Home / АЛЛОМАЛАР / ФАН ТАРАҚҚИЁТИДА МОВАРОУННАҲРЛИК УЛАМОЛАРНИНГ ЎРНИ (7-қисм)

ФАН ТАРАҚҚИЁТИДА МОВАРОУННАҲРЛИК УЛАМОЛАРНИНГ ЎРНИ (7-қисм)

(6-қисм)Абдураҳмон Жомий (1414-1492). Нуриддин Абдураҳмон ибн Аҳмад – форс-тожик шоири, нақшбандийлик тариқатининг йирик вакили. Жомийнинг ота-боболари асли Даштдан бўлиб, Жомда, кейинчалик Ҳиротда ҳаёт кечирган. Жомий мадраса ёшидан анча эрта Ҳиротдаги “Дилкаш” (Навоий маълумотига кўра, “Низомия”) мадрасасига кириб, ўз даврининг таниқли тил, адабиёт олимлари ва мударрислари қўлидаа таҳсил олган. Кейинроқ билимини ошириш учун Самарқандга келади ва Улуғбек мадрасасида Қозизода Румий, Али Қушчи, Фазлуллоҳ Абу Лайс каби олимлардан таълим олади. Бу йилларда у тил ва адабиётнигина эмас, риёзиёт, фалакиёт, фалсафа, ҳуқуқшунослик фанлари, дин асослари, ҳадис ва тафсир илмларини ҳам чуқур ўрганади, олимларнинг турли мавзулардаги мунозара ва мубоҳасаларида қатнашиб, етук олимлиги билан танилади. Ҳиротга қайтгач, тасаввуф йўлига киришни, ўз билим ва фаолиятини шу йўлга, қолаверса, ижодга, илм-фанга бағишлашни афзал кўради. Ўзига пир қилиб Шайх Саъдиддин Қошғарийни танлайди.

Ҳирот тахтига темурий султон Султон Ҳусайн Бойқаро ўтиргандан сўнг Жомийнинг мавқе жуда ортади.

Жомий Алишер Навоий билан биринчи марта Абу Саид xукмронлиги даврида Хиёбон мавзесида кўришган. Шунда унга ўзининг бир рисоласини тақдим қилган. 1476-1477 йилларда Навоий Жомийни ўзига пир, деб танийди. Гарчи, Жомийнинг Навоийдан ёши анча улуғ, расман пир ҳисобланса ҳам, моҳиятан улар чин дўст ва ҳамкор бўлган. Жомий ўзининг (“Нафаҳот ал-унс”, “Баҳористон” каби) бир қанча асарларида Навоийни, Навоий ўз асарларида (“Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Мажолис ун-нафоис” сингари) Жомийни катта ҳурмат билан тилга олади. Жомий “Нафаҳот ул-унс” (“Азизлар нафаси”), “Рисолаи мусиқий” (“Мусиқа рисоласи”), “Рисолаи муаммо” (“Муаммо рисоласи”) каби ўндан ортиқ асарини Навоий маслаҳати билан ёзган. Вафотидан аввал лирик шеърларини 3 девонга бўлиб, уларга “Фотиҳат уш-шабоб” (“Ёшликнинг бошланиши”), “Воситат ул-икд” (“Ўртадаги дур”) ва “Хотимат ал-ҳаёт” (“Ҳаёт хотимаси”) деб ном берар экан, бунда Навоий маслаҳатини эътиборга олган.

Ўзбекистoн ва Тожикистоннинг бир қанча жамоа хўжаликлари, кўчалари, мактаблари Жомий номи билан аталади. Самарқанд шаҳрида Навоий билан Жомий ҳайкали ўрнатилган.

Алишер Навоий (1441-1501). Буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби. Тўлиқ исми Низомиддин Мир Алишер. Навоий тахаллуси остида чиғатой (ёки ўзбек тили) ва форсийда ижод қилган. Ғарбда чиғатой адабиёти ҳисобланмиш ўзбек адабиётининг энг йирик намояндаси. Умуман олганда, бутун туркий халқлар орасида у каби йирик шахс йўқдир.

