Аллома вазирни уста овчига қиёслайди. Улар кичик қушларни эмас, катта турналарни овлайди.
Асарнинг учинчи бўлимида аллома котибларнинг вазифалари ҳақида батафсил тўхталади. Унингча, қалам ва қилич ҳамма нарсага ҳокимдир. Агарда бу иккиси бўлмаганида дунё оёқда турмас эди. Ғаззолий котиб билиши керак бўлган ўнта муҳим шартни кўрсатади:
- Тупроқ тагидаги сувнинг юзага яқин ва узоқлигини билиши.
- Бир масала ҳақида ҳукм чиқармоқ маърифатига эга бўлиши.
- Ёз ва қиш ойларидаги кеча ва кундузнинг узайиш ва қисқариш миқдорларини билиши.
- Қуёш, ой ва юлдузларнинг ҳаракатларини билиши.
- Қуёш ва ойнинг тутилиш вақтларини билиши.
- Геометрия, тақвим ва сананинг белгиланган кун ва ҳафталарини билиши.
- Зироатчиларга хос ишларни билиши.
- Табибликдан хабардор бўлиши.
- Шамолнинг эсиш жойларини ва номларини яхши билиши.
- Сеҳр ва қофия илмини билиши[2: 213].
Котиб учун энг аҳамиятли унсурлардан бири қаламини бошқаришни билишидир. Гўзал бошқаришдан чиққан ёзувлар албатта гўзал бўлади, деб ёзади Ғаззолий.
Тўртинчи бўлимда давлат одамларининг ва бошқарувчиларининг юксак азми масалалари таҳлилига қаратилган. Аллома мулоҳазаларидан шу нарса аёнлашадики, ҳикмат билан истак (эҳтиёж) бир-бирига ўхшаш бўлиб, ҳар инсонда бу иккисидан бири бор. Ҳикмат, азм ва ғайрат кимда бўлса, албатта бир кун ўз соҳибини муродига етказади. Ғайрат шараф учундир[2: 238].
Бешинчи бўлимда ҳикмат аҳлининг ибратли сўзлари таҳлил этилган. Ушбу бўлимда аллома инсонларни тўрт қисмга бўлади.
- Билади. Билишини ҳам билади. Булар олимлардир. Уларга яқинлашинг.
- Билади. Билишини билмайди. Булар унутганлар. Уларга эслатинг.
- Билмайди. Билмаслигини билади. Булар йўл кўрсатишга муҳтожлар. Уларга ўргатинг.
- Билмайди. Билмаслигини ҳам билмайди. Биладиганлар каби ҳаракат қилади. Булар жоҳилдир. Булардан сақланинг, дейди Ғаззолий[2: 239].
Олтинчи бўлим ақлнинг шарафи ва фазилати таҳлилига қаратилган. Ғаззолий ушбу бўлимда ақл тушунчасини кенг ва атрофлича таҳлил қилади. Унингча, ақлли киши, гарчи олим бўлмаса-да, ақли унга йўл кўрсатади. Илм соҳиби бўлса-да, ақли бўлмаган кимсаларнинг ишлари тескари кетади. Мана шу нуқтада аллома дунёда ақли ва илми бир бўлган киши ё пайғамбар, ёки ҳикмат соҳиби, ёки раҳбар бир кимсадир, деб кўрсатади. Чунки, инсоннинг гўзаллиги, шарафи ва мартабасининг юксаклиги, дунёси ва охирати фақат ақлига боғлиқдир[2: 266].
Ғаззолий наздида ақл – имоннинг аввали, ўртаси ва охиридир. Ақл кўкдаги қуёш кабидир. У бутун гўзалликларнинг қалбидир. Ақл дарахтдаги ёшлик кабидир. Инсоннинг ақли қиёмида бўлган вақтда вужуди соғлом, суҳбати барокатли, зиёрати фойдали бўлади.
Еттинчи бўлим хотинларнинг сифат ва ҳоллари таҳлилига қаратилган. Аллома эътирофича, хотинларнинг энг хайрлиси ва барокатлиси – гўзал ва тақволи бўлганидир. Шу сабабли Ғаззолий: “Эй қардошим ! Уйланадиган вақтингда мол ва шуҳрат эгаси бўлганини эмас, дин ва тақво соҳиби бўлганини афзал кўр. У хотин сенга итоат этсин. Бундай хотин сен учун жаҳаннам оташига қарши бир тўсиқ бўлур”, [2: 278] деб ёзади.
Ўз фикрини давом эттириб, “шуни билки, хотиннинг динга боғланиши Аллоҳнинг қулига берган неъматларидан биридир. Иффатли бир хотинга ҳеч бир ёмон ниятли киши яқинлаша олмас”[2: 282].
Хотинларнинг хожасига нисбатан самимий бўлиши, кўпига шукур, камига қаноат этиши керак. Хотинлар ҳар доим Ҳазрати Оиша ва Ҳазрати Фотимани ўзига ўрнак қилиб, уларнинг ахлоқи билан хулқланишлари шарт, деб кўрсатади аллома.
Шу нарса ҳақиқатдирки, дейди Ғаззолий, “инсоннинг бошига келган барча бало, мусибат ва машаққатлар бўлса, ёмон табиатли, жиззаки ва қаноатсиз хотин туфайли майдонга келади”[2: 299].
Ғаззолий дунёнинг ўткинчи экани, дунё тахту тожи эса, саробдан бошқа нарса эмаслигини уқтиради. У султонни абадий ҳаётни арзимас қадриятларга алмаштирмасликка чақириб, нажот йўли дину иймонни мустаҳкамлаш орқали бориши, саодат илдизи шунда эканини таъкидлайди. Шундан кейин иймон ва ирфон арконларини санаб ўтади ва фикрини жамлаб, Парвардигор сифатлари, Унинг поклиги, қудрати, басирати, каломи, феъли хусусида ҳикоя қилади. Ўз ҳикоясини қиёмат куни, пайғамбар сўзлари билан якунлайди. Шундан кейин у дин соҳалари ҳақида гапиради. Адолат ва ибодатни шундай соҳалардан деб кўрсатади. Унинг наздида хавфу хатардан нажот топишнинг йўли бу – адолат тамойилларига амал қилишдир. Унинг фикрича нажот шундай бир дарахтки, илдизлари икки илмдан озиқланади. Бу илмларнинг бири – дунё ва инсоннинг унга муносабати ҳақидаги билим бўлса, иккинчиси қиёмат куни ва ўлимни эсга олиш ҳақидаги билимдир.
Хуллас, аллома ушбу асарида ҳукмдорга ҳаёт ҳақиқатини эслатиш, Аллоҳ қудратининг чексизлиги, қиёмат куни ҳисоби билан қўрқитиб, адолат ва халқпарварликка йўллаш учун насиҳат қилаётган муаллим қиёфасида гавдаланади. Олим шу йўл билан зулм ва истибдод кучини камайтирмоқчи бўлади. У ҳукмдорларни ичкаридан, ботинан эзгулик ва адолатга тайёрламоқчи бўлади. Унинг ёзишича, шоҳ, ҳукмдорлар тақводор олимлар олдига бориб, улар насиҳатини эшитиши, такаббур, манман олимлар, лаганбардорлар ва сохтакор одамлардан узоқ туриши лозим.
-
İmam Gazalî. Nasîhatüʼl-mülûk (Devlet Başkanlarına Nasîhatlar): Trc. Osman Şekerci. –İstanbul: Sinan Yayınları, 1969.
-
İmam Gazalî. Nasîhatüʼl-mülûk. YÖNETİCİLERE ALTIN ÖĞÜTLER. Mütercim: Hüseyin Okur, –Semerkand Yayıncılık, 2008.
-
Имом Муҳаммад Ғаззолий. Насиҳатул мулук. Жалолиддин Ҳумоий таҳрири остида. Ҳумо нашриёти, 4-нашр. 1367.
-
Саййид Муҳаммад Ҳотамий. Ислом тафаккури тарихидан. –Т.: Минҳож, 2003.
-
Sadık Yazar. “Gazzâlîʼnin 13-19 Yüzyıllar Arasında Batı Türkçesinde Tercüme Edilen Eserleri”, Divan Disiplinlerarası Çalışmalar Dergisi, c.16, s.31, (2011/2).