Home / МАҚОЛАЛАР / СУНАН ТЎПЛАМЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

СУНАН ТЎПЛАМЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Муҳаддислар ҳадис тўпламларини ёзиш жараёнида ҳадисларни турли мавзуларга бўлиб чиқиб, ўз китобларига киритган. Натижада кўплаб ҳадис тўпламлари вужудга келган. Ҳадис тўпламлари орасида «сунан» номи билан юритиладиган асарлар алоҳида аҳамиятга эга.

Сунан сўзи саннат сўзининг кўплиги бўлиб, одатлар, анъаналар ва ривоятлар маъноларини билдиради. Ҳадис тўплами тури сифатида бундай асарларда аҳком ҳадислар «таҳорат» бобидан «васиятлар» бобигача фиқҳ тартиби бўйича жамланган бўлади. Одатда бундай асарларда ақида, тарих, маноқиб каби мавзулар мавжуд эмас [1: 21]. Шунингдек, бундай асарларда мавқуф ва мурсал каби ҳадис турлари ҳам йўқ. Чунки муҳаддислар уларни суннат деб ҳисобламайди. Бу турдаги китоблар ҳижрий II асрнинг биринчи ярмидан (мил. VIII асрдан) ёзила бошланган.

Баъзи сунан китобларда аҳком ҳадислар билан бир қаторда фазилатлар ва зуҳд мавзуларига оид ривоятлар ҳам учраб туради. Бунга имом Дориймий ва Байҳақийнинг «Сунан»ларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Бу ҳолатда сунан китоблар «мусаннаф» ва «муватто» тўпламлари билан деярли фарқланмаслиги мумкин. Сунан номи билан жуда кўп китоблар ёзилган. Улардан сиҳоҳи ситтага кирувчи имом Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можаларнинг ёзган асарлари машҳур бўлиб, улар «тўрт сунан» номи билан юритилади [2: 251]. Шунингдек, имом Дориймий ва Дорақутнийнинг асарлари ҳам кенг тарқалган.

Имом Абу Довуднинг «Сунан»и ҳам олти ишончли ҳадис тўпламлари қаторига киради. Имом Абу Довуд ўз «Сунан»ига беш юз минг ҳадис орасидан тўрт минг саккиз юзини танлаб олиб киритган. Бу ҳадисларнинг барчаси шариат аҳкомлари ҳақида бўлиб, кўпи фақиҳлар орасида машҳурдир. Имом Абу Довуд «олти саҳиҳ» соҳиблари орасида Бухорийдан кейинги энг фақиҳи саналади. Шунинг учун «Сунан» китоби фиқҳ илмининг барча бобларини ва мусулмон шаҳарлари уламоларининг ўзларига далил қиладиган ва шунга мувофиқ ҳукмлар чиқарадиган ҳадисларни ўзида жамлаган. Муҳаддислар буни эътироф этиб: «Шубҳасиз, мужтаҳидларга Қуръони каримдан кейин имом Абу Довуднинг сунанлари кифоя қилади», деганлар ва китобдаги ҳар бир ҳадисни барча фиқҳ олимларининг мазҳабларига мувофиқ келадиган, кенг ва мукаммал баён этгани сабабли бу китоб фақиҳлар орасида машҳур.

Абу Сулаймон Хаттобий «Маъолимус сунан» китобида: «Бу китоб барча олимлар тарафидан гўзал қабул қилинган ва турли мазҳаб фуқаҳолар табақотлари ўртасида ҳакамлик мақомига эга. Ҳар бир фақиҳ унга назар солган, ундан фойдаланган. Ироқ, Миср, Мағриб ва мусулмон шаҳарлари олимлари ундан фойдаланган. … Абу Довуднинг китоби фиқҳ билан тўла, ёзилиши ҳам гўзал…», деган [3: 6].

Имом Абу Довуд китобга ҳадисларни ёзиш шартлари ва даражаси ҳақида шундай деганлар: «Мен китобимда саҳиҳ ҳадислар билан бирга, унга ўхшаган, унга яқин бўлган ҳадисларни ҳам зикр қилдим». Бошқа ўринда: «Китобимга киритилган ҳадисларда, агар бироз қаттиқлик бўлса, мен уни тушунтирдим. Мен тушунтирмаган ҳадислар ҳам солиҳ ҳадислар. Уларнинг баъзилари бошқаларидан саҳиҳроқ», деганлар. Ибн Салоҳ: «Биз унинг китобида зикр этилган ҳадислардан бирортасини саҳиҳайнда топмадик. Ҳадиснинг саҳиҳи билан ҳасанини ажратадиган бирор кишидан имом Абу Довуднинг ҳадисларини саҳиҳлиги ҳақида ҳужжат эшитмадик, билдикки, улар имом Абу Довуднинг наздида ҳасан ҳадисдир. Баъзида бу ҳадислар орасида Абу Довуд наздида ҳасан саналмаган ҳадислар ҳам мавжуд. Аслида ҳасан ҳадис қандай бўлиши тўғрисида бирор қоида йўқ», деган.

Муҳаддис Ибн Касирнинг айтишича, имом Абу Довуд сукут сақлаган ҳадис ҳасан бўлиб, агар саҳиҳ бўлса, муаммо йўқ.

Имом Термизийнинг «Сунан»и эса «Жомеъ Термизий» номи билан машҳурдир. Ушбу китоб фиқҳ ва бошқа мавзудаги бобларга бўлинган ва мавзуга мувофиқ саҳиҳ, ҳасан ва заиф ҳадислар ҳам келтирилиб, ҳар бирининг даражаси ўз ўрнида баён этилган. Ҳадиснинг заифлигига сабаб кўрсатилган, саҳобий ва тобеийлар ҳамда турли шаҳар фақиҳларининг мазҳаблари тушунтирилган. Ҳадис йўлларини мухтасар қилиб, бир санад бўйича битта ҳадис ривоят қилинган ва қолган иснод йўлларга ишора қилинган. Китобнинг охирида бир боб иллатларга бағишланган. Унда фиқҳ ва ҳадисга алоқадор кўп фойдалар жамланган бўлиб, булар бошқа китобларда мавжуд эмас. Шу жиҳатлар унинг қадрини ошириб юборган.

Имом Абу Исо Термизий: «Мен бу китобимни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига кўрсатдим. Улар рози бўлдилар ва яхшилик тиладилар. Кимнинг уйида шу китоб бўлса, гўёки унинг уйига Расулуллоҳ (с.а.в.) келиб гапираётгандай бўладилар. Мен бу китобга киритган ҳадислар баъзи фуқаҳолар амал қилаётган ҳадислардир», деган.

Ибн Салоҳ «Улум ал-ҳадис»сида шундай ёзади: “Абу Исо Термизийнинг китоби «ҳасан ҳадис»ни билишда асл манбадир. Чунки «ҳасан ҳадис» номини баланд айтган, «Жомеъ»ида кўплаб шундай ҳадисларни зикр этган муҳаддис имом Термизийдир [4: 40].

Имом Термизий сунанларидаги ҳадисларнинг даражаси ҳақида Ибн Ражаб «Илал ат-Термизий» китобининг шарҳида шундай дейди: «Билингки, албатта Термизий китобига киритган ҳадислар «саҳиҳ ҳадис», «ҳасан ҳадис» ва «ғариб ҳадис» деб юритилади. Ҳасан ҳадис саҳиҳ даражасидан пастроқ бўлиб, уларда бироз заифлик мавжуд. Ғариб ҳадис эса бироз мункарлик иллатига эга. Бундай ҳадислар «фазоил амаллар»ни таърифлашда ишлатилади. Имом Термизий ғариб ҳадислар олдида сукут сақламаган, балки уларни баён қилиб берган».

Сунанлар орасида имом Насоийнинг асари алоҳида аҳамиятга эга. Имом Насоий аввалига «Сунанул кубро» асарини ёзган. У китобда саҳиҳ билан иллатли ҳадисларни ҳам қўшган. Кейин уни мухтасар қилган ва «Мужтабо» деб номлаган. Бу китобдаги ҳадисларнинг барчаси имом Насоийнинг наздиларида саҳиҳ. Имом Насоий: «Сунан» китобининг кўп ҳадислари саҳиҳ, баъзиси эса иллатли. Мухтасар қилинган «ал-Мужтабо»га киритилган ҳадисларнинг барчаси саҳиҳдир», деган [1: 27].

Баъзи манбаларда шундай ривоят келтирилади: «Имом Насоий «Сунанул кубро»ни ёзиб тугатгандан кейин, уни Рамла амирига ҳадя қилди. Амир: «Бу китобдаги ҳадисларнинг ҳаммаси саҳиҳми?» деб сўради. Имом Насоий: «Йўқ!» деб жавоб берганида, Амир: «Бу китобдан саҳиҳини ажратиб ёз!», деб буюрди. Имом Насоий шу тариқа «Мужтабо»ни ёзди». Ким имом Насоийга нисбат бериб бирор ҳадисни ривоят қилса, шубҳасиз «Мужтабо» деб номланган «Сунанус суғро»дан ривоят қилган бўлади. Бу асарда заиф ва иллатли ҳадислар бўлмагани учун «саҳиҳайн»дан сўнг учинчи ишончли китоб саналади, дейдилар ва даражада имом Абу Довуд ва Термизий сунанларидан муқаддам қўядилар. Чунки имом Насоий ровийларни жуда қаттиқ текширувчи бўлганлари учун баъзи муҳаддислар «имом Насоий Муслим ибн Ҳажжождан ҳам эҳтиётлироқ» – деган.

Имом Насоий «Мужтабо»да биринчи, иккинчи ва учинчи табақанинг ҳадисларини усулда келтирган, мутобаъот ва шавоҳидларда эса тўртинчи ва бешинчи табақанинг ҳадисларидан ҳам келтирган. Аммо Насоий муаллифларни қаттиқроқ текширгани, ровийларнинг ҳолини эҳтиётроқ бўлиб тафтиш қилгани, имом Абу Довуд ва Термизийлар кўпроқ ҳадис ривоят қилган ровийларни тарк қилгани учун уламолар у зотнинг сунанларини Абу Довуднинг сунанларига нисбатан муқаддамроқ санаган. Ибн Ҳажар Асқалоний: «Имом Абу Довуд ва Термизий қанча ровийдан ҳадис ривоят қилган бўлсалар, Насоий уларнинг барчасини тарк қилган, ҳатто имом Бухорий ва Муслим ҳадис ривоят қилган ровийларнинг бир жамоасидан ҳам ҳадис ривоят қилишни тарк қилган». Шунинг учун кўп олимлар Насоийнинг «Мужтабо»даги шарти аҳли илмлар наздида икки саҳиҳнинг кейинги ўринда туришини айтган. Давоми бор

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ғоврий, Саййид Абдулможид. Ал-Важиз фи таъриф кутуб ал-ҳадис. – Байрут: Матбаа Райён, 2009.
  2. Ғоврий, Саййид Абдулможид. Мавсуа улум ал-ҳадис ва фунуниҳ. – Дамашқ: Дор Ибн Касир, 2007. – Т. 2.
  3. Хаттобий, Абу Сулаймон. Маолим ан-сунан. – Ҳалаб: Матбаа илмийя, 1932. – Т. 1.
  4. Ибн Салоҳ. Улум ал-ҳадис. – Дамашқ: Дор ал-фикр, 1998.
  5. Нуриддин ибн Абдуссалом. Ал-Мадхал ила сунан ал-имом Ибн Можа. –Кувайт: Мактаба шуун ал-фаннийя, 2008.
  6. Муратов Д. Ҳадис тўпламларини қиёсий ўрганиш. – Т.: ТИУ нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2018.
  7. Muratov, Doniyor Mr (2019) «THE ROLE ON THE COMPANIONS IN THE SCIENCE OF HADITH,» The Light of Islam: Vol. 2019 : Iss. 4, Article 2. Available at: https://uzjournals.edu.uz/iiau/vol2019/iss4/2.
Дониёр МУРАТОВ,
ЎзХИА доценти, тарих фанлари номзоди

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …