Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуидаги онлайн семинарлар давом этмоқда

“Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуидаги онлайн семинарлар давом этмоқда

Жорий йилнинг 2 ноябр куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуси доирасида қатор илмий маърузаларни ўзида мужассам этган навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди.

Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, юртимизда фаолият юритаётган илмий муассасалар вакиллари, Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари, соҳа мутахассислари ва хорижий давлатлардаги мустақил тадқиқотчилар жами 40 дан зиёд нуқтадан туриб иштирок этишди.

Бу галги семинарда Блумингтондаги Индиана университети (АҚШ) Марказий Евроосиё тадқиқотлари кафедраси профессори Девин Девиз “Нажмиддин Кубро ва унинг “Риёзул авлиё”даги мероси: Кубровия силсиласига XVI асрдаги Марказий Осиё нуқтаи назаридан тарихий нигоҳ” мавзуида маъруза қилди.

Маърузачи Кубровия тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубро сийрати ва у қолдирган маънавий мерос хусусида батафсил тўхталди ва Муъиниддин Минбарийга тегишли экани тахмин қилинаётган “Риёзул авлиё” асари орқали Кубровия силсиласини тадқиқ этиш борасида эришилган натижаларга эътибор қаратди.

Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳрида бир дона қўлёзма шаклида сақланиб қолган ва 1926 йилда В.Ивановнинг Бенгалия Осиё жамияти кутубхонасидаги Керзон коллекцияси каталогидан ўрин олган ҳамда Марказий Осиё сўфийлиги бўйича муҳим манба сифатида таъкидланган мазкур асарда Кубровия силсиласининг машҳур вакиллари тўғрисида агиографик маълумотлар келтирилган. Асарда шунингдек, силсила вакилларининг ҳаёти, турмуш тарзи ва одатлари ҳақида тасаввур берувчи ривоятлар ва қизиқарли воқеалар ҳам ўрин олган.

Нотиқ ўз маърузасида асар моҳиятидан келиб чиқиб, Марказий Осиёда XVI асрдаги муҳит, ўзаро қарама-қарши оқимлар ҳамда Нақшбандия ва Яссавия анъаналарининг маънавий асослари ҳақида ҳам қимматли фикрларни билдирди.

“Асар кўпроқ эътибор қаратишга лойиқ бўлиб, унда келтирилган кенг қамровли маълумотлар орқали Марказий Осиёдаги сўфийлик тариқатининг тараққиёт тарихига оид номаълум қирраларни очишга имкон берадиган муҳим ва қимматли манбадир”, дея профессор Девин Девиз ўз маърузасини якунлади.

Семинар сўнггида олим томонидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …