(5-қисм)Ғиёсуддин ал-Коший (вафоти – 1429 йил). Жамшид ибн Масъуд ибн Маҳмуд Ғиёсуддин ал-Коший – XIV-XV асрда риёзиётчилар, табиблар ва ҳунармандлари билан шуҳрат қозонган Кошонда туғилган. У ёшлик йилларини Кошонда ўтказиб, риёзиёт ва фалакиёт илми билан шуғулланган, қадимги грек ва эрон олимларнинг асарларини таржима қилиб, уларга шарҳлар ёзган. Ал-Коший табобат, мантиқ, ҳуқуқшунослик, адабиёт фанларини яхши билган. Ҳиротга келиб, Шоҳруҳ саройида хизмат қилган ва унга атаб “Элхон зиж”ини такомиллаштириш учун “Ҳоқон зижи” (“Зижи Ҳоқоний дар такмили “Зижи Элхоний”) номли астрономик асар битган. Бу китоб ўз даврида астрономия соҳасидаги энг етук асарлардан ҳисобланган.
Мирзо Улуғбек Қозизода Румийнинг маслаҳати билан 1416 йили ал-Кошийни Самарқандга таклиф этган ва у умрининг охиригача шу ерда яшаган. XIV-XV асрлар риёзиёт ва фалакиёт илмининг буюк алломаларидан бири сифатида ажойиб қомус – “Мифтоҳ ал-ҳисоб” (“Ҳисоб калити”) асари билан Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида машҳур эди. Ушбу асарда системали равишда баён этилган ўнли касрлар таълимоти ал-Кошийнинг юқори илмий ютуқларидан бири саналади. Риёзиёт фанида тақрибий ҳисоб усулини ривожлантириш борасида ҳам ал-Кошийнинг хизмати катта. Бу масалага у “Рисола ал-муҳития” (“Доира ҳақида рисол”») асарини бағишлаган ва ўрта аср математикаси ривожига муҳим ҳисса қўшган.
Али Қушчи (Вафоти – 1474 йил). “Ўз даврининг Батлимуси” деб танилган Али Қушчининг тўлиқ коми Алоуддин Али ибн Муҳаммад ал-Қушчи бўлиб, у Самарқандда туғилиб ўсган. Улуғбек сиройидаги Муҳаммад исмли овчи қушларга қаровчи бир кишининг ўғли бўлгани учун унга Қушчи лақаби берилган. Отасидан етим қолганидан сўнг Улуғбекнинг тарбиясида бўлгани боис “Зиж”нинг сўзбошисида “фарзанди аржуманд” деб тилга олинган. Бошланғич ва шаръий билимларни Самарқанд олимларидан, математик ва астрономик билимларни эса Қозизода Румий билан Улуғбекдан олган. Расадхона қурилиши билан боғлиқ ишлар авжига чиққанда аввал Жамшид ал-Коший, кейин Қозизода Румий вафот этади ва шу боис Улуғбек қурилиш ишлари ва астрономик кузатишларга Али Қушчини мутасаддий қилиб қўйган.
Али Қушчининг илмий асарлари Улуғбекнинг «Зижи»дек шуҳрат қозонмаган бўлса ҳам, фан тарихида ниҳоятда муҳим ўрин тутади. У ўрта асрлар Мовароуннаҳр буюк олимларининг энг сўнгги намояндаси ва айни пайтда Усмоний туркларнинг биринчи энг йирик ва кўзга кўринган олими бўлган. Турк тарихчиларининг эътироф этишича, Истанбулга Али Қушчи келгунига қадар “илми ҳайъатда у даража бир соҳиб вуқуфи мавжуд бўлмаган эди”. Али Қушчи, жумладан, қуйидаги асарлар муаллифидир: “Рисола фил-ҳисоб” (“Ҳисоб ҳақида рисола”), “Рисолаи кусур” (“Касрлар рисоласи”), “Рисола ат-фатҳия” (“Ғалаба рисоласи”), “Рисола ал-Муҳаммадийяа фил-ҳисоб” (“Ҳисоб ҳақида” – бу китобда биринчи марта “мусбат” ва “манфий” сўзлари ҳозирги биз қўллаётган маънода ишлатилади), “Шарҳи “Зижи Улуғбек”, “Хитойнома”, “Рисолаи мантиқ”, “Рисола фи ҳалла аш-шакл ал-ҳилол” (“Ҳилолсимон шаклларни ўлчаш ҳақида рисола”), “Шарҳи Мифтоҳал-улуми Тафтазоний” (“Тафтазоний “Мифтоҳ ал-улум”ининг шарҳи”), “Рисола дар илми ҳайъат” (“Астрономия илми ҳақида рисола”). Али Қушчининг шогирди Абулқодир ибн Ҳасан Рўёний сўнгги рисола ҳақида бундай дейди: “Мен астрономияга доир кўп асарларни ўргандим, лекин Али Қушчининг рисоласини ўқиганимдан сўнг астрономия соҳасидаги барча англамаган нарсаларим менга аён бўлди».
Лутфий (1366-1465). Мавлоно Лутфий – шоир ва мутафаккир, ўз замонининг “Малик ул-каломи”. Шайх Аҳмад Тарозийнинг Мирзо Улуғбекка бағишлаб ёзилган “Фунун ал-балоға” асаридаги “Маъдан ул-латойиф Лутфийи Шоший” сўзларига асосланиб, Лутфийнинг она юрти Тошкент бўлган, деган фикр илгари сурилади.
Лутфий ҳам зоҳирий-дунёвий, ҳам диний-тасаввуфий илмларни чуқур эгаллаган, давр ва замонига очиқ назар билан қарашга қодир, ҳақиқат ва маърифатга содиқ ижодкор бўлган. Навоий сўзи билан айтганда, у – “форсий ва туркийда назири йўқ” шоир. Лутфий туркийда яратилган шеърлари билан машҳурликка етишган бўлса-да, форсийда ҳам ўзининг шоирлик иқтидори ва маҳоратига кўпчиликни иқрор эта олган. Айни пайтда Лутфий шеърият билан тариқатни, мажоз билан ҳақиқатни уйғунлаштирган. Аммо сўнгги нафасигача шоирлик бурчи ва илҳомига содиқ қолиб, ўзбек шеърияти хазинасини бири биридан қиммат назм дурдоналари билан бойитди. Шу билан бир қаторда, шоирлик нечоғлик “маъруф ва машҳур” бўлмасин, “дарвешлик тариқини дағи иликдан” (Навоий) чиқармаган. Худди шу нарса унинг нафақат ўз замондошлари ва ижод аҳли орасида, балки давр ҳукмдорлари олдида ҳам юқори мавқега кўтарилишига бир асос бўлган. Олим Э.Аҳмадхўжаевнинг аниқлаши бўйича, Лутфий қаламига мансуб мавжуд шеърларнинг умумий миқдори 2774 байт ёки 5548 мисрадан ортиқ.