Навоий ёшлигидан Хуросоннинг бўлажак ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро билан дўстлашган. 10-12 ёшидан шеър ёзишни бошлаган. Навоийнинг замондоши бўлмиш тарихчи Хондамир маълумотларига кўра, Лутфий қариган чоғларида болакай Навоий билан кўришади ва унинг шеʼрий иқтидорини юқори баҳолайди. Хусусан, унинг

“Оразин ёпқоч кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш

Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғоч қуёш”.

Сатрларини баҳолар экан, имкони бўлса, ўзининг бутун умри давомида ёзган асарларини мана шу мисраларга алмашишини айтади.

1464-1465 йиллар Навоий ижодининг шинавандалари унинг илк шеʼрий тўпламини (девонлари) тайёрлашади. Бундан кўриниб турибдики, ўша пайтиёқ Навоий машҳур шоир бўлиб улгурган. Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллаганидан кейин мамлакатнинг сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этади. 1480 йил Ҳирот шаҳрида ва бошқа вилоятларда ўз ҳисобидан бир нечта мадраса, 40 работ (йўловчилар учун бекат), 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк ва бошқаларни қурдиради.

Навоий темурийларнинг сўнгги ҳукмронлик йилларида яшаб ижод қилган. Шунинг учун унинг асарларида жамоат руҳи, даврга хос муҳим муаммолар устундир. 1490-1501 йиллар Навоий энг нафис, ижтимоий-фалсафий ва илмий асарларини яратган. Ижоди жуда улкан – олти достонининг ҳажми 60 000 яқин мисрани ташкил этади. 1483-1485 йиллар “Хамса”ни яратган – “Ҳайрат ул-Аброр” (“Яхши кишиларнинг ҳайратланиши”), “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр” (“Етти сайёра”), “Садди Искандарий” (“Искандар девори”). Навоий ўз асарлари билан туркий тилнинг бойлиги ва гўзаллигини исботлаб, ўша пайтлари удум бўлган фақат форсийда ёзиш адибни чеклаб қўйишини кўрсатиб бергани билан ҳам ўзбек адабиёти ривожида жуда катта муҳим тутади.

Камолиддин Беҳзод (1455 -1535). 1468 йилдан 1506 йилгача Ҳиротда ишлаган ва йирик рассомлик мактаби усталаридан бири бўлган миниатюрачи. Ғарбда “Шарқ Рафаэли” деб тан олинган. Ўзининг такрорланмас ижоди, гўзал санъати ва ажойиб маҳорати билан нафақат Шарқ халқлари, балки бутун дунё халқлари маданияти тарихида сезиларли из қолдирган, унинг тараққиёти учун баракали ҳисса қўшган забардаст мусаввир. Тарихий манбаларда ёзилишича, унинг номи Беҳзод бўлиб, Ҳирот аҳли уни суюб, эркалаб Камолиддин, деб чақирган. Алишер Навоий уни ўз мактубларидан бирида “устод Беҳзод” деб атайди.

Беҳзод асосан таниқли Ҳирот хаттоти ва рассоми Мирак Наққош Хуросоний қўлида тарбия топади. Шунингдек, ёшлигида машҳур санъаткор Султон Али Машҳадий билан жуда яқин муносабатда бўлган.

Беҳзод мусаввир сифатида танилгач, 1487 йил Султон Ҳусайн фармони билан салтанат кутубхонасига раҳбар этиб тайинланган. Тез орада бу жой ўз даврининг бадиий академиясига айланади. Уни мутахассислар «Нигор хонайи Беҳзод» ёки «Беҳзод академияси» деб атаган. Беҳзоддан ранг-баранг жанрларда кўплаб асарлар қолган. У Шарқ тасвирий санъатини жанр, мавзу, ғоявий йўналиши, тузилиши, ранглар таносиби, шакл ва воқеалар мутаносиблиги жиҳатдан янги тараққиёт чўққисига кўтарди, даҳо алломаларнинг шоҳ асарларини, тарих китобларини безади, замонасидаги буюк шахсларнинг аксини – портретини яратиб, тасвирий санъатимиз тарихига портрет жанрини олиб кирди.

Давоми бор…
Профессор Бахтиёр ТЎРАЕВ – фалсафа фанлари доктори,
Анвар БОБОЕВ

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …