Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ НАСАФЛИК ШОГИРДИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ НАСАФЛИК ШОГИРДИ

Имом Бухорийнинг шогирдлари ниҳоятда кўп бўлган. Улар сафида машҳур муҳаддислар Муслим ибн Ҳажжож, Имом Термизий, Имом Насоий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий, Ҳаммод ибн Шокир Насафий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий, Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад Паздавий, Абу Абдуллоҳ Маҳомилий ва бошқа улуғ олимлар бор.

Илм аҳли ўз китобини етказишда жорий қилган одатга мувофиқ, Имом Бухорий ҳам “Саҳиҳул Бухорий”ни дарс бериш учун бир неча жойда таҳсил ҳалқалари ташкил қилган. Уларда алломани тинглашга муштоқ бўлган ва эшитганларини ривоят қилишга катта иштиёқ билан қарайдиган кўп одам тўпланган.

Бу талабалар орасидан дастлабки ровийлар табақаси етишиб чиқди. Одамлар ана шу ровийлардан “Саҳиҳул Бухорий”ни таълим олди. Ушбу табақадаги ровийлар “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қилган шогирдлари ҳисобланади.

Имом Бухорийнинг насафлик шогирдларидан бири Пазда қишлоғининг бошлиғи Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад ибн Али ибн Қорина ибн Савийя Паздавий Насафийдир.

Ҳофиз Заҳабий уни “У катта ва суянадиган шайхдир”, деб васф этган. Абу Наср Амир ибн Мокула: “У Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни таълим олган. Ваҳоланги, у буюк муҳаддисдан бу китобни таълим олганларнинг энг охиргисидир. У сиқа (ишончли) киши бўлган”, деган.

Ҳофиз Жаъфар ибн Муҳаммад Мустағфирий “Насаф тарихи” китобида бундай деган: “У Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилганларнинг энг охиргисидир. У “Саҳиҳул Бухорий”ни тинглаган пайтида кичкина бўлгани учун уламолар унинг ривоятини заиф деб ҳисоблаган. Улар айтади: “Унинг эшитгани Амирул мўмининнинг дўсти, Тўбон қишлоғининг бошлиғи Жаъфар ибн Муҳаммаднинг хатидан маълум бўлган. Улар (Абу Талҳа Насафий, Жаъфар ибн Муҳаммад ва бошқалар) китобнинг ҳаммасини Ҳаммод ибн Шокирнинг нусхасидан ўқиган. Ундан ўз шаҳрининг аҳли “Саҳиҳул Бухорий”ни тинглаган ва ҳаётлик чоғида эшитиш учун унинг олдига келган”.   

Абу Талҳа Паздавий “Саҳиҳул Бухорий”нинг ривояти билан машғул бўлган. Лекин унинг ривояти заиф дейилгани учун машҳур бўлмаган.

Маълумки, Абу Абдуллоҳ Фирабрий: “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши тинглаган. Бу китобни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа ҳеч ким қолмади”, деган. Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний Фирабрийнинг ушбу сўзларини изоҳлаб бундай дейди: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий бу гапини ўзи билган нарсага мувофиқ айтган. Яъни, Фирабрий Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа ҳеч ким қолмади, деб уйлаган. Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад ибн Али ибн Қорина Паздавий эса Имом Фирабрийдан тўққиз йил кейин, яъни 329/941 йилда вафот этган”.

Абу Талҳа Паздавий “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилганларнинг энг охиргиси, дейилган. Ваҳоланки, Имом Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни тинглаган Қози Ҳусайн ибн Исмоил Маҳомилий ундан кейин яшаган. Лекин унинг ҳузурида “Саҳиҳул Бухорий” китоби бўлмаган. Албатта, у Имом Бухорий Бағдодга охирги келишида ҳадис айтиб ёздирган мажлисларда ундан тинглаган.  

Юқорида номи зикр қилинган аллома “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан тинглаган шогирдларидан бири ҳисобланади. Ушбу олимнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, бу йўналишдаги тадқиқотлар Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида муҳим бўлган маълумотларни юзага чиқаради.   

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …