131аб]. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор хонадони мансублари баёни ўрин олган Абдулҳай Ҳусайнийнинг “Насабномаи Хожа Аҳрор” (ёз.й. тахм. XVII аср 40 йй.) асарида ҳам қариндошлик сабаб Бурҳониддин Марғиноний авлодлари насаби ҳақидаги айрим қайдлар келтирилган (сабаби Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳам ота тарафдан Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) авлоди бўлган). Мазкур асарда келтирилган насаб занжиридаги шахслар сони 16 та. Бу ўзгариш айрим исмларнинг такрор келиши ҳолати билан боғлиқ. Асарнинг Тошкент ва Истанбул шаҳарларида қўлёзмаларидаги матн айнан бир хил бўлиб, насаб занжири қуйидагича кўрсатилган: Бурҳониддин Али б. Абу Бакр б. Абдужамил б. Халил б. Абу Бакр б. Муҳаммад Абдураҳим б. Умар б. Омир б. Абу Бакр б. Абдуллоҳ б. Абдураҳмон б. Абу Бакр б. Абдуллоҳ б. Қосим б. Муҳаммад б. Абу Бакр Сиддиқ [1:22а; 2:70б].

Албатта, Бурҳониддин Марғинонийнинг юқорида келтирилган насаб занжирларидаги айрим фарқлар сезилади. Бу ўрта асар қўлёзмаларини кўчириш билан боғлиқ умумий хусусият бўлиб, бошқа шахслар насабномаларида ҳам кузатилади.

Бурҳониддин Марғиноний Самарқанд шайхулислом мансабини эгаллаб, кейинчалик шу ерда яшаб қолган. Ёзма манбаларда келтирилишича, у зотнинг уч ўғли Жалолиддин Муҳаммад, Низомиддин Умар ва Имодиддин Аби Бакр ҳам фақиҳ бўлиб, отасидан сўнг шайхулислом мансабида хизмат қилган, бир қатор асарлар ёзиб қолдирган. Улардан тарқалган авлод “авлоди соҳиби Ҳидоя” номи остида катта обрў-эътиборга эга бўлган. Бу хонадон вакиллари XII аср охиридан то XVI асрнинг иккинчи ярмига қадар (XVI аср бошида қисқа узилиш билан) Самарқанд шайхулислом мансабини меросий тарзда эгаллаб келган. Хонадон мансуби Шайхул ислом Хожа Абдулмаликнинг айтганлари асосида тузилган “Фи ансаб авлад Шайхул ислам Саҳибул Ҳидая” (ёз.й. 766/1364) номли асарда келтирилишича, Бурҳониддин Марғинонийдан сўнг хонадоннинг ўндан ортиқ вакили Самарқанд шайхулислом мансабини эгаллаган. Бошқа аъзолари эса шаҳардаги жомеъ ва масжидларнинг хатиб ва имом мансабларида ҳам хизмат қилган. Бурҳониддин Марғиноний авлодларининг айрим вакиллари XV аср бошида Олтин Ўрда пойтахти Сарой шаҳрида фаолият юритган [7: 225-226, 229-230].

Бурҳониддин Марғиноний авлодларининг Амир Темур ва Темурийлар даврида мамлакатдаги сиёсий жараёнларда жуда ҳам фаоллашиб кетди. Масалан, Хожа Абдулмалик Самарқанд шайхулисломи ва Амир Темурнинг яқин сарой мулозимларидан эди. Хожа Абдумалик насаби ҳақидаги бир маълумот XIV асрнинг учинчи чорагида Самарқандда тузилган бир вақфномада ҳам учрайди (бу ҳужжат Мовароуннаҳрда тузилган ва асл нусхаси сақланиб қолган қадимги вақфномалардан бири ҳисобланади). Ҳужжат тилга олинган воқиф Хожа Абдумалик XIV асрнинг 80-йилларида Самарқанд шайхулислом мансабига тайинланган. Вақфномада унинг насаби қуйидагича кўрсатилган: Шайхул ислом Абу Аҳмад Абдумалик б. Шайхул ислом Абу-с-Саффо Исом ал-ҳақ-ваддин Абдухалил б. Шайхул ислом Мавлоно Имод ал-ҳақ-ваддин Абу Бакр б. шайх ул ислом Жалолиддин Муҳаммад б. Шайхул ислом Зайниддин Абдураҳим б. Шайхул ислом Имодиддин Абу Бакр б. Бурҳониддин [9: 57-58, 60-61].

Хожа Абдумаликнинг қариндоши Хожа Камолиддин Абдулаввал эса Амир Темур ҳаётининг сўнги йиллари ва Халил Султон (ҳ.й. 1405-1409, Самарқанд,) даврида, Хожа Абдумаликдан сўнг шайхулисломлик қилган. У ва Хожа Абдулмаликнинг ўғли Хожа Исомиддин кейинроқ Шоҳруҳ Мирзо (ҳ.й. 1405-1447, Темурийлар салтанати) тарафдорига айланган ва Самарқандни унга топшириш жараёнида фаол қатнашган [3:183-184]. Хожа Исомиддин шайхулислом мансабини деярли Мирзо Улуғбекнинг (ҳ.й. 1409-1447, Мовароуннаҳр; 1447-1449, Темурийлар салтанати) бутун бошқаруви даврида эгаллаб турди. Унинг “Насабномаи Хожа Аҳрор”да келтирилган насаб занжири ва отасининг аждодлари рўйхатида келтирилган шахслар сони ва ёзилишида айрим фарқлар бор (Хожа Исомиддин б. Хожа Абдумалик б. Хожа Мавлоно б. Хожа Имодиддин б. Хожа Жалолиддин Муҳаммадан Соҳиби каромот б. Мавлоно Зайниддин Абдураҳим б. Мавлоно Бурҳониддин Али.) [1: 70б; 2:22а]. Лекин бу фарқлар техник характерда бўлиб, бу икки шахснинг ота ва ўғил экани эҳтимоли жуда яқин.

Хожа Исомиддиннинг биродари Хожа Низомиддин эса Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг катта ўғли Хожа Муҳаммад Аминнинг қайнотаси, айни пайтда кўплаб Аҳрорийларнинг она тарафдан бобоси ҳам эди. Хожа Исомиддиндан сўнг шайхул исломлик мансаби унинг Мовароуннаҳр ва Хуросонда катта таъсирга эга бўлган ўғли Хожа Бурҳониддинга ўтган. У темурий Абдулатиф мирзо (ҳ.й. 1449-50, Самарқанд) ўлимидан сўнг бошқа темурий шаҳзода Мирзо Абдуллоҳни қўллаб, Султон Абу Саъидга (ҳ.й. 1451-1459, Мовароуннаҳр; 1459-1469, Темурийлар салтанати) қарши гуруҳ етакчиларидан бирига айланган. Шу сабабли Хожа Бурҳониддин 855/1451 йилда, Султон Абу Саъид Самарқандни эгаллаганда Ҳиротга, Абулқосим Бобур (ҳ.й. 1422-1454, Ҳирот) ҳузурига кетишга мажбур бўлган. Бу ерда у жуда илиқ кутиб олинган. Саройда ва Хуросон аҳолиси орасида катта обрўга эга шахс сифатида исёнкор шаҳзодалар билан сулҳларда воситачилик қилган [4: 321-323]. Айни пайтда у Мовароуннаҳрда ҳам тарафдорлари кўплиги сабаб Самарқанд ҳукумати учун хавфли шахс ҳисобланган. Шунинг учун Султон Абу Саъид Ҳиротга, Абулқосим Бобур саройига элчи юбориб, 859/1455 йилда Хожа Бурҳониддинни Самарқандга қайтаришга муваффақ бўлган [4: 377]. Мовароуннаҳрга қайтгач, Хожа Бурҳониддиннинг мавқеи янада ортган. Лекин кўп ўтмай Тошкентдан Самарқандга кўчиб келган бошқа бир сиддиқий, Нақшбандия тариқатининг янги раҳнамоси Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор билан рақобатлашишига тўғри келди. Темурийлар солномаларида юқори мартабали уламо ва катта таъсирга эга сарой мулозими сифатида тасвирланган Хожа Бурҳониддин негадир Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор маноқибларида салбий шахс сифатида гавдаланади. Айниқса, Хожа Бурҳониддиннинг Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорни обрўсизлантириш ва унинг мол-мулкини мусодара қилиш борасидаги ҳаракатлари ҳақидаги ҳикоялар кенг тарқалган. Бу икки сиддиқийнинг рақобати Хожа Бурҳониддиннинг Ҳиротга кўчиб кетиши ва ўша ерда вафот этиши билан якунига етган.

XV асрнинг иккинчи ярми ва XVI аср бошида шайхулислом мансабини эгаллаган Бурҳониддин Марғиноний авлодлари Хожа Низомиддин ва Хожа Абулмакорим ҳам сиёсий жараёнларда фаол иштирок этган. Самарқанд тахти учун курашда темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобурни қўллаб-қувватлаган Хожа Абулмакорим чингизий Муҳаммад Шайбонийхон (ҳ.й. 1501-1510) буйруғи билан 1503 йилда қатл этилган. Самарқанд шайхулислом мансабининг Марғинонийлар қўлидан кетишининг аниқ санаси номаълум. Ҳарҳолда, Хожа Абулмакорим ўлимидан олдинроқ, Муҳаммад Шайбонийхон томонидан Кешдан Самарқандга чақирилганда шайхулислом мансабига қайта тайинланмаган [8: 60-61]. Бу пайтда шайхулислом мансабида Абуллайсийлар хонадонидан (машҳур фақиҳ ва муҳаддис Абуллайс Наср б. Муҳаммад Самарқандий (ваф. 373/983) авлодлари) Низомиддин Хожа Хованд хизмат қилган. Афтидан бу вақтинчалик бўлган. Сабаби кейинроқ Хожа Абулмакоримнинг набираси Хожа Бузург ибн Хожа Абдумалик шайбоний Абдулатифхон ибн Кўчкунчихон (ҳ.й. 1540-1552, Самарқанд) томонидан шайхулислом этиб тайинланган [1:180а; 2:33а]. Ундан кейин бу мансабни эгаллаган Марғинонийлар ҳақида маълумот учрамайди. Тахминан XVI асрнинг охирларига келиб Самарқандда шайхулислом мансаби сиддиқийларнинг бошқа бир тармоғи бўлган Аҳрорийлар қўлига ўтди.

Умуман олганда, ёзма манбаларда Бурҳониддин Марғинонийнинг Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) ёки Усмон ибн Аффон (р.а.) авлоди экани ҳақида маълумотлар учрайди. Лекин XVI-XIX асрлар ёзма манбаларида биринчи вариант кенг тарқалган. Бурҳониддин Марғиноний авлодлари ҳам “Соҳиби Ҳидоя” авлодлари сифатида ҳам сиддиқийлар хонадони вакили сифатида Мовароуннаҳр ва Хуросонда алоҳида ҳурмат қозонган, уч юз йил давомида Самарқанд шайхулислом мансабини меросий тарзда эгаллаб келган. Лекин хонадоннинг XVI асрдан кейинги вакиллари ҳақида ҳозирча аниқ бир қайдлар маълум эмас.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Абдулҳай Ҳусайний. Насабномаи Хожа Аҳрор. ЎзР ФА ШИ, қўлёзма №526/1.
  2. Абдулҳай Ҳусайний. Насабномаи Хожа Аҳрор. Сулаймония кутубхонаси, қўлёзма №1688.
  3. Абдураззоқ Самарқандий. Матлаи саъдайн. II жилд, биринчи қисм. 1405-1429-йиллар воқеалари. Таржимон А. Ўринбоев. – Т.: Ўзбекистон, 2008.
  4. Абдураззоқ Самарқандий. Матлаи саъдайн. II жилд, иккинчи ва учинчи қисмлар. 1429-1470-йиллар воқеалари. Таржимон А. Ўринбоев. – Т.: Ўзбекистон, 2008.
  5. Зинда Алишайх Ҳусайний Қосимий. Самаратул машайих. ЎзР ФА ШИ, қўлёзма №1336.
  6. Зинда Алишайх Ҳусайний Қосимий. Самаратул машайих. ЎзР ФА ШИ, қўлёзма №2619.
  7. Муминов А.К. Ханафитский мазхаб в истории Центральной Азии / под редакцией С.М. Прозорова. – Алматы: Қазақ энциклопедиясы, 2015.
  8. Муҳаммадёр ибн Қатағон. Мусаххирул билод. Нашрга тайёрловчи Н. Жалолий. – Теҳрон: Мерос, 2006.
  9. Чехович О.Д. Вакуфный документ времени Тимура из коллекции Самаркандского Музея // Эпиграфика Востока. Вып. 4. – Москва-Ленинград, 1951.
Ўктамбек СУЛТОНОВ,
ЎзР ФА Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, т.ф.д.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …