Home / МАҚОЛАЛАР / ЖАМИЯТ ҚЎШНИЛИК МАДАНИЯТИ БИЛАН ТАРАҚҚИЙ ТОПАДИ

ЖАМИЯТ ҚЎШНИЛИК МАДАНИЯТИ БИЛАН ТАРАҚҚИЙ ТОПАДИ

Ҳар бир жамиятнинг тинчлигини таъминлашда қўшнилик маданиятига риоя қилишнинг ўрни беқиёсдир. Қўшнилар бир-бири билан аҳил ва иноқ бўлса, ўша жамиятда тинчлик-тотувлик ҳукм суради ва тараққиёт бўлади. Бордию акси бўлса, жамият парокандаликка юз тутади. Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз “Ҳовли олма, қўшни ол”, “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган нақлларни ўргатиш билан бирга, уларга қатъий амал қилиб келган.

Муқаддас динимиз таълимотида қўшнилик алоқаларига алоҳида эътибор берилади. Қўшнига яхшилик қилиш ибодат даражасига кўтарилган. Қўшниликда миллат, дин ё насабнинг аҳамияти йўқ. Қўшни ким бўлишидан қатъи назар, уни ҳурмат қилиш – вожиб, озор етказиш эса ҳаромдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон қўшнисига яхшилик қилиш қўлидан келмаса, ҳеч бўлмаса, ёмонлик қилмасликка ва зиён етказмасликка ҳаракат қилади.

Қўшнилик маданиятини тарғиб қилувчи кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд. Жумладан, “Нисо” сурасининг 36-оятида бундай марҳамат қилинган:

“Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз! Албатта, Аллоҳ мутакаббир ва мақтанчоқ бўлган кимсаларни севмайди”.

Ушбу оятнинг тафсирида қўшнининг қўшнида учта ҳаққи борлиги айтилади. Улар:

  • агар қўшни бошқа дин вакили бўлса, унинг қўшнилик ҳаққи;
  • агар қўшни мусулмон бўлса, унинг қўшнилик ва мусулмонлик ҳаққи;
  • агар қўшни қариндош ва мусулмон бўлса, унинг қўшнилик, қариндошчилик ва мусулмонлик ҳаққи.

Деярли барча муҳаддисларнинг тўпламларида қўшнилик маданиятига оид ҳадислар келтирилган. Улар орасида Имом Бухорийнинг “Адабул муфрад” асари алоҳида ажралиб туради. Чунки, ундаги ўн олтита, яъни 55-70 боблардаги 28 та ҳадис айнан қўшнилик маданияти ва ҳақ-ҳуқуқларига оиддир. Уларда қўшнининг ҳаққи, унга яхшилик қилиш, озор бермаслик, яхши ва ёмон қўшниларнинг васфи каби масалалар баён қилинган.

Жумладан, 101-ҳадисда Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшнига яхшилик қилиш ва мурувват кўрсатиш борасида қилган тавсияси қуйидагича баён қилинган:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا عَنْ النَّبِيِّ صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّم قال:مَا زَالَ جِبْريلُ يُوصِينِي بِالجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُوَرِّثُهُ[1].

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга Жаброил алайҳиссалом қўшнига яхшилик қилишни шу қадар кўп тавсия қилдики, ҳатто уни яқинда меросхўрим қилиб қўйса керак, деб ўйладим”, дедилар”.

Ҳақиқатан ҳам баъзан Жаброил алайҳиссалом ўта муҳим масалаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайта-қайта тавсия қилган. Жумладан, қўшнининг ҳаққи, унга яхшилик қилиш ва мурувват кўрсатиш ҳам ўта савобли ва эътиборли амаллардан бўлгани учун Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга буни шу қадар кўп таъкидлаганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгилларидан беихтиёр “гап шу тарзда давом этадиган бўлса, яқинда меросингни ҳам қўшнинг олади, деб қолармикан”, деган ўй ўтган экан.

Асардаги 102-ҳадисда ким Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган бўлса, охиратдан умидвор бўлса, қўшнисига яхшилик қилиши лозимлиги таъкидланган.

عَنْ أَبِي شُرَيْحٍ الْخُزَاعِيِّ عَنْ النَّبِيِّ صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّم قَالَ: مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُحْسِنْ إلَى جَارِهِ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ، فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ[2].

Абу Шурайҳ Хузоийдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонига иззат-икром кўрсатсин. Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, дедилар”.

Ушбу ҳадисда Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтиришни зикр қилишдан мақсад мазкур ишларга тарғиб муболағали бўлиши учундир. Аллоҳга бўлган имон доимо У зотга муҳаббат ила итоат қилишга чорлайди. Охират кунига имон келтириш эса, савоб ва гуноҳларни эслаб туришнинг асосидир. Яъни, кимки охират кунига имон келтирган бўлса, яхшилик қилишга ва ëмонликдан тийилишга ҳаракат қилади.

Демак, қўшнига яхшилик қилиш Аллоҳга ва қиёмат кунига имоннинг аломати экан. Ким Аллоҳга имон келтирган бўлса, қиёмат кунидан умидвор бўлса, қўшнисига яхшилик қилиши лозим бўлади. Қўшнига яхшилик қилиш унинг ҳожати тушган вақтда ёрдамни аямаслик ва унга ёмонлик қилмасликда намоён бўлади. Қўшнига кўп яхшилик қилиб, у билан чиройли муомалада бўлган киши, албатта, Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг яхши қўшни саналар экан.

عَنِ الْحَسَنِ الْبَصْرِي أَنَّهُ سُئِلَ عَنِ الْجَارِ، فَقَالَ: أَرْبَعِينَ دَارًا أَمَامَهُ، وَأَرْبَعِينَ خَلْفَهُ، وَأَرْبَعِينَ عَنْ يَمِينِهِ، وَأَرْبَعِينَ عَنْ يَسَارِهِ[3].

Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: У кишидан қўшнилар ҳақида сўралди. У: “Олдидан қирқ ҳовли. Ортидан – қирқта. Ўнгидан – қирқта. Чапидан – қирқта”, деди.

Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, шариатда ўнг, чап, олд ва орқа томондан қирқтадан хонадон қўшни ҳисобланиб, уларда қўшнилик ҳаққи бўлар экан. Юқорида зикр этилган ва шу каби бошқа ҳадисларда қўшнилик муносабатларига алоҳида эътибор берилган. Қўшнининг ҳаққи юқори кўтарилган.

Дарҳақиқат, қўшнисидан хабар олиб турадиган, қўшнисини оч, юпун қолдирмайдиган кишилар жамияти жуда тараққий этган, тинч-тотув, аҳил жамият бўлади. Аксинча, одамлари қўшнисининг аҳволи билан иши йўқ, ўзи эса керагидан ортиқ маишат қиладиган жамият, албатта, таназзулга юз тутиб, ҳалокатга учрайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, ҳозирги кунда ҳам имонини маҳкам тутиб, қўшнилик маданиятига қатъий амал қилиб келаётган мўмин-мусулмонлар бундай савобли ишлар лаззатидан баҳраманд бўлиб келмоқда. Ҳар бир шахс қўшни билан чиройли муомалада бўлса, унинг оч ва юпун қолишига йўл қўймаса, у яшаётган жамият бағрикенглик ва тотувлик тамойилларига амал қилган, тинч-тотув ва аҳил жамият бўлади. Қўшнилик маданиятига риоя қилган жамият ва маҳаллаларда кўпгина муаммоли масалалар Яратганнинг инояти билан ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетаверади.        

[1] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Аадабул муфрад (араб тилида). – Т.: Мовароуннаҳр, 2013. – Б.31.
[2] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Аадабул муфрад (араб тилида). – Т.: Мовароуннаҳр, 2013. – Б.31.
[3] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Адабул муфрад (араб тилида). – Т.: Мовароуннаҳр, 2013. – Б.32.
Йўлдошхон Исаев,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …