Home / МАҚОЛАЛАР / СУНАН ТЎПЛАМЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ(2-қисм)

СУНАН ТЎПЛАМЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ(2-қисм)

Имом Термизий, Абу Довуд ва Насоий сунанларининг бир-бирига яқинлиги борасида Абу Жаъфар ибн Зубайр айтади: «Абу Довуд аҳком оятларини мукаммал жамлаган бўлиб, бу ишни бирор муҳаддис амалга оширмаган. Имом Термизий янги услубда ҳадисларни жамлаган бўлиб, унга шерик бўладиган бирор муҳаддис йўқ. Аммо имом Насоий бу йўлларнинг энг гўзалини ва энг улуғини танлаган», деган.

Кейинги китоб муҳаддис Ибн Можанинг «Сунан»и бўлиб, фиқҳ илми бўйича фойдали китоб ҳисобланади. Ибн Можанинг асарларини аввалги «бешта саҳиҳ»га қўшган олимлардан биринчиси Ҳофиз Абулфазл ибн Тоҳир Мақдисий (ваф. 507/1113 й.) бўлади [5: 70]. У Ибн Можа ҳақида «Шурут ал-аимма ас-ситта» китобида маълумот бериб ўтган. Кейин Ҳофиз Абдулғани Мақдисий «ал-Икмол фи асмо ар-рижол» китобида бешта буюк муҳаддисдан сўнг олтинчиси сифатида зикр этган. Ибн Можа ўз китобида ёлғон билан айбланган кишилар ва ҳадис ўғриларидан ривоят қилинган ҳадисни киритгани учун уламолар «олти саҳиҳ» қаторига Ибн Можа сунанини эмас, имом Доримий китобини қўшиш лозимлигини айтган. Доримий китобида, мурсал, мавқуф ҳадислар бўлса ҳам, заиф ровийлар ва мункар ҳадислар жуда оз. Муҳаддис Разин Сарақсий (ваф. 535/1141 й.) ўзининг «Тажридус сиҳоҳ», Ибн Асир «Жомеъ ал-усул» китобида имом Молик ибн Анаснинг «Муватто»сини саҳиҳ ва буюк бўлгани учун олтинчи қилиш керак, деган.

Ибн Можанинг сунанлари бошқа сунанлар каби бобма-боб қилиб ажратиб ёзилган. Ҳофиз Ибн Ҳажар: «Ибн Можа бошқа муҳаддислар китобида мавжуд бўлмаган жуда кўп ҳадисларни ёлғиз ўзи ривоят қилган, бу ҳадисларнинг барчаси саҳиҳ. Аммо заифга нисбат берилган ҳадислар бўлса, фақат ровийлари орасида заифлари бўлиши мумкин. Аҳмад ибн Абу Бакр Бусирий бир китоб ёзиб, унда ушбу фикрларни баён этган», деган.

Имом Суютий: «Албатта, Ибн Можанинг китоби ёлғон билан айбланган ва ҳадис ўғрилари бўлган ровийлардан ҳадис ривоят қилган ягона китоб. Ундаги ҳадисларнинг баъзилари фақат имом Моликнинг котиби Ҳубайб ибн Абу Ҳубайб, Аъло ибн Зайд, Довуд ибн Муҳаббар, Абдулваҳҳоб ибн Заҳҳок, Исмоил ибн Зиёд Куфий, Абдуссалом ибн Яҳё ва бошқалардан эшитилган холос», деган.

Муҳаддислардан бири Абу Зуръа Ибн Можанинг жуда кўп ҳадисларини ботил, соқит, мункар деб ҳукм қилган. Бу ҳукм Абу Ҳотимнинг «ал-Илал» китобида ҳикоя қилинган. Имом Заҳабий: «Ибн Можа ҳофиз, ростгўй, илми чуқур. Аммо унинг китоби даражасини пастга туширган нарса, китобидаги мункар ва мавзу ҳадислар эди», деган.

Шунингдек, юқорида санаб ўтилганлардан бошқа «Сунан»лар турли олимлар томонидан ёзилган. Улар: Ибн Журайж номи билан машҳур Абдулмалик ибн Абдулазиз Абу Валид Румий Маккий (ваф. 151/768 й.), Саид ибн Мансур (ваф. 227/842 й.), Муҳаммад ибн Сабоҳ Абу Жаъфар Дулобий (ваф. 227/842 й.), Исмоил ибн Яҳё Абу Иброҳим Музаний Доримий (ваф. 264/878 й.) ривояти билан Имом Шофеий (ваф. 204/819 й.) «Сунан»и, Иброҳим ибн Абдуллоҳ Кеший (ваф. 292/905 й.), Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳони Абу Бакр Асрам (ваф. 273/886 й.), Ҳасан ибн Али Абу Али Халлол (ваф. 242/856 й.), Абу Қурра номи билан машҳур бўлган Мусо ибн Ториқ Ямоний Зубайдий, Саҳл ибн Абу Саҳл Абу Амр Розий (ваф. 240/854 й.), Аҳмад ибн Убайд Абу Ҳасан, Муҳаммад ибн Яҳё Абу Бакр Шофеий Ҳамадоний, Ибн Лол номи билан машҳур бўлган Аҳмад ибн Али Абу Бакр (ваф. 398/1008 й.), Аҳмад ибн Сулаймон Нажжор (ваф. 348/959 й.), Исмоил ибн Иcҳоқ ибн Исмоил Қози Аздий Басрий (ваф. 282/895 й.), Юсуф ибн Яъқуб ибн Ҳаммод ибн Зайд Абу Муҳаммад Басрий (ваф. 297/910 й.), Лолкоий насаби билан машҳур бўлган Ҳибатуллоҳ ибн Ҳасан Абу Қосим (ваф. 418/1027 й.) ва Байҳақийнинг «ас-Сунан» каби асарларини келтириш мумкин. Олим Ғоврий ўзининг асарида 24 та сунан асари ҳақида маълумот беради [1: 21-33].

Имом Аҳмад ибн Ҳусайн Абу Бакр Байҳақийнинг (ваф. 458/1066 й.) «Сунанул кубро» асари «Сунан»лар орасида ҳажмининг катталиги ва яхши услубда ёзилгани билан ажраб туради. Аллома Каттоний бу асар ҳақида: «Уни «Сунанул кубро» дейишади. Тўплам 10 жилддан иборат бўлиб, ислом оламида бу каби асар ёзилмаган [6: 103]. Аҳком ҳадисларнинг аксарини қамраб олган. Бу китоб ҳақида Ибн Салоҳ: «Суннатда Байҳақийнинг «Сунанул кубро» китобидан кўра далилларни мукаммал тарзда жамловчи китоб ёзилмаган. Дунёнинг бирор томонида қандайдир ҳадис қолган бўлса, Байҳақий ўшани ҳам китобига киритган», деган. Китобнинг охирида саҳобийлар, тобеийларнинг исмлари, ҳадисларнинг санадлари ва матндаги турли ривоятлар қўшилган. Унга Ибн Туркмоний номи билан машҳур бўлган Али ибн Фахриддин Усмон ибн Иброҳим ибн Мустафо Мординий Ҳанафий (ваф. 750/1349 й.) «ал-Жавҳар ан-нақий фи ар-радд ала ал-Байҳақий» номи билан катта ҳажмда ҳошия ёзган», деган.

Шунингдек, баъзи асарлар ҳам борки, олим Саййид Абдулмажид Ғаврий фикрича, уларни сунан деб атаса зарари йўқ. Буларга Яъқуб ибн Иброҳим Абу Юсуфнинг (ваф. 182/798 й.) «Китобул осор», Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг (ваф. 189/805 й.) «Китоб ал-осор», Муҳаммад ибн Идрис Шофеийнинг (ваф. 204/819 й.) «Умм», Аҳмад ибн Муҳаммад Абу Жаъфар Таҳовийнинг (ваф. 321/933 й.) «Шарҳ маонийул осор», Муҳаммад ибн Жарир Абу Жаъфар Табарийнинг (ваф. 310/922 й.) «Таҳзибул осор» асарларини келтириш мумкин.

Имом Муҳаммад ибн Жарир Абу Жаъфар Табарийнинг асари халифа Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) ривоят қилган ҳадис билан бошланиб, ҳадис фиқҳи ва ҳадиснинг олимлар наздидаги ихтилофи ҳамда уни ҳужжат қилиб қабул қилиниши ёритилган. Ҳар бир ҳадис ёзилгандан кейин, унинг мазмуни, таърифи, усули, фиқҳи, иллати, уламолар ихтилофи, ҳужжатлари ва луғати баён этилган. Жаннат башорати берилган ўнта саҳоба, аҳли Байт, озод қилинган мусулмон қулларнинг муснадлари ва Ибн Аббос муснадларидан бир қисм келтирилган. Китобнинг энг ажойиб жойи Ибн Аббос муснадларидир. Бироқ уни тугатишдан олдин олимнинг ўзи вафот этган. Агар бу китоб ҳам охиригача ёзилганда, суннат илмлари борасида ягона китоб-ҳужжат бўларди, деб манбаларда фикр билдирилган [7: 16].

Шунингдек, Муҳаммад ибн Ҳусайн Абу Бакр Ожурий Шофеий (ваф. 360/971 й.) «Китоб аш-шариа», Ҳамад ибн Муҳаммад Бустий Хаттобий (ваф. 388/988 й.) «Маърифа ас-сунан ва-л-осор», Ҳусайн ибн Масъуд Фарро Бағавий (ваф. 516/1122 й.) «Шарҳ ас-сунна» асарларини ҳам сунан дейиш мақсадга мувофиқ.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ғоврий, Саййид Абдулможид. Ал-Важиз фи таъриф кутуб ал-ҳадис. – Байрут: Матбаа Райён, 2009.
  2. Ғоврий, Саййид Абдулможид. Мавсуа улум ал-ҳадис ва фунуниҳ. – Дамашқ: Дор Ибн Касир, 2007. – Т. 2.
  3. Хаттобий, Абу Сулаймон. Маолим ан-сунан. – Ҳалаб: Матбаа илмийя, 1932. – Т. 1.
  4. Ибн Салоҳ. Улум ал-ҳадис. – Дамашқ: Дор ал-фикр, 1998.
  5. Нуриддин ибн Абдуссалом. Ал-Мадхал ила сунан ал-имом Ибн Можа. –Кувайт: Мактаба шуун ал-фаннийя, 2008.
  6. Муратов Д. Ҳадис тўпламларини қиёсий ўрганиш. – Т.: ТИУ нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2018.
  7. Muratov, Doniyor Mr (2019) «THE ROLE ON THE COMPANIONS IN THE SCIENCE OF HADITH,» The Light of Islam: Vol. 2019 : Iss. 4, Article 2. Available at: https://uzjournals.edu.uz/iiau/vol2019/iss4/2.
Дониёр МУРАТОВ,
ЎзХИА доценти, тарих фанлари номзоди

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …