IX-XII асрлар Ислом Ренессанси деб, эътироф этилган. Айнан ўша даврда давлат юритишдаги сиёсат тубдан ўзгариши билан бир қаторда илм-фаннинг турли соҳаларида юксак чўққилар забт этилган. Айниқса тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, тилшунослик, математика, астрономия, кимё, тиббиёт, ҳуқуқ, геодезия ва география каби янги соҳаларга қизиқиш кучайган. Натижада Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Фаробий, Маҳмуд Замахшарий, Абулмуин Насафий, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий каби юзлаб аждодларимиз серқирра истеъдод соҳиблари бўлиб етишган.
Бу даврда яшаб ўтган Мовароуннаҳр ҳадис мактабининг йирик вакилларидан бири, машҳур муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Сулламий Термизийдир. У 209/824 йил Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида таваллуд топиб, 279/892 йил етмиш ёшда вафот этган[1].
Имом Термизий ҳадис илмининг султони, дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг шогирдидир. У диний ва дунёвий илмларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан ўрганган. Аллома Ироқ, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада бўлиб, у ернинг йирик олимларидан ҳадис ва фиқҳ каби илмлар бўйича таълим олган. Шу билан бирга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларни жамлаган.
Аллома ўзидан бой илмий мерос қолдирган. Уларнинг аксарияти бизгача етиб келган. “Сунани Термизий”, “Шамоилун набавий” (“Набавий хулқ асослари”), “Илалу фил ҳадис” (“Ҳадислардаги иллатлар”), “Рисолату фил хилофи вал жадал” (“Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола”), “Тарих”, “Китобуз зуҳд” (“Зоҳидлик китоби”), “Китобул асмоу вал куня” (“Исмлар ва кунялар китоби”) каби асарлар шулар жумласидандир. Алломанинг “Сунани Термизий” асари “Жомиъус саҳиҳ” (“Ишонарли тўплам”), “Жомиъул кабир” (“Катта тўплам”) ёки (“Саҳиҳи Термизий”) номлари билан машҳур бўлиб, 6 та ишончли ҳадислар тўпламидан бири ҳисобланади. Имом Термизийнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ҳаёти, У зотнинг сурат, сийрати, ажойиб фазилатлари ва одатларига бағишланган машҳур яна бир асари “Шамоилун набавий” бўлиб, у 408 ҳадисни ўз ичига олган.
Дарҳақиқат, дунёда ҳеч бир инсон тарихи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихлари каби мукаммал ўрганилмаган. У зотнинг суннатлари, холқий ва хулқий сифатларини васф этувчи ҳадислар кўплаб муҳаддислар томонидан китобат қилинган. Уларнинг ичида Имом Термизий қаламига мансуб асарнинг илмий ва тарбиявий аҳамияти жуда юқори бўлиб, у ўзига хос услуби билан Пайғамбар алайҳиссалом шамойилларига оид бошқа асарлардан алоҳида ажралиб туради. Мазкур асар кўп асрлардан бери нафақат тадқиқотчи олимларнинг диққатини, балки Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийрат ва фазилатларини ўрганишга қизиққан барча мусулмонларнинг эътиборини ўзига тортиб келган.
Асарни мазмун-моҳиятига кўра икки қисмга бўлиш мумкин. Биринчи қисм: бунга Пайғамбар алайҳиссаломнинг холқий сифатлари – сурат (ташқи қиёфа)ларини тавсифлаган ҳадислар киради. Уларга кўра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йирик суякли, ўрта бўйли, гавдали, бақувват, хушбичим, кўкраклари кенг, қоринлари билан кўкраклари бир (текис), қўллари гўштдор ва пешоналари кенг ва кўзлари катта-катта бўлганини билиб олиш мумкин.
Иккинчи қисм: бунга Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратлари – ички дунёси ва ахлоқий сифатларига оид ҳадислар киради. Улар орқали Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ахлоқий жиҳатдан намунавий, мукаммал бир сиймо бўлганини билиб олиш мумкин. Жумладан, У зот каттаю кичик, аёл-эркак, бой-камбағаллар билан бир хил муомалада бўлганлар. Башарти бирор киши ножўя иш қилиб, узр сўраса, узрини қабул қилганлар. Йўлда учраган барча кишиларга биринчи бўлиб салом бериб, самимий ҳол-аҳвол сўрашганлар.
Мазкур асарнинг қўлёзма нусхалари ер куррасининг деярли барча минтақаларидаги архив, музей ва кутубхона фондларида сақланиб келмоқда.
Жумладан:
Маҳаллий фондлардан Ўзб ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 1510 ва 1533 йилларда[2] кўчирилган нусхалари;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида XVI асрга оид қўлёзма нусхаси;
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида инв.№ 71 рақам остида бир нусхаси сақланмоқда[3].
Хорижий фондлардан Саудия Арабистони “Жомиъул Маликис Сауд” кутубхонасида инв.№277, 938, 1765, 2292, 2961, 5355, 6922, 7895 ва 8135 рақам остида, “Мактабатул Жомиъил Ислом” кутубхонасида инв.№701 ва 3280 рақам остида;
Америка Қўшма Штатлари Мичиган университети кутубхонасида инв.№211 ва 488 рақамлар остида;
Франция миллий кутубхонасида инв.№ 709, 712, 713, 723, 5971, 6841 рақамлар остида;
Грузиядаги Корнели Кекелидзе номидаги Грузия миллий қўлёзмалар марказида инв.№ 123, 447, 539, 687 ва 609 рақам остида[4] бир неча нусхалари сақланмоқда.
Ҳозирда мазкур нусхалардан “Жомиъул Маликис Сауд” кутубхонасидаги 9 та, “Мактабатул Жомиъил Ислом” кутубхонасидаги 2 та, Мичиган университети кутубхонасидаги 2 та ва Франция миллий кутубхонасидаги 6 та қўлёзманинг электрон шакли Имом Бухорий илмий-тадқиқот марказининг электрон базасида сақланмоқда.
Улардан баъзиларининг тавсифига қисқача тўхталиб ўтадиган бўлсак, Саудия Арабистонинг “Жомиъул Маликис Сауд” кутубхонасида инв.№ 277 рақам остида сақланаётган қўлёзма тўлиқ бўлиб, 102 варақни ташкил қилади. Ўлчами 22х15.5 см.. Асар матни сатрлари 11 қаторни ташкил этиб, улар зарҳал рангли рамка ичига олинган. Асар ҳошиясида матндаги баъзи сўзларга изоҳлар ёзилган. Пойгири бор. Асарнинг 3а варағида китоб фиҳристи (мундарижаси) келтирилган бўлиб, унда асар ичидаги 55 та боб номлари келтирилган. Унинг 4б варағида эса зарҳал унвони ҳам бор. Асар 4б варақдан басмала билан бошланиб, Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбар алайҳиссаломга саловат келтириб, асар муаллифи ва биринчи боб номини келтирган ҳолда давом этиб кетган:
الحمد لله وسلام على عباده الذين اصطفى قال الشيخ الحافظ ابو عيسى محمد بن عيسى بن سورة الترمذى رحمه لله باب ما جاءَ فى خلق رسول الله صلى عليه وسلم .
Асар насх хатида кўчирилган бўлиб, боб номлари, “ҳаддасана”, “ҳаддасани” ва “ахбарана” каби сўзлар қизил сиёҳда ёзилган.
Асар охири 102а варақда.
عن ابن سيرين قال هذا الحديث دين فانظروا عمن تأخذون دينكم .
Ибн Сиррийн раҳимаҳуллоҳ: “Ҳадис диндир, динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” деди, ривояти билан тугаган. Яъни диний илмлар жумладан, ҳадис, тафсир, фиқҳ, ақоид, ахлоқ ва шу каби илмлар диндир. Чунки, инсон улар воситаси билан ўз динига оид таълим, тарбияни олади ва диний ҳукмларини ўрганади. Давоми бор